Ян Янсон Стартер (1593-1626)

Ян Янсон Стартер (Jan Jansz. Starter) — нидерланд шоири. 1614 йили Лейварденда китоб савдоси билан шуғулланган. Маҳаллий нотиқлар мактабини ташкил қилгани учун католик динидан ажралиб чиққан калвинчи насроний руҳонийлари унга қаттиқ ҳужум қилдилар. 1620 йилда оиласи билан Францияга кўчиб кетишга мажбур бўлди. У ерда ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. 1621 йилда Амстердамга кетди. У ерда “Наъматак” номли нотиқлар мактабида ўқиди. 1625 йилдан вақтини тарихни ўрганишга бағишлади.
У асосан шеърият ва драматургияда ижод қилди. Бредерога шогирд тушди.
Стартер лирикаси ва сатираси Нидерландия адабиётида “олтин аср” деб номланувчи давр намуналари ичида энг эътиборлилари қаторида туради.

* * *

Неча-неча тунлар ухлай олмадим,
Умид-ла ялиндим, ёндим беҳуда!
Ёлвордим жон-жондан, асло толмадим –
Сен эса аёвсиз экансан жуда!
Бундай тош ҳукмни кўрмаган жаҳон!
Ҳозир сев, ҳозир сев, ҳозир сев, шу он –
Йўқса ҳеч қачон!

Мен ойдай юзингни учратдим бир кун,
Қордай оқ экансан, маъсум, беғубор.
Кўксимда бир ёнғин авж олди бутун
Севги ёнғинида ёндим бетакрор!
Оҳ, нақадар ёмон, бу офат ёмон!
Ҳозир сев, ҳозир сев, ҳозир сев, шу он –
Йўқса ҳеч қачон!

Майлига, ўлгин де, юзимга қараб,
Агар сенга ёқса шундайин фармон.
Уни қабул қилиш мен учун шараф,
Сен учун минг бора бағишлайман жон.
Қанча куч сарфласам, қилмайман армон!
Ҳозир сев, ҳозир сев, ҳозир сев, шу он –
Йўқса ҳеч қачон!

Мен сенинг кўйингда овора бўлдим
Вақт етмас овора йилни санашга.
Бундай дард-аламлар, азоби маълум
Мен учун бир имкон бермас яшашга!
Сенга муҳтожлигим оғир, беомон!
Ҳозир сев, ҳозир сев, ҳозир сев, шу он –
Йўқса ҳеч қачон!

О гўзал маъбуда, ҳар қилиғингдан
Хабардорман, сени ўрганганман кўп,–
Ўлайми муҳаббат босириғидан,
Чириблар кетайми кул бўлиб бир тўп?
Уятдан қизариб кетсанг ҳам чунон!
Ҳозир сев, ҳозир сев, ҳозир сев, шу он –
Йўқса ҳеч қачон!

“АСКАР ҚЎШИҚЛАРИ” ТУРКУМИДАН

НИДЕРЛАНДЛАР

Асов денгизларда, ерда жанг қилган
Эй, сиз – нидерланднинг денгизчилари!
Ўрим-йиғимларни ташлаган-келган
Қўлга қурол олган зўр жангчилари!
Уруш ҳам бошланди – ҳаммаси хароб!
Модомики сулҳга қолмади имкон,
Испан лашкарлари қатъий бир жавоб
Олажаклар энди, оқибат ёмон!

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси