Григоре Виеру (1935-2009)

Таниқли молдован шоири Григоре Виеру (Grigore Vieru) 1935 йилнинг 14 февралида ўша пайтда Руминия, ҳозир Молдова таркибида бўлган) Бессарабия ўлкасидаги Перерита қишлоғида туғилган. 1958 йили Кишинёвдаги педагогика институтининг тарих ва филология факультетини тамомлаган. Талабалик йилларидаёқ илк шеърий тўплами «Alarma» («Нотинчлик») номи билан нашр этилган. Унинг ижоди асосан болалар учун ёзилган шеър ва эртаклардан иборат. Шоир шеърлари халқ қўшиқларига айланган.
Григоре Виеру 2009 йилнинг январида рўй берган автоҳалокатда вафот этган. Шоир номи билан кўчалар, мактаблар ва кутубхоналарга бериб абадийлаштирилган.

ҚУЁШ ҚАРШИСИДА

Бош эг муқаддас,
Фақат нурларидан
Паст эгилма, паст —
Муздай ерга пешонанг тегиб,
Ўз қабрингни қазма эгилиб.

Онанг қаршисида
Бош эг меҳрибон,
Фақат япроқлардан
Паст эгилма, жон —
Қай бир ёқдан отилса гар ўқ,
Сенга тегсин,
Унга эмас, йўқ!

Ёринг қаршисида
Бош эг, букилма,
Фақат юлдузлардан
Пастга эгилма —
Кўрмоқ учун болалардай шод
Юлдузларга ёзганин қанот.

Ватан қаршисида
Бош эг, содиқ бўл,
Фақат нигоҳидан
Паст эгилма, кул —
Қоялардай қошида туриб
Ўқигали кўзидан сурур.

Русчадан Абдулҳай Носиров таржимаси.

ҚУШ

Уясига қайтди дон билан,
лекин топилмади полопонлари…
Уя бўм-бўш эди,
ғариб эди уя.
Қушчаларни қидирди узоқ:
ҳолдан тойгунича,
тумшуғида сақлаган дони
униб чиққунича қидирди…

* * *

Севгилим,
Мана, нима билан чегараланар
менинг борлиғим:
пешонам — шўр билан,
кўзларим ёшу
айтилмаган сўз билан лабим.
Мен билмайман, қайси томондан
пайдо бўлар ўлим қурмағур!..

* * *

Сен кўзларингни юмасан,
деразани кўрмайин, дейсан:
унда кимдир сендан узоқлашади.
Ойна ёнидаги атиргул эса,
тайёр турар қизил тирноқларини
ботиришга сенинг танангга.
Севги бўлса, наҳот, бу нарса —
бир киши кетса-ю,
бошқаси қолса.
Ўзининг дарчаси олдида
жарнинг ёқасида тургандай турса.

Машъал Хушвақт таржимаси

ҲАЙВОНОТ БОҒИДА

Мўмингина маймуннинг
Кўзида мунг мўлтирар.
Айтинг, нима учун у
Тор қафасда ўлтирар?

Унга қараб афтларин
Бужмайтирар болалар.
Маймун ҳам тақлид қилиб,
Улардан ўрнак олар.

Осмонда банан мисол
Сариқ ой кезса ювош,
Ўша маймун одамдек
Кўзларидан тўкар ёш…

ЎЗ-ЎЗИМГА АЛЛА

Уфқ қорайиб, кеч кирган палла,
Ўз-ўзимга айтаман алла:
“Алла-ё алла…”

Кўринса-да қўлларим бардам,
Оёқлардек толган улар ҳам:
“Алла-ё алла…”

Аввал айтгум оёқларимга –
Тинмас ўйинқароқларимга:
“Алла-ё алла…”

Уйқу келай деган пайтда ман,
Киприкларга алла айтаман:
“Алла-ё алла…”

ЁМҒИР

Ёмғир ёғар буғдойзорларга,
Далаларга томчилар ёмғир.
Бошоқлар бўй кўрсата бошлар,
Лолаларга бурканар адир.

Тутиб олдим неча томчини
Шамолдайин югуриб ғир-ғир.
Дон ўстириб, гул суғоришни
Айт, қаердан ўргандинг, ёмғир?

Рус тилидан Абдураҳмон Акбар таржимаси