Леопольд Стафф (1878-1957)

Леопольд Стафф (Leopold Staff; 14 ноябрь 1878, Львов — 31 май 1957, Скаржиско-Каменна) — поляк шоири, драматург ва таржимон.

ҲАЁТ

О, тиниқ замин тонги!
Келар, йитар булутлар…
Наҳот улар шод дилни
Енгмоққа қурби етар.
Агар қурби етса, боқ –
Қушларни топ осмондан.
Излаб топ, учиб келар
Қай бири тун томондан.
Қара, улар сайрар шўх,
Ишон, ўхша уларга
Ва кўнглингни бу ишонч
Тўлдиради нурларга.

Хуршид Даврон таржимаси

ARS POETIKA

Қалб садоси сокин таралар,
Чорлар: “Овла! Ҳаловатдан кеч!
Шошил ахир, кўнгил саралар,
Сўнг бу лаҳза қайтиб келмас ҳеч!”

Лек бурчиммас ташланиш кўзга –
Пуч сатр-ла безамоқ ҳижо,
Мен лаҳзани муҳрлаб сўзга
Мангуликка этмоқчиман жо.

Ўйлайманки, эзгулик маслак
Уйғун бўлса юк ва оҳанг зап –
Шеър – нигоҳда англанган истак,
Ва дўст билан кўришгандай гап.

БАҚАТЎН

                   Ян Парандовскийга

Бир кўҳна хиёбонда
Ташландиқ ҳовуз узра,
Ўйлардим қалб лисонда
Унинг шаффоф дамларин.
Не учун бу боғ бугун
Яшнамас аввалгидек?
Дафъатан, шунинг учун
Қўлимда новда билан
Йиғилган бақатўнни
Ҳайдай бошладим сувдан.
Менинг бу ҳаракатим
Пайқаб қолди бир вазмин
файласуф, хаёли тим.
У беркитиб гинасин
Ниҳоят кулиб деди:
“Ҳаёт қисқа, ҳар лаҳза
Бир томчидир бақодан
Наҳот бунда панимнинг
Иши йўқ бошқа бундан”.
Иймандим ўша лаҳза,
Ва узуккун ўйладим
Недур ҳаёт ва мамот.
Сўнгра кўҳна Римни
Хаёлим бўлди Суқрот
Ўйладим Мангу руҳни.
Мамонт… Пирамидани.
Эйфель минорасини
Бироқ – бари беҳуда.
Сўнг қайтдим эртасига
Шу кўҳна хиёбонга
Ва кўриб қолдим унда
Ажинлар қартайтирган
Файласуфни. У эса
Хотиржам, мен ўша
Ташлаган новдам ила
Оҳиста йиғар эди
Ҳовуздан бақатўнни.
Теграда эса елар
Дарахтлар ва қушлар овози.

ОНА

Сокин тун оғушида
Она тебратар эди
Гўдакни беланчакда.

Йўқ, бу на чақалоқ
Ва на беланчак.
Қоронғилик барини ютган
Она хотираларни чайқарди фақат.

ТИЛ

Билмай туриб қуш тилини
сайроғидан яйраш мумкин.

Лозим эмас барин тингламоқ
Қурбақанинг қуриллашини.

Фаҳмлайман одамзод тилин,
Бор тилёғлама сўзларин ҳам.
Тушунмасам эди кошки,
Бўлармидим энг зўр шоир?!

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси