Наби Хазрий (1924-2007)

Наби Хазрий (Nəbi Xəzri; ҳақиқий исми — Наби Алекпер ўғли Бобоев, 1924, Боку — 2007, Боку) — озарбойжон шоири, носир, драматург, публицист, таржимон. Озарбойжон халқ шоири (1984). СССР давлат мукофоти лауреати (1973). Ҳизмат кўрсатган санъат арбоби (1979).

КУЗ

Ҳазин куй таралар боғу роғлардан,
Ёдимга яқину йироқлар тушар.
Гўёки япроқлар ўнгу сўллардан
Қаноти қайрилган қуш каби учар.

Элларга жар солар куз фаслин саси,
Соғиниш – уйғонган тилаклардадир.
Меҳрибон баҳорнинг илиқ нафаси
Ҳамон юракларда, юраклардадир…

Боғларда мавжланиб оққан ўйноқ сув,
Оппоқ булутлардан тиниқ ранг олмиш.
Олис уфқларда янграган туйғу,
Соғинчли қалбларга лахча чўғ солмиш.

Сўлу ўнг титрайди кўзим ўнгида,
Ер қалбин сезгандай бўлади кўнгил.
Дейман кафтим узра япроқ қўнгандап.
Табиат елкамга ташламоқда қўл.

Тонг нури тўлғонар уфқ бағрида,
Далалар сарғайиб оғир тин олар.
Сўлиш бор не учун гуллар тарҳида…
Қайда насиб этгай энди висоллар.

Ҳой булут, қирларга ошиқмагил, кел,
Шундай ҳам шарқираб оқаётир Қур.
Ошиқма даралар бағрига шўх ел,
Унда сукут сақлар чинор бир умр.

Боқ, маним қалбимда не тилагим бор:
Адирлар бағрига чиқа олсайдим.
Эй қадди букик тол, титраган чинор,
Сизга ҳамдард, сирдош бўлиб қолсайдим.

Кўксига сиғмайди дала нафаси,
Тоғ-тоғ пахта унинг муддаосидир…
Қатордан айрилган турнанинг саси –
Баҳор соғинчидир, акс-садосидир.

Қалбим қанотланиб учмоқ истайди,
Менга бағрин очмиш боғу бўстонлар.
Гулу япроқларни қучмоқ истайди,
Баҳор адосиман, азиз инсонлар!

Рамз Бобожон таржимаси

ҚУЁШ ҚЎШНИЛИГИДА

Қовушиб тоғларнинг шамолларига,
Қояга қалқмоққа ярашлик яхши.
Минг дафъа чўққига қараш ўрнига,
Бир йўла чўққидан қарашлик яхши.

Яхшидир сайр этиб
Оламни бутун,
Қуёш қўшнисиман, деб ҳаволанмоқ,
Тоғларни енггандек расо ва дуркун,
Янги чўққиларнинг ишқида ёнмоқ.

Яхшидир бургутдек қанот ёйганда,
Қалбинг юлдузлар-ла топиша қолса.
Оёғинг остидан сал муз тойганда,
Биров билагингга ёпиша қолса.

Қоядан-қояга арқон отасан,
Юрагу қулоғинг сасда, садода.
Алвон чаманларда чарчаб ётасан,
Ой ҳам қўриқчидай ёруғ самода.

Кетасан,
Ёрасан бўз туманларни,
Селлар айқирса-да, тез сойлар каби,
Унда мовий-мовий муз довонлари
Порласин оқ мармар саройлар каби.

Ўзинг тоғлар узра,
Тоғлар сийнангда,
Сўнгсиз денгиз сенга бир қатра келсин
Ёз куни
Чўққидан ерга инганда,
Сендан туман атри,
Қор атри келсин.

ЮКСАКЛИК ИШҚИ

Сен қуёш —
мен сендан
баҳраманд ойинг.
Сен товуш —
мен эса
акси садойинг!
Чўққисан —
чўққига қалққан сўқмоқман.
Тоққа ошмоқдаман,
тоққа муштоқман.

ДЕНГИЗ, САМО, МУҲАББАТ

Шу денгизни ҳадя этаман сенга…
Мен шундоқ дегандим, кулимсаб эдинг,
Кўкларнинг шафағи тушиб юзингга:
— Мен бўлса… самони бераман,— дединг.

Айрилиқ ғариба тортиқлар олиб,
Осмон ишқинг каби менга азиздир.
Айрилдик денгизу мавжлари қолиб,
Қандоқ элтоласан?.. Денгиз — денгиздир.

Сенга мен денгизни бердимки ҳадя,
Келган соҳилингга келарсан тағин.
Мени кўрмаганда: «У — шу-да!» дея,
Мен билан ўзлашиб, куларсан тағин.

Агар кўришмасак, доғ қолур ёмон,
Дедим, неча дафъа мен шундоқ дедим.
Денгиз соҳилига қайтиш-ку осон,
Кўкда соҳил борми, кетмоқчи эдим?

Ўйладимки, бошга тушгач бу ҳижрон,
Сен менинг ишқимга чироқ бўлгансан.
Наҳот кўкни бердинг шу важдан, жонон,
То мендан кўк қадар узоқ бўлгайсан?

Мен бир денгизманки, ишқим саҳардир,
Ўйлаганим сенсан, азизим, такрор.
Менинг долғаларим хотиралардир,
Қалбинг соҳилига етиб борсин, ёр!

Асил муҳаббат-ку буюк ҳунардир,
Жўшар уммондайин орзулар қатор.
Менинг долғаларим хотиралардир,
Унда тўфон ҳам бор, гирдибод ҳам бор.

Денгизман, ишқимдан қочмоқ хатардир,
Мен-ку ўтоламан чўлу чаманни.
Менинг долғаларим хотиралардир,
Кеча ҳам, кундуз ҳам топажак сени.

Истасанг тушингга кираман сенинг,
Кирарман денгиз каби.
Юзингга инжулар чиларман сенинг,
Чиларман денгиз каби.
Йўлингга шафақлар сепарман ҳадеб,
Сепарман денгиз каби.
Истасанг юзингдан ўпарман ҳадеб,
Ўпарман денгиз каби.
Номингни қалбимнинг соҳилларига
Йўнарман денгиз каби.
Севаман дейқолсанг бир оқшом менга,
Тинарман денгиз каби.

Дунёда сокитлик изламадим мен,
Қуёш каби порла,
саҳар каби кел.
Кўклардек тушимда келмак истасанг,
Сен ойли, юлдузли кўклар каби кел.

Отла қучоғидан сур тўфонларнинг,
Кузатай оқшомдан — саҳаргача тек.
Отла оқ йўлида каҳкашонларнинг,
Порласин ҳар юлдуз хотиралардек.

Кел қиш кечасида,
ёз саҳарида —
Денгиз-ку кўк билан ҳамиша дамсоз!
Сўнгсиз коинотнинг уфқларида
Сен кўриш вақтини чақмоқлар-ла ёз!

Сен сўзла,
қўшиқдек мен қулоқ солай,
Ишқимда, дилимда ҳамиша борсан.
Дунёда то кўк бор — мен сен-ла қолай,
Денгиз тургунича сен менга ёрсан.

Миртемир таржимаси

ПАРВОЗ ИСТАГИ

Йиллар ўтаётир. Орзулар — бунёд.
Не-не ватанларга йўлим тушмади!
Лекин бир истакни қалбим айлар ёд:
Кўп бўлди, тушимда ҳеч ҳам учмадим.

Уйқулар… Рўёлар… Энди чикора?
Етиб кўзларингни юмдингми, тамом:
Парвоз этажаксан, пастда — сайёра.
Оҳ қандай учардим, юксаклик томон!

Уйқулар… Рўёлар… Чорлар юксакка…
Сирли ҳаёт кирар тушимга аста.
Гоҳо бургут мисол учардим кўкка,
Ястаниб ётарди ўрмонлар пастда.

Ҳайбатли куч ҳисси қамрайди мени,
Кузга алмашади бир зумда кўклам.
Томоша этаркан юлдуз мавжини
Совуқ Ой сатҳига қўяман қадам.

Мен парвоз истайман… Бамисоли қуш,
Ёздан баҳор сари қилсайдим парвоз!
Майлийди, бир марта, бўлса ҳамки туш,
Қайтсам, болалигим айласам эъзоз.

Қани қанот беринг, кўрсатинг аён,
Қаёнга учайин? Учмоғим тайин!
Тушимга беркинган болалик томон
Ақалли бир марта учиб етайин.

Муҳаммад Али таржимаси