Вислава Шимборская (1923-2012)

Вислава Шимборская (Wisława Szymborska) – атоқли поляк шоираси. Биринчи шеъри “Сўзни излайман” номи билан 1945 йили газетада босилиб чиққан. Илк шеърий тўплами “Шунинг учун яшамоқдамиз” 1952 йили нашр этилган. Шоира француз шоирлари асарларини она тилига таржима қилган. В.Шимборская 1991 йили Гёте мукофоти, 1995 йили Гердер мукофоти, 2011 йили “Оқ бургут” орденига сазовор бўлган. ХХ аср жаҳон шеъриятига хос поэтик изланишлар, модернистик тамойиллар шоира ижодининг хос белгиси. У 1996 йили адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.

КАССАНДРА УЧУН МОНОЛОГ

Бу мен – Кассандра.
Бу менинг шаҳрим, кулнинг остида.
Бу менинг асом, коҳин сочбанди.
Бу менинг бошим лиммо-лимдир шубҳалар ила.

Бу ҳақиқат, ғолибман мен.
Ҳаққонийлигим ҳақ, тўлин ойга тушган ой каби.
Гарчи шубҳалидир
Авлиёларда юз берар бари.
Лоҳаслик-ла бошланган ишлар
Шиддат ила амалга ошар
Минбаъд бўй кўрсатмагандай.

Ҳаётим устига қурилган
Қўнғироқларни
Севар эдим мен
Келажакдан келган. Ҳар доим бўм-бўш
Қай жойдан қараса жўн кўринар ўлим.
Ачинаман, овозимда қатъият бор эди.
Ўзингизга тикилинг юлдузда туриб – бонг ураман мен –
Ўзингизга қаранг юлдузда туриб.
Тинглашар ва боқишар оёқ остига.

Улар
Чопқир шамолдай яшашди.
Бешикдан то сўнгги нафасга қадар
Пешонага ёзилганидай.
Бироқ умидлари намиққан эди,
Қаноатли очлик милтиллаб ўчди.
Сония нелигин биларди улар,
Ҳеч қурса бири.

Ҳеч нима
Таъқиб қилмас ҳеч не.
Бу менинг либосим, куйдирилган аланга ила.
Бу менинг увада кийимим авлиёларникига қиёс бергувчи.
Бу менинг бужмайган юзим
Юзки,
Гўзаллик сирларин ҳеч вақт билмаган.

ИСКАНЖА

Ҳеч не ўзгармади.
Тутиб турар танангни оғриқ.
У тамадди қилиши, нафас олиши ва ухлаши лозим,
Нафис тери остидан гупиллайди қон,
Кўп тишли ва минг-минг тирноқли ,
Суяги синувчан, бўғимлари чўзилиб кетган.
Ҳаммаси ўлчамли исканжа аро.

Ҳеч не ўзгармади.
Танам титраб турар
То Рим кашф қилингунча ва ундан кейин
Йигирманчи асрда,
Милодгача ва милоддан сўнг қандай титраган бўлса,
Исканжа бор эди, фақат ер шари торайди
Ва неки юз берди – гўёки шу ерда, девор ортида.

Ҳеч не ўзгармади.
Кўпайди одамлар,
Эскирган гуноҳлар сафига янгилари келиб қўшилди,
Тана жавоб берар қийқириқларга,
Ҳайқириқ ҳар доим бегуноҳ қурбон бўлолган,
Абадият ўлчами ва рўйхатига бош қўшаман мен.

Ҳеч не ўзгармади.
Хатти-ҳаракатлар, удум ва рақслар.
Қўлларнинг имоси, эгилган бошлар,
Қолиб кетган ўтмишдагидай.
Тана тўлғонади, титранади ва силтанади,
Оёқлар қийшайган, қайрилган тиззалар, тўкилар,
Кўкарган, пахмайган, сўлак ва қон оқар ундан.

Ҳеч не ўзгармади,
Дарёнинг оқимидан бўлак,
Ўрмонлар шамойили, соҳиллар, чўллар, музликлар.
Манзаралар аро тентирар кўнгил
Йўқолар, қайтиб келар, яқин ё узоқ,
Ўзига бегона ҳам тутқич бермас,
Қатъий ва ноқатъий ўз борлиғида,
У ҳолда тана мавжуддир, мавжуддир, мавжуд,
Бошқа йўл йўқдир.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси

ТУШЛАРГА ТАСАННО

Тушларимда
Вермейер ван Делфт каби чизаман,
Юнонча равон сўзлайман,
Марҳумлар билан ҳам.

Машина ҳайдайман,
Амримга бўйсунар.

Буюк достонларни
Ёза оламан.

Овозларни тинглашда
Авлиёлардан қолишмайман.
Ҳайрон қолардингиз –
Рояль чалганимни билсангиз.

Парвоз ҳам қилардим рисоладагидай,
Аниқроғи, ўз устимдан учардим.

Томдан қулар экан,
Оҳиста майсага туша биларман.

Сув остида
Қийналмасдан нафас оларман.

Шикоят йўқ:
Атлантидани кашф этдим.

Хурсандманки, ўлим олдидан
Доимо уйғониб улгураман.

Портлаш бўлса тушимда,
Бошқа томонимга ўгириламан дарҳол.
Мен ҳам давр фарзанди, аммо
Бунга мажбуриятим йўқ.

Бир неча йиллар олдин
Мен икки қуёшни кўргандим.

Кечаги кун пингвинни
Аниқ-тиниқ кўрганман.

КЎНГИЛ ҲАҚИДА НИМАДИР

Кўнгил вақт-вақти билан бўлар,
Ҳеч кимда мунтазам бўлмайди, илло.
Ва доимий.

Усиз
Кун-кундан,
Йил-йилдан
Ўтиши мумкин.

Фурсати билан
болаларнинг қўрқув ва ҳаяжонларида
кириб келар кўпроққа.
Баъзан эса ҳайратга солиб
Кексаликда кириб келар.

Аҳён-аҳёнда шерик бўлар
боғ юмуши бўлмаган жойда,
масалан,
мебель кўчириш,
жомадон ташиш
ва эскирмаган туфлида юриш…

Анкета тўлдираркан
Ва гўшт қиймалашда
Дам олишга чиқади.

Минглаб суҳбатлар туриб
Биргинада қатнашадими?
Бу ҳам ҳар доим эмас,
Шунда ҳам сукут сақлар.
Қачонки танамиз оғриркан пешма-пеш,
Билинтирмай навбатдан кетар.

Инжиқ кўнгил бизни
оломонга қўйгиси келмас,
Манманлигимиз
Ва ишда олғирлигимиз
Кўнглига тегар.

Қайғу ва шодлик
Унинг-чун фарқли туйғулар эмас.
Уларнинг қоришмасин
Сақлайди бизда.

Ҳеч нарсага ишонч қолмасдан,
Фақат қизиқишлар қолгани чоғда
Унга ишонмоқ мумкин.

Моддий буюмлардан
Унга кафтгирли соат ёқар
Ва қарамасанг ҳам кўрсатишга уринган
Кўзгулар дидига мос.

Айтмас, қайдан келар
Ва қайга кетар,
Аммо кутар бу саволларни.

Балки,
Бизга у керак бўлганидек,
Биз ҳам
Не учундир
Унга керакмиз.

ШЕЪРИМГА

Шеърим, сенинг юксак мақоминг шулки,
Диққат-ла ўқирлар, ёдлаб оларлар,
Шарҳлар ҳам ёзарлар сенга деб, чунки.

Энг ёмон ҳолатинг шу бўлар, балки,
Сени фақатгина ўқирлар, балки.

Учинчи имконинг: қоғозда яшар,
Ёзилган бўлсанг-да, ғаддор қисматинг
Дақиқа ўтмасдан саватга тушар.

Тўртинчи бир имкон бор эрур, бутун
Ёзилмай туриб сен ғойибсан буткул,
Ўзингча ненидир минғирлаб мамнун.

ЗАНЖИРЛАР

Кун иссиқ. Каталак. Ва занжирбанд ит.
Сув тўла итялоқ турар сал нари.
Занжир сал калтароқ мўлжалдан кўра,
Ит эса етмайди узанган сари.
Тасвирга қўшамиз яна бир чизги:
Бизнинг анча узун занжирларимиз,
Ёнидан бепарво ўтишга етар,
Сезилмас ва бутун занжирларимиз.

СОЯМ

Кўланкам, қиролнинг масхаравози,
Изимдан қолмасдан эргаша бошлар.
Ўрнимдан қўзғалсам, ғамгин, ғазабнок –
Деворга бош урар, кўзида ёшлар.

Оғриқдан тишини тишига қўйиб,
Бужмаяр, ўрнимга чўкаман қайтиб…
Балки, шўрлик мени лол этмоқчидир
Бошқа қойилмақом рол ижро этиб…

Дарчага ўғринча яқинлашаман,
Карнизга нигоҳ ҳам солмасдан такрор.
Соям-чи, у шўрлик қарамай туриб,
Пастни мўлжаллару,
Ўзини
Ташлар.

Соямнинг беўхшов ҳаракатлари
Мажбуран кулдирар қироличани.
Шоҳона улуғлик ўрнига бироқ
Барчанинг олдида пушмонлик яна.

Севимли қирол-ла айрилиқ чоғи
Осон юз бураман, олмайман эсга…
Фақат соям, сассиз сирғалиб чиқиб
Қайғу-ла ўзини ташлайди рельсга…

ЎНГ

Ўнг ғойиб бўлмайди
Рўёлар каби.
На шарпа, на бир сас
Уни чўчитмас.
На хитоб, на гумбур
Уни уйғотмас.

Рўёдаги тимсоллар
Хира ва маънодор.

Уларни истаганча
Мумкин талқин этмоқ.
Ўнг бу ўнгдир,
Мана бу ҳақиқий жумбоқ.

Тушларга калит даркор,
ўнглар очилар ўзи,
беркитиб ҳам бўлмайди, илло.
ундан ёғилиб келар
мактаб аттестатлари ва юлдузлар,
болалар тузган капалак коллекциялари,
бувиларимиз дазмолларининг иси,
бошсиз бош кийимлар
ва булутлар бош чаноғи.

Буларнинг баридан келиб чиқар
Имконсиз ребус.

Бизсиз тушлар бўлмас эди.
Усиз ўнглар ҳам бўлмас эди,
Номаълум,
Уйқусизликлар маҳсули
Уйғонган кимса борки,
ҳар бирига берилар.

Тушлар идроксиз эмас,
Ўнгда идрок йўқ,
Воқеалар жараёнининг
Қайсарлиги ила гарчи
Ўзини тутиб турар.

Тушларда тирикдир
Бизнинг марҳумлар,
Саломат кўринар,
Ёшликка қайтган.
Ўнг эса уларнинг
ўлик гавдасини қўяр олдимга.
Ўнг бир қадам ортга чекинмас.

Тушлар тутқич бермас,
Хотирамиз тўкиб юборар тез.
Ўнг унутилмас.
Ўнг енгилмасдир.
Елкага миниб олар,
Юракни эзади,
Оёққа тушов.

Ундан қочиб бўлмас,
Ҳар қайда биз билан у.
Ўнг бизни кутиб турмайдиган
Бир бекат йўқдир
Бутун роҳимиз давомида.

Рус тилидан Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси