Баёт Аббос

* * *

Кўрсат қоматингни, эй сарви равон,
Дунё кўрсин ани, раъноланмасин.
Кир боққа, рухсоринг арз айла гулга,
Булбул ҳайрон бўлсин, шайдоланмасин.

Ориф бўлиб бу имога юрмаса,
Жононнинг йўлинда жонин бермаса,
Чор тараф боққанда сани кўрмаса,
Кўзлари кўр бўлсин, зиёланмасин.

Саҳардан гулшанга азми руҳ айла,
Зулфингни сунбулу рўйсиёҳ айла,
Бу чашми маст ила бир нигоҳ айла,
Наргиз хуморланиб шаҳлоланмасин.

Хати сабзу руҳи саман таб ила
Баробар айламиш кунни шаб ила,
Ширин гуфтор ила, шаккар лаб ила
Қил такаллум, тўти гўёланмасин.

Боқ, Баёт Аббосинг ёнсин ўтингда,
Зора бир келтирсанг мани ёдингга,
Асло ёмон сўзни айтма отимга,
Таъна гоҳо-гоҳо садоланмасин.

Карим Баҳриев таржимаси