Ҳасан Ҳилмий Афанди (1782-1847)

Ҳасан Ҳилмий Афанди (Hasan Hilmi Efendi) – кипрлик турк шоири. 1782 йилда Кипрда туғилган. Арабча ва форсчани яхши билган, исломий илмлар билимдони, Кипр муфтийси бўлган. Усмонли усулида, арузда шеърлар ёзган. Маҳмуд II унга “шоирлар султони” номини берган.

ҒАЗАЛ

Кўйи дилбар ошиқ аҳлин жаннатул маъвосидир,
Гўшайи дўзах — фироқи ёри бепарвосидир.

Ул санам бир ўптириб оппоқ томоғидан, деди:
“Ол, бу сувсиз бўлса-да, Қибрис ерин олмосидир.”

Барча онинг ҳикматий-ла истагай файзу вусул,
Мавлавий шайхи дада, бир тўп гўзал бобосидир.

Мастлари кўп бўлса қанча, шунча маъмур майкада,
Боқ, бу гулшан шанлиги — булбуллар-у, ғавғосидир.

Кимдир ул оҳ айлаган, дермиш у шўхи шевакор,
Ошиноси, мубталоси, Ҳилмийи шайдосидир.

МЕН ЧИҚДИМ
(Канзий ғазалига Ҳилмий мухаммаси)

Маломат бодасий-ла дам уруб мастона мен чиқдим,
Кечиб номусу оримдан, жўшиб сайрона мен чиқдим,
Отиб олам ишу ғавғосини ёрона, мен чиқдим,
Ёнай ёнсам, бу ишқинг шамъига парвона мен чиқдим,
Энг аввал жумладан, жоно, чу мард-майдона мен чиқдим.

Ароқ нўш айлаюб паймонайи пири Аъроқийдан,
Пуч орзудан умид уздим, мадад умдим фироқийдан,
Ижозат ўлди сирримда, манга Халлоқи боқийдан,
Олиб мен ҳаммадан олдин бу шавқ жомини соқийдан,
Бўлиб масти мудом паймонаваш даврона мен чиқдим.

Ўчоғин ёқмадан оҳангари даврон фано ичра,
Яралмиш занжирим аввал бу дўккони ано* ичра,
Асар йўқ эрди Лайлодан бу даҳри бебақо ичра,
Йўқ эрди номи Мажнун ҳам у чоғ дорушшифо ичра,
Тақиб занжирларин ишқнинг дали девона мен чиқдим.

“Бу базмим жоми нобиндан ичарлар бор эса, келсин,
Бу йўлда жон бериб, бордан кечарлар бор эса, келсин,
Кўнгилда мосуво зирҳин бичарлар бор эса, келсин,
Бугун тийғим билан боши учарлар бор эса, келсин!” —
Дединг… Қўчқор каби қурбон учун майдона мен чиқдим!..

Ажаб, бир соҳиби ирфон чиқарми шаҳри Қибрисдан,
Менингдек ошиқи нолон чиқарми шаҳри Қибрисдан,
Муҳаббат ҳилмига шоён чиқарми шаҳри Қибрисдан,
Демишлар, шоири майдон чиқарми шаҳри Қибрисдан,
Дедим Канзий, ҳақиқатдир, фақат бир дона мен чиқдим.
_______________
* Ано — қийинчилик, азоб.

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси