Фридрих Логау (1604-1655)

Фридрих фон Логау (Friedrich von Logau; июнь 1604 ёки январь 1605, Брокут, Нимптш, Силезия — 24 июль 1655, Легница) — немис шоири, эпиграммалар муаллифи.

ЖАСОРАТ

Бу даврда ким у – жасоратли инсон —
Қорани – қора деб, деса оқни – оқ?!
Қотилларга мадҳ айтмаса ялтироқ,
Ростин айтолмаса, айтмаса ёлғон.

ОРЗУЛАР РЎЁБИ

Уйни орзу қилсам, макон истасам,
Барига етказди Ўлим – оқил сўз:
Мен урушда ўлдим, қабрга кирдим,
Бу уйда ўлим ҳам, ғам ҳам дахлсиз.

ҲОКИМИЯТ

Элни бошқармоққа чоғла юзингни,
Токи бошқаролсанг агар ўзингни.

ПУЛЛАР

Мудом пул истайди кекса ҳам, ёш ҳам:
Бири – жамласам дер, бири – сарфласам.

ЎЗИНГНИ ЕНГМОҚ

Ҳа, ўзинг-ла кураш — энг мураккаб жанг.
Асли ғолибдурсан — нафсингни енгсанг.

Карим Баҳриев таржимаси