Шакар Аслан (1937-1995)

Озарбайжонлик шоир, драматург ва журналист Шакар Аслан (Şəkər Aslan) 1937 йили туғилган.
«Баҳор ёмғири» (1964), «Муҳаббат фасли» (1973), «Севги куни» (1977), «Сени севган кунимдан» (1980), «Бу кунлардан из қолар» (1982), «Дунёнинг севинчлари» (1987), «Уйга мактуб» (1991) каьи китоблари чоп этилган.

ҚИШЛОҚДА БАҲОР

Йўлинг яна гўзал юртимга тушди,
Маним қишлоғимга ярашган баҳор.
Кўзларим чечак-ла, гул-ла ўпишди,
Сийнамда гул каби орзуларим бор.

Кўксингга таққанча тар бинафшани,
Келдинг қалдирғочнинг қанотида сан.
Ҳар бир қадамингда кўрдим гулшанни,
Чўлларга гул тушди қадамларингдан.

Боғча гўзал бўлди, боғ гўзал бўлди,
Япроқлар минг нағма пичирлашдилар.
Атроф гўзал бўлди, тоғ гўзал бўлди,
Ирмоқлар севинчдан ошиб-тошдилар.

Кеткиздинг бор дўлу туманни, чангни,
Инжа порлагайдир чаманда баҳор.
Гўёки илк дафъа кўрурам сени
Ҳар йил қишлоғимга келсанг-да баҳор.

БОЛАЛИК

Болалик чоғимни унутай нега?
Хаёлда у билан кўп кўришарман.
Ҳар кун болаликдан узоқ кетганда
Ҳар кун кексаликка яқин тушарман.

“Беркинмачоқ” ўйнардим дўстларим-ла ман,
Ким қайга беркинса топарди илдам.
Болалик, қай ерга беркинмишсан сан,
Сени топиб бўлмас йиллар юзидан?

ТОШ УСТИДА

Соҳилдаги ул тошни
Бу кун кўрдим қайтадан.
Гўёки бошим узра
Тушди, гулим, тоза тонг.
Бир вақтлар тош узра
Ўлтирардик юзма-юз,
Бир муҳаббат куйини
Чаларди бизга денгиз.
Ёнимда йўқсан энди.
Орада тоғ ва денгиз…
Сўрайман, ул куйингни
Бир пичирла, эй денгиз.
Денгиз яна куйлайди,
Куйлайди чин юракдан.
Ўлтириб тош устида
Тинглагаймиз денгизни –
Бир хаёлинг ва бир ман…

КЕЛ, СОҲИЛГА БОРАЙЛИК

Сайр этмоқ-чун денгизни,
Кел, соҳилга борайлик.
Тинглайди қалбимизни –
Кел, соҳилга борайлик.

Юлдузлар қатор-қатор,
Денгиз тўлқинлаб ётар,
Чорлайди гармон-ла тор,
Кел, соҳилга борайлик.

Фавворалар нур сочар,
Ҳаво атирдир, атир.
Қалбингда нағма келтир,
Кел, соҳилга борайлик.

Бу оқшом соҳилда ёр,
Бир севинч денгизи бор.
Кўнглимизда орзулар,
Кел, соҳилга борайлик.

Озарбайжончадан Гулбаҳор Саид Ғани таржималари