Омар Султонов (1935-2022)

Қирғиз шоири, ёзувчи ва киносценарист Омар Султонов (Омор Султанов ) 1935 йил 6 ноябрда Жети-Ўғуз туманида туғилган. Қирғиз миллий университетининг филология факултетини тамомлаган (1959). Қирғизистон Ёзувчилар уюушмаси раиси (2007-2009), “Жаңы Ала-Тоо” журналининг асосчиларидан бири (2009).

Биринчи шеърий тўплами “Тоғ кунлари” номи билан 1961 йили чоп этилган. Султоновнинг шеърлари рус, инглиз, немис, испан, француз, монгол, поляк, украин, венгер, словак, чех тилларига таржима қилинган. У А.Пушкин, М.Лермонтов, Бартольд Брехт, Пабло Неруда, Габриела Мистраль, В.Маяковский, Н.Ҳикмат, Қ.Қулиев, Р.Ҳамзатов, И.Драч, Э.Межелайтис асарларидан қирғизчага таржима қилган.

* * *

Намчил ҳаво, осмон эса тунд эди,
Хазонрезги куз ётарди далада.
Тоғдан тушиб келарканман кўйлакчан,
Қор ва ёмғир тезлаб қолди орада.

Дайди шамол япроқларни тўзғитиб,
Қапчиғайдан сувлар оқди шарқираб.
Сўнгсиз анғиз, бошпана йўқ атрофда,
Тишим-тишга тегмас эди қалтираб.

Иложим йўқ, усти-бошим шалаббо,
Балким тангрим буйруғими ё бахтим.
Жар ёнида арча ўтин чирсиллаб,
Ёнар эди, бўз ўтовда тўқнашдим.

Яратганга минг бор шукур сабаби,
Дил тубида меҳр пайдо қилгансан.
Юрагимга олов ёқиб ўшанда,
Тафтинг билан мени шайдо қилгансан.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси