Сар Капун (1934)

Камбоджа шоири Сар Капун 1934 йилда Сиемреан вилоятида, деҳқон оиласида туғилди. Ўрта мактабни битиргач, педагогика марказида ўқиди. 1963-1966 йилларда Франциянинг Сен-Кру мактабида малака оширди. 1975 йили Камбоджада ҳокимиятни Пол-Пот тўдаси эгаллагач, Сар Капунни меҳнат тарбиясига сургун қилишди. Сургунда ёддан шеър тўқиб юрди, чунки ёзишга рухсат этилмасди. Кейинчалик халқ хокимияти ўрнатилгач, шоир шеърларини қоғозга тушира бошлади. Л.Толстой, Н.Островский, В.Маяковский, С.Есенин асарларини кхмер тилига таржима қилди. 1982 йилда шоирнинг биринчи тўплами «Шеърлар гулдастаси» босилиб чиқди. Эътиборингизга ҳавола этилаётган шеърлар шу тўпламдан олинган.

ТОНЛЕСАП* КЎЛИ

Қурғочилик мавсуми:
Балиқ иси ҳаммаёқ,
Тўр сувдан олинар чоқ!
Тўяр болалар қорни,
Бундан катта бахт борми?
Ҳаёт бўлур фаровон,
Ов келса бароридан!

Ёмғирлар мавсумида:
Дарё оқмоқда тошиб,
Қирғоқларидан ошиб,
Ёмғирдан жўшган замон,
Шошилмоқда кўл томон.
Тонлесап – қадрдон кўл,
Бизларга мададкор бўл!

Меконг** суви лимо-лим:
Шошилиб кўлга оқар,
Тонлесап балиқ боқар.
Семиз балиқ ўзгача,
Тез кўпаяр кузгача.
Сўнг овланар ташлаб тўр,
Балиқ овлаш гашти зўр!
Тонлесап балиққа бой:
Орзу тугиб дилига,
Халқ чиқар соҳилига.
Чор атрофи беозор,
Бўлиқ ўсган қамишзор.
Қамиш кўзлардан тўсар,
Балиқлар яйраб ўсар.

Сувнинг салқин қўйнида:
Жўшқин ҳаёт барқ урар,
Балиқ тўқ – базм қурар.
Кўл теграси кенг ўрмон.
Ҳавоси дардга дармон.
Яйраб ўйнаган қувноқ
Балиқлар рақсига боқ.

Қўрғоқчилик авж олган:
Тонлесап жуда толган,
Чарчаган, кучдан қолган.
Меконга, шошилар, бас,
Уни тўхтатиб бўлмас.
Ёмғир мавсуми пайти,
Кўлга оқади қайтиб.

Соғиниб бир-бирини:
Излаб тушарлар йўлга,
Дарё ошиқар кўлга,
Кўл эса дарё томон.
Бир-бирига фидо жон.
Ишқ билан тўлғанарлар
Ва висолга қонарлар!

Ошиққа зор маъшуқа***:
Ишдан қадди бўлиб дол,
Соҳилга чўкиб беҳол,
Йиғлаб чорлайди ёрин,
Лек, билар дил озорин –
Севгилиси унутмас,
Номард йўлини тутмас.

Асрар у садоқатин:
Қийнар экан ҳасрат, ғам,
Қизга қилади алам:
Ахир, бир неча кунга,
Ёр бўлган эди унга.
Энди йигит йироқда,
Қиз ўртанар фироқда.

Тонлесап балиққа бой:
Воблалар**** сакраб ўйнар,
Кўлда гўё сув қайнар.
Овла, қовур, пиширгин,
Дудлаб мазасин кўргин.
Ҳарқандай балиқдан бор,
Саватдан ғамла бисёр.

Истасанг қоқла, тузла,
Истасанг қозонга бос,
Ё ипга тиз, шифтга ос.
Ёғини хумга жойла,
Қишга заҳира айла.
Эр-хотин бирдам бўлиб,
Балиқ овланг жам бўлиб.

Пол-потчилар даврида
Кийим қора, қалб қора,
Халқ бўлди кўп овора.
Гуруч йўқ, балиқ қайда?
Ғам-ғусса ҳамма жойда.
Ҳеч вақо йўқди, фақат,
Бор эди сабру тоқат.

Ҳайдалди ёвуз Пол-Пот:
Энди йўқ очлик, ўлим,
Чекинди зўрлик, зулм.
Дўст, адашма йўлингдан,
Эркни берма қўлингдан
Яша, ишла, дадил юр,
Янги ҳаёт гаштин сур!

Чўзди ёрдам қўлини:
Бизнинг ҳақ ишимизда,
Эрк деб курашимизда,
Вьетнамлик биродарлар,
Эркпарвар дўсту ёрлар.
Қучдик ғалаба азим,
Барча, барчага таъзим!
___________
* Т о н л е с а п – Камбоджа ғарбидаги улкан кўл.
** М е к о н г – Камбоджадаги дарё, у Лоас ва Вьетнам ҳудудларидан ҳам оқиб ўтади
**** Бу ерда XV асрда битилган халқ ривояти «Тум ва Теау»даги йигит ва қизнинг фожиали севгиси назарда тутилмоқда.
**** В о б л а – унча катта бўлмаган балиқ тури.


УНУТИБ БЎЛАДИМИ?

Бўладими унутиб, ахир,
Биз ўтказган қора кунларни,
Тонгга улаб зулмат тунларни
Оёқлар ингичка қўлимиздан-да,
Суякка ёпишган устихонимиз.
Фақат руҳ яшарди баданда,
Вужудни тарк этиб жонимиз.

Тепкиланган таналаримиз,
Тилларимиз шишиб ёпишган
Қуриб қолган танглайимизга.
Азоб-уқубатдан йўқ мажолимиз,
Қақшаганди қалбларимиз ҳам.
Мушт қисишга келмас ҳолимиз,
Қаддимизни буккан эди ғам.
Пол-Пот деган лаънати қаттол
Ошиб кетди ҳаддидан жуда,
Ман этди у яшашни ҳатто.
Бизни кўмди чалажон ерга,
Мозор – чала қазилган гўрга.
Қонлар ютиб ўтдик эрта-кеч
Эҳ, унутиб бўладими ҳеч!


КЎЗ ИЛҒАМАС ДАЛАЛАР

Ёш дўстим, бир қарагин,
Ёришиб келмоқда тонг,
Сўнгсиз шолизор дала.
Гўё атрофга яшил
Гилам тўшалган палла.
Сахий она тупроқда
Шоли ўсар баралла.

Қушлар чуғурлашмоқда,
Қуёш ботмоқда аста.
Сувлар тиниқки бирам,
Яйраб сакрар балиқлар
Дўстим, кетди дилдан ғам.
Меҳнат қилгин, илм ол,
Бўлмагайсан сира кам.


МЕКОНГ

Меконг – илоҳий туҳфа:
Сув беради, боқади
Кхмерларга йилма-йил.
Меконг бағишлар ҳаёт,
Куч беради мутассил.
Меконг оқиб тураркан,
Биз ўлмаймиз, яхши бил!

Меконг бу саховатдир,
Меконг ўзи нафосат,
Ялтирар ойдин ойдан.
Бундай ҳузурбахш сувни
Топа оламиз қайдан?
Бормаймиз ҳеч сув излаб
Бизлар бегона жойдан!

Меконг экин суғорар,
Яшнатар дала, боғни.
Деҳонларга мададкор.
Жонга бағишлар ором,
Ерга малҳам ва мадор.
Жўшиб оқиб тур, Меконг,
Сенсиз дунё кўзга тор.

Менсимади баъзилар,
Етмадилар қадрингга.
Сен-ла фахр этмас ким?
Сени асраб, авайлаб,
Кўзларига суртмас ким?
О, Меконг! Она наҳрим,
О, халоскорим маним!

Жуда қадим-қадимдан
Бирга янграр икки сўз –
Бу Меконг ва Ҳаётдир!
Сувингдан ича туриб,
Кимлардир сени сотди.
Улар сарҳадларингни
Сотиб гуноҳга ботди.

Сенинг зилол сувингни
Ичаман тўйиб-тўйиб.
Шўнғийман, чўмиламан.
Бағрингда яйраб-яйраб
Роҳатга кўмиламан.
Ҳаётбахш қатраларинг,
Жондан азиз биламан.

Сен муқаддас оқимсан,
Шаффоф, тоза ва теран,
Томиримда жўшиб оқ!
Сен устозлар илмидан
Ёнган ҳаётбахш маёқ.
Ҳамиша олға чорлаб,
Порлаб турасан ҳар чоқ.

Сувинг қалбларимизга
Боқий муҳаббат экар.
Боғлаб меҳргиё билан.
Въетнам, Лаос, Комбоджани
Бир тақдир, бир дарё билан.
Қон-қардошлик риштасин
Ҳақиқат – зиё билан.


АНГКОР

Ангкор!* Ноёб мўъжиза,
Аср оша, кўп замон
Мағрур турибсан ҳамон.

Аждодлар меросисан,
Авлодлар қалбида нур
Бўлиб яшайсан масрур.

Бунёдкорлар ижоди
Акс эттирган хаёлсан,
Нажибсан, безаволсан.

Боболар шижоати
Намуна бўлиб бизга
Куч қўшар кучимизга.
Тер тўкиб ишлаганда,
Ҳар бир ҳатти-ҳаракат,
Келтиради баракат.

Қўйиб тамал тошини,
Тиклаб сендай иншоот,
Қурамиз янги ҳаёт.

Бирлашиб яратар бахт,
Олимларнинг юмуши,
Ишчи ва деҳқон иши.

Билим ва меҳнат билан
Онгимиз очади йўл,
Ютуқлар бўлади мўл.

Бизга ҳақ-ҳаёт берган,
Сабр ва тоқат берган,
Илғор ғояга балли!

Очиб онгимиз кўзин,
Кўрсатган дунё юзин
Илму зиёга балли!

Гўзаллиги бир олам,
Бино қурган муҳташам,
Меъморларга офарин!

Янги ҳаёт йўлида
Ишга тушдик боғлаб бел,
Қани, дўстим, сен ҳам кел.

Ғайратимиз ошади
Тош устига қўйиб тош,
Ишдан ҳеч тортмаймиз бош.

Белчани олгин қўлга,
Ишлагин, қургин, ярат,
Меҳнатинг-ла донг тарат!

Энди дунё йўллари
Сенга интилар, Ангкор,
Эл қадринг билар, Ангкор!

Ўлмас руҳинг ҳамиша
Завқ уйғотиб элларда,
Боқий яшар дилларда!
_______________
* А н г к о р – IX–XIII асрларда тикланган улкан меъморий ёдгорлик мажмуи.

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржималари