Ҳерман Гортер (1864-1927)

Ҳерман Гортер (Herman Gorter) — шоир, мунаққид, сиёсий арбоб. Амстердам университетида филология йўналишида таҳсил олган. Бир муддат ўқитувчилик билан машғул бўлган; 1895 йилдан эътиборан сиёсий арбоб сифатида фаолият юритган.1907 йилда сўл қанот социал-демократларнинг “Трибуна” газетасига асос солган.1909 йилдан эса Нидерландия сўл қанот социал-демократик партиясининг раҳбарларидан бирига айланган.
Г.Гортер ўзининг адабий фаолиятини 1885 йилда бошлади. Унинг 1889 йилда чоп этилган “Мей” номли илк достони янги нидерландия шеъриятида пантеистик йўналишдаги энг муваффақиятли асар деб эътироф этилади. Сўнгги асарлари орасида “Шеърият мактаби” (1902) мажмуаси, “Пан” (1912-1916) поэмаси анча шуҳрат қозонди.

БАҲОР КЕЛАЁТИР….

Баҳор келаётир.
Эшитилар ифорли қадамлар саси.
Уни тинглар ҳаяжон-ла дов-дарахт, само:
Ҳамма жойда баҳорий ис, баҳорий ҳаво,
Ҳамма жойда шул илоҳий Баҳор нафаси…
Мен ҳам тинглаб, бу ташрифни туяман дилдан,
Тинглайман-у ҳис қиламан кўнгил-кўнгилдан.
Бироқ бехос кўнглим чулғар ҳадик, ҳаяжон,
Зеро, дилда не-не орзу яшагай пинҳон:
Шу орзулар очилмоққа топарми имкон…
Шу орзулар – Баҳоримга бўлмасми армон?!

Баҳор келаётир… Эшитилар унинг ташрифи…
Мен тинглайман бошим узра чарх ураётган
Уюр-уюр ҳаволарнинг тўлқинларини,
Мовий, оппоқ ҳаволарнинг ёлқинларини…
Мен тинглайман ва юракдан яйраб кетаман,
Баҳоримнинг мадҳи учун сайраб кетаман…
Мен Баҳорни илоҳларга менгзаб сўзлайман,
Сўзларимни зийнатлайман, безаб сўзлайман…

Баҳор… Баҳор келаётир… ана У келди…
Янгиланди олам зумда, ям-яшил бўлди…
Соҳир кўклам қуёшининг заррин жилоси
Заррин-заррин кимхоб қилди кўкнинг ридосин…
Энди осмон кўкраги чок, тўлқинли маъво,
Энди кўкда кезиб юрар эркин, ҳур ҳаво…
Кезиб юрар самоларда елканлар мовий,
Елканларга қанот берган ўйлар самовий…
Кўзлардаги шукуҳ, севинч ҳамда шукрона –
Қалблардаги масрурликдан, бахтдан нишона…
Ўшал шодлик зоҳир бўлар сувлар саҳнида,
Мовий-мовий тўлқинларнинг мавжли наҳрида…
Баҳор келди… Баҳор келди… пайқадингми Сен…
Нозик-нозик бармоқларинг ила сездингми?!
Баҳорий хуш насимларнинг осмонида кенг,
Қушчаларнинг чуғурида дала кездингми?
Ёки асов еллар силаб жингала сочинг,
Нилий гумбаз йўллаганда ҳур-ҳур саболар,
Ҳозиргина туғилгандек бу кўҳна очун
Кўзларингга бахш этдими шаффоф зиёлар?!
Шаффоф нурлар, пок зиёлар дарёсига Сен,
Қулоқ тутиб, зеҳн солиб, қилгин эътибор,
Унда қорли чўққиларнинг виқорига тенг
Виқор билан қад ростлаган Гўзал Гуллар бор!
Бундай мағрур Гуллар бўйин айлаб таборак,
Суюнмоқлик керак… яна… йиғламоқ керак…
Кел, кулайлик қаҳ-қаҳ уриб, кўзда ёш билан,
Кел, кулайлик, қароқлардан тўкилсин занглар…
Ахир бугун гўзал Баҳор пок Қуёш билан,
Улашмоқда олам узра илоҳий ранглар…
Йиғлар бўлсак, кўзлардаги тахир маржонлар
Баҳорни-да бефарқ қўймас, У ҳам гирёна…
Худди биздек изтироб-ла чекиб фиғонлар,
Шарор тўкиб оловланар, ёнар тўлғона…
Баҳор тўкмиш илоҳий нур, абадий ҳаёт,
Олис-олис манзилларни кўзлаб учгайдир,
Бизлар билан баҳорий руҳ абад барҳаёт,
Бизлар севсак, баҳорий бахт бизни қучгайдир.
Кел, йиғлайлик, аччиқ-аччиқ кўзёшлар тўкиб,
Аччиқ-аччиқ ашкимиздан Баҳор ҳам йиғлар.
Қароқлардан оқиб тушсин, олмос, дур бўлиб,
Тарк айласин кўнгилларни андуҳ, қайғулар…
Биз ҳам Гулмиз, ҳа, иккимиз – жуфт қирмизи Гул…
Виқор билан бўй чўзганмиз адл, расида,
Бу баҳорий селоб нима, тенгимиз йўқдир
Ул самовий шаффоф зиё, нур орасида…
Бугун дилда ўй-хаёллар афсунгар, соҳир,
Завқлан бугун, майли тинсин кўздаги намлар.
Кел, кулайлик, унут бўлсин ҳадик, хавотир,
Кел, кулайлик, ҳамдам бўлсин бизга байрамлар…
Ахир, бугун олам узра мурувват зоҳир…
Ахир бугун Баҳор… Баҳор! У келаётир!..

Рус тилидан Муҳиддин Саттор ўғли таржимаси