Нурдал Григ (1902-1943)

Нурдал Григ — Норвегия шоири. Унинг исми норвегияликлар учун ҳилпираб турган байроқ эди. У бор-йўғи қирқ икки йил яшади-ю, лекин ажойиб шеърий мерос қолдирди.
1943 йил 3 декабрда Берлин бомбардимон қилинганда кўплар қатори Нурдал Григ ҳам ҳалок бўлди. У Норвег қуролли кучларининг капитани ва ҳарбий журналист эди. Лекин шоир сифатида Нурдал Григ норвегияликларнинг ёрқин юлдузи эди ва шундай бўлиб қолади.

АЛЛА

Шимол туни, ел дайди,
Ота-она ғамдайди.
Лекин зулмат қўйнидан
Нурга тўлиб чиқдинг сан.

Осмон йироқ, ер қаттиқ,
Лекин юзинг ёп-ёруғ.
Кўзларинг юм, ухла-ё,
Алла болам, алла-ё.

Қуёш йўқ, лек эртадан
Тўяжакмиз эртакдан.
Эрта қуёш чиққунча
Сен нур сочгин гул-ғунча.

 ЯКШАНБА

Кемамизда бир мўъжиза бор:
Об-ҳавони берибди Оллоҳ!
Рақсга тушар зўр, тантанавор
Шамол, қуёш бир-бирдан огоҳ.
Минг бир зарра ярқираб турар
Тўлқинларнинг қобирғасида.
Қуш галаси яшиндай ҳурур,
Тонг янграйди ўқиб қасида.

Кир ювишга бошлаймиз жадал,
Шимларимиз сақичдай қора.
Кийимимиз эмандай дағал,
Ҳамда зангу қумлардан пора.
Қўшиқ айтиб, латифа айтиб,
Қувонамиз қуёш чароғон,
Зерикишлар кетади қайтиб,
Эртагача бўлади гумдон.

Якшанбанинг алдови ширин.
Яна меҳнат ҳафтаси бордир.
Кирни ювиб бўлдик ва лекин
Хурсандчилик яна ҳам қодир.
Ўғирланган экан-ку, арқон,
Кирни қайга ёймоқ керакдир.
Ёймоқдамиз чаққон ва чаққон,
Қоронғу ҳам тез келмоқдадир.

 УЗУН КУНЛАР

Денгиз узра яна битта кун,
Худди ўша кечаги каби.
Моторлардан сачрайди учқун,
Худди ўша кечаги каби.

Тўлқин кучли, тўлқин шиддаткор,
Худди ўша, кечаги каби.
Осмон сиқар, тўлқин беқарор,
Худди ўша, кечаги каби.

Эртадан-кеч иш ўша-ўша,
Худди ўша, кечаги каби.
Атрофимда юз-кўзлар ўша,
Худди ўша, кечаги каби.

Моторларнинг оҳанги ўша,
Худди ўша, кечаги каби.
Ортда қолди узун кун ўша.
Бугун ёки кечаги каби.

 МАКТУБ

Хатни тутиб турибман хомуш
Дақиқалар ўтади бир-бир.
Ҳарфлару сўзлари таниш
Кулранг конверт кутади бесабр.

Почта муҳри тортар хаёлим,
Ўтибди-ку, роса ўн ҳафта.
Кўм-кўк норвег маркаси лим-лим
Нурларини аста сочмоқда.

Кутган эдим шундоқ ҳафталаб.
Хат йўлига бўлиб интизор.
Хатни шошиб очмайман шитоб,
Назаримда бироз фурсат бор.

Ёпиқ жилднинг ичидаги хат
Сируасрор беркинган гўша.
Қалбимизни ёндирар қат-қат,
Ёзилмаган сўзлар ҳамиша.

ИШСИЗЛАРНИНГ БОЛАЛАРИГА

Яслиларда туғилиб қолган
Чақалоқни алқаймиз чунон.
Ундан кейин у шоҳ бўлажак,
Жаннатларда ургувчи жавлон.

Ҳозир эса очлик, ғам-андуҳ
Болаларни қириб йўқотар.
Болакайлар бунда чилпарчин,
Сен уларни эсла, биродар!

ЁЗ ОҚШОМИ

Ёз оқшоми йўлда борар ароба,
Оқшомги қуёш ҳам сочар қирмиз нур.
Ёнимда шамолда тўзғиб бир қизнинг
Сочлари оловдай бўлиб кўринур.

Қуёшнинг нурлари унинг юзини
Ёритиб турарди олов тусида.
Қаршидан учарди унга рўбарў
Ўрмонлар, далалар кенглик устида.

Манзилга етдик биз. Келдик бўз ерга.
Қарағай елими ярқираб қолди.
Эркаклар ишлатар белкуракларин,
Болалар келишиб шўх сурон солди.

Менга не бўлмоқда? Нурланар шафақ,
Пичан ҳиди роҳат, куйлайди дарё,
Ер юзи яшнаган сиру синоат,
Бир она боласин кўтарган аммо.

Ҳар нарса меники: пичан ҳидлари,
Дарё куйламоқда, орзу яширин,
Келажак куйлайди иқбол ҳақида…
Атрофда сукунат, ишқ жондан ширин.

ДЕНГИЗ

Сенинг дилинг тилсиз бир денгиз,
Ололмайди ақлимни сира.
Лекин сенинг кўзларинг тенгсиз,
Жинни қилмоқ бўлар бир сидра.

Қолдинг танбал тўлқин мисоли,
Қалбим тинчин буза олмас-ов.
Лекин лабинг ёқут тимсоли,
Бу гал мени ёндирган олов.

Қалбинг ўлик денгиздир гўё,
Саҳросида йўқолмоқ осон.
Кўзларингнинг боқиши аммо
Асир этар тамоман, инон.

АВИАСОЗЛАР ҚЎШИҒИ

Бизнинг ҳам бор ўз парвозимиз,
Учмасак ҳам ҳаттоки бизлар,
Мотор, қурол учоқларимиз
Бизни мангу бойлаб банд этар.
Учувчилар жанг этмоғи-чун
Бизникилар бахш этар кучин.

Номсиз бўлсак ҳамки биз жангда,
Ерда меҳнат қилган жангчилар.
Бизлар уруғ сочамиз чангда,
Учувчилар ўриб янчарлар.
Учувчилар жангда ғолибдур,
Авиасоз ерда қолибдур.

Қуёш, ёмғир осмон сатҳидан,
Маҳсул берар ерга дамо-дам.
Учувчилар олган ҳақидан
Ерга қувонч келтирар ҳар дам.
Умид билан сочамиз уруғ,
Эркинликнинг ҳосили қутлуғ!

ЎТЁҚАРЛАР

Пивохона ичра бахтни излаймиз,
Қуруқликда эркинлик, ўйна!
Ҳаёт туман ичра қолгандай ғализ,
Ўз-ўзингни алдашни ўйла.

Пештахта олдида пулни совуриб,
Пичоқ ва мушт шай турар ҳамон.
Кўйлагимиз пора ва пора йиртиб,
Қасам ичмоқ туюлар осон!

Ишлашамиз худди шайтондай жадал,
Даҳшатнинг ҳеч чеки йўқ мисол.
Ўлкамизга кирар қип-қизил амал,
Эриб турган ҳарорат завол.

Қўлларда белкурак тушади ишга,
Кўмир чўғи тоғдай беаёв.
Юқори чиқамиз ҳаво олишга,
Пастда эса ловуллар олов.

Оёқлар ҳорғиндир, чектир тамаки,
Яна баҳсу мақтаниш такрор.
Энди бошқа дўстлар баҳслашсин токи
Чекингунча олам ва ҳунар.

Сўкиш эшитамиз меҳнатни қилиб,
Гуноҳимиз авф этилажак.
Фоҳишалар бизга кўрсатган қилиқ —
Майда бахтдан ким қутулажак?!

ОҲАНГ

Жаранглайди торлар садоси,
Ваҳималар дилимдан кечар.
Ўйлар эдим умр адосин,
Эсда аммо тоғдаги кеча.
Бўш йўргакдай эди ўша ёз,
Осмон ости бизга эди соз.

Эсимдадир сенинг нигоҳинг,
Нигоҳларинг эди бегона.
Кўзда ёшинг, лабингда оҳинг
Нечун кўзёш, сўрдим шу онда,
Сен дердингким тушдаги янглиғ,
Йиғлаганинг мен учун аниқ.

Менинг бўсам аритди ғамни,
У вақт ҳаёт нелигин билдим…
Эсдан чиқиб қолганим дамми?
Ёинки бахт йўқолдими жим?
Қайноқ бўса тушдаги симон
Унутилиб бўлгандир ёлғон.

Шундан буён кулдим мириқиб,
Ҳамма нарса бўлганди унут.
Шунданмикан тун бўйи писиб,
Юрагимга кирди муз сукут.
Ёруғлик йўқ пардада шундан,
Сен йиғлардинг мен учун чиндан.

ВЕЛОСИПЕД РУЛИ

Велосипед рули ярқирар,
Июн. Шумурт гуллаган фасл.
Кўйлаклари юпқа қизлар ҳам
Баҳор каби тансиқ ва асл.

Жуфт-жуфт бўлиб учар жимгина,
Велосипед шохини ушлаб.
Сариқ шиппак кийган йигитлар
Бироз ортда кўнглини хушлар.

— Мен ҳам учай! — Қиз унга тутар
Ярақлаган ароба шохин;
Оппоқ камзул ҳилпирар тинмай.
Олдга, орқа, олдинга гоҳи.

Ва ниҳоят эпчиллик ғолиб! —
Велосипед учмоқда ўзи.
Рулни ушлар қўл билан фақат,
Июн. Шумурт ислари тўзир.

Қиз қўли-ла сийпалар рулни,
Йигит ва қиз улар баробар.
Улар ҳайдар велосипедни,
Дунёлардан бўлиб бехабар.

Улар учар ёнма-ён ва жим,
Кўнгиллари нимагадир зор,
Икковининг қўллари рулда.
Велосипед… Муҳаббат… Баҳор…

ЖАСОРАТ ШАВАТ ДЕМАКДИР

Қаҳрамонлик ва парвоз деган
Яшар буюк жасорат билан.
Ёвузлик-ла дўстдир жасорат,
Ер юзини қилажак ғорат.

Лекин учар ёриб тўлқинни
Жасоратнинг ўзга тўлқини.
Бу жасорат ичра намоён
Меҳр, меҳнат ғоятда шоён.

Бу жасорат бўрондан асраб,
Нону нурга беради тараф.
Бунга ғоят яқин тургувчи
Яшиллигу гўдак кулгуси.

Жасорат-ла денгизчи зоти
Денгизларда енгар зулматни…
Бу дунёда буюк жасорат
Инсонларга бўлган муҳаббат.

МУЗ УММОНИДАГИ ОРОЛ

Орол пайдо бўлмиш денгизда,
Совуқ, қуруқ, яланғочдир у.
Норвегларга берилмишдир бу.
Оллоҳ берган неъмат ва қайғу.

Туманларнинг ёзги подаси,
Сим-сиёҳ қиш қаҳратонлиги.
Қуруқ ерни эговлар шағал
Ҳамда тош, муз ҳукмронлиги.

Бунда бизнинг бошпана бордир,
Барибир ҳам зулматдан зиё
Каби бизлар йўқотган ўша
Мамлакатни эслаймиз гўё.

Ўту ўлан, гуллар, ўрмонлар
Уйимизни ўраб турарди.
Ҳар бир гулу гиёҳлар билан
Юрагимиз қон талашарди.

Мамлакатнинг тупроғи қора,
Бизлар қалбан бир юрт улуси,
Бўй кўрсатар ғам-андуҳ, соғинч
Наҳот ҳаёт шундай бўлғуси?

Биз йўқотдик кенг уфқларни,
Тоғларимиз йўқотганмиз биз.
Энди бизлар аҳил бўлсак ҳам,
Кенгликларни топа билмасмиз.

Оролимиз яланғоч совуқ,
Совуқ ҳамда ялтироқ музлик.
Ушалмайди бунда орзулар.
Ўлажакдир бунда эзгулик.

Бошқа биров, ўзга бир улус
Бу зулматдан чиқаркан аммо.
Ўз кучи-ла мағрур эрур ул,
Биз сингари эмасдир асло.

ЯХШИЛАР

Бўйсунмаган тақдир йўлини
Чақмоқ каби ёритар ўлим.
Энг яхшилар ҳалок бўларлар
Курашимиз ўтида сўлиб.

Қалби тоза жасур ўғлонлар
Эди доим қатъий ва қўрқмас.
Ҳаёт билан видолашдилар,
Режалари қолдилар абас.

Дунё ишин олди тириклар,
Майли, қолсин ўлим билмаслар:
Қўрқа-писа жимгина яшаб,
Ўтмас пичоқ қалби ўлмаслар.

Яхшиларни ювар тўлқинлар.
Ер юзидан ўчирар ўқлар.
Янги авлод, келажак учун
Бор-йўғини бермишди улар.

Агар бизлар уларни эслаб,
Йиғларканмиз аччиқ ва аччиқ.
Бу хиёнат қаҳрамонларга,
Хиёнатдир очиқдан-очиқ.

Яхшиларнинг васиятларин
Бажарингиз кўзёш тўкмайин.
Фақат жасур юраклар учун,
Улар қони тўкилмиш тайин.

Яхшиларни кўрган инсонлар
Хотироти бой эрур, илло.
Яхшиларнинг жасоратларин
Фарзандлари эслар доимо.

Бойитдилар бизни яхшилар
Бутун борлиқ, жаҳони билан.
Яхшилар ҳеч ўлим билмагай
Шарафию ва шони билан.

Рус тилидан Азиз Абдураззоқ таржималари.