Аждар Ўл (1958)

Машҳур озарбайжон шоири, носир, драматург ва таржимон Жабиев Аждар Файзулла ўғли (Əjdər Ol) 1958 йилда Ғозимаммад шаҳрида туғилган. 1979 йилда Ганжа давлат педагогика институтини тамомлаган. Мактабда ўқитувчи, «Ишиқ» (Hyp) нашриётида мусаҳҳиҳ, кичик муҳаррир, «Шур» нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.
Шеър, ҳикоя, пьеса, бадиа жанрларида ижод қилади. Унинг «Мулла Насриддин ва Амир Темурнинг филлари», «Бор эканда йўқ экан», «Сўнгги мактуб» пьесалари саҳналаштирилган. «Уста Юсуфнинг камончаси», «Қодирнинг янги ҳикояси», «Қотил билан учрашув» ҳикоялари асосида бадиий фильмлар ишланган. Қирқдан зиёд китоб муаллифи. Асарлари 10 дан ортиқ тилларга таржима қилинган; Туркия, Эрон, Польша, Россия, Германия, Грузияда нашр этилган.
Аждар Ўл бир қанча портрет-ҳикоялари учун Миллий Китоб мукофотига (2010), «Яша» шеърий китоби учун Озарбайжон маданият ва туризм вазирлигининг «Олтин Сўз» мукофотига, «Ҳарбий-дала қўмондонининг маймуни» ҳикояси Маҳмуд Кошғарий номидаги халқаро танловида Гран-прига сазовор бўлган.

ИСТИҚЛОЛ

Ҳаммага фахр билан сўйлаганим Истиқлол!
Эркимизнинг ранги деб ўйлаганим Истиқлол!

Қизарган тонг ўхшайди байроғим ол қонига.
На қилар қонсиз ўлим маслагим ғалтонига.
Кўксимни қалқон қилиб кирдим жанг майдонига,
Ўз ичимдан туғилиб этди зуҳур истиқлол!
Сўзда иш, ишда ғурур, маъно шудир истиқлол!

Бизлар сени кутгандик беҳуда тўкмадик қон,
Бошини асраганга дедик бош эг, ҳарқачон.
Қон рангда Кура, Араз, мовий Ҳазар, ер-осмон,
Эй Ёнартоғда ёнган машъалимиз Истиқлол!
Эй Гобустонда тўнган ҳайкалимиз Истиқлол!

Айтаман мен узоққа, ҳам яқин, ҳам ўзимга,
Бермайман қўлдан уни, диққат қилгин сўзимга,
Аммо шерик қилгайман Занқоним, Табризимга,
Майли ўтсин Аразни сургун бўлган Истиқлол!
Эй менинг эрким бўлган, кўрким бўлган Истиқлол!

Тилдан қолар ёғийлар, соқов каби, қор каби,
Ажратолмас байроғим уч рангини кўр каби.
Шонлидир ўтмишимиз — йигирма январ каби.
Эй шаҳид ўғли шаҳид, мангу ҳаёт Истиқлол!
Қаҳрамонлик ишимиз, оби-ҳаёт Истиқлол!

Токи қонхўр ёвузлар макрли, ҳийласи бор,
Бу гўзал мамлакатга ғаним таҳликаси бор,
Гарчи дунёнинг азизим қуруқ бир ҳақ саси бор,
Миллийдир, миллий бўлиб, миллий қолар Истиқлол!
Баллидир*, балли бўлиб, балли қолар Истиқлол!

Ватани ҳур бўлганнинг фикри, сўзи ҳур бўлур,
Ўзини ҳур қилганнинг ўғли-қизи ҳур бўлур,
Қаддини тик тутади, демак ўзи ҳур бўлур,
Айтаверайинми яна найлаяжак Истиқлол!
Аждар Ўл дер: — бизларни биз айлаяжак Истиқлол!
______________
* Балли — аниқ, белгили.

ЧАПАҚАЙ

Ўнг қўлимни йўқотдим Қорабоғ савашида,
Қўлим узилиб қолди юртимнинг у бошида.

Хушламай ҳар нарсани эллик бора чизишни,
Бир амаллаб ўргандим чап қўлимда ёзишни.

Чапақайман, десангиз, ярашмас, бу бошқача,
Ўнг қўл билан кўришиш лаззати ҳам бошқача.

Кечиккан чапақайлик ёмон бажаради иш,
Ўнг қўл ўтмишин эслаб баттар ортади ташвиш.

На тўйда ўйнай олгум, на машина сураман,
Тобутнинг остида ҳам чап томонда кираман.

Нима қилай, на чора, кўнглимни кўтаришди,
Бир қўл бажарадиган мосроқ бир иш беришди.

Мақтангулик жойи йўқ, на бедарак йитганман,
На-да ватан йўлида қурбон бўлиб кетганман.

Бир қўл — ёлғиз қанотдир етмаса ҳам учмоққа,
Лекин кифоя қилар бир боламни қучмоққа.

Алам қилган томони — на яра, на хасталик,
Қўлдан кетди Қорабоғ, ўнг қўлим ҳам усталик*.
_______________
* Усталик — устига устак.

ЖУДА ЁҚАДИ

Жуда ҳам ёқади айвонимизда,
Жимгина ўтириб ўқисам, ёзсам.
Бир даста гул бўлса гулдонимизда,
Чечаклар атрини ҳидласам, ёзсам.

Енгил эпкин эсса кўк маконимдан,
Саҳар қуёш дейман, оқшом ой дейман.
Ҳар замон озмуди истаганимдан,
Қултимлаб чой ҳўплаб мириқай дейман.

Бирам ёқтираман ишкомдан узиб,
Ювиб қўйиб кетсам сариқ тойфини.
Қўлларим белимда қайтсам сал кезиб,
Қушлар титкилабди суриб кайфини.

Ана бир капалак уйғотиб ҳавас,
Шудрингда чўмилар — гуллар ошиғи.
Қарасам мисрамни устидан эмас,
Остидан ҳам чизмиш чумчуқ тумшуғи.

Кўнглим чечаклардан ифорга тўлса,
Ҳисларим шеър бўлиб оқса қоғозга.
Шундай яйрайманки илҳомим кулса,
Бўйлансам қаламдан, боқсам қоғоздан.

Файзи Шоҳисмоил таржималари