Агостиньо Нето (1922-1979)

Антонио Агостиньо Нето (António Agostinho Neto, 17 сентябрь 1922, Бенгу провинцияси, Ангола — 10 сентябрь 1979, Москва) — Ангола давлат арбоби, шоир. Ангола халқ Республикасининг биринчи президенти (1975-1979). Португал тилида ижод қилган.

БУНЁД ҚИЛИНГ

Бунёд қилинг, бунёд килинг,
бунёд қилинг ақл билан, мушак билан, асаб билан,
Бунёд қилинг қўл ушлашиб омма билан,
бунёд қилинг йиғламасдан,
кўзларингиз қуруқ бўлсин.

Бунёд қилинг, бунёд қилинг
писанд қилмай ўрмонларнинг топталишин,
писанд қилмай дағал қамчи қаттиқлигин,
писанд қилмай хушбўй новда кесилишин,
бунёд қилинг йиғламасдан,
кўзларингиз қуруқ бўлсин.

Бунёд қилинг, бунёд қилинг,
қаҳқаҳ уринг писанд қилмай
бармоққисар асбобларин,
ўткир учли туфли кийиб
бизнинг ерда хўжайинлик қилиб юрган
золимларнинг ваҳшийлигин писанд қилмай,
эшикларнинг тарақ-туруқ
ёпилишин писанд қилмай,
қонни, ғамни писанд қилмай,
бунёд қилинг йиғламасдан,
кўзларингиз қуруқ бўлсин.

Бунёд қилинг, бунёд қилинг
келгиндилар қуролию қўшинини писанд қилмай,
гўдак додин писанд қилмай,
тинч дунёни бунёд қилинг,
нафратларни ичга ютиб
тинч дунёни бунёд қилинг,
бунёд қилинг йиғламасдан,
тинч дунёни бунёд қилинг,
кўзларингиз қуруқ бўлсин.

Бунёд қилинг, бунёд қилинг,
озодликни бунёд қилинг,
ушбу қуллик оламида
ҳаром ишқни писанд қилмай,
ифлос ишқнинг йўлларида
дорлардаги тебраняпган
гавдаларнинг тепасида
байрам кунин бунёд қилинг.
Бунёд қилинг йиғламасдан,
тоза ишқни бунёд қилинг,
кўзларингиз қуруқ бўлсин.

САФАР ОЛДИДАН ВИДОЛАШУВ

Онажоним
(ўғли кетиб қолган
негр оналар),
сиз ўргатдингиз кутиш ва умидворликни,
сиз умид қилдингиз оғир соатларда.
Аммо ҳаёт
барбод қилди илоҳий умидларимни.
Мен энди кутмайман.
Мени кутинглар.
Бу мен, онажоним.
Бу биз умидингиз,
болаларингиз,
курашга отландик ҳур ҳаёт учун.
Бугун
биз, қишлоқи яланғоч болалар,
кун тиғида қумликлар аро
латта копток тепдик, мактаб кўрмай,
ишчиларга айландик энди
ўз ҳаётин қаҳвазорда ёндириб юрган,
бойлардан қўрқиб
оқларга қўрққандан ҳурмат кўрсатиб
тан олинмай юрган қора одамлар;
биз, сизнинг болаларингиз,
электр нурининг мўъжизасини
етти ухлаб ҳатто тушда кўрмаган,
«батуке»*нинг ўлим муқомига ўйнаб
кўчаларда сархуш думалаб ётган
қора шаҳарлардан чиққан қоралар,
сизнинг болаларингиз,
очмиз,
ташнамиз,
уяламиз сизни она демоққа,
уяламиз одамдан.
Биз шундай кунларга қолдик, онажон.
Эртага биз аммо қулликни янчиб,
озодлик қўшигин айта бошлаймиз,
озодлик кунини байрам қиламиз.
Биз,
сизнинг болаларингиз
ёруғлик излаяпмиз, онажон
(ўғли кетиб қолган
негр оналар),
Улар эса узоқ умр излаб юришипти…
__________
*«Батуке» — рақс.

МУСЕКУСДА* БОЗОР КУНИ

Мусекус қашшоқ бир даҳадир,
унда яшар қашшоқ одамлар.
Бозор куни келар
ва улар
қайнай бошлар ҳаёт қозонида,
кулфату умиду илоҳий хавотирга айланар.
Турли нарсалару тушунчаларнинг
зиддиятин англаб бўлмас,
одамни босар хавотир…
Кўчаларни ёритар тўлин ой,
кўчаларни ёритмас чироқ.
Қашшоқлик ой нурига никоҳланган…
Нақадар бахтлидир бу никоҳ.
Ҳавони қоплаган шовқин-сурон,
алкоголлик ичимлик бадбўйи,
Изтиробу қувонч қичқириқлари
уларга қўшилиб оркестр бўзлар.
Одамни босар хавотир.
Униформа кийган бир одам
бошқа бир одамни тутар-да,
ҳақорат қилару қўрқитар,
савалаб қон тўкар, шундан сўнг
майиб қилганидан қаноат топар…
Одамни босар хавотир…
Бир эркак тўқмоқ-ла урилган бу ердан
энди ўзга эркак ўтишга қўрқар,
бошқа йўлдан кетар,
девордан сакрар,
биқиниб тиконли йўллардан борар,
каллаварам болалар улоқтирган
шишаларнинг синиқларин боса-боса
товонлари тилиниб югурар,
ахири қайтиб келиб уйига
остонадан ҳатлагач бу эркак,
хотини енгил тортиб хўрсинар.
Ташвишсиз йўловчиларни пойлаб
солдатлар бекиниб ётишар
«кешу» дарахтлари соясида,
ўзлари ҳам ҳайрон ишларидан…
Одамни босар хавотир.
Азобдан қичқирган овозлар
қулоқларни қоматга келтирар,
таъсирчан қалбларни яралар,
тапир-тупур энтикиб қочаётган
қадам товушлари эшитилар,
ахлоқсиз бос-босчилар тўдасининг
қаҳ-қаҳидан сўнг қолар ўртада
фақатгина ичга ютилган
яширин нафрат кўз ёшлари
ҳамда камарлар савоғидан
тилка-пора бўлган вужудлар.
Қийналмай роҳатланиш йўлини
қидиришиб юрар бировлар…
Одамни босар хавотир.
Норасида бир қизни бузмоқ учун
бир писмиқ бурчакка бекинар…
Одамни босар хавотир.
Қизчанинг ва отасининг сасини чиқазмас
бу одамнинг бойлиги,
бу қизча ўз ёвуз қисматини
фақат сўнгроқ қарғаб қичқирар.
Майхонада ғавғо кўтарилар.
Одамни босар хавотир.
Бу ерда йиғилган одамларнинг
ширин суҳбатига раҳна солиб,
юз милрей* қарзлари туфайли
дўстлар ўзларининг баҳсларини
катта жанжал билан якунлашар.
Аёллар эрларини ёлғиз ташлаб,
кўшнилар ҳасратини эшитгани,
қашшоқ эр жонига текканини
тинглагани чиқиб кетишар…
Одамни босар хавотир.
Эшитилар
жазавали қичқириқ,
қулаётган курсиларнинг тарақ-туруқи.
энтиккан эрнинг ҳарсиллаши,
хотиннинг жон аччиғида қарғаши,
тунука банкаларнинг тарақлаши,
кўшниларнинг тапир-тупур югуриб чиқиши,
шундан сўнг ярашган эр-хотиннинг
осуда кулгуси эшитилар.
Киноларнинг сершовқин карнайлари
баҳайбат оғзини очганча,
хотиржам куйларни таратар;
мияларни шиддат билан гангитиб,
отўйин гир-гир айланар,
қизил, яшил, кўк чироқлар
липиллаб кўзларни тиндирар,
болалар ва ошиқ-маъшуқлар
шунга пул бериб завқланишар,
билет сотувчининг оёқлари толмас,
одамни босар хавотир.
Ёлланма Киосо ишчилари
ностальгик* «батуке» рақсига тушар.
Бу нарса Мусекус шовқинларига
муносиб манзара — фон бўлар…
Одамни босар хавотир.
О, ҳадсиз Луанда,
мишмишга тўла!
Асабингни бузар турли хавотир.
Камбағал бир бола қўрқа-писа
навбатчи миршабдан қочаётир.
Хавотир оласан шўрлик боладан.
Бир овоз ғоятда эриниб,
қандайдир самбуни куйлаётир,
унга жўр бўлаётир гитара,
одамнинг йиғлагиси келар
ҳайқириб,
хавотир оласан оҳангдан.
Одамлар қалбидаги тилаклардан
туғилган ҳолбуки бу овоз,
одамлар одамдай яшамаган кунларда,
одамлар ҳурриятни орзу дилган кунларда,
одамлар яшашни хоҳлаган тунларда,
одамлар қалбидаги тилакларда
туғилгандир бу овоз.
Майхўрлар йиқилар гандираклаб
ярим кечаси кўчаларда.
Хавотир оласан сархушлардан.
Оналар қоронғида қичқирар,
йўқолган болаларин қидириб.
Хавотир оласан оналардан.
Хавотир оласан маст хотиндан,
Фолбинга нажот излаб югурган эрдан,
эрини балодан асраш дардида
нодондан йўл сўраб юрган жувондан,
«қизчам зотилжамдан турадими», деб
авлиёга савол берган онадан
(тунукадан қилинган уйда турар улар),
оқтан хонимлардан
марҳамат тилаб,
ялиниб-ёлборган аёлдан,
сиғинган, чўқинган хотин-қизлардан.
Улар эса
Ҳарбий кемаларнинг
сафга турган матрослари сингари
девор этагига қатор тизилишиб,
маст-аласт,
кўчаларда сийишар,
кейин, сиғинганлар устидан
қаҳ-қаҳ уриб, шиша отиб кетишар.
Мовий тусли хона чароғон
ацитилен ва ёки Петромакс чироғидан.
Терлаган баданлар,
диркиллаган сонлар
шаҳвоний жазава билан силкинар.
Тер ҳиди ва чангга тўла бу жойда
казуката рақсига тушар одамлар.
Хавотир оласан казукатадан.
Хавотир оласан кулувчилардан.
хавотир оласан йиғловчилардан,
барини билувчи-англовчилардан.
ҳеч нарса тушунмай яшовчилардан.
Муҳташам тиқилинч рақс залларида
одамларнинг кўнгли беҳузур бўлар,
Йигит қизидан бирпасда аразлар,
зумда ташлаб кетиб таажжубга солар,
бесабаб кўчага отилар,
ҳуштагин чалар полициячи,
тағин ҳайрон бўлиб ўз ҳолига қўяр,
хавотир оласан рақс залларидан.
Ёғоч синчлар аранг кўтариб турар
оғир рух томларни.
Хавотир оласан эгилган синчлардан,
ҳам ахлатга тўла сассиқ майдондан,
ис босган, ёғ босган кир жиҳозлардан,
йиртиқ чойшабдан,
тўшаксиз каравотлардан.
Одамлар бор —
ўз вақти соатин кутиб
суст омма кетидан эргашиб борар.
Хавотир оласан бундайлардан ҳам.
Одамда
мақсадга зўр бериш истаги қайнаб турар.
Одам шундоқ,
ҳар қайси одам гуллаб яшаса бўлар
ва оммадан шикоят қилиб
ва ё умид қилиб
ўтираверишдан фойда йўқ.
Ҳаётнинг ўзи
ниҳолдан ирода яратар,
хавотирлар эътиқодларни ишга солар.
Мусекусда бозор куни
тун қўшилиб кетар илоҳий хавотирларга
ва муросасизлик билан
қаҳрамонлик байроғини
қўлга киритар одамлар.
__________
* Мусекус — Луанда чеккасида ишга ёлланган африкаликлар учун ажратилган район.
* Милрей — ўша пайтлардаги португал олтип тангалари.
* Ностальгия — ватан ҳасрати касали.

ЖАБР

Уларнинг бари
бурчакка қўйилган одамларнинг
қопқонига тушди.
Қишлоқда рақслар
ногоҳ тўхтаб қолди
ва юзлар тун қўйнида тошдай қотди.
Ҳар ким нега олишганини сўрар эди,
аммо бирон киши билмас эди
ва аслида ҳар кимга равшан эди.
Булар ҳозир дафн маросимида
кўзёшсиз йиғлаган хотиннинг
сукут сақлашини эслатар эди.
Тўлқинланган юракларда
илоҳий далиллар пичирларди.
Нурга чўмган шаҳар ичидан
қаҳқаҳа ва нафрат портлашлари
элас-элас эшитилар эди.
Бу кунба-кун такрорланадиган,
тун жимжитлигида
самбизанг даҳасида бўладиган бор ҳақиқат
ва бор гапни англамоқ учун
шуни назарда тутмоқ керак:
— Бу ер қоралар масканидир!

УЙҒОНАЁТГАН ОНГ

Замон нозик!
Бурчак-бурчакларда
чироқ ёниб турган ҳар бир уйни
ҳушёр айғоқчилар кузатмоқдалар.
Эшиклариинг эски занжирлари
нари-бери илиб қўйилди.
Қалб тезисини тинглаётган инсонлар онгида
хавотир қайнамоқда.
Тарих яна бир бор
ҳикоя қилинажак.
Замон нозик!
Буни қарангки, мен —
қашшоқ одам,
қоратанли бўлганим учун янада қашшоқ
бўлармишман…
Қайтариб беринг менга
Африкани
Кўзлари ёшсиз ҳолда!

ФЕВРАЛЬ

(Сан-Томедаги қирғин)

У куни Атлантика
соатлар бўйи
кўпик гулларига ўралган
ва ўлим қонларининг қотиб қолганидан
ҳайвонларни жиркантирган жасадларни
қайтариб отди.
Соҳиллар тўлиб кетди қузғунлар ва чиябўриларга
болалар яшил умид деб атайдиган,
яшил деб аталувчи ерда,
асрларча қирғин қилиб ёқилаётган,
занжирбанд қилиб бўйсундирилаётган ерда,
қум ёпишган гўштни
ғажимоқчи бўлган ҳайвонларнинг иштаҳаси карнай эди.
У кун жасадлар денгизга,
иснодга ва тузга,
бахтсизлик ва иложсизлик —
қонларига қоришиқ сувларга улоқтирилган эди.
У куни гулханлар ёруғида ўз кўзимиз билан
ўз қонимизни, ўз ҳаётимизни, ўз ўлимимизни кўрдик.
Биз ўлимни ғолибона ёқиб юбордик
ва мозорларда
қурбон бўлган инсонлар адолатни тушуниб етдик.
Муҳаббат деб,
мутаносиб ҳаёт деб,
озодлик деб,
қурбон бўлганларнинг аҳамиятини тушуниб етдпк,
ўлим билан юзма-юз тўқнашиб,
ғалаба истаб ҳалок бўлганларнинг жасадларини
қонли денгиз соатлар бўйи
тислана-тислана,
яна соҳилга қайтариб отганини кўрдик.
Энди ям-яшил Сан-Томе тупроғи
муҳаббат тупроғи бўлиб қолажак.

Миразиз Аъзам таржималари