Овидий (м.а. 43 — м.18)

Овидий, (Публий Овидий Назон) (милоддан авввалги 43 — милоднинг тахминан 18 йили) — Рим шоири.
Ижодини ишқий шеърлар билан бошлаган («Ишқий элегиялар», милодий 1—2-йиллардан олдин). «Севги санъати», «Севги давоси» достонлари (иккаласи ҳам тахминан милоддан авввалги 20—мил. 1-йил) дидактик руҳда, уларда Рим ҳаёти лавҳалари ифодаланган.
Машҳур «Метаморфозалар» мифологик эпоси (15 китобдан иборат, тахминан мил. 1—8-йиллар) — Овидий ижодининг чўққиси.
Ахлоқ хусусидаги дадил фикрлари учун император Август томонидан Томи шаҳри (ҳозирги Руминиянинг Констанца порти)га сургун қилинган ва шу ерда умрининг охиригача туриб (тахминан 10 йил), «Ғуссали элегиялар» (5 китоб, тахминан мил. 8-йилдан кейин) ва бошқа асарларини ёзган.
«Элегиялар», «Метаморфозалар», «Ғуссали элегиялар»дан намуналар Ойбек таржимасида ўзбек тилида нашр қилинган.

ҚАЙҒУЛИ ЭЛЕГИЯЛАР

Бўрон тавсифи

Дубби Асқар посбони океанга кўз тикар паст,
Денгиз гирдоб сувларини чароғи-ла хира қилар.
Ўз эркимиз билан Ион денгизини кезмабмиз-да:
Бизга қўрқув туфайлидан жасур бўлиш керакдир.
Ҳайҳот! Шамол денгиз юзин қандай қабартиради!
Сув қаъридан бурқиб чиққан қумлар қандай қайнайди?
Ҳайбатли, зўр тоғ тўлқинлар кемага човт солади,
Кема бурни ва тангрилар тасвирини савайди.
Зарбалардан жаранглайди арча оғочлар бари,
Кулфатимиз тўғрисида инграр кема суяги ҳам.
Жон чиқувчи бир қўрқувни яширолмай, ранги ўчган
Денгиз ҳам, мана, таслим бўлибди:
Кемани у юритмайди, кемага ўзи тобе.
Елдай учган асов отни эплаёлмай, тизгинларни
Бефойда деб худди шундай қўяр ожиз чавандоз,
Ҳайдовчи ҳам кемани ўз истагани томонга
Юргизолмас, тўлқин бизни ўз йўлида судрайди.
Агар Эол юбормаса бизга муқобил шамол,
Боришимиз ясоқ бўлган ерга элтади тўлқин.
Сўлимизда, узоқларда қолди иллирияликлар,
Бизга ясоқ мамлакат – Италия нақ қаршида.
Ман этилган соҳилларга жалб этишдан тўхтасин ел!

У мен каби итоаткор бўлсин улуғ тангрига!
Шундай дейман ва қўрқаман, айни вақтда қайтмоқчиман,
Зўр куч билан бирдан урди тўлқин кема канорига!
Кўк сувларнинг тангрилари! Ёлвораман, омон беринг!
Мени қувар Юпитер: менга бу ҳам етади!
Хорғин руҳим у раҳмсиз ажалдан қутқарингиз!
Магар ҳалок бўлар кимса ҳалокатдан нетиб қочар?

Ойбек таржимаси