Элдор Бохиш (1947-1996)

Элдор Бохиш (Eldar Baxış) 1947 йилда Қубадли туманининг Дилали Мисканли қишлоғида туғилган. 1965— 1969 йилларда Озарбайжон Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Университетни тамомлагач, ўқитувчилик қилган, армияда хизмат қилган, сўнгра Озарбайжон телерадио қўмитасида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Ёшлигидан адабиётга қизиққан. Илк шеъри 1966 йилда “Озарбайжон ёшлари” газетасида чоп этилган. Бир нечта шеърий тўпламлари чоп этилган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси бўлган.

ҚИЙИНИ

Қийини — онадан туғилмоқ,
онадан туғилдингми,
ҳар ҳолда, улғаярсан
бу ер юзида,
жоним Маммад, кўзим Маммад.

Қийини — улғаймоқ,
улғайдингми,
китоблар беришар қўлингга,
ўтириб тинимсиз ўқиб чиқасан.

Қийини — китоб ўқимоқ,
китоб ўқидингми,
сева бошлайсан.

Қийини — севмоқдир,
севдингми,
боланг туғилар.

Қийини — боладир,
боланг туғилдими,
жоним Маммад, кўзим Маммад,
онадан туғилганинг
чиқар ёдингдан…
Жоним Маммад, кўзим Маммад,
қийини — онадан туғилмоқ.

ГИНА

Ўзи инсоф берсин Сори Ошиққа,
Ўзи инсоф берсин Маммад Оразга,
Ўзи инсоф берсин Али Каримга,
Мени қўймадилар ўз ташвишимга.

Мени қўймадилар ўз ташвишимга,
Баёти айтдилар, қўшма айтдилар,
Гаройи айтдилар мени кўрганда,
Қўшиқ куйладилар қалбимга ҳамроз.

Қўшилдим уларга, берилдим шеърга,
Улар битта ёзса, мен бешин ёздим.
Ўз ишларим қолди чала-яримта,
Кимларнинг… кимларнинг ташвишин ёздим.

Тош топай, қум топай дегандим мен ҳам,
Дегандим — уй қурай қаватма-қават.
Ариқочиб келай Ораз сойидан,
Боғ қилай дегандим Муғон чўлида.

Дегандим — уй солай одамлар каби,
Бир ёни боғчали, бир ёни боғли,
Бир ёни чечакли, бир ёни гулли,
Бир ёни ўрдакли, бир ёни ғозли.

Ўрдак қайда қолди, ғоз қайда қолди,
Ин ҳам тиклолмадим ўрдакка, ғозга.
Ўзи инсоф берсин Али Каримга,
Ўзи инсоф берсин Маммад Оразга.

Усмон Қўчқор таржимаси