Франческо Петрарка (1304-1374)

Петрарка Франческо (Francesco Petrarca; 1304.20.7, Ареццо — 1374.19.7, Аркуа, Падуя шахри яқинида) — итальян шоири, итальян адабий тилининг асосчиларидан бири, файласуф. Монпелье (1316), Болонья (1320) университетларида хуқуқшуносликдан таълим олган. 1326 йил Авиньонга кўчиб бориб, диний рутбани қабул қилган ва олий мартабали руҳонийлар билан яқинлашган.
Петрарка ўрта аср ақидаларидан мутлақо холи бўлмаган эсада, Уйғониш даврининг гуманизм ғоялари билан йўғрилган маданиятига тамал тошини қўйган. Петрарка лотин тилидаги «Дунёга нафрат тўғрисида» (1342—43) фалсафий рисола, «Узлатдаги ҳаёт тўғрисида» ва «Роҳиблар фароғати тўғрисида» (1346—66) рисолалари муаллифи. Петрарка шеъриятни ўрта аср маддохлари ҳужумидан ҳимоя қилар экан, унинг катта тарбиявий ва эстетик қимматга эга эканлигини алоҳида таъкидлайди. Петрарка «Ўзимнинг ва бошқа кўплаб кишиларнинг жоҳиллиги тўғрисида» (1367—70) асарида Аристотель «Этика»сида баён қилинган мавҳум фиқоларни рад этади қамда амалдаги ахлоқ меъёрларини ва инсонни яхлит ҳолда ўрганиш ғоясини афзал, деб ҳисоблайди. Петрарканинг «Авлодларга мактуб» (1374) номли мухтасар автобиографияси ҳам муайян ахамиятга молик.
Петрарка антик дунёни идеаллаштирган Европа шоирларидан бири сифатида лотин шоирларининг қўлёзмаларини тўплаб, уларга шарҳлар ёзди, айни пайтда ўз асарлари билан классик лотин тилини тиклашга уринди. Агар унинг лотин тилидаги «Африка» (1339—42, тугалланмаган) достони Вергилийнинг «Энеида»си услубида ёзилган бўлса, мажозий мазмундаги «Буколикалар» (1346—57) асари чўпонлар эклог (қўшиқ)ларига татаббу тарзида майдонга келган. Петрарка итальян тилида хам ижод қилган. Унинг итальян тилидаги лирик асарларида ишқий ва сиёсий мавзулар устуворлик қилади. Петрарканинг «Менинг Италиям» асарида ватан жароҳатланган гўзал аёл қиёфасида гавдаланади.
Петрарка ижодида Лаурага бағишланган лирик шеърлар туркуми, айниқса, катта бадиий қимматга эга. Шоирнинг эътироф этишича, у Лаурани 1327 йил Авиньон шаҳридаги ибодатхоналарнинг бирида учратиб, уни бир умрга севиб қолган. Петрарканинг Лаурага бағишланган шеърий туркуми «Канцоньере» деб аталган («Мадонна Лаура ҳаётига» ва «Мадонна Лаура ўлимига», 2 қисм). 317 сонет, 29 канцона, 9 секстина (тўққизлик), 7 баллада ва 4 мадригалдан ташкил топтан «Канцоньере» ўзига хос шеърий кундаликдир. Петрарка, салафларидан фаркди ўлароқ, севимли аёл образини аниқ-тайин ва ҳаётий белгилар билан бойитган. Шу сабабдан ҳам унинг лирикаси нафақат итальян, балки Европа лирикаси тараққиётида янги даврни ташкил этади. Петрарка, лирик шеърларидан ташқари, терцина (учлик) билан ёзилган «Тантаналар» (1354) мажозий достонини ҳам Лаурага бағишлаган. Петрарка лирикаси, айниқса, сонетлари Европа шоирлари ижодига катта таъсир кўрсатган. Ўзбек шеъриятида Усмон Носир, Рауф Парфи ва бошқа Бойқобилов сингари шоирлар ижодида сонет жанрининг пайдо бўлиши ва тараққиёти ҳам Петрарка ижодининг таъсири самарасидир. Петрарканинг бир қанча сонетлари узбек тилига таржима қилинган.

* * *

Чаман унди қиз қарашида,
Қоқ туйғулар тириклик туйди,
Шўх капалак қаноти куйди,
Ул нигоҳнинг шан оташида.

Капалакдек асир бўлдим мен,
Маъсум назар, фожеъ қарашга.
Муҳаббатни суюб тарашда
Капалакдек басир бўлдим мен.

Биламанки, этаркан таъқиб,
Кул қилади ул шаҳло офтоб,
Эски оғриқ – энг содиқ рақиб.

Муҳаббатнинг туҳфаси – сароб,
Улфат бўлсам – гулчамбар тақиб,
Ажал тутар қўлимга шароб.

* * *

Алдоқчи умидлар, сохта тантана
Ва ёлғон ишончлар келганда ғолиб,
Ер, кўк эгасига бўлайлик толиб,
Дилда олий қудрат хотири яна.

Фано – қора ҳаёт, яшил майсазор,
Гуллар орасида илон сояси.
Тирикликнинг барча баргу пояси
Азал эътиқодга етказар озор.

Бўғиздан сирғалиб ўтмасдан рамақ,
Кўнгил топа олсин абадий ором.
Бизни тўғри йўлга бошласа гар ҳақ,

Яна мангу йўлдан оздирар авом.
Борлиғ-у, адамда бир савол мутлақ:
Йўлсизнинг даъвати – қандайин мақом?!

* * *

Унутмайлик у ой, йил, кунни:
Нигоҳларда чақнади чақин,
Борлиғимда балқиди ёлқин,
Кўзларимга беркитдим уни.

Илк оғриқни унутганим йўқ,
Нақ Яратган олганди мўлжал,
Бор ҳаётим бўлганди ўлжа,
Юрагимга ботган эди ўқ.

Унутилмас ул оғриқ, ингроқ,
Булбулларни ўртаган овоз,
Қутлуғ исм бахш этган титроқ.

Сатрларим, сизга кенг парвоз,
Қатингизда ўшал ном янгроқ.
Исмин ёзсам гуриллар қоғоз.

* * *

Хоб аро бахтлиман, ғам ичра қувноқ,
Соя ва шамолни суюб силарман,
Бўронда чўкмаслик йўлин қиларман,
Денгизга бошларман дилимдан ирмоқ.

Соҳилда тиклайман қумдан қасрлар,
Олисдаги қуёш кўзим олади,
Юлдузни кўзлаган кўзим толади,
Ширали тумандек сузар асрлар.

Муҳаббат, қаърингга чорлаган жарсан,
Ярадор турибман дара лабида,
Йил ҳисоби билан йигирма қарзсан,

Тузоғинга тушдим ишқ талабида.
Тилла тўрда васл майин ичарман,
Муҳаббат, ҳаёт ва шон матлабида.

* * *

Мен ақлдан озаман, агар
Тополмасам маъшуқдан нишон,
Юрак бўлур зўр ишққа кулдон,
Рақибамдан етмаса хабар.

Камолидан етса бир асар…
Тоза жамол етказар қайғу,
Кўк яширган маъсума ой у,
У нурафшон, у дурри акбар.

Осмонни тарк этгандек хуршид,
Лабларимдан тўкилар ҳаёт,
Тириклик – бу чириб тушган чит.

Суйгулимдан етмайди нажот,
Қирчиллама мен каби йигит
Жудо бўлар севгидан, наҳот?!.

* * *

У жонимда, у жонгинамда:
Жонга қўйдим жононимни мен,
Жонга ўйдим ёмонимни мен,
Абадиян у ёнгинамда.

Қабрим тоши тутган ёзувда
Муҳаббатим умри акс этар,
Бўм-бўш қалбим оқару кетар,
Изтиробим оқизган сувда.

Ҳасратимдан ўйилган ўра
Тубидаман, ожизман ва кар.
Яраларим тилгандан кўра,

Коинотда беиз ва бесар
Йитган руҳдан меҳримни сўра:
Ишқ шамоли қай сори эсар…

* * *

Озурда жон, атрофни тани:
Шу тепада, шунда кеча-кун.
Дуч келганди иқболи нигун.
Бизни ташлаб кетдими, қани?

Энди бунда қолайлик, дўстим.
Кўринарми узоқлардан ёр,
Ёрдан бошқа қайғулар бекор,
Дўст, устингда илоҳий пўстин.

Хун юракка яна сўз қотдинг,
Тушмагандек ўртага ҳижрон,
Қачонки сен соғинчга ботдинг –

Севдинг! Сени тарк этди шу он,
Ўзга қалбда уни уйғотдинг,
Отди сени дил қаъри томон.

* * *

Гўзал чеҳра! Мафтункор нигоҳ!
Расо қадда эшилган ғурур!
Кибру шафқат омухта сурур –
Сўз ва шуур соябон, паноҳ!

Нурли кулгич йўқ энди, зотан,
Жилмаяди мангу уйқуда,
У фанога борсин осуда,
Салтанатлар тутсинлар мотам.

Жон, қонимда эди ҳар нафас,
Орамизга тушди жудолик.
Ҳатто ажал қилмоқда ҳавас!

Сўзбоз эмас, касбим – фидолик:
Шамолларда соврилган сўз, сас –
Ҳажр туни оққан қаролик.

* * *

Куртакларда шитирлар баҳор,
Юзларимга урилар тафти,
Юзларимни силайди кафти,
Шўр қисматдан етмоқда озор.

Қуёш каби иссиқ қиёфа,
Юрагимнинг нақ ярасида,
Тилла сочлар шаршарасида
Дур, гавҳарлар тузмиш зиёфат.

Мавжланади зебо кокиллар,
Оқ елкадан, о, қуйилади!..
Хотирани ўртар у йиллар.

Чигал тугун – вақт уюлади,
Момиқ қўллар сиртмоқни силар…
Қора шарпа нақ туюлади.

Русчадан Салим Ашур таржимаcи

I

Қўшиққа жо этдим ёшлик завқ-шавқин,
Оғриқли оҳ-воҳлар шовқини гирён,
Илк хато хун олган шум дамдан буён
Ҳис этмай яшарман ўз умрим ҳаққин.

Беҳуда орзу ва бенаф жафо-кин
Музтар овозимни узар ногаҳон,
Қалбим узр-маъзур бобида ҳайрон,
Севишганлар, фақат хайрихоҳлик чин.

Устимдан кулади ҳар кимса, наҳот,
Муҳимми, ҳакамлар жуда ҳам сипо:
Ўзимни кулгили сезяпман ҳозир.
Зимни пуч манфаат чанқатар, ҳайҳот,
Сўнг англаб, ўзимни айбладим ҳатто,
Дунёвий шодликлар – мухтасар тушдир.

V

Қай дам эҳтиросим жонимни ўртар,
Исмингиз бобида кўп истиҳола –
Беназир ҳамд-сано сизга ҳавоЛА,
Биринчи ҳижодан фалакка ўрлар.

Аллақандай овоз Унсиз ингранар,
Жодудай сеҳрлар РЕал бир нола:
АлбатТА, вассалдек овора бўлма –
Сен учун эмасдир бундай тор йўллар.

Шундай юксак сийЛАн, беқиёс ораз,
Тингла, Умрим бўйи мадҳинг ёзарман,
Барча РЕжам учун сен мавзу ҳар он.

Ахир, Аполлоннинг шони беғараз,
Мангу баҳорига ҳамиша зорман
Дағал тилим ила мақтаб ҳар замон.

VI

Айрилиқ азоби қийнайди чандон,
Жинни айрилиғи, матонат қадар
Англамай мен каби олдинга учар,
Севгига асирлик айлаган чаққон.

Тағин саботлироқ бақирдим нолон:
“Унга халал берма!” – сўқир туйғулар
Одамнинг қалбига экар қайғулар,
Айниқса, қайсарлик ортиқча армон.

Ки нетай, жиловлаб олди бу ҳислар,
Қийнаб, барбод айлаб сўнгги эркимни,
Йўқлик устунлиги тантанага шай.

Хом мева таъмини тотишим истар,
Рўё-ла чалғитиб тасаввуримни,
Ярани куйдириб даволагандай.

VII

Очкўзлик, камўйлик, қуруқ дабдаба
Хароб айлар савоб ишни бошидан:
Не бўлар тош чиқса ҳомий ошидан,
Табиат амрида жонфидо тавба.

Эзгулик кўкида сўнди мартаба –
Ва ҳаёт чекинди жонон қошидан,
Ўзаро куйлашган мунглиғ қўшиқдан,
Ҳайҳот, камёб ҳислар едилар зарба.

“Ғалаба орзуси? Баргакка ихлос?
Оёғингни тортгин Донишмандликдан!” –
Жўр овоз тинчитмас тамагир аҳлин.

Сен билан, жон дўстим, ҳамсафарлик тан:
Айниқса, шуҳратни унутма нохос,
Муносиблик шудир, айни шарафинг.

Она сайёрани бўлгувчи соат
Қай дам топганида Бузоқ буржини,
Табиат шавқ ила ўтаб бурчини,
Оташ шохларига айлар итоат.

Дўнглик ҳам, сойлик ҳам – гулга зиёрат,
Дарахтлар силкитар барглар учини,
Лек тунлар заминнинг улкан хуржуни,
Ҳайҳот, шираворга мисли ибодат.

Ҳарорат бамисли меваларга жон.
Шундай, агар менинг ердаги шамсим
Муомала айлар кўзим нуридай,

Севги шиддатини англамайди ким –
Улар эгизакдай, бироқ ҳеч бир он
Бунда мен баҳорни ҳис этмам, нетай.

XIX

Шундай жонзотлар бор, илғар илоҳин,
Қуёшга тик боқар кўзин юммасдан;
Қай бирлари тунда жонланар, аслан,
Кундуз ёруғидан асрар нигоҳин.

Яна шундайлар бор, англамас чоҳин –
Оловга тик учар бамисли қасддан;
Ҳеч ён қочиб бўлмас асло қисматдан,
Улар қаторида мен ҳам борман,чин.

Кўзим қамаштирса серишва жамол,
Сояга қочмасман, фақат сезаман,
Тезроқ тун келсин деб қилмасман орзу.

Пешвоз чиқсам кўзим ёшланар, чиндан
Интиламан афсун лол қилган мисол,
Унинг нурларида ёнсайдим мангу.

XXXI

Юксак қалб, қай бир дам ўз туйғуларин
Бегона ҳаётга бесар бахш айлар,
Мартаба эгаллар, ўзини қийнар –
Ўзга зотга раво кўради барин;

Мирриҳ ила Зуҳра менинг дилбарим,
Малак юлдузман деб, – шамсдан ажралар.
Хасис, ўз жилвасин баттар қизғанар
Дарвишлар зикрига бахш айлаб барин;

Бошида кўрарми тўртинчи шарни, –
Учовлон сайёра ичра йўқ рақиб,
Малак гўзаллиги ўртар уларни;

Бешинчи самога чиқса ўлақиб,
Манзил йўқ, жилваси тўсар нурларни –
Олам юлдузларин рашки тутақиб.

LXVIII

Мудроқ шаҳрингизми, мақбул Раббимга,
Мени азоблайди гуноҳим учун,
“Ўйлаб кўр!” – қичқириқ, талаб қилмай хун
Порлоқ сарой сари йўл очар кимга.

Ўзга ўй шу жойда қўзғар ваҳима
Ва бақирар: “Тўхта, қаёққа? Нечун?
Бизнинг хонимлар-ла суҳбат қур узун,
Йўлингни жўрттага бурдинг – сен нима?”

Тили ила дилни музлатар малак,
Баайни инсонга – мақсад ёт атай,
Баногоҳ қай хабар айлар жонҳалак.

Ва яна биринчи ўз жойида шай,
Иккинчи. Бу жангда кимни асрасак?
Номус майдонида ким ғолиб марддай?

LXXXV

Ҳамиша севганман, энди қалб ила
Ҳар куни кучлироқ севишга шайман:
Қайда ишқ ғам ила қийнар атайдан,
Шу жойда кўз ёшим ажиб силсила.

Ҳовлиққан ошиқман ишқ оламида,
Асло унутмасман, мудом севаман.
Лек кўпроғи – ўша, ҳусни дилга тан,
Кучлироқ бўлгайман севгим ғамида.

Илло ким ҳам кутар, мушфиқ ғанимлар
Юракни қуршаган, дўстларим қадар,
Айни пайтда қандай бағримга боссам?

Мен ғолибман, Севги, сенинг қудратинг!
Далда бермаганда ишонч журъати, –
Туфроққа қўшилиб кетарди жуссам!

LXXXIX

Кўп йилдан сўнг қочдим ишқ чангалидан –
Бас, санамлар, тинмай сўйлашим мумкин
Қай саросимага тушганин қочқин
Бундай ўзгаришдан дил истамаган.

Юрак уқтирарди, яъниким чиндан
Ёлғиз яшамайди ҳеч қайси мўмин,
Дуч келган хирадни учратиб лекин
Тиз чўктириб ўч олар хоиндан.

Мана, арасотдан хўрсиниб оғир,
Мен дердим: “Сезардим тотли оғриқни,
Эркдан авло.”, – билсин аҳли вафодор.

Ғоят кеч англадим янглиш қилиқни,
Бас, тағин ишқ ичра эканман асир,
Хатони тузатгум токи жоним бор.

CLXIX

Эрка фикрат, таъқиб айлаб этди зор,
Олам узра кезиб уни излардим,
Шунча азобимга сабаб бўлган ким,
Топсам, кечиришин сўрайман бедор.

Ва яна у мени ўртар фусункор,
Хўрсинишдан қандай асрай бу қалбим?
Ўшал, кимга кўнгил ёзсам ёзғирдим, –
Амурга дўст эмас ва менга ағёр.

Бари шундай кечар, янглишмасам гар,
Жонли ҳамдардликнинг ёруғ шуъласи
Иситар қоронғу, совуқ нигоҳин.

Тортинчоқлигим ҳам азоб бир қадар,
Ва қарийб ҳал бўлган иқрор нағмаси,
Бироқ хоинона жим турар оғзим.

CCXV

Аслзотлик белгиси – софдиллик, ишон,
Ажойиб заковат – юрак ҳам тоза,
Ташқи одамови ҳолат – андоза,
Ғарқ пишган мевалар – ғунчадан нишон, –

Унинг сайёраси сахий – бир жаҳон,
Аён – хон зиёси, юксаклик роса –
Малак обрў-шаъни, ҳар бир хулоса
Қийнаб қўяр улуғ шоирни ҳамон.

Тангри ишқ ва орни унга бахш этган,
Жозиба чекига тушган қомаддай
Табиат барноваш – шодиёна бу.

Унинг нигоҳига нени нақш этган,
Тун ярмида кундуз нур сочар атай,
Тахир ёвшанларга – тотли таъмдир у.

CCLVIII

Мени нозик нурлар тафти-ла сийлаб,
Жонли шамдай порлар шаҳло кўзларинг,
Қалб қаърингдан менга эрка сўзларинг
Жилғадай оқарди нафис жилдираб.

Энди улар йироқ кезинар қийнаб,
Бироқ ёдимдадир ўтлиғ ҳисларинг:
Гарчанд ўзгарувчан нигоҳи заррин
Ҳар гал учрашганда ўзгача тийнат.

Ўрганган аъмолдан қутулиш маҳол:
Кўнгилга бегона олдинги ҳузур
Ва гуноҳни енгиш кечмагай осон.

Малак ёт толени биларди малол,
Гоҳ ҳадик, гоҳ умид чорларди бир қур,
Ошиғин тарк этган қоларми омон.

“МАДОННА ЛАУРА ЎЛИМИГА СОНЕТЛАР”ДАН

CCLXV

Шафқат билмас юрак, ваҳший феъл-атвор
Менга нозик, ювош, малакқиёфа
Вафотидан таҳдид қилар ҳар дафъа,
Вақти билан ҳиммат кўрсатмас зинҳор.

Кўкарса ва нобуд бўлса майсазор,
Кундузи, тунда ўт қўйдим дунёга –
Хилватда йиғладим. Тақдир бу сафда,
Мадонна ва Амур. Ё мен гуноҳкор?

Илло мен узлатга маҳкум эмасман,
Мен биламан оддий томчи шахт ила
Мармар ва гранитни чархлар билиб ҳад.

Кўзёшлар, илтижо, муҳаббат билан,
Аён, юрак кучли инсон бахтига,
Шафқатсизлик барҳам топар то абад.

CCXCVI

Мен аввал ўзимни айблардим доим,
Ҳозир шодман ишққа асирлигимдан,
Бу ширин ва аччиқ оғриқ менга тан,
Бир неча бор буни сир сақлай олдим.

О ғазабнок парклар! Билибон қоим
Севги риштасини уздингиз чиндан,
Менга бунча азиз бу байтулҳазан,
Олтин милингизга очиқ кўкрагим.

Малак ҳаёт пайти, эркдан безардим,
Шодлик ҳам, ҳаёт ҳам, тотли ҳузур ҳам,
Бари касб этарди янги мақсад-шаън.

Хушомадбоп оҳанг хўрланган дардим,
Оҳим ёлғиз унга, исми мукаррам,
Ҳам ҳалокатли зарб, ҳам мангу кишан.

CCC

Сени жиним суймас, мозор тўзони, –
Зиқнадай яширдинг соғинганимни, –
Мендан тортиб олдинг менинг бахтимни,
Ҳаётий жангларда таянч жононни.

Раҳмсиз руҳлар, ишғол айлаб самони
Очиқ даврангизга қўшдингиз кимни –
Қайтариб олгум ёш нозанинимни,
Бироқ рад этишди йўқ деб имкони.

Бадгумон, уларнинг хушбахт тақдири,
Сараланган, энди маҳлиё боқар
Ёрқин ва тинч умрин ўйга толдириб.

Кўролмайман, Ўлим, ағёрлик сиринг, –
Сен ёрим умрини қирқдинг шу қадар,
Мени қум саҳрода кетдинг қолдириб.

CCCXII

На порлоқ юлдузлар жилвадорлиги,
На кенг соҳилдаги ғуж-ғуж елканлар,
На жонзоти бисёр қуюқ ўрмонлар,
На чавандозларнинг омилкорлиги,

На хориждан келган меҳмон борлиги,
На ишққа қофия ширин сиймтанлар,
На фаввора бўйлаб куйлаган дилбар,
На маъни аҳлининг интизорлиги, –

Ҳеч нарса қалбимга татимас сира,
Бари юлдузимга жуда ўхшарди,
Қалб барига кўзгу бўлганди сара.

Ҳаёт бир зайл кечар. Ажал кезарди –
Мен кутмаган ҳолат, тушкун манзара,
Гар уни кўрмасам яхши бўларди.

CCCXXXVII

Севимли тантанам, тенгсиздир боринг,
Ёқимли зийнатга тўла шарқ мағрур
Ва хоҳишга кўра ким ғарбдан масрур,
Нодир жавоҳирот ажиб асроринг.

Муҳаббат – бу сенинг буюк қарздоринг:
Гўзаллик ва ҳиммат нур устига нур,
Сен қатъият ила юрагимда тур,
Паноҳингдан ҳиммат топсин иқрорим.

Улуғ фикр учун сен мангу ватан, –
Жўшқинлик, ҳаяжон, мен бахтли эдим,
Ҳаётда кўп кўрдим роҳат-фароғат.

Сен боис дунёим бут эди чиндан,
Юз ҳисса безайди самони севгим,
Олло олди сени, о комил хилқат!

Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси