Марқабой Аматов (1953)

Марқабой Аматов (Маркабай Ааматов) 1953 йили Кара-Кулжа туманида туғилган. 1972–1975-йиллари Ўш давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. 1981–87-йиллари Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг бадиий адабиёт бюросида хизматчи, 1987–1996-йилларда директор бўлиб ишлаган. 2007 йилдан Қирғизистон Республикаси давлат патент хизматида ишлайди.

Марқабой Аматов 1980 йилдан СССР Журналистлар уюшмаси, 1987 йилдан СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган. Элликка яқин шеърий ва таржима китоблари чоп этилган.

ЭСКИ ТЕГИРМОН

Сой бўйида турар эски тегирмон,
Ўтганларга зимдан боқиб, мунғайиб.
Бир пайт бунда арпа тортган болакай,
Тегирмонга қиё боқмас улғайиб.

Нови чириб, парраклари йўқолган,
Кун тафтида тоши ётар доғланиб.
Қишлоқ аҳли унинг пойин ўпарди,
Насибаси шу кулбага боғланиб.

Тегирмоннинг ўзига хос луғати,
Хампа, лўвак, айри ирғай-чақилдоқ.
Чанокдаги дон тугаса башарти,
Тош ғўлдираб садо берар шақилдоқ.

Халтасини қўндирганча бошига,
Еру кўкка ишонмайин боласин.
Бева келин талқонини торттириб,
«Айнанайин озроқ ол, — деб ғалласин»*.

Эртаю кеч тиним билмай тегирмон,
Аста-секин барҳам топди йўқчилик.
— Улғайганда ким бўласан? — десангиз,
— Тегирмончи, —деб айтарди кўпчилик.

Шу аснода кунлар ойга айланиб,
Болалик ҳам ўтиб борар сезилмай.
Тегирмончи ўтиб қолса кўчадан,
Туюларди гўё Хўжа Ҳизирдай.

…Уруш тугаб, қайта қуриш бошланиб,
Фазогирлар Марсга қадар етишди.
Тегирмончи бўламан деб юрганлар.
Чўпон-чўлиқ, деҳқон бўлиб кетишди.

Бу болалик кечмишимдан бир лавҳа,
Энди ундан чорак аср олисман.
Тегирмонсиз кун кечирмоқ кўп оғир,
Даврим гувоҳ, мен ҳам бунга холисман.
____________
* Ғалла — тегирмон ҳақи.

ФАРЗАНДЛАРИМГА

Тонг азондан умид берарим,
Тонг азондан ризқ-рўз терарим.
Тоғдай юксак таянчим, орим,
Ойбек, Самат, Ойнур, Мадорим.

Дадил, шаҳдам юргин, Той дедим,
Қалбинг руҳан бўлсин, бой дедим.
Юрт ишига яранг ҳамиша,
Мадор, Ойнур, Самат, Ойбегим.

Ифтихорим, сизлар — ғурурим,
Тўртта ганжим, тўрт жуфт кўз нурим.
Келажагим, пушти-паноҳим,
Мадор, Ойбек, Самат, Ойнурим.

Турсам суянч, учсам қанотим,
Бу ҳаётда чидам —саботим,
Эртаю кеч дилгир, парвона,
Мадор Ойбек, Ойнур, Саматим.

ТОЙТЎРИНИНГ ОХИРГИ МОНОЛОГИ

«Ёлимни тараб қўйинглар,
Сўнгги бор тегсин корим.
Сақлаб берай сўнгги бор,
Қирғизнинг номус-орин».

Нақд олтмиш асий* бўлиб,
Қолса ҳам ёшим менинг.
Толмаган — толиқмаган
«Манаснинг оти» дегин.

Олдимда тенгсиз майдон,
Чеки йўқ дала-даштлар.
Чеҳрангдан ташвиш аён,
Орият дилни ғашлар.

Қуш мисол парвоз қилгум,
Туёғим қасирғамда.
Манаснинг донғин элтгум
Асрдан-асрларга…
____________
* Асий — етилган бедов.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари.

ЙЎЛЛАР ТУГАМАЙДИ

Мовий айланадан кўз илиб,
Ётибди юрар йўл чўзилиб.
Тугамас йўловчи сафари
Тонг отар — қолмас йўл узилиб.

Йўловчи гўё йўл қувалар,
Чекинар паст-баланд, увалар…
Он сайин чексизлик қуршайди,
Йўл эса ип каби чувалар.

Мақсадга қайта кўз ташланар,
Чарчамас манзилга ташналар.
Туганмас йўллари турмушнинг,
Толе шу: янгиси бошланар!

КЕТГИМ КЕЛАР

Паридай сулув бўлиб яралишган,
Булоқни кўзгу қилиб қаранишган,
Кун нурини кўйлак қилиб кийиб олиб,
Тоғ насимин тарақ қилиб таранишган,
Қишлоқнинг қизларига кетгим келар.

Тоғ гулидан гўзаллик, қўр олишган.
Укки пари бошида сур солишган.
Арчанинг атир ҳиди бирга юрган,
Булутдай оппоқ рўмол ўранишган,
Қишлоқнинг қизларига кетгим келар…

О, тоғлик пари қизлар, борсизларми?
Ҳамон оқшом, ой нурига зорсизларми?
Ё ҳозирда оқ гўшанга ичра яшаб,
Оқ ниятли йигитларга ёрсизларми?
Барибир мен сизларга кетгим келар!..

Усмон Темур таржимаси