Алда Лара (1933-1961)

Алда Лара (Alda Ferreira Pires Barreto de Lara Albuquerque) 1933 йили Анголада туғилган, 1961 йили вафот этган. Португал тилида ижод қилган.

МЕРОС

Шаффоф биллур сирғаларимни
энг тубан кўчадаги
фоҳишага беришни
васият қиламан.

Хаёлида
қасрдаги шаҳзода келиб
бағрига босишини кутаётган,
иффатли қари қизга
жимжимадор
никоҳ кўйлагимни мерос қолдираман.

Худонинг борлигини
бир умр инкор қилиб келаётган
дўстимга васият қиламан тасбеҳимни.

Кимнингдир хавотири
тасбеҳ донасидай қатор терган
китобларимни
ҳали бир сатр ҳам ўқимаган
камсуқум кимсага қолдирарман.

Телбавор шеърларимни,
чорасиз,
муқаррар
оғриқдан туғилган,
оташ умидларимга қоришган
сатрларимни –
сенга васият қиламан, севгилим!

Сокин, тахайюл оғушида чўкиб,
бўшаб қолган кулбамга
руҳим адашиб кириб қолган
ва сенинг кўзларингни секин ўпган соатда
сен кўчага чиққин,
болаларга совға қилгин
шеърларимни
сокин кунларда…

Карим Баҳриев таржимаси