Алкей (м.а. VII-VI аср)

Алкей — Қадимги юнон шоири. Машҳур Тўққиз шоирдан бири.

САПФОГА

Нозик табассумли, гулгун, мусаффо,
Сочлари жингалак, мафтункор Сапфо!
Бир гап айтмоқчиман қулоқларингга,
Лекин айтолмайман, йўл қўймас ҳаё.

БЎРОН

Асов шамолни англаш қийин кўпида
Бостириб келади тўлқинлар лак-лак.
Уларнинг исёнкор талотўпида
Кемамиз хас мисол бўлар чирпирак.

Саркаш тўлқинларга зўрға берар дош.
Палубамиз сувга тўлди бутунлай.
Ҳоли хароб елкан кўтаролмас бош,
Чирсиллаб узилар арқон пайдар-пай.

Илло, ғаним бешафқат ­ бошни мағрур тут,
Янада баланд тўлқин келаётир бостириб.
Бундан ҳам бадтар ташвиш, машаққатни кут,
Агар бўронга худо бермаса фириб.

* * *

Қурол-яроғлар-ла жиҳозланган уй,
Ҳарбий мис ашёлар ярақлар вой-бўй ­
Арейга алёр!

Бунда дубулғалар ял-ял ёнади,
Асли тоза мис-да, зўр товланади,
Бари сервиқор.

Қилич, шамширларнинг қинлари қатор,
Тизилган михларда илиниб ётар,
Совутлар бисёр.

Бир чеккадан қараб кўз илғар аранг,
Қалқоннинг тури кўп, жуда ранг-баранг ­
Хилма-хил, зирҳдор.

Халкид ханжарлари эмас бунда кам,
Топилар белбоғлар ­ қуршоқлари ҳам;
Ҳаммаси тайёр.

Бу ерда ҳеч нарса унутилмаган,
Унутмайлик сира, дўстлар, нимага
Қилдик биз қарор!

БАҲОР

Гув-гув гувлаб, гувиллаб
Кириб келди баҳорой.
Лолақизғалдоқ гуллаб
Қирларга берди чирой.

Жонланди боғу роғлар
Амалга кирди Ҳамал.
Қушлар жўшқин чағ-чағлар
Бир-бирига бермай гал.

Баҳорнинг нафасида
Елга бўлиб жўровоз,
Булбулларнинг сасида
Таралади наво-соз!

Тоғ бағридан муздек сув
Пастга отар ўзини.
Яшилланиб ток занги
Аста очар кўзини.

Соҳилдаги қамишзор
Ясанар жиға тақиб,
Олазарак какку ҳам
Сайрар дилга ўт ёқиб.

Ана, том бўғотига
Қалдирғоч қурибди ин.
Бола очиб, жонҳалак
Емиш ташийди бетин.

Уяда учишга шай
Силкинар темир қанот.
Баҳор билан уларга
Бошланар янги ҳаёт!

ЁЗ

Дўстлар, қақради томоқ,
Шароб беринглар!
Асад ­ ёнар ҳаммаёқ.

Иссиқ тафтига олар
Бўғилар нафас!
Жазирама ­ ўт қалар.

Чириллар чирилдоқлар,
Парвойи фалак!
Улар иссиқни ёқлар.

Нағмасин чалар майқут
Офтоб тиғида
Сарғайиб қавжирар ўт.

Кенг ўтлоқ-майсазорда,
Иссиқда сўлиб –
Гуллар жони озарда.

Хира тортар хаёллар,
Итлар қутуриб,
Куйикади аёллар.

Эркак белида мадор
Қолмас Асадда,
Дунё кўзга бўлар тор!

Русчадан Файзи Шоҳисмоил таржималари.