Катулл (м.а. 87-54)

Кай Валерий Катулл (милоддан аввалги 87–55 йиллар) – Рим ва жаҳон лирик шеъриятининг машҳур намояндаси. Верона шаҳри атрофида туғилган. Римда вафот этган.

ЛЕСБИЯГА

Яшаймиз, севамиз, менинг рафиқам!
Ғазабланган чоллар вайсасин, майли,
Биз уни олмаймиз сариқ чақага!
Кўкда қуёш ботар, яна лов ёнар,
Биз учун бир онли нур оз-моз сўнса,
Бошланар ёришмас, қалин бир кеча!
Мени ўп: юз марта, икки юз марта,
Кўпроқ ўп: минг марта, яна юз дафъа.
Янадан минг марта, яна юз марта.
Юзларни, мингларни биз кўп санаймиз.
Шунча кўп ўпишни зимдан пайқаган
Кундошлар бағрини ёқмаслик учун
Ўпиш саноғини сўнг унутамиз!

ЧУМЧУҚНИНГ ЎЛИМИГА

Йиғла, Венера, сиз ҳам, севинчлар, йиғланг!
Қалбида меҳр-шафқат бўлган йиғласин!
Ўлди жононимнинг бойқиш қушчаси.
Бойқиш қушча, жононим севгиси эди!
Унга қадрли эди ўз кўзидан ҳам,
Асалдан тотлироқди, ўз бекасини
Қизча ўз онасини севгандек севди.
Меҳрибон бекасининг тиззасидан у
Тушмас ва ёлғиз унга ширин чийларди,
Ўйин қилиб ҳар ёнга қанот қоқарди.
У энди кетар туман босган йўллардан
Бир даҳшатли диёрга, ундан қайтиш йўқ.
Сенга лаънат, маҳшаргоҳ, кеча оғуши.
Ҳамма гўзалликни сен ҳалок қиласан!
Сен бир ажиб чумчуқни олдинг-да кетдинг!
Оҳ, ғаддорлик! Ҳаёт! Бахтсиз, бечора қушча!
Аччиқ кўз ёшларидан гўзалнинг кичик
Кўзларини қизартдинг ва хуноб этдинг.

Ойбек таржимаси