Муҳаммад Ҳожи Солиҳ (1942)

Муҳаммад Ҳожи Солиҳ (Muhammad Haji Salleh) – малай адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири, ёзувчи, эссенавис, таржимон. Малайзия халқ ёзувчиси. 1978 йилдан буён Малайзия Миллий университети профессори. Малай интеллектуал шеъриятининг асосчиларидан бири. “Мусофир шеърлари” (1973), “Бу ҳам менинг оламим” (1977), “Улғайиш алифбоси” (1998), “Сибуя қорлари” (2004), “Си Тенггангнинг қайтиши” (2010) каби тўпламлари нашрдан чиққан. Шунингдек, “Малай адабиёти поэтикаси” (2005), “Ижодий изланишлар” (2005) сингари китоблар муаллифи. У эссенавис, адабий танқидчи, таржимон ҳамда “Тенгара” газетаси ва “Жануби-шарқий Осиё адабиёти” журнали бош муҳаррири.

УЙГА ҚАЙТИШ

1

Сайр қилдим кўнглим билан мен
Ота юртдан олислаб тамом.
Ўша гавжум, ўша умидбахш
Ақл ва тасаввур ўлкаси томон.
Билим, ҳаракатни ўргатди шаҳар,
Англашни, ўйлашни ўргандим ундан.
Иссиқ тупроғингга қайтгунга қадар
Қондим унинг ёниқ тафаккуридан.

2

Онам ва бувимни ранжитганим чин,
Ўзимнинг бемаъни ташвишларим-ла.
Нигоҳлар мўлтиллар, садо йўқ лом-мим,
Ё жаҳл, ё алам сезилмас сира.
Мен ўша суймаган аёл – рафиқам,
Хаёлда билганим оми, саводсиз.
Ёлғизликда қадринг ўтди чунонам,
Кутишларда умри ўтмоқда беиз.
Мен ҳали қайтмадим, қайтмадим тамом,
Биламан, биламан, бари ўзгарар,
Вақт ва макон ўзгартирар барини.
Ҳануз муаммо дағал,
Йўқлик бегона ҳали.

3

Бироқ қара. Яхшилаб боққин.
Ўзимни қайтардим жонажон уйга,
Ишонч бўйи анқийди яна.
Тил ва ер чегара тортиб турибди,
Масофа, уммонлар қўрқитмайди лек,
Тафовут чўчитмас мени,
Бу ерда тузоқ йўқ
Ва ҳатто хаёл.
Саёҳат – муаллими тарих
маданиятлару тафовутларни
изоҳлашга ҳеч кечикмаган.
Қара. Мен сенга ўхшайман.
Ҳамон малай одамиман мен,
Яхшиликни ҳис қилган малай.
Оғаларимдан кўпроқ ва ҳатто
Тушунишга турибману шай.
Қайиқлар шодлиги сеники, қишлоқ.
Мен қайтдим.
Муқаррар эди-да қайтмоқ.

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси