Мишигийн Цэдэндорж (1932-1982)

Мишигийн Цэдэндорж – мўғулистонлик шоир.

МЕН ВА СЕНГА НЕ КЕРАК?

Бургутга осмон керак,
Ям-яшил ўтлоқ — отга,
Бўз ерга сув-жон керак,
Дўст керак одамзотга.
Мен ва сенга не керак?

Кўз бўлса тийрак бўлса,
Туйғулар зийрак бўлса,
Яна одам кўксида
Меҳрли юрак бўлса,
Мен ва сенга не керак?

Қишда ҳам бўлса ёлқин,
Баҳорда — мўл-кўл гуллар,
Ёзда — сув, соя-салқин,
Кузда — чароғон кунлар,
Мен ва сенга не керак?

Ҳар ишки, журъат билан,
Кексалик — ҳурмат билан,
Ёшлик — илмга пеша,
Ишқ-чи? Керак ҳамиша!
Мен ва сенга не керак?

Юлдузга — мангу ёнмоқ,
Ишга — ғайрат, мардона.
Заминга — дарё ва тоғ,
Фарзандга — ота-она.
Мен ва сенга не керак?

Дардга керакдир малҳам,
Бахтсизга эса ҳамдам.
Чўлоқ излайди тиргак,
Хотира сўрар юрак.
Мен ва сенга не керак?

Орзуларга — ижобат,
Сатрларга — сахийлик,
Марҳумга зарур ҳурмат,
Тирикларга — боқийлик.
Мен ва сенга не керак?

Учқурга матонат ёр,
Меҳр излайди бемор.
Тойилмай десанг йўлда,
Тишли пойафзал даркор.
Мен ва сенга не керак?

Либосларга — кўркамлик,
Самога — соф салобат.
Кўнгилга — хотиржамлик,
Денгизларга — ҳаловат.
Мен ва сенга не керак?

Жанубга қуёш бўлсин,
Жангга зарур мард юрак.
Сенга мен керак, дўстим,
Мен эса сенга керак.

Муҳаммад Раҳмон таржимаси