Алиакбар Собир (1862-1911)

Собир (тахаллуси; асл исм-шарифи Мирза Алекпер Тоирзода – Mirzə Ələkbər Sabir) [1862. 19(31).5, Шемаха ш. 1911.12(25).7] озарбайжон шоири. Шоир Сайд Азим Ширвоний очган янги усул мактабида ўқиб, унинг таъсирида шеърлар ёза бошлаган. Ижодининг дастлабки даврида ишқий ғазаллар ёзган.
1906 йилда «Мулла Насриддин» ҳажвий журналида Хўп-хўп (Сассиқпопишак) тахаллуси остида ҳажвий шеърлари чоп этилган. Ҳажвий асарлари ижтимоий тенгсизлик ва адолатсизликка қарши, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш туйғуси билан йўғрилган.
Собир қаламига мансуб ҳажвияларнинг мавзу доираси кенг бўлиб, шоир маҳаллий воқелик муаммолари билангина чекланиб қолмай, ҳатто Россия Давлат думасининг тарқатиб юборилиши, Эрон шоҳи ва турк султонининг кирдикорларини ҳам ҳажв қилувчи асарлар яратган. Собир «Мулла Насриддин» журнали муҳаррири Жалил Мамадқулизода ва бошқа муаллифлар билан бирга ҳажвиётнинг жамият ижтимоий ҳаётидаги аҳамиятини кучайтирган.
Собирнинг ҳажвий асарлари Эрон, Ўрта Осиё ва Волгабўйи шоирлари, жумладан, Ҳамза, Сўфизода, Собир Абдулла ва бошқа ўзбек шоирлари ижодига таъсир кўрсатган. Собирнинг «Ҳўп-хўпнома» асари 20-аср бошларида ўзбек халқининг севимли китобларидан бўлган.

БАЙНАЛМИЛАЛ

Мусулмон ва арман ватандошларга

Асримиз хоҳиш этаркан иттифоқу иттиҳод,
Жумламиз бўлсак иноқ—шул эзгу ният-ла, мурод,
Не учун йўқдир иноқлик, нега эл кулмайди шод?
Бу ватан авлодида зоҳир бўлиб бўғзи инод,
Тушди арман ва мусулмонлар аро фисқу фасод.
Йўқми бир соҳиби давлат, йўқми бир аҳли савод?

Эй суханварлар, бу кунлар бир ҳидоят вақтидир,
Улфат-у дўстликка чорловчи хитобат вақтидир.

Икки йўлдош, икки қўшни бир ватанда ҳамдиёр,
Бир яқога бош суқиб, сулҳ ичра топмишлар қарор.
Фитнаи иблиси малъун бўлди ногоҳ ошкор,
Кўр, жаҳолатдан чекар не ҳолни вазъи рўзғор.
Шаҳр-у қишлоқ торумор-у, қатлу ғорат бешумор.
Алҳазар, бу фитнага қил чора, эй парвардигор.

Эй суханварлар, бу кунлар бир ҳидоят вақтидир,
Улфат-у дўстликка чорловчи хитобат вақтидир.

Фитналарким очилар, айтинг не ҳолатдан қўпар?
Ақл бовар айламаским, одамиятдан қўпар,
Муслимиятдан ва ёхуд арманиятдан қўпар,
Шубҳа йўқдир, жаҳлдан ёинки ғафлатдан қўпар,
Бу мускбатлар бутун буғзу адоватдан қўпар,
Бу адоват мутлақо ҳоли залолатдан қўпар.

Эй суханварлар, бу кунлар бир ҳидоят вақтидир,
Улфат-у дўстликка чорловчи хитобат вақтидир.

Қўзғал, эй сен ҳамшаҳар, халқингга хизмат вақтидир,
Чораи сулҳ ахтариб, дафъи хусумат вақтидир,
Элга ҳаққин билдириб, дафъи фалокат вақтидир,
Кун каби ёғду сочиб, поймоли зулмат вақтидир,
Тозалаб юртинг мараздин айни ҳиммат вақтидир,
Собиро, байналмилал маршига навбат вақтидир.

Эй суханварлар, бу кунлар бир ҳидоят вақтидир,
Улфат-у дўстликка чорловчи хитобат вақтидир.
1905

Р. Муқимов таржимаси

ЭКИНЧИ

Мазлумлик этиб, йиғлама афтода, акинчи!
Солма бул ажаб тулкини сен ёда, экинчи!

Қўй, ҳар куни бир нарса сўраб турма қошимда,
Ёлборма менга, эгри бўйин бурма, қошимда,
Гоҳи бошингга, гоҳ тўшингга урма қошимда.

Кеккайма, адаб сақла бу маъвода, экинчи.
Жим бўл, э гадо, йиғлама афтода, экинчи.

Йил кепти ёмон, кулфати деҳқонга, менга не?
Бўлмапти ёгин, касри унинг донга, менга не?
Эсмиш қора ел, офати бўстонга, менга не?

Менга не сенинг кетса кучинг боғда, экинчи?
Бас, қақшама кўп, йиғлама афтода, экинчи.

Дўл олди қўлингдан сару сомонинги, найлай?
Ёинки чигиртка еди бўстонинги, найлай?
Қарзга тўласанг устингга ёпгонинги, найлай?

Бўл энди палос сотмоға аъмода, экинчи!
Жим бўл, бу қадар йиғлама афтода, экинчи!

Сўз очма менга кўп ишингу оз емагингдан,
Шукр этки, кетурсан ба жаҳаннам демагингдан,
Бир дон, биламан, изласа чиқмас кавагингдан.

Аммо менга бер арпаю буғдой-да, экинчи,
Жойинг сотаман, йиғлама афтода, экинчи.

Йўқман дер эсанг мен чиқариб жонинг олурман,
Биллоҳки, ювиб дийдаи гирёнинг олурман,
Гўштингни титиб бу қуруқ урёнинг олурман.

Ўз ҳолинги сол энди ўзинг ёда, экинчи,
Кўп қақшама, бас, йиғлама афтода, экинчи.

Буғдой била арпангни бериб, хорини ерсан,
Сув бўлмаса, қишда эритиб қорини ерсан,
Тошдан кўра юмшоқроқ илон — морини ерсан.

Ўргатма ўзинг от-ёға дунёда, экинчи,
Ҳайвон каби умр ўтказасан, сода экинчи.

Танҳо мени бор одамилиғ, номуси орим,
Бекзодаман осойишу оромда қарорим,
Айш-ишрату май бирла кечар шому наҳорим.

Шундай бўлади ҳолати бекзода, экинчи,
Бекзода элин расми шудир, сода экинчи.

Эркин Воҳидов таржимаси

ЗОҲИДНИНГ МУДДАОСИ

Зоҳид ўлмоқдан бурун мақсудига етмоқ тилар,
Уйқудан айлаб каманд, жаннат томон отмоқ тилар.
Эътиқодича, ётар-ётмас қучар ғулмонларин.
Ул сабабдандир, номоз вақтида ҳам ётмоқ тилар.

Уйқуда ахтарганин зоҳирда ёриб топмасин!
Йўқса эллик тоатин бир пулга у сотмоқ тилар.

ФУЗУЛИЙГА НАЗИРА

Оҳ айлаганим нашъаи қулёнинг учундир,
Қон йиғлаганим қаҳваи финжонинг учундир.
Ваъз айлаганим ҳадя-ю эҳсонинг учундир,
Ҳамда ғаразим кисса-ю ҳамёнинг учундир,
Саргаштлигим хирмони буғдойини бўйлаб,
Ошифталигим боиси сомонинг учундир.
Суркалмаги бу сийнани ҳар кун қадамингда,
Кескин тамаим суфрадаги нонинг учундир.
Бемор таним яхши кийим-бош аламидан,
Хуни жигарим дўлма потинжонинг учундир.
Оғзим сув очур неъмати жаннатни демакдан,
Кавсар мазали шарбати райҳонинг учундир,
Кўрдимки, палов зирбагидир, очлигим ошди,
Билдим, бу тадорки шаби эҳсонинг учундир.
Оҳингнинг ўти эмас асар ҳеч кима «хўп-хўп»,
Бу ўт сен ила кўп олишар, жонинг учундир.

ТАБИБ БИЛАН БЕМОР

Бир табиб олдига келибди бемор,
Дебди:—Азоб ейман, оғир дардим бор.
Қорним тинмай оғрир ҳовучлаб, эзиб,
Ўлай деб турибман оламдан безиб.
Табиб ушлаб кўриб томирин дарҳол,
«Нима егандинг?» деб айлабди савол,
Бемор дебди:— Евдим куйган нон, доктор,
Бошқа бирон нима еганим йўқдир.
Табиб тикилибди бемор юзига,
Дори қўймоқ бўпти унинг кўзига.
— Кўзиммас, қорним-ку!—қичқирди хаста,—
Дардимга даво қил, ўлмай бирпасда!
Жавоб қипти доктор унга:—Эй аҳмоқ,
Агар кўзинг айбсиз бўлсайди мутлоқ,
Кўриб куйган нонни емасдинг, тентак,
Демак, кўзни аввал даволаш керак.

САВДОГАР ВА ЎҒИЛ

Бир савдогар ўз дўконида
Савдо қилар ўғли ёнида.
Савдо расмин тоза олган ёд:
Сотарди кам, оларди зиёд.
Макр-у найранг тутган ҳар иши,
Алдов эди олиш-бериши.
Ўғил олиб ундан андоза,
Қаллобликни ўрганди роса.
Бир кун ота ҳеч нима демай,
Ўз иши-ла кетди кўринмай.
Ўғил деди:—Шу фурсат қулай,
Отам йўғ-у, пулдан ўмарай.
Қўл кассада, кўзи оладир,
Шу чоқ ота келиб қоладир.
Дунё тордир ота кўзига,
Бир мушт тушди ўғил юзига.
Дўкон кириб, нуроний бир чол,
Деди:—Ўғлим, менга қулоқ сол!
Нима эксанг — оласан шуни,
Ҳунарингга ўргатдинг буни.
Тарбияга фарзанд муҳтождир,
Ота иши унга бир тождир.
Хоҳ яхши-ю, хоҳ ёмон ишлар,
Барин сендан, бил, ўрганишар!
Сен ҳалолми — фарзандинг ҳалол,
Сендан кўриб ўсар шу ниҳол!

КЕКСА БОҒБОН

Болалар томоша қилиб ҳар ёқни,
Келаркан, кўрдилар ажиб бир боғни.
Кенг боғда юз ёшга кирган бир боғбон
Тер тўкиб ғайрат-ла ишларди чунон:
Чол уруғ сепаркан қўли қалтираб
Болалар кулишиб, олишди ўраб:
— Юз ёшга кириб ҳам тинмас экансиз,
Нима азоб сизга, нима экасиз?
Чол деди:— Ер қазиб жафо чекяпман,
Тупроққа олма, нок уруғ экяпман.
Болалар сўз қотди:— Сизга не фойда,
Бугун тирик борсиз, эртага қайда?
Сиз зккан дарахтлар мевага кирмай
Дунёдан ўтасиз ундан еб кўрмай.
Дам олинг, бекорга чекманг кўп захмат,
Мевасин емагач, керакми раҳмат?!
Чол деди:—Оталар қолдирган мерос,
Қадрлаб мевасин ейишимиз рост.
Экайлик биз каби еганлар учун,
Бизни эслаб раҳмат деганлар учун.

ЎРГИМЧАК БИЛАН ИПАК ҚУРТИ

Ўргимчак ям-яшил баргларда бир куни
Ипак қуртни кўрйб камситди уни.
— Мунча имиллайсан, тезроқ юр, ўртоқ,
Тўр ҳам тўқиркансан ўлгудай нўноқ.
Мана, томоша қил иш суръатимни,
Тўр тўқиш маҳоратимни!
Ҳар ким кўриб, дейди:— Ишига қаранг,
Нақадар тез тўқир, устаси фаранг!
Ипак қурти кулиб деди:—Жуда соз,
Сенинг тўрларингдан лекин фойда оз.
Сен тўқиган ўша турли хил парда
Фақат зиён берар учраган ерда.
Энди ўз ишимни айласам баён,
Меҳнатим маҳсули барчага аён.
Қизлар кияр мен тўқиган ипакдан кўйлак,
Бас этайлик баҳсни, сўзим йўқ бўлак.

Сами Абдуқаҳҳор таржимаси

ҲАЖВИЁТ
(парчалар)

Ҳар кимга фалак қилди ёмонлик, ҳама қурбон,
Юз ҳайфки, ўтар кун,
Ҳар бир иш учун хотимабахш бўлди бу даврон,
Бизлар яна мамнун.

Аллоҳга шукур, бизга эрур барча зиёнлик,
Ботқоқлара ботдик,
Ёлғончи фалак ваъдасига йиллар инондик,
Оғуларин тотдик!

Билмайди раҳм, шарму уятни, урадир дўқ,
Бундай фалак ўлмас!
Шундай икки тилли, қораюз бошқа фалак йўқ,
Ул зарра уялмас!

Бермиш у бутун қўшнилара санъату давлат,
Дунёсига лаънат!
“Ҳаммомга киринг, — дер, — этингизлар маза-роҳат,
Чекманг ғаму заҳмат!”

Муслим боласи ётса оёғинда фалоқлар,
Эйвоҳ, шуми таълим?
Калтак била урсин савалаб, хўп тумалоқлаб
Мирзойи муаллим!

Ҳайҳот, бу замон луқмага зор этди, касофат!
Уй қолди одамсиз,
Бир парча чўрак топмоқ учун бермас у фурсат,
Бор, ёт очу шаъмсиз!

Ўз билганини қилди мусулмонга бу даврон,
Қўл ишдан узилди,
Ун йўқ, гупа-гуп шовқин этар эски тегирмон,
Эл кайфи бузилди.

Шу чархи ситамкорнинг омон масхарасиндан,
Эй сен, боланг ўлсин!
Боқдинг-ку мусулмонлара ғам панжарасиндан,
Дунёнг-да йиқилсин!

Аввалда фалак ваъдаси хуш этди димоғни,
Ғам косаси тошди,
Охирда бизим бошимиза урди чаноғни,
Ким ҳам кўзин очди?!

Бир русни кўриб, эгилурмиз, у-да сардор,
Биз қўй каби хормиз,
Бир пулга олинмас сўзимиз, даври ситамкор,
Бизлар хору зормиз!

Тангрим ўзи шоҳид,
Биз қўй каби хормиз.
1906 йил

ЭПИГРАММА

Сўйла, сўк, дер аср. Биз сўкинмаймиз.
Тўп отса ҳам жиммиз. Ҳеч ўкинмаймиз.
Ажнабийлар кўкда учоқда учар,
Биз автомобилга ҳатто минмаймиз.
Қушдай кўкда учар,
Боқ, ердагилар,
Бизни ерга кўммиш минбардагилар.
1910 йил

ЯШАМОҚ ИСТАР ЭСАК

Яшамоқ истар эсак, ғиж-ғиж авом биз бўламиз!
Отиб одамлигимиз, қурту-ҳавом биз бўламиз!

Яшамоқ истар эсак даҳрида амният ила,
Фану илму удабога қарабон нафрат ила,
Қўшилиб фитна-фасодларгаки ваҳшият ила,
Ётамиз бистари ғафлатда узун муддат ила,
Не берар пухталиги, яхшиси хом биз бўламиз!
Яшамоқ истар эсак, ғиж-ғиж авом биз бўламиз!

Тили, фикри бор одамларни эзиб, четга суриб,
Бўшатиб ишларидан, туҳмат этиб, ерга уриб,
Яна кирмас эса йўлга, йўқотиб, фитна қуриб,
Хор этиб шу ватану миллатимизни қутуриб,
Шу билан ноили мақсуду маром биз бўламиз!
Яшамоқ истар эсак, ғиж-ғиж авом биз бўламиз!

Кўмил ўйларга, кезиб жаннату ризвонлар ила,
Бўлибон ошиғу дўст ҳури-ю ғилмонлар ила,
Қўй, унут ерни, сафо айла мусулмонлар ила,
Битажак олам иши кофиру шайтонлар ила,
Шу малаклар-ла учиб, олимақом биз бўламиз!
Яшамоқ истар эсак, ғиж-ғиж авом биз бўламиз!

Қўй, улар кашф этаверсин неки бор, санъат ила,
Этиб ижод парахўд ёки вагўн заҳмат ила,
Биз эсак, пулни тўлаб, йўл юрамиз роҳат ила,
Не керак бизга рақобат ҳар улуғ миллат ила,
Оғалиқ қилса, ўшал элга ғулом биз бўламиз,
Яшамоқ истар эсак, ғиж-ғиж авом биз бўламиз!

Тоҳир Қаҳҳор таржимаси