Майра Асаре (1960)

Шоир, ёзувчи, таржимон. 1960 йилда Латвия­да туғилган. Муаллифнинг “Кимдир какку билан ўйнар у ёқда”, “Ханзанинг совуқ алангаси”, “Туюга йўл” шеър китоблари ва “Аёллар ғурбатхонаси” романи чоп этилган. Халқаро Ёзувчилар уйининг “Кумуш сиёҳдон” мукофоти совриндори.

СУЗИШ

Сувнинг ўзани
тери, мушак, қон оқимининг чўчиб тушиши
титрар ва эслайди, теран ва ёрқин
нимани уҳдалар инсон хотири
тери, мускул ва қон оқимида
сувўти, қуш ва балиқларнинг ёди гапирар.
Совуқ ҳаво бош суягимда – музхона
Ҳовучида жоним иплари.
Узуқ-узуқ бошқа боғламлар –
сувда парвоз этар ярқироқ тана
мавжланган сувўти, сувнинг ўқ чизиғидай.
Яна қайтиш учун
соғинчсиз, ғуссасиз –
марҳаматли зотнинг жаннатдан қувилган
онлари
сари

* * *

Ёмғир ёғаётганда
товушини авайлаб силаб
осмон ҳақидаги хабарни эшитдик
уй, болалик, атрофдаги нарсалар
ҳақда шоҳидлик
қачондир ёд олинган яқинларга
аталган севги
яқинмиз жуда ҳам
кафтимизни кўкка қаратиб
бадандаги чизиқлар бўйлаб
йўқолмай-нетмай
биздан чуқурроқда
йўл ости чорраҳаси ёришиб кетар
юлдузлар монанд ёнида илдизлари бор,
думли юлдуз каби яратиб йўлин
ернинг ранг-баранг чуқурлиги томон
сувнинг шовуллаши
суяклар ва марҳумларнинг зийнати
сим қоқар – яқинларингни сев ўзингдай
ҳали ёмғир ёғаётганда
тотдик
севги тотини
буткул

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси