Шамъий

ҒАЗАЛЛАР

* * *

У шўхи сиймитандан гарчи мен кечсам, кўнгил кечмас,
Лаби ғунчадахандан гарчи мен кечсам, кўнгил кечмас.

Неча айём ғами ҳажри билан ёқди юрак-бағрим,
Яна ул гулбадандан гарчи мен кечсам, кўнгил кечмас.

Сўрарман, кимдир ул меҳри дилоро, сийнайи биллур?
Шу — кўрклик бир чамандан гарчи мен кечсам, кўнгил кечмас.

Бу Шамъий дардимандинг васли ҳуснингдан кечолмас ҳеч,
Бегим, валлоҳи, сендан гарчи мен кечсам, кўнгил кечмас!..

* * *

Сенинг-чун эттигим ҳар рўзи шаб оҳу фиғондир бу,
Ики кўздин оқар селлар, мудом ашки равондир бу.

Ғурурланма, чирой кетгай, гўзаллик боқий эрмасдир,
Дегайлар, яхшилик чоғи қолур, шоҳим, жаҳондир бу.

Жафою нозу жабр этмак бўлур ошиқ учун, аммо
Чидарга ҳар замон тоқат тополмас, чунки жондир бу.

Назар қил қомати мавзунига гар бор эса жонинг,
Эзиб ошиқларин, мажнун этар шоҳи замондир бу!

Ёниб мен ҳам ғазал битсам агарчи, Шамъиё, бул кун
Жазодир барча шоирга, менинг-чун донғу шондир бу!..

* * *

Чархи гардун бир дам, эй дил, асти ром ўлмас манга,
Олами дорулфанода шодком ўлмас манга.

Сувратим кўрган одамлар дейдилар Мажнун мани,
Найлайин, биллоҳи, бундан холи ном ўлмас манга.

Боқ, дилимнинг кемаси ғам денгизинда дод этар,
Гўшайи меҳнатдан ўзга бир мақом ўлмас манга.

Ҳосили даври жаҳонда қадру қиймат билмаган
Бир тўда нодон билан этмак калом ўлмас манга.

Оғули жомин фалакнинг, Шамъиё, нўш айладим,
Заҳри лаззат бўйла жомдин ўзга жом ўлмас манга.

* * *

Оташи ҳажринг-ла ортди оҳу зорим, қайдасан?
Ёқди, ёндирди жаҳонни сўзи норим, қайдасан?

Сенсиз, эй ой, найлайин жаннат макон ўлса манга?
Борлиғимни ғам босар, эй гулузорим, қайдасан?

Мен ўлиб кетмай туриб кел, дардима бир чора қил,
Шевакорим, ишвакорим, нозли ёрим, қайдасан?

Бир дам ором айламас мурғи дили зорим маним,
Қайдасан, эй ғунчайи боғи нигорим, қайдасан?

Фирқатинг Шамъий дили ношодима кор айлади,
Заррача ҳам қолмади сабру қарорим, қайдасан?..

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси