Суюнбой Эралиев (1921-2016)

Қирғизистон халқ шоири Суюнбой Эралиев (Сүйүнбай Эралиев) 1921 йили Талас туманида туғилган. Москадаги Олий адабиёт курстини тугатган. «Лениндик Туу», «Кыргызстан пионери» газеталари, Қирғизистон ёзувчилар уюшмасида ишлаган.

Илк шеърий тўплами “Биринчи акс садо” номи билан 1949 йили чоп этилган. Шеърлари рус, украин, ўзбек, қозоқ, тожик, молдован, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. У А. Твардовскийнинг «Василий Теркин» китобини, Ойбекнинг “Болалик” қиссасини, Пушкин, Лермонтов, Маяковский, Шекспир, Шиллер, Уитмен, Тагор, Турсунзода шеърларидан қирғизчага таржима қилган.

ҚАРҚИРАЛАР

Қарқиралар ошиқар,
Қолгандек кўк торайиб.
Қаён кетиб боришар,
Асқар тоғда қорайиб.

Ипак қанот капалак,
Кетди гулга қўшилиб.
Ой гардиши қалқийди,
Мовий кўлда эшилиб.

Тинди сабо қўшиғи,
Ҳафсаламни пир қилиб.
Ёмғир ёғар, чақмоқдан
Булут чоки сўкилиб…

Қирғизчадан Турсунбой Адашбоев таржимаси

ЗАМИН ҲИДИ

Гоҳ ҳасрат комида бўғилсам беҳол,
Чиқаман — яйловлар очади қучоқ.
Қизиган бошимни қўяман дарҳол,
Қўйгандек онамнинг кўксига бир чоқ.

Замин ҳидин туйсам — ғуссалар абас,
Улар юрагимдан кетгай тарқалиб.
Кўнгил ғуборларин еллар шу нафас
Йироқ-йироқларга учгайлар олиб.

Ҳаёт бу — ҳаёт-да. Мудом кулмас бахт,
Тасалли топмасам ўкинч ёшига,
Отам ҳузурига боргандек бир вақт,
Чиқаман пурвиқор тоғлар қошига.

Улар ҳикматига йўғрилади дил,
Руҳим равшан тортар, дунё ҳам ёруғ;
Қашшоқ туйғулардан покланиб буткул,
Худбин хаёллардан бўламан фориғ.

Қирғизчадан Мирпўлат Мирзаев таржимаcи

* * *

Давр китоб – ров ўқилиб битмаган,
Куну тунлар хат битилган варағи…
Шошганча у – кеча бизлар кутмаган—
Янги саҳифасин очиб қаради.
Ярақ этди ва кўринди шу он жим
Ой билан Ер бир янгича тус олиб.—
«Восток» миниб сайр этган замоннинг
Бир асрга олға кетган тимсоли…

* * *

Ортимда йўллар ётар, қара, қанча!
Чувалган хаёлимдай бениҳоя.
Ундан ўтдим келажакка қараганча,
Ошиққан йўловчига сен ниҳоят—
Топилдинг Шеъриятим – куйлар хили,
Энди сен оқ-қорага холисимсан.
Мен қолдим сенга мутлоқ ҳимарилиб:
Сен менинг яқинимсан, олисимсан!

* * *

Алдансаму майлига алдамасам—
Соф қолур дил, гарчи сал куюнаман.
Тақдир мени шу нарсадан қилган кам,
Буюрмаган…
Мен шунга суюнаман!
Берсам берай, майли қайта олмай ҳам.
Берганимга на нолиб, куюнаман.
Тақдир мени олишлардан қилган кам,
Буюрмаган…
Мен шунга суюнаман!

МЕН ОВУЛГА ҚАЙТГАНДА

Тўрт йил юриб,
Тўрт мартаба тегиб ўқ.
Зўр жанггоҳдан қайтганимда, овуллар—
Менга тенгқур йигитлардан ҳеч ким йўқ
Туришарди ҳувиллаб…
Бу жойда ҳам
Қирғин-барот жанг бўлиб,
Ямлагандай эди уруш жон қолмай.
Юришарди қариялар танг қолиб
Бундай чексиз йўқотишга кўнолмай.
Туюларди айтмаса ҳам айтгандай,
Гўё улар фарзандлари урушда –
Қолиб кетган,
Мен-чи омон қайтгандай…
Яна – мендан чиқмас бирор шод мужда…
Бир ғалати ҳислар эзган бу чоғлар…
Анча кейин –
Майдонларда тўш керган –
Тенгқурларим – қўл-оёғи чўлоқлар
Бирин-кетин қайтишди она ерга…
Она қишлоқ, уйда улар тинч ухлаб
Унутилди мажруҳлигу нолалар…
Бора-бора кўзларидан ёш тўхтаб
Тинчиб қолди айрим ота-оналар.
Эл қайғуси турса ҳамки уқилиб,
Эл мардлиги камайган йўқ бирор он.
Чопқир тулпор,
Кийим-кечак йиғилиб,
Фронт учун жўнатилар парча нон.
Бугун бу уй,
Эртаси анов уйга
Почта ташлаб кетар қора қоғозни…
Яна йиғи!!!
Уруш, солдинг минг кўйга,
Фронтларда оқаётган қон озми?!
Қандай даҳшат – бунда барча юмушни
Қилар қизлар, қариялар, болалар!
Шунда билдим, фронт орти… турмушни…
Жаннат дебмиз…
Узр, ота-оналар!
Иттифоқин жангчи билан бу элнинг
Шунда англаб не ўйлардан кечганман.
Госпиталдан кийиб чиққан шинелни
Уч йилдан сўнг мен эгнимдан ечганман…

* * *

Жангда эдим қайноқ уруш кезлари,
Буни сўйлаб турар мана, сўл қўлим.
Унда – қазган окопларим излари,
Унда – менинг босган худсиз йўл… йўлим!
Кафтим ўхшар чиндан жангнинг жойига,
Ўқлар тилган, ўққа учган беш панжам,
Ўққа учган шу панжалар пойида
Бир осколка «ухлаб» ётар ҳали ҳам.
Врач менга сўзлаган кез бўлимда
Яхшилигин осколкасиз юришнинг –
Дедим унга: «Қола берсин қўлимда…
Кафтим бўлсин сўнгги қабри урушнинг!»

ДЎСТЛАРИМ

Дўстларим бор бирга ўқиб, бирга ишлаб,
Гоҳ яқинда, гоҳида олис юрган.
Қайда бўлсин ҳалоллик туғин ушлаб,
Бир-бирини қадрлаб, холис юрган.

Дўстларим бор: аввалгидай яна бугун
Жойлашиб садоқатни дил-дилига,
Зиммага олишганча давр юкин
Алплардай олиб борар манзилига.

Бир кезда жангга кетиб эсон-омон
Жанггоҳдан қайтолмади қанчалари…
Оқсашганча юришади кўпи ҳамон,
Қай бирининг йўқдир қўли, панжалари.

Дўстларим босиб ўтди қанча йўлни,
Бу ҳаётда яна қанча тузлар тотир…
Дўстларим,
Фақат бизга ёмон бўлди:
Қаранг, ёшлик
Қўлдан кетиб бораётир…

ОРОМ ОЛИНГ

Оқшом билан оромбахш палла келар,
Уни дунё кутмоқда қулоқ тутиб.
Ер ўқида тўхтагандай туюлар,
Еллар қўйган учқурлигин унутиб,
Олдин олиб тун хабарга чорлаганми –
Сукунат аста-аста қадам ташлар.
Ҳаттоки тинчлантирар қарғаларни,
Дарахтлар ҳам оромга чўма бошлар.
Эртадан кечгача тин олмай ишлаб,
Энди эса сукунатга мунгли қарар,
Уйқусираб, жонга роҳат, жимлик излаб
Дунё ҳам ором сари кириб борар.
Одамлар – орқалашиб турмуш юкин,
Эрта-кеч жон аямай ишлаб юриб.
Хуш палла келар экан, қаранг, бугун,
Кетишмоқда уйларига бир-бир кириб.
Киринглар, етар энди, дам олингиз,
Чой ичинг, роҳат қилинг, ўрин солинг.
Ўз ҳолича қолсин майли фикр ва ҳис,
Тунингиз сокин бўлсин, ором олинг!
Аста-аста… ухланг… ухланг… ором олинг…
Тебратар, мана, сизни тун бешиги…
Шу бешик товушин ҳам уқмай қолинг…
Ахир тун уйқуларнинг чин ошиғи…
Шу сабаб жонга ором солади-да,
Сукунатдан сўлим эртак айтиб берар.
Лек дунёни сендан тортиб олади-да
Уйғонган маҳалингда қайтиб берар.
Тун фақат тунмас, вақт дарҳақиқат,
Туюлса ҳам ухлаган чоғ жилмаганга, –
Кеча сенда тугаган кучу қувват
Қайтарилар – ўхшайди сарф бўлмаганга.
йқуни сен ўйлама ўлим дебон…
Мана шундай ўтаётган ҳар бир тунинг, –
Қимирламай турувчи катта довон
Ўртасида кеча билан шу бугуннинг!
Одамлар!
Чарчагансиз, ором олинг,
Нафас ютинг кўкрак очиб, тўшни кериб!
Одамлар, ухланг, ухланг, ухлай билинг
Ҳаммангиз бир ғаройиб тушлар кўриб!..

ЁШЛИГИМ

Аввал юрсам ботинмасдан, вазмин, жим,
Куни-кеча дадил туриб сўрадим:
— Мақбул бўлса, илтимос, рассом дўстим,
Чизиб бергил ҳур ёшлигим суратин?

Бундай чизгин: Атрофда ёз. Иссиқ кун.
Ўзан. Қўниш. Ўша жойда ўтов ҳам.
Бир томонда тойчоқлар чопиб юрсин,
Қимиз ичиб ўтиришсин ота-онам.

Шу ўзандан бошланувчи йўл узра
Кетаётган бўлсин бир қиз тоғ томон.
Чиройига эътибор бер. Ранг изла.
Пақирида сув ҳам бўлсин, ошнажон!

Аллакимнинг пайқаб нари томонда,
Уни кўрмоқ бўлиб нозли бурилсин.
Кўзларидан ишқ сачрасин бу онда,
Қора сочи тақимига урилсин.

У қараган тарафни кун чиққандай
Бир бошқача нурли қилиб ташлагин,-
Табиат ҳам бўлсин кулиб боққандай…
Билсанг, ўша менинг сўнмас ёшлигим!

ЎЙЛАР

Келаяпман марказий кўча бўйлаб,
Сўлда қолди «Пишпек» меҳмонхонаси.
Япроқлар кеча турса яшил ўйлаб,
Бугун сарғиш хаёли, рўйи, саси…

Ботмоқда қизғиш нурин сочиб қуёш—
Умримизнинг бир ёзи тугаб борар.
Койинаман: бу кунлар қандай бевош—
Ўнг-сўлига қарамай тез ўта берар…

Ёшлар ўтди кунлар била ниши йўқ,
Киногами – ясаб-тузаб бўйларин…
Хиёбон бўш, кезган бошқа киши йўқ,
Мени узатиб келар фақат ўйларим…

* * *

Қайларда яшаб юрибди
Бир чол-кампир қобили?!
Торинса мендан, не ажаб,
Толаснинг бир овули!
Хатом бор бўлса – тузатай…
Эсимда қишу куз чоғи:
Биламан унда яшайди—
Ўзимнинг йигит давроним,
Ёримнинг ажиб қиз чоғи…

* * *

Чиқаркан қуёш чўққидан
Илинар тоғу, далам ҳам…
Қоғозга тушар бахтимни
Ўтиргум кутиб қаламдан.
Мен ёзар шеърга кун каби
Исинарми бирор жон қалби?
Бу сирни қайдан билайин,
Койир ким, алқар ким мени.
Шоирнинг шуни ўйласа
Татимас еган-ичгани…

* * *

Узоққа кетиб қолдинг деб
Дўстларим, ҳатто ётларим,
Отишар таъна ўқларин…
Суд қилинг, бўлса судларинг—
Ахир мен кезиб юрибман
Ёқолмай ашъор ўтларин!

* * *

Иссиқкўл – бир антиқа кўл экансан!
Гўзаллик шайдо яшар сувда тиниб.
Аста келиб юзин ювган гўзал қизнинг
Кўрган чоғда сенда қолган сувратини—
Иккингизни ажратмоқлик қийин бўлур,
Бағримга босиб олиб кетгим келур

Усмон Темур таржималари