Али Карим (1931-1969)

Али Карим (Əli Kərim) 1931 йил 22 мартда Кўкчой шаҳрида ишчи оиласида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, Озарбойжон Давлат инжасанъат институтининг театршунослик факультетида уч йил таҳсил олган (1949—1951). Сўнгра Москвадаги М. Горький номли адабиёт институтига ўқишга юборилган ва уни имтиёзли диплом билан тугатган (1951 — 1955).
Иш фаолиятини “Озарбойжон” журналида адабий ходим сифатида бошлаган. Умрининг охирига қадар шу журналнинг шеърият бўлимини бошқарган. Бадиий ижодини 1948 йилда “Озарбойжон пионери” газетасида чоп этилган “Янги муаллим” шеъри билан бошлаган. Шундан бошлаб матбуотда унинг асарлари мунтазам чоп этилган.
1957 йилда Москвада бўлиб ўтган ёшлар ва талабаларнинг VI умумжаҳон фестивалида “Илк симфония” поэмаси мукофотига сазовор бўлган. 1969 йил 30 июнда Бокуда вафот этган, Кўкчойда дафн этилган.

ИККИ СЕВГИ

Гўзал қиз, сен соф сувсан,
Икки қалб орзусисан.
Мен-ку сени севаман
Ташналикдан ўт олиб, чўғ каби ёниб ётган
Дудоқ сув севган каби.
У эса сени севар
Бемалол бардош қуриб:
— Кабобдан сўнг муздай сув бўлсайди, — деган каби.
Гўзал қиз, сен қўшиқсан,
Юртимга ярашиқсан.
Мен-ку сени севаман
Игнанинг учи қадар,
Шуълага ҳасрат қолган
Кўз нурни севган каби.
У эса сени севар
Бир тўйнинг кўз олгувчи
Чироқлар шуъласида
Ҳузурни севган каби.
Сўйла, юксалсин сасинг,
Сиқилмасин нафасинг.
Мен-ку сени севаман
Бокудан, Тошкасандан
Келган бир садо каби,
Сас каби,
Қудрат каби.
У эса сени севар,
Ўзингга сир эмаски,
Бир хона кунжидаги
ғамгин сукунат каби.
Бу — мен, бу — у, бу — сенсан,
Хўш, ўзинг нима дерсан
Бу икки муҳаббатга?
Аммо обдон ўйлабон
Сўнг жавоб бергил пухта.
Менинг бошқа гапим йўқ…
Нуқта, нуқта ва нуқта…

БОКУ ШАМОЛИ

Тинмай бу диёрни кез демагайман,
Япроқни юлқила, уз демагайман.
Баъзан нафас ростла, тингин сув каби,
Долға-долға бўлиб киргил қўйнимга.
Тўқинма юзимга бундоқ асабий,
Айланиб-ўргилиб чирмаш бўйнимга.
Келгин, кўнглимдаги сўзни эшитгин,
Сен эй, совуқ шамол, диловар эпкин.
Уйқудек туюлса сенга бу ҳаёт,
Мени курашларнинг оғушига от.

Долғалар сапчиркан кўкка шиддаткор,
Менинг-да қалбимни ғафлат тарк этсин.
Тўлқинлар мени ҳам, бир ўтинчим бор,
Ўзин огушида олиблар кетсин.
Қани, бор шиддат-ла эсгин, эй шамол,
Сочларим юлқила, курагимдан бос!
Сенга жавобим шу, менга қулоқ ос,
Келгил, курашайлик ҳалолма-ҳалол!
Тўфон сол, учиргил тош-тоққа мени,
Қуйма ғафлат ичра ётмоққа мени.
Эй Боку шамоли, эсавер мағрур,
Синдир деразамни, эшигимни ур!..

МЕНИНГ УМРИМ

Умр танҳоликда абас кетарди
Агар бўлмасайди гўзал инсонлар.
Манимдир уларнинг севинчи, дарди,
Менга ўзим қадар азиз ул жонлар.
Баъзан рост келурман ўзимга ўзим,
Тушганда қайгадир гузорим менинг.
Минг бир балоларни кўрди бу кўзим,
Бир эмас, кўп эрур мозорим менинг.
Тупроқнинг остида қийнайди соғинч,
Тупроқнинг устида мен бахтиёрман.
Кенгликлар юракка солади севинч,
Ҳар ерда мен борман, ҳар ерда борман.
Дейманки: “Бунча тез оламдан ўтди?”,
Қабримга гул қўйдим — озор етмасин.
“Ҳаёт-ку унга гам бодасин тутди,
Орзуси тупроқда қолиб кетмасин”.
Кўзларим ичидан ўтмоқда олам,
Ҳаётнинг аршига туғилажакман.
Агарда кўк қулаб, ер ёрилса ҳам,
Ўлмасман, минг қайта туғилажакман.

Усмон Қўчқор таржимаси