Якоб Катс (1577-1660)

Якоб Катс (Jacob Cats) – шоир ва давлат арбоби. Лейденда ўқиган. Шеър ёзишни 40 ёшидан кейин бошлаган. Энг йирик нидерланд шоирларидан ҳисобланади. Голланд оилаларида унинг китоблари “Иккинчи Таврот” деб ҳурматланади. У голланд тилини лотинлаштиришга қарши курашди, асарларини халқ тилида ёзиб, кенг китобхонлар оммасининг қалбига ва ақлига катта таъсир эта олди.
Унинг “Никоҳ тўғрисида” (1625), “Эски ва янги замонларнинг кўзгуси” (1632), “Никоҳ узуги” (1637) номли тўпламлари, ўз ҳаёт йўли ҳақидаги “Қарилик тўғрисида” (1657) номли китоби халқ ичида жуда машҳур.

ТУЗ ТЎҒРИСИДА

Туз бизга дунёнинг ажиб инъоми:
Сақлар денгизчининг қўр-қут, таомин.
Инсон дастурхонга қўйсаки нима,
Барига туз керак ёки тузлама.
Туз тугаган бўлса ҳар ким бўлар лол,
Овқат пиширишни тўхтатар аёл.
Бой суфрада бир туз етмаса фақат,
Мезбон учун бу ҳол жуда ҳам уят.
Туз керак этга ҳам, балиққа ҳам, бас,
Туз йўқ жойда ҳатто олтин керакмас.
Аммо туз солишда дид керак ҳар он,
Туз ўлчовсиз бўлса – яхшинг ҳам ёмон!

ГОЛЛАНД САРЁҒИГА МАДҲИЯ

Сарёғга кўрсангиз қайда мадҳия,
Ўқинглар, ҳаммага шудир тавсия.
Юртдошлар, бир гапни унутманг ҳеч вақт:
Бу ернинг сарёғи ҳар ерда қиммат.
Бу сут маҳсулотин билмаслар қадрин,
Мен эса атайлаб ёзяпман мадҳин.
Биз кувлаб оламиз бу асл ёғни,
Дунё тан олган бу бемисл ёғни!
Гаров ўйнашаман, қадим замонда
Билмаган бу ёғни рум-да, юнон-да!
Голландия, сени алқаган худо:
Қалбга шодлик, танга қувватдир бу ёғ!

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси