Тадеуш Ружевич (1921-2014)

Тадеуш Ружевич (Tadeusz Różewicz) – атоқли поляк шоири ва драматурги. 1921 йилда Польшанинг Радомско шаҳрида туғилган. Краков шаҳридаги Ягеллон университетида санъат тарихи йўналишида таълим олган. Ижодкорнинг “Хавотирлик”, “Кумуш бошоқ”, “Шакллар”, “Табассумлар” каби шеърий тўпламлари нашр этилган. 2014 йилда вафот этган.

ТОБЛАНИШ

Кўз ёшдан ор қилманг, ёш шоирлар,
Кўз ёшдан уялманг.

Ойдан,
Ойдин кечадан,
Булбул хонишидан
Завқ ола билинг.

Фалакка учмоқдан зарра чўчиманг,
Юлдузларга чўзинг қўлингизни.
Юлдузга кўзларни қилингиз таққос.

Камалакранг тепаликдан,
Қуёшнинг туғилишидан,
Бойчечакнинг кўз очишидан
Завқ ола билинг.

Кабутарларга дон улашинг,
Табассум билан боқинг,
Итлар, гулларга, наровозларга.

Орзулар ҳақида баҳслашинг,
Ёшликка қасида ўқинг ҳайқириб.
Яна одамларга ишонинглар.

Содда шоирлар, гўзалликка ишонинг.
Завқли шоирлар ишонинг одамларга.
Кўз ёшдан уялманг, ёш шоирлар,
Кўз ёшдан уялманг.

* * *

Охиратдан сўнг,
Ўлимдан сўнг,
Мен ҳаёт қўйнида кўз очдим.

Бу стол дедим мен.
Бу стол.
Столнинг устида нон билан пичоқ.
Пичоқ нонни кесиш учун,
Нон эса одамларга.

Инсон севиши керак,—
Таъкидладим кечаю кундуз.
Нимани севиш керак?
Инсонни, таъкидладим, инсонни.

Бу дераза дедим мен,
Бу дераза.
Деразадан нарида боғ,
Боғ қўйнида олма.
Олма гуллаган.
Шамолда гуллари тўзғир,
Мевалар
Яралмоқда.
Отам олмаларни териб олмоқда.
Меваларни тераётган у одам —
Менинг отам.
Мен ўлтирибман уйнинг остонасида.

Эчкисини етаклаб кетаяпти
Бир кампир.
Дунёнинг еттита мўъжизасидан ҳам
Азизроқ.
Уни энди керакмас деб,
Ўйлаган
Жаллоддан баттар.

Бу — одам.
Бу — дарахт, бу — нон.
Одамлар яшамоқ учун
Овқат ейдилар,
Таъкидладим ўзимга-ўзим.
Фақат инсон ҳаёти муҳим.
Фақат инсон ҳаётининг маъноси улкан.
Ҳаётнинг баҳоси
Инсон яратган
Нарсаларни баҳосидан
Беқиёс ортиқ.

Инсон — буюк мўъжиза,—
Таъкидладим мен қайта-қайта.
Бу — сув, — дедим мен.
Тўлқинларни қўлим билан силадим.
Суҳбат қурдим дарёлар билан.
Эй дарё, — дедим мен —
Эй дарё, бу — мен…

Инсон
Сувга сўз қотди.
Ойга сўз қотди.
Ёмғирга, гулларга
Қушларга, осмонга,
Ерга сўз қотди.

Осмон жим турди,
Замин жим турди.
Фақат садо келди
Садо…
Яна бир одамнинг товуши.

Усмон Азим таржималари

ИЖОД

Мен ёзардим
Унутиб вақтни –
Лаҳзамиди, сониямиди,
Оқшоммиди, ё кечамиди.

Ёзар эдим ғазабга тўлиб,
Ёзар эдим ғамдан кар бўлиб.

Кўзларимни узмай кўзимдан,
Бош айланиб ёзган сўзимдан

Ёзар эдим – собит, бебардош,
Бор дунёни тўсганди кўз ёш.

Ёзар эдим, тинмай ёзардим,
Фақат ногоҳ юзим бўзарди
Ва қўрқувдан юрак титради:
Воҳ, қўлимда қалам йўқ эди.

***

 Ришард Пшибильскийга

ерга қайтмоқ
жудаям оғир
бундай узоқ
умрдан кейин

одамларни севмаслик оғир
жуда оғир уларни севиш
айниқса жуда яхши билсанг
улар нималарга қодирлигини

уммонлару
тоғлар, қалъалар
ортидаги одамларни
севиш осонроқ

ўртамизни биргина девор
ажратган одамларни севгандан кўра

Деди у кетиш олдидан

Хуршид Даврон таржимаси

ШЕЪРИЯТНИНГ ШАКЛЛАРИ

шеър шаклига тушмас
ҳаммавақт ҳам шеърият

шоир олтмишни қоралаганда
улар ташриф буюрар
қушлар дарахти шаклида
нурнинг порлаши шаклида

аёл қиёфасида
ёки жимлик шаклида

ҳатто шоирнинг ичида яшаши мумкин
бирор бир шаклга кирмасдан

севги ғазаб шафқатга ўхшаб

ДИДАКТИК ҲИКОЯ
ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАР

авваллари
қачонлиги эсимда йўқ
менинг бурчим деб ўйлар эдим
шудгор қилаётган деҳқонга бақирмоқни
қара
қарагин
қулоқ сол нодон
Икар қуламоқда
Икар
умидлар ўғлони чўкмоқда
омочингни ташла
шудгорингни қўй
кўзларингни оч
ана
Икар чўкмоқда
ёки
фожиага
қуёшга интилган қанот соҳибининг
қулашига
орқасини ўгириб
турган чўпонга
сўқирлар деб бақирмоқни
менинг ҳуқуқим деб ўйлар эдим

ҳозир эса
қачонлиги эсимда йўқ
биламанки деҳқон шудгор қилмоғи керак
чўпон эса қўйларини боқмоғи лозим
уларнинг фожиаси эмас Икар фожиаси

у шундай тугамоғи лозим эди

ҳайратланарли жойи йўқ
ажойиб кеманинг манзилга томон
сузиб кетиши

АЙТИЛМАГАН СЎЗЛАР

суҳбат бошлаймиз
сўзлар яширар
бизсиз
юз берган
ўтган воқеаларни

сен ҳали буни билмайсан

қўлингни узатасан
ўйлайсанки
ҳалиям ўша ердаман
сен мени ташлаб кетган жойда

турибсан
жимгина ноаён

ҳақиқатни секин аста
қалбинг англар

сен аланглайсан
ва кетасан

боши берк кўча

ҚАРИГАН АЁЛЛАР ҲАҚИДА ҲИКОЯ

қариган аёлларни яхши кўраман
кўримсиз аёлларни
жаҳлдор аёлларни

улар заминнинг гуллари

уларни чўчитмас
тубан одамлар

маълумдир уларга
севги
ишонч
тангасининг орқа томони

келадилар ва кетадилар
ҳукмдорлар уруш чиқарар
одамзод қонига
белашар қўлларин

қариган аёллар тонгда туришар
нон сабзавот гўшт харид қилишар
кўчада жимгина тикка туришар
қўлларини қовуштирганча
қариган аёллар
абадий яшайди
Ҳамлет тўрга тушиб типирчилар
Фауст кулгили кераксиз бир ролни ўйнар
Раскольников урар болтаси билан

қариган аёллар
адо бўлмайди
жуда илтифотли табассумлари

қариган аёлларни яхши кўраман
кўримсиз аёлларни
жаҳлдор аёлларни

улар ишонишар ҳаётнинг абадийлигига
улар заминнинг гуллари
дарахт пўстлоғи
жониворларнинг жонсарак кўзлари улар

қўрқоқлик ва қаҳрамонликни
буюклик ва тубанликни
кундалик ҳаётнинг эҳтиёжига
яқин бир шаклда кўришар

уларнинг ўғиллари
Америкага сузиб боришар
Фермопил жангида ҳалок бўлишар
Ғулқофга йўл олар
коинотни забт этар

қариган аёллар тонгда
боришар шаҳарга
нон гўшт харид қилишар
шўрвага гўшт ташлашар
деразаларни очишар

фақат нодонлар кулади
қариган аёллар
кўримсиз аёллар
жаҳлдор аёллар устидан

ҳолбуки қариган аёллар
энг гўзал аёллар
меҳрибон аёллар
улар пилланинг ўзи
улар сирдир сиру асрорсиз
чексизликка ғилдираб кетаётган шарлар

қариган аёллар

ажин қоплаётган мевалар
суви тугаётган кўзачалар
Будданинг бақалоқ ҳайкалчалари
улар жон бераётганда
кўзларидан оқаётган
ёш
қизалоқ жилмайишига
қўшилиб оқар.

ЛАБДАГИ БАРМОҚ

ҳақиқатнинг лаблари
юмилган

лабларга босилган бармоқ
гапирар бизга
жим турмоқ
фурсати келди

ҳақиқат нима деган саволга
ҳеч ким жавоб беролмас

билгувчи эса
яъни
ўзи ҳақиқат бўлганнинг
ўзи
кетиб қолган энди бутунлай

Рус тилидан Азиз Саид таржимаси

КУЛГУ

Қафас шунча кўп вақт қулф эди, ҳатто
бир қуш пайдо бўлди унинг ичинда
шунчалар узоқ вақт сайрамади қуш
ҳатто қафас очилди
сукутда занглаб
сукунат чўзилди шунчалар узоқ
ҳаттоки қора чивиқ ортидан
янгради кулгу

ҚАЙТА ТАРБИЯЛАШ

Бир тилда
сўзлашар шоир
бола билан
иғвогар билан
руҳоний билан
сиёсатчи билан
миршаб билан
бола беғубор кулади
иғвогар устимдан кулди дейди
сиёсатчи ҳайрон бўлади
руҳоний балони башорат қилади
миршаб барча тугмаларин қадайди
шоир хижолат бўлади
узр сўрайди
сўнг ўша хатони
такрорлар
яна

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси