Маммад Раҳим (1907-1977)

Ҳусайнов Маммад Аббос ўғли (Məmməd Rahim) Озарбойжон халқ шоири, хизмат кўрсатган санъат арбоби, Арман истонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Бокуда баққол оиласида туғилган. Озарбойжон педагогика институтининг шарқшунослик факультетини битирган.
Илк шеърий китоби “Орзулар” (1930) босилган. Ёзувчилар уюшмасида (1938— 1940), мудофаа бўлими раҳбари (1941 — 1946) бўлиб ишлаган. 1977 йил 6 майда Бокуда вафот этган.
“Хоқоний” (1955) драмаси, “Саёт Нова” (1956), “Нотавон” (1962) достонлари муаллифи. Ш. Петефи, П. Беранже, А. Твардовский, А. Блок, Ф.Шиллер, Н.Некрасов, О.Туманян асарларини Озарбойжон тилига таржима қилган.

ЁЛҒИЗ МОЗОР

Эгнимда бўз шинел, қўлимда яроқ,
Оёғим остида ярадор тупроқ.
Елкамга аскарлик халтасин ортиб,
Одимлайман йўллар танобин тортиб.
Тепамда айланиб учар бир шунқор,
Осмонга тўш уриб қанотин қоқар,
Мен-чи, қанотсизман, тушганман тузга,
Ҳорғин оёқларим кирмайди сўзга —
Судраб босаяпман уларни зўрға,
Манзил эса олис, вужуд қовурға.
Мадор йўқ аскарнинг оёқларида,
Бир тепа кўринди сағал нарида.
Сафар шинелимни ерга солиш-чун,
Бироз нон-туз татиб нафас олиш-чун,
Ўша тепа томон йўл солдим шу дам,
Юксакка интилар ҳамиша одам.
Ана етиб келдим дўнгликка, қара,
Ўнгимда намоён ғариб манзара.
Мен тепа деганим бир мозор экан,
Қонли жанг-жадалдан бир ёдгор экан.
Шу тупроқ остида бир аскар ётар,
Қирғин-баротлардан бехабар ётар.
Қайд этиб урушда у ўлганини,
Ёзишган тахтага ким бўлганини:
“Бу ерда жим ётар битта нафардир,
Озарбойжон ўғли жангчи Сафардир.
Гуллар ҳид тараган чоғи ҳар ёққа,
Биз уни топширдик қора тупроққа”
Қўшин илгарилаб кетди сув мисол,
Сурувдан айрилган бир қўзи мисол,
У орқада қолиб кетган йироқда,
Чарчадим турибман зўрға оёқда.
Эгилар кўксимга кадарли бошим,
Гўё ётар бунда оғам-қардошим.
Тарк этиб кетолмам қабрдан нари,
Шу пайт ўтаётган онахон-қари,
Келиб ўнг тарафда, ёнма-ён турди,
Чўқиниб хочига қўлини урди.
Билмасдан марҳумнинг у милатини,
Шундай бажо айлар ўз ҳурматини.
Сўнг кетди тугунни олганча қўлга.
Мен ҳам чикдим ҳасрат-ла йўлга.
Мозор олисларда қолди хол каби,
Назардан йўқолди бир хаёл каби.
Йўқ, йўқ гапнинг ростин айтмайин нечун
Ўша гўр хотира бўлар мен учун…
Айланар ҳафталар, ўтади ойлар,
Қулаб тушадилар қадим саройлар.
Оқар шаҳарларда селдек қизил қон,
Ўқлардан гўдаклар бўлади қурбон.
Не бўлса, не кўрсам ўшандан бери,
Ул мозор хаёлдан кетмайди нари.
Кўзларим ўнгида жонланар ҳар он,
Хоч тутиб чўқинган ўшал онахон.
Йўлларнинг ҳорғини, ғамгин назари
Ҳамда нотанишнинг танҳо мозори.

ҚИШ

Қор қоплади тоғларни,
Қир-адиру боғларни.
Тўнгди дарё, булоқлар,
Муз боғлади бутоқлар.

Қиш шундай даврон сурар,
Чорлаб совуқни — қорни,
Қирса зараркунандани
Қиш ёмон деган борми?

Буғдойни ёпмаса қор
Кўрпадайин агарда.
Сунбуллар уммон каби
Чайқаларми баҳорда?

Қиш бизга неъмат берар,
Там берар, лаззат берар.
Қор тушмаса чўлларга
Етармизми гулларга?

Қишсиз баҳор ҳам бўлмас
Боғлар мевага тўлмас.
Қиш бизга неъмат берар,
Там берар, лаззат берар.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси