Рамис Рисқулов (1934)

Рамис Рисқулов (Рамис Рыскулов) 1934 йили Чуй вилоятида туғилган. 1951 йили Фрунзе педагогика билим юртини, 1959 йили Москвадаги М. Горький номидаги адабиёт институтини тамомлаган. «Кыргызстан пионери», «Ленинчил жаш», «Ала-Too» нашрларида ишлаган.

Илк шеърий тўплами «Баҳор» номи билан 1959 йили чоп этилган. Қирғиз, рус, латиш тилларида бир қанча китоблари чоп этилган. У А. С. Пушкин, В. В. Маяковский, Н. А. Некрасов, А. Вознесенский, Ҳамид Олимжон шеърларини қирғизчага таржима қилган.

ИЛҲОМ

Ерга кулгу каби сочилар ёмғир,
Гуллар, қутлайман сизни!
Тошлар, салом,
Юракдан севаман мен барчангизни!
Чўнг заминни тутиб турар қўлларим,
Ўзгалар бенасиб сасларни
Эшитмоқдаман Бетховен янглиғ.
Одимларим шаҳдам,
Табассумларим тансиқ.
Ёшарди, кучга тўлди
Вужудим тағин,
Чапдастман, чаққон.
Ғалаён кўтарар томиримдан қон,
Худди анор ичра шарбатдек тўлиб.
Дунёга ҳеч қачон боқмагандим мен
Бунчалар журъатли,
Навқирон бўлиб!

Қирғизчадан Мирпўлат Мирзаев таржимаcи