Анатой Ўмурқонов (1945)

Анатой Ўмурқонов (Анатай Өмүрканов) 1945 йили Талас вилоятининг Манас туманида туғилган. 1966 йили Қирғиз давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 1971 йилдан «Советтик Кыргызстан» газетасида мухбир, бўлим бошлиғи, 1986 йилдан «Кыргызстан» нашриётида бўлим бошлиғи, 1988–2000-йилларда «Адабият» нашриёти бош муҳаррири бўлган.

Анатой Ўмурқоновнинг илк шеърий тўплами 1973 йили «Тоза туйғу» («Мөлтүр сезим») номи билан нашр этилган. 15 дан ортиқ китоблари чоп этилган.

ОТАМ ВАСИЯТЛАРИ

«Умр қисқа, йўқ, узун,
Зарур буни билишинг;
Ўқиш билан чекланмай
Мен кутгандай бўлишинг.

Ўра-ўра доним йўқ,
Қўра-қўра молим йўқ.
Боболардан қолган сўз
Асл мерос — болам, ўқ.

Ота дея сийласанг
Икки қилма сўзимни.
Пешонада не — кўриб
Юмгунингча кўзингни.

Болаларинг ўргансин
Қўшиқ, ғазал, навони.
Тоза сақла авлодга
Еру осмон, ҳавони…»

«Бу дала, тоғу сув
Ҳаммага тенг бўлур.
Дуони кўп олсанг,
Ишларинг ўнг бўлур.

Одамзот наслидир
Жонзотнинг сарвари.
Қадрлай олмасанг
Бекордир бари, бекордир, бари.

«Бу ҳаёт оқ, қора,
Ўкинчсиз яшаб кўр.
Бу ёруғ жаҳонга
Келишинг ўзи зўр.

Толедир яратиб,
Умрдан тот олсанг.
Ундан ҳам зўр бахтдир
Чин инсон аталсанг!»

«Ёвларга топтатма
Ерингни, уйингни.
Депсатиб қўймагил
Бошдаги кийимни…

Чопағон қилич бўл,
Милтиқ бўл юртингда.
Ўлсанг ўл, соғ қолсин
Эл-юртинг ортингда…»

«Топилар дўст, жўра,
Бола ҳам кўпми-оз.
Топилмас ота-она,
Оға-ини топилмас.

Уларни ҳурматла,
Ўтганда йиғлаб қол.
Уларнинг борида
Умрингга қувват ол…»

«Чин дўст топ ва уни
Ҳурмат қил, улуғ бил.
Биргина дунёнгмас,
Жонингни садқа қил.

Зарур деб турганда
Сен бўлиб дўсту эр —
Болангга топмаган
Нарсани топиб бер!»

«Яна бир хислат бор-
Умрда энг аъло».
Одамзот севилиш,
Севишга мубтало!

Сен ёшлик қўридан
Ярат ишқ боғини.
Яшагин ёрингни
Эъзозлаб, соғиниб!»

«Биз бани одаммиз —
Рўй берар не-не ҳол.
Сен фақат яхшилик,
Савоб иш қила ол!»

«Гар Ойга қўл етгай,
Бойлигинг мақтанма.
Фойдасиз — ёстиғинг
Вужудинг ёққанда…

Бош кўкка етса ҳам,
Ўзгани дема паст.
У дунё ва ажал
Мансабинг сўрамас…»

ЯХШИЛАР

Олим А. Олтмишовга

Ёмон билан бол тотгунча,
Яхши билан заҳар ич.
Яхшиларнинг шарофати
Заҳарни қилгай бекуч.

Ёмон билан йил ўтказмай,
Яхши билан бир дам бўл:
У умрингга етадиган
Берар қувват, фикр, йўл.

Ёмон билан бир юргунча
Яхши томон юзинг бур —
Шу бир нигоҳ ҳаётдаги
Ёниб кетмас роҳатдир!

Яхшиларнинг рўйи иссиқ,
Ақл, фикр бут унда.
Бир умрга етадиган
Меҳригиё, қут унда.

Яхшиларни кўрайин деб
Қуёш чиқар, ой ёнар.
Улар борки, яхши дилга
Ёруғ жаҳон жойланар.

Ў, яхшилар — яхши ишга
Ҳар дақиқа сизлар шай.
Аммо кетманг ўрнингизга
Яхшиларни қолдирмай!

Қирғиз тилидан Усмон Темур таржималари