Пабло Неруда (1904-1973)

Пабло Неруда (Pablo Neruda; тахаллуси; асл исм-шарифи Нефтали Рикардо Рейес Басуальто) (1904.12.7, Парраль ш. – 1973.23.9, Сантьяго) — Чили шоири, дипломат. Сантьяго университетида таълим олган. Чили Сенатининг аъзоси ва дипломат сифатида кўп мамлакатларда бўлган. «Ўлмайдиган одамнинг хатарли қадами» (1926) тўпламида шеърнинг анъанавий ўлчамлари ва қофияларидан воз кечиб, ички кечинмаларни сюрреализмга яқин тил ва образлар билан ифодалаган. «Яшаш жойи — Ер» (1933, 2 жилд), «Юракдаги Испания» тўпламларига кирган асарларида инсоният озодлиги учун кураш ғоялари акс этган. Неруда 1941—44 йиллар марксизм билан қизиқади, Чили коммунистик партиясига аъзо бўлади. Шу йилларда Чили президентини «АҚШ қўғирчоғи» деб ҳақорат қилганлиқда айбланиб, ҳукумат томонидан таъқиб остига олинади. Неруда Мексикага кетади ва у ерда 340 шеърдан иборат монументал асари «Умумжаҳон қўшиғи» (1950)ни ёзади. Асарда Лотин Америкасининг ўтмиши ва бугуни марксистик нуқтаи назардан талқин этилган. Китоб Чилида тақиқланган, коммунистлар уни яширин тарқатишга уринганлар. Шoирнинг 1950—60 йиллар ижоди Неруда фикр доирасининг кенгайганидан, поэтик маҳоратининг янада такомиллашганидан далолат беради: «Севги ҳақида 100 сонет», «Чили тошлари» (1960), «Диний маросим қўшиқлари» (1961), «Қиёмат» (1963) шеърий тўпламлари, «Қора орол мемориали» автобиографик достони (1—5-ж.лар, 1964) ва бошқалар. У Тошкентда бўлган. Нобель мукофоти лауреати (1971).

БИРДАМЛИК ҚАСИДАСИ

Биласанми,
нима гап у ёқларда?
Кимга қўшиласан?
Биласанми?
Кимга?
Бордию бир бало юз берган бўлса —
айбинг бор муқаррар бунда
сенинг ҳам!
Агарда билмасанг,
огоҳлантирай:
билиб қўй
сен четда
тура олмайсан.
Қайда сенинг қалбинг?
Оғзинг қайда?
Нега бақраясан
мени тушунмай?
Кўзингни,
тилингни
ёки қўлингни
ёки умидингни йўқотганингни
бирдан кўриб қолган
Ҳой фалон,
пистончи,
ё писмадончи,
Шундай бўлиши ҳам
мумкинми ахир?
Энг азиз нарсангдан ажрала туриб
буни сезмаслигинг мумкинми ахир?
Ухлаб кетяпсанми?
Нима егандинг?
Минглаб одамларнинг
кўзларини сен
билмасмидинг ахир?
Кирмаганмидинг
одам сингари…
ошхона,
баракми
ёки поездга,
яширин чироқни
кўрмаганмидинг?
Келаётган,
кетаётган
ватандошларнинг
қўллари
шунчаки бегона қўлмас,
сени қидираётган
қўллар эканин
ҳеч қачон сезмаган,
кўрмаганмидинг?
Сени!
Сени!
Бекор атрофга боқма,
чунки, билиб қўйки,
қўшнингни эмас,
сени чақиряпман,
сени,
ўзингни!
Бошқалар:
«Биз каммиз!
Бир шахс излаб топ!» —
деб менга илтимос қилишган ахир!
Баҳор нафасидан
эрта саҳарда
уйғонган япроқлар
мендан сўрашган:
«Нима қилаётир анов фалончи?»
Мен эса билмадим,
индаёлмадим…
Менинг ризқи-рўзим —
юлдузли осмон.
Ҳар нарса
сўроққа тутади мени:
«Қани фалон дўстинг,
пистончи дўстинг?!»
Аммо сен —
сен ахир биласан-ку-а?
Улар жуда озчилик,
кунлар ва тунлар
сукут ва деворлар
ичра озчилик,
улар деворларга
урилмоқдалар!
Биз чекиб турибмиз,
чекяпмпз жим-жим
сен ва мен
иккимиз…
Тутун, бу —
гажаклар,
ҳалқа,
бурамлар…
Тутуннинг
кўкимтир ҳалқачалари…
Тутуннинг
маъносиз ҳалқачалари…
Демак, ҳаёт шуми?
Ёлғон!
Чап берма!
Менга сен
тез ёрдам
беришинг керак:
менга ёрдам берсин
сўз,
имо,
қўлинг!
Шунда,
барча қўллар,
имо ва сўзлар
ягона куч бўлиб
бирлашганида,
фақат шундагина,
ягона бир садо
ёйилганида,
машъум жимлигида
қора кечанинг
ягона юлдуздан
бирдан ўт чиқар.

ҲАЁТ ҚАСИДАСИ

Тун бўйи узлуксиз
Оғир болтаси билан
Мени чопди азоб
Уйқу қочириб
Ва қонга беланган
Чип-чип тошларни
Қоп-қора сув билан ювди у.
Мен ҳамон тирикман.
Яна қайтадан
Оғир юкингни ҳам кўтариб кетдим,
Ё менинг ҳаётим,
Менинг ҳаётим,
Сени гарданимда обкетдим яна.
О, менинг ҳаётим.
Нурли косасан,
Бироқ тез тўласан
Заҳардай сувга,
Лойқа ўлик шаробга,
Талваса, жудоликка,
Ўлимга,
Гирдоби қўрқинч кунларга!
Қоронғи дўзахнинг қуюқ ранглари —
Хатарли нурларни,
Бир умрга сен сақлай оласан, деб
Кўплар ишонар.
Ёлғон гап!
Сокин тун ўтар ва сўнар.
Бир лаҳзадан кейин —
Ҳамма нарса бирдан —
Тўсатдан ўзгарар.
Умрим косаси
Ҳақиқий нур билан
Тўлар қайтадан.
Бизларни улуғвор
Иш кутар энди.
Зарб билан отилар кўкка каптарлар,
Жаҳоннинг ҳар ери бўлар муаттар.
Тингла, ҳаёт!
Бахтсиз шоирлар сени
Ёмон деб билдилар, ёмон деб,
Курра гирдобининг ортидан қувмоқни
ва сен деб иссиқ уй-ўринларини
ташламоқни сира
истамадилар.
Улар доим сендан зарба едилар,
Сени излаб ўтирмадилар.
Қоронғи, қоп-қора тешиклар очиб,
нина тўла
қудуққа
кўмилдилар.
Ёлғон!
Ҳаёт,
биламан,
ғоят гўзалсан,
аёлдай майинсан,
сенинг кўксингдан
заиф-заифгина ялпиз ҳид келар.
Ҳаёт!
Ажойибсан ҳам баҳайбатсан,
Ўйноқи бўроннинг интилишисан,
Инсонга иқболсан
Ёки тилсимли
зайтун дарахтининг майин ёғисан!
Ҳаёт!
Сен саратон ишкомисан гўё,
Нурлар ютиб, уларни тўғри тақсимлаб
олтин ғужумларга айлантирасан.
Ким сени тарк этмоқ истаса агар
Кутсин
бир лаҳзами,
кеча-кундузми,
узун ё қисқа йил,
унумли йилни.
Танҳоликка маҳкумлар тутқунидан чиқиб
бир карра сакрасин
бошпанасин ташлаб.
Дўстларнинг кафтига
қўйиб кафтини
бирга курашмоқни ўргансин.
Қўрқмасин бахтсизлик жафоларидан,
уни мақтамасин,
уни рад этсин
ва ёки томчилар ўлик тошлардан
мустаҳкам бинолар қургани каби —
уни айлантирсин ўз фойдасига.
Азоб кўрганини йиртиб ташласин,
ва ўша ғам-алам қуроқларидан
иштон тикиб олсин
ўзига маҳкам!
Ҳаёт кутиб қолди.
Ким агар севса —
денгизнинг ёввойи, нотинч ҳидини
ва ялпиз ҳидини
нафасга тўла,
янги униб чиққап ялпиз ҳидини,—
шундайларнинг барин
чақирмоқда Ҳаёт.

ҚУЁШГА ҚАСИДА

Мен қуёшни билмасдим,
Шимол тоғлари орасида,
Қиш ҳалқаси ичра
Яшардим.
Ерни эзар эди
босқинчи сувлар.
Осмон эса,
қирғоқсиз соябон эди,
яшил сочли
улкан
денгиз медузаси эди.
Ёмғир ёғар эди
томда,
қора япроқлар устида,
осмоннинг сувлари
тишсиз
улкан музликлардан
оқарди водийларга.
Кейин
дунёни кесиб ўтдим,
кўрдим
шимолни, жанубни
ва ниҳоят,
цирк майдонида
чопиб юрган
ярқироқ
кизил ёлли
шер сингари
дум-думалоқ,
қайноқ
яккаю-ягона қуёш
саҳрода
менинг тепамга чиқди.
О, қуёш!
Осмон тубидаги гулгина!
Бизнинг машъалимиз,
Нақадар қудратлисан;
сен бутун жонли
мавжудотларни
яратган,
олтиндан қуйилган
улкан атиргул,
доим қайнаб турар
даҳшатли жазираманг,
доим
очофат олов
сени еб турар.
Осмоннинг марказида
улкан ошхона,
олтин киприк тагида
мусаффо қовоқ,
сокин
ва ғазабнок
мангу бир ўчоқ —
сенга боқмоқ истайман
кўҳна Америка
назари билан:
сен —
маккажўхорининг
пишган сўтаси,
сап-сариқ юраксан,
жасур,
учқур денгиз қушисан,
оловли мевасан,
кўк юзида
бир олтин холсан!
Сенинг нигоҳларинг
ажойиб:
шохга тегса салгина,
бирдан
баҳор туғилар,
анбар супургингни
ўсиб турган
ғалламизга
тегизсанг бир оз,
сенинг шаклингни
такрорлаб,
дон-дун
ерга сочилиб кетар:
яъни нонсан,
осмон нонисан,
қутлуғ ўчоқсан!
Туннинг назарида
жонсиз олмос,
муз парчаси,
оқ юлдуз эмас,
йўқ,
сен ҳаммавақт
қувват,
кундузги куч,
қудратли асос,
кўк жийрони
ҳаёт булоғи бўлгансан
ва сенинг
ловуллаб титрашингдан
ҳар бир уруғ
униб чиқади!
Ер яшил чодирин
очиб кўрсатади,
биз пишган
шингилларни
териб оламиз
ва
ерни
ловуллаган баркашда
сенга миннатдор бўлиб,
биз,—
ер ва қуёшнинг
фарзандлари.—
васият қилиб
қолдирамиз.
Биз, Америка кишилари,
сенинг нуринг билан
яратилганмиз
ва бизнинг қонимизда
ер ва қуёш
икки магнит каби
бир-бирини
озиқлантирар.
Бутун қалбдан
сени улуғлаймиз,
О, бизни асровчи сатҳ,
ёнар атиргул,
осмон учувчиси,
фалак вулқони,
йўлбарс аждод,
чўққилар отаси.
олтин мўйсафид,
ўт сочар ҳалқа,
абадий туғилишлар
куртаги,
коинот хўрози!

Миразиз Аъзам таржималари

ФЕДЕРИКО ГАРСИА ЛОРКА УЧУН ҚАСИДА

Агар бўм-бўш, ёлғиз уйда даҳшатдан йиғлай билсайдим,
Кўзларимни ўйиб ютиб ташласам эдим агар,
Мен буни сенинг овозинг ҳаққи — мотамсаро пўртаҳол
ҳаққи
Қилган бўлурдим. Жигарингдан фарёд мисол оққан
шеъринг ҳаққи қилган бўлурдим.

Зеро, сенинг унун, сенинг шаънингга
Касалхона деворларини ҳаворангга бўярлар,
Мактаблар қурилар, соҳилнинг ўрамлари,
Темирқанот чиқарган ярадор фаригаталар,
Зар тангалар билан қопланур қўшилаяпкан балиқлар
Ва кирпилар фалакка парвоз қилур бегумон.

Сен учун қора парда тутган тикувчилик устахоналари
Тўлар қон ва суваракка.
Сен учун қизил белбоғлар боғлаб ошиқлар
ўпиб ўлдирадир маъшуқаларин,
Ва оққа беланиб ясанажаклар.

Сен шафтолиранг нафосатга ўралиб учаётган чоқ,
Бўрон совурган гурунч кулгуси-ла кулар экансан,
Борлиғингча титрар экансан қўшиқ айтиш олдидан,
Сесканиб кетар лаблар, қонтомирлар, бармоқлар,
қовоқлар.

Мен сен учун ўлишга тайёрман
Мен қонранг кўл учун тайёрман ўлимга,
Сен хазон мавзеида макон тутган кўл учун.
Йиқилган от ва қонга беланган худо билан баробар
Ўлишга тайёрман мозорлар ҳаққи.
Улар
тунда чўктирилган қўнғироқлар ичинда
Ўзларининг сувлари ва қабрлари билан оқарлар,
Худди кўл ва қон дарёси сингари,
Дарёлар ярали аскарга тўлган бир касалхона,
Дафъатан ўлим қабртошлари билан
Оқизиб кетяпкан дарё.

Мен ўлишга тайёрман, фақат сени руҳимда кўрсам,
Йиғлаб турган чоғинг,
Боқиб турганингда чўкаяпкан хочларга,
Ўликлар дарёсига қараб йиғлардинг бетин,
Бетин йиғлар эдинг жароҳатли юрагинг билан,
Йиғи билан йиғлардинг қобоғинг тўлар эди,
Кўзёшларга, кўзёшларга, кўзёшларга.

Агар мен тун ичра ёлғизликда адашганимда
Унутилиш, ғира-шира ва тутунларни
Қаторлар ва кораблар устидан
Чангютгич қора гирдоб каби йиғолсам эдим,
Мен буларнинг барчасин қилардим
Сен — шохлаяпкан дарахт учун.

Ичингда шовуллаган
Олтин сув учун,
Сенга туннинг сирларин айтган
Суягингни чирмаган чирмовиқ учун.
Бўғзингдаги алҳонни қачон олиб ўтишинг
Пиёзнинг зах ҳиди сингган шаҳарлар пойлар.
Шаҳват ортилган сукут сақлаган кемалар таъқиблар
сени.
Яшил калдирғочлар пн кўяр сочларингга,
Ундан ғайри, чиғаноқлар, ҳафталар,
Ўрама елканлар ва олча дарахти
Ҳаракатга тушар пайдо бўлганида
Сенинг ўн беш кўзлик рангпар қиёфанг,
Ва жизғинак қон рангли оғзинг.

Агар мен маъмурий биноларни
қурум билан тўлдира олганимда,
Ва ўкириб соатларни ота билсам эдим тахтлардан
Мен буни қилардим қандай қилиб сенинг уйингда
Ёрилган лаблар-ла ёз фаслини кўрмакка;
Маҳкумлар кийимида пайдо бўлган мардумни,
Ва ғамгин буюкликка тўлган заминни,
Ва ўлик омоч ҳамда лолақизғалдоқни,
Ва чавандоз ҳамда гўрковни,
Қонли тупроқ харитасини,
Ва кул билан қопланган ғаввосни,
Ортидан пичоқлар саичилган
Қизларни эргаштириб кетаяпкан, юзига ниқоб тортган
қотилни кўрмоқ учун.

Пайдо бўлур илдизлар, касалхоналар, қонтомирлар,
Булоқлар ва қудуқлар,
Ўргимчаклар орасида ёлғиз сарбоз жон узаяпкан
Тўшакни судраб келмакда бу тун.
Нафрат ва тиканлардан иборат
атиргул пайдо бўлур.
Сарғайган бандаргоҳ бўлур намоён.
Пайдо бўлур шамолли кун ва болакайлар.

Пайдо бўлурман мен ҳам ва Оливейро ва Нора,
Висенте Алессандре, Делиа,
Моруна Мальва. Марина, Мариа — Луиса ва Лорка,
Ла Рубиа, Рафаэль Угарте,
Котапос, Рафаэль Альберти,
Карлос, Бебе, Моноло Альтолагирре,
Молинари,
Росалес, Конгамендес
ва мен номин унутган бошда-бошқалар.

Кел, мен сенга юкинай навқирон йигит,
Парвона янглиғ уфоқ ва тоза вужуд,
Доимо озод бўлмиш қора чақмоқ сингари,
Бугун, қояларда ҳеч кимса йўқ, кел,
суҳбатлашайлик,
Кел, анчайин ўзимиз ҳақда.

Шабнам учун бўлмаса агар,
Нечун хизмат қилар бизнинг шеъримиз?
Нечун хизмат қилар шеъримиз бизнинг,
Бизга кескин ханжар қадаган шу тун учун бўлмаса,
Шу кун учун бўлмаса.
ёки шу ғуборли тонг учун бўлмаса агар,
Азобланган инсон қалбининг ўлимга тап-тайёр
буржи учун бўлмаса.

Айниқса тунда
Осмонда юлдузлар чуғурлашаркан,
Қашшоқ хоналарнинг
Деразаси остидан оқадиган қора дарёда уларнинг бари.
Уларнинг уйида кимдир ўлган ёки эҳтимол
Улар ишидан айрилган идорасида,
Касалхонада,
Шахтада,
Ҳаммаёқда яраланган одамлар,
Ҳаммаёқда умид ва йиғи,
Ҳозирча юлдузлар сузишар чексиз дарёда,
Деразаларда йиғи,
Ва остоналар ҳам йиғидан тўзган,
Йиғи тўлқин каби урар қамчинлар лунгисини.
Йиғи сингиб кетган чойшаб ва ёстиқларга,
Федерико!
Сен дунёни кўрмакдасан, кўряпсан кўчаларни,
Сиркали, тўзонли бекатда хайрлашувни,
Ҳамма ерда савол бергувчи одамларнинг тўдаси бордир,
Жавоб йўқдир уларга,
Бор аламли, қаҳрли, қонли басир,
Ва кўзёш ҳамда тикан дарахти,
Ва ҳасад орқалаган ёвуз қароқчи.

Ҳаёт шундай Федерико, ва булар менинг
Сенга ғариб орқадошлик туҳфаларидир,
Жасур, дардкаш бир марднинг илтифоти,
Сен-ку ўз ҳаётингда кўп нарсага етишдинг,
Кўп нарсага ҳали кўп етишгайсен давомат.

Рауф Парфи таржимаси

* * *

Ўсимлик, шароб ёки тошнинг оти — Матилда,
не туғилган, неки мавжуд — у барининг отидир.
Бу исмнинг шуъласидан тонглар ёришар ногоҳ,
бу исм парвозидан турунжлар ёлқинланар.

Бу исмда кемалар сузиб юрар бемалол,
йўл кўрсатар денгизнинг ложувард чироқлари.
Бу исмнинг ҳарфлари — сувнинг кумуш оқими,
қақраган юрагимнинг чанқоғини босади.

Мен чирмовуқ остидан излаган ушбу исм
гўёки Боғи Эрам, ё жаннатга элтгувчи
эр ости йўлагининг сеҳрли туйнугидир.

Қайноқ бўсаларингга кўмиб ташлагин мени,
жонимга қада, майли, тунги нигоҳларингни,
фақат исмингда юзиб, ухлашга изн бергин.

* * *

Севгим, бўсагача бўлган йўл узоқ,
сафарда йўлчини қийнар ёлғизлик.
Ёмғирда ивийди сарсон поэздлар,
Талтарга энмади то ҳануз баҳор.

Лекин биз биргамиз, о муҳаббатим,
илдизлардан тортиб кийимларгача,
куз каби, сув каби ва сонлар каби
биргамиз бегона, айридан кўра.

Қанча қум, қанча тош, қанча шағални
дарё Бароага оқизиб кетди,
қанчалаб миллатлар, қанча поэздлар

инсоният билан, чиннигул билан
зуваласи битта севишган, севган
ошиқ-маъшуқларни айириб қўйди.

* * *

Бинафшадай тикандан тож кийган золим севги,
эҳтирослар зўридан ҳурпайиб олган бута,
ғазаб оти яғринин яра қилган ғам тиғи
нечун, қай йўллар билан юрагимга йўл солдинг?

Менинг барги резонлар тизган, сўқмоқларимга
нечун ташлаб юбординг ҳасратларинг ўтини?
Ким у сенинг йўлингни менинг қошимга бурган,
ким у кулбам кўрсатган, гулми, тошми, тутунми?

Ваҳим тунни қўрқувлар босиб келар бегумон,
шафақ қадаҳларини майга тўлдиргани рост
ва рост кўкдан қуёшнинг жизғанак куйдиргани.

Севги эса, севгижон бўлди менга парвана
бағримни тилка қилди найзалари, тикони,
куйдиргижон оташи юрагимга йўл солди.

* * *

«Бирга кетайлик», — дедим, токи ҳеч ким сезмасин,
менинг ғуссали жуссам не дарддан тўлғонишин.
На қўшиқ, на чиннигул насиб этмади, дилда
ҳимоятсиз севгининг теран оғриқлари бор.

«Бирга кетайлик», — такрор сўйладим мен нолаваш,
лабларимда қонаган ойга парво қплмаслар.
Қон сатҳи кўтарилар, бирор кимнинг иши йўқ,
юлдузлар тиконини эсла майли, муҳаббат!

«Бирга кетайлик», — деса қўнғироқдан овозинг
майшиша очилгандай эрк сари тошиб чиқар
азоблар, муҳаббатлар, нафратлар — бари-бари

банди бўлган қоронғи ертўласидан шитоб,
оташнинг унут бўлган таъмини туяр лаблар,
тош ҳам қон ҳам ва гуллар ҳам мени куйдирди қайта.

* * *

Ур тошга тўқинар тўлқин зарбаси,
оламлар ёришар — потрар атиргул!—
Кўкимтир шўр томчи, ва ғўр узумга
дўнади денгизнинг дунёқараши.

Эриб гул бўлади магнолиялар,
фусункор дайдишлар, гуллаган ўлим,
фанодан бақога мангу қайтишлар,
туйилган тузларнинг эврилишлари.

Ҳимоят этгумиз сукутимизни,
муҳаббатим, денгиз қийрата бошлар
завқининг ҳайкал ва минорларини.

Эҳтимол, шунданми, нам ва қумлардан
иборат кўз илмас ҳужайраларда
қувғиндан асраймиз назокатни биз.

* * *

Ишқ судраб келадир ҳасрат тўрини
ва балиқлар сокин живирин.
Уларга боқмагин — ҳеч бир жароҳат
Бизни айрилиққа этолмас дучор.

Кўзларинг айблимас кўзёшлар учун,
қўлларинг санчмади бу ханжарни, йўқ,
оёғинг бу йўлни изламаганди
дилга аччиқ шароб қуйилар бу чоқ.

Сермавж муҳаббатнинг саркаш тўлқини
бизни ирғитдию харсанглар томон
бир хил ундан қорди зуваламизни.

Бир ғаму ғуссага этди гирифтор,
бир фалакдан нур сочди бизга,
хаста баҳор билан сийлади бизни.

* * *

Муҳаббатим, энди уйга қайтамиз.
Балки чирмовуқлар етгандир томга,
сенинг тўшагингга сен ётмай туриб,
ёзги чошгоҳ кириб ухлаб ётгандир.

Дунёни кездиляр дайди бўсалар:
Ҳаяжон — сершира асал томчиси,
Сарандиб ям-яшил кабутаргинам,
Янтсзи кун ва тун оралиғидир.

Денгиз шовқинини енгамиз энди,
қайтамиз бир жуфт кўр қушчалар каби
олис уясига баҳоримизнинг

Ахийри у ишқнинг ҳам парвози тугар:
тошлоқ қирғоқларга қайтди умримиз,
бизнинг ўпичлар ҳам уйга қайтдилар.

* * *

Чакалакзор, адашдим-у кесиб олдим бир шохни
унинг сокин шивирларин лабларимга тугдим мен;
бу, эҳтимол, йиғлоқи бир жаланинг шовуридир,
ёки синган қўнғироқнинг, ё яра дил ноласи.

Ногоҳонда йироқлардан бир нимарса чалинар,
теран-теран яширинган, тупроқ остида қолган,
намхуш ойлоқ шомлар аро, тўзғин хазонлар аро
унини куз аллақачон ўчирган бир сас-садо.

Чакалакзор уйқусидан лаблар тегиб уйғонган
Ёнғоқ шохи бўғриқиб, жим куйлаб юборар бехос
ва ул шохнинг дайди иси шууримга урилар,

гўё мени излаб келмиш унут бўлган илдизлар,
менинг олис болаликда йўқотган ҳур ватаним.
Ёнғоқ шохнн бўйларидан маст бўлиб тонг қотдим мен.

Фахриёр таржималари

МАЧУ-ПИКЧУ ЧЎҚҚИСИ

1

…Мени ғижжакларнинг давраларида
кўрмоқчи эдилар, мен эса чиқдим
тошларга кўмилган бир шаҳар билан,
қаърлар хўрсиниғи  ила санчилиб,
заминга буралиб-буралиб кирган,
хириллаган боруд*  барг ёзиб, гуллаб,
яшнаган бир дунё,  ундан-да чуқур
олтин конларининг дунёси билан.
Нақ пуштикамарга,
заминнинг серпушт пуштикамарига
ўзимнинг нозик,
ўта қизиқувчан қўлимни тиқдим,
юлдуз ёғдусига чулғонган тиғдай.

Мен теран сувларга шўнғидим, чўкдим,
сиздим олтингугурт жимлигин бузиб
ва кўрдай пайпаслаб, қайтдим сўнг инсон сўлғин
баҳорининг ёсуманига.

2

Баҳор. Гуллар айни қовушар фасл.
Бахтиёр уруғлар ниш урар ҳатто
тошлар бағридан ҳам топиб бошпана,
ниш урар олмосда, қум қатламида.
Ва лекин одамзод жону жаҳд билан
олам гулларини топтайди, топтар
денгизлар қаърида ўсган гулларни
ва кафтида титраб тургувчи ноёб
маъдан қазиб олар. Увада, тутун
куйинди ичида  ўлади кўнгли.
Унга камлик қилар уйқусиз тунлар,
чақмоқтош учқуни, кўз ёшлар кўли,
баҳрларга оққан шўртак кўз ёшлар,
қалбин ҳалок этар пул, зуғум билан,
ташвиш ботқоғига чўктирар дилин,
тикан симлар билан қайириб боғлар
одамзод ўз шўрлик  қалбининг қўлин.
Йўқ-йўқ, бундай эмас, қалбини ким ҳам
қонли қизғалдоқдай асрар пичоқсиз –
кенг йўлда, дарада, кўкда, денгизда?
Одамфурушларнинг хўмрайган моли
адо бўлди бари бир-бир қирилиб,
эй, юрак, эй, япроқ – ярадор манглай! –
шабнамларнинг шаффоф сўзлари сени
неча минг йилларки, янграб чорлайди
азалий новдага – баргрезон  кузга!

Неча бор уриндим қиш кўчасида
ва ё автобусда, тунни тилкалаб
елган кема узра ё ялпи базм
чоғларида енгиб ёлғизлик ҳисси
ўзим танҳо қолган танҳо дамларда,
қўнғироқ  занглари остида айни
инсоний лаззатнинг айни инида,
авваллари тошда, чақмоқ, бўсада
ҳис этганим сирли, абадий тирик
ҳаёт томирини топгали доим.

Ва лекин мен жулдур жандасин ечган,
қўрққан авлодларнинг аянчли, ғариб
дарахтин титратган кузги шамолнинг
қувраб-қовжираган болакайлари –
қалбаки олтиндай пуч ва ялтироқ
юзлар, қиёфалар пўчоқларидан
ўзга ҳеч вақони топа олмадим.
Ҳеч нарса йўқ эди таянай десам:
йўқ эди, сеҳрли булоқ сувидай
оқгувчи суюқ бир балчиқ қўлимда,
йўқ эди, тошкўмир ё биллур каби,
тафт олиб, кафтимга тафтин бергувчи
ишончли бирорта заранг замин ҳам.
Инсон ким? Хўш, унинг қайси сўзида,
машиналар ҳамда куй-мусиқалар
оламининг қайси бурчагида ва
унинг қай бир темир ишорасида
яшаб қолар сўнмас,  абадий ҳаёт?

3

Неча бор чорладинг, эй, ҳоким ўлим!
Уммон тўлқинида эриган туздай
кўринмас ҳидларинг таратиб, мени.
Гоҳ баланд кўтардинг, гоҳи чўктирдинг,
сен гўё тоғ қори ҳамда муз шамол
қотишмаси бўлдинг мен учун, ўлим!

Мен эса юрагим бирла санчилдим
ўткир пўлат тиғга, билиб олдим мен
шамолларнинг танг-тор йўлларини ва
уқдим тошнинг, ноннинг кемтикларини,
юлдузли бўшлиққа ўлим олдидан
қўйилган қадамлар мағзини чақдим,
бошим айлантирган чигалликларнинг
маъносига етдим – дунёни билдим, –
шунда  ҳам, эй ўлим, соҳилсиз денгиз,
босиб келаверма сен тўлқин-тўлқин,
тунги ойдинликнинг ёруғ қадами
кечаларнинг ёрқин хулосалари
мажмуаси,  яъни тўплами эрур.
Ўлимни қўлтиққа яшириб бўлмас,
хаёлга сиғмас у қизил чойшабсиз,
ё уни тасаввур этиб бўлмайди
сукут ёғиб турган тонг гиламисиз,
ё ватаннинг аччиқ кўз ёшларини
ерга ё фалакка дафн этмай туриб.

Мен сева олмадим елкаларида
ўз мўъжаз кузини (бу куз беҳисоб)
япроқларнинг сариқ ўлими, ахир)
кўтариб юргувчи инсон дарахтин,
ҳам ердан, ҳам қаърдан ташқаридаги
сохта ўлимни ҳам, тирилмоқни ҳам;
аксинча, мен жуда-жуда истадим
кенг ҳаёт ўзани бўйлаб сузмоқни,
етмоқни унинг энг қурч мансабига;
ва бир кун одамлар юз буриб мендан,
чертмасин деб менинг булоқ қўлларим,
фаномиз ярасин тирнамасин деб,
дару даричасин ёпиб олди-ю, –
мен отдим ўзимни кўча, дарё, сой,
шаҳар, устахона, хобгоҳ, тоғ сари,
мен юзимнинг тахир, шўр ниқобини
олиб ўтдим чўлу саҳролар аро
ва бир кун энг ғариб, ночор кулбада –
нурсиз, нонсиз, тошсиз ҳамда сукутсиз –
йиқилиб, ўлдим ўз ажалим билан.

4

Йўқ, пўлат қанотли, зил-замбил ўлим,
нону насибасин шошиб еб қўйган
ғариб кулбаларнинг ғураболарин
оч-ғовак жисмидан  жой олган қотил
сен эмассан, йўқ-йўқ, бошқа нарсадир:
узилган торларнинг гулбаргидир бу,
бу – жангдан ҳайиқиб ҳаприққан юрак,
манглайга қалқмаган шабнам бу, – хуллас,
қайта тикланмаган алланимадир:
ўлим парчасидир, ердан, роҳатдан
айро қари суяк, ёриқ қўнғироқ.
Шунда шилиб олдим қонли докани
ва тиқдим қўлимни қаттол ўлимни
ўлдиргувчи оғриқ ичига, лекин
очиқ жароҳатдан топмадим асар
жоннинг  нимқоронғи тирқишларига
ёприлиб кирган муз шамолдан бўлак.

5

Шунда заминнинг зил зиналаридан
ваҳший ўрмон аро юксалиб, сенинг
ҳузурингга чиқдим, эй, Мачу-Пикчу.
Тарошланган тошдан ўсган тош шаҳри,
ер нарсасин ердан яширмаган ул
кимсаларга сўнгги манзилгоҳ шаҳар.
Бунда, кўз олдимда, жончақар, совуқ
шамолда тебраниб турарди  тўп-тўп
одам ва чақмоқнинг тош бешиклари.
Мачу-Пикчу, эй, сен, тошлар онаси,
қузғунлар ватани, эй, Мачу-Пикчу.
Одамзод субҳининг унут қояси.
Илк қумга кўмилиб қолган илк сўқа.
Мозий  ҳаётининг қароргоҳи бу:
макка сўталари пишиб бу ерда
сариқ донларини дўл каби тўккан.
Бунда туяларнинг олтин териси
кийинтирган ишқни,  қабрни,
доҳийлар, коҳинлар, қаҳрамонларни.

Бу ерда тунлари инсон оёғи
лочин панжалари ила ёнма-ён
моғорага кирган, тонг  отгач эса
қалдироқ топтаган сийрак туманни,
пайпаслаб, ахтариб заминни, тошни,
ё зулмат, ё ўлим қўйнида топган…

6

Умумий бир чоҳга дафн этилганлар,
бир қабр руҳлари, эй, бир гирдобнинг
болалари, – гўё сизнинг савлатга
муносиб бир тарзда келди бу ўлим.
Тарошланган қоя чўққиларидан,
қизғиш қуббалардан, қалашиб ётган
осма қувурлардан қулаб тушдингиз
гўё кузга, гўё тубсиз маҳшарга.

Аза тутмас энди у етим шамол,
энди у унутган сизларнинг худди
лойдан ясалгандай оёғингизни,
унутгандир энди чақмоқ пичоғи
тилган кўзангизни, улардан сим-сим
томчилаб турган ул нилий осмонни.
Зўр-зўр дарахтларни ёмғир ва туман
емирди, йиқитди ўтинчи бўрон.

Дарахтлар йиқилди ва сершох қўллар
осмони фалакдан қадим замонлар
қаърига қулади, чунки дунёдан
йўқолиб кетдилар ожиз панжалар,
йўқолди дарахтга ҳаёт бахш этган
чайир толаларнинг ингичка ипи, –
улар йўқолдилар – дарахт йиқилди  –
тил, одат дарахти,
тушди юзтубан
кўзни қамаштирган нурли сиймолар.

…Аммо қабртошлар ва сўзлар қолди:
ўлган аждодларнинг қоқ панжалари
маҳкам сиқиб турган қадаҳ сингари
кўкка ўрлаб турар бу харсанг шаҳар –
бу титроқ тошяпроқ,  бу қалъадевор,
бу мангу атиргул, бу уй, бу макон,
лочинлар қишлоғин баланд қояси.

Қизил лойга ўхшаш бу қўллар ўзи
лойга дўниб қолди, қалъадеворлар
ва минораларга тўлиб турган ул
кўзлар ҳам абадий юмилиб қолди,
одам йитгандан сўнг,  қоришгандан сўнг
асрларнинг хоки вайронасига, –
қолди фақат кўкка бўй чўзиб турган
тарошланган тошнинг аниқ бир тарзи,
инсон субҳидамин  тоғли маскани,
лиммо-лим сукунат тўла тоғ қадаҳ,
сонсиз жонлар ўрнин олган жонли тош…

7

Тур, укам, мен билан туғилмоқ учун.
Қўл чўз менга, изтиробларинг
оловланган минтақалардан.
Сен қайтиб келмассан палахса тошдан.
Қайтмассан  ерости асрларидан.
Сенинг тошга дўнган овозинг қайтмас.
Қайтмас ўз ўрнига кўзинг косаси.
Қалин ер қатламин ёриб боқ менга,
ҳей, қўшчи, тўқувчи, индамас чўпон,
ёввойи туяни мингич қилган зот,
бинолар ўрмонин ғишт терувчиси,
Анд тоғлари тўккан кўзёш мешкопи,
бармоғида чармлар ейилган заргар,
экинидан доим ташвишда деҳқон,
ҳамма ёғи лойга беланган кулол,
қуйинг янги ҳаёт жомига барча
дафн этилган кўҳна ғамларингизни.
Кўрсатинг  қонингиз, тиртиғингизни,
айтинг: улар сизни жазолаганин
тошда бебаҳо нур йўқлиги учун,
бермагани учун тупроқ тош ва дон.
Кўрсатинг ўзингиз йиқилган тошни,
сиз чормих  қилинган ўшал дарахтни,
ул қадим чақмоқтош учқуни билан
кўҳна чироқларни ёқинг, ёритинг
ярангизга теккан қамчиларни ҳам,
кўрсатинг тиғлари қон болталарни.
Сўзлайман мен сизнинг оғзингиз билан.
Ер оша ҳаммангиз чўзингиз менга
саси ўчган чирик лабларингизни,
сизга лангар қилиб қоқилгандай мен,
сўзланг ер тубидан бутун тун бўйи,
айтинг барчасини – занжирма-занжир,
ҳалқама-ҳалқаю қадам-бақадам,
чархланг омон қолган пичоқларни сиз,
уларни қалбимга, қўлимга қўйинг,
қўйингиз сариқ нур дарёси каби,
чириган қоплонлар дарёси каби,
беринг менга  аза тутмоғим учун
соатлар ва кунлар, йиллар, асрлар,
буржлар юз йиллиги, абадиятни.

Менга сукут беринг, беринг сув, умид.
Менга кураш беринг, темир ва вулқон.
Оҳанрабо каби ёпишинг менга.
Киринг лабларимга, томирларимга.
Сўзланг қоним билан, сўзларим билан.

___________
* Б о р у д – селитра, порох.
* Д о к – кемасозлик устахонаси.

Русчадан Сулаймон Раҳмон таржимаси

* * *

Борди-ю, учратсанг майдаланган тош,
билгин,
мен —
ўшанинг битта зарраси.
Мен
чақмоқ билан,
тўлқин билан,
заминдаги ўт билан
яқинман жуда.
Майдаланган тошни ҳурмат қил.
Йўлингда йўлиқса агар,
болакай,
олмалар ўғриси
ёки
эски аккордеон қучоқлаган
гаранг қария,
ёдингда тут,
менман —
болакай,
қария
ва
олмалар.
Қувлаб солма қамчи билан болакайни ҳеч.
Қарияга қўл кўтариб юрмагин тағин.
Олмаларни ағдармагин дарёга зинҳор.

Икром Отамурод таржимаси

МАЛИКА

Мен сени малика дея атадим:
олийнасаблар бор сендан ҳам ортиқ,
сарвқоматлар бор сендан ҳам ортиқ,
соҳибжамоллар бор сендан ҳам ортиқ.
Бироқ малика – сенсан.
Кўчада кетаётган пайтингда
ҳеч ким сени менсимайди,
бошингдаги олмос тожни ҳеч ким кўрмайди,
қадамингга пояндоз бўлиб тўшалган
қирмизи, зар гиламни ҳеч ким пайқамайди,
дунёда йўқ ноёб гиламни.
Сен пайдо бўлганингда
тўлғанади танамдаги барча дарёлар,
юрагимда қўнғироқ занг урар қаттиқ,
қўнғироқнинг тили урилади фалак жомига,
олам бўйлаб янграр мадҳия, наво.
Фақат сен ва мен,
фақат сен ва мен,
уни эшитамиз, холос,
севгилим!

ТИЛСИМ

Сенда қандай тилсим бор?
Бизда не сир бор?
Қай аҳволга тушдик, бизга не бўлди?
Иккимизни қўшиб бир-биримизга
йўғон арқон каби боғлади севги.
Баданимизга ботиб,
танамизни қийиб кетди бу арқон.
Жароҳатдан омон қолмоқчи бўлиб,
салгина ажралсак бир-биримиздан
янги тугун солиб боғлади маҳкам,
бир томчи ҳам қолмай
томчилаб тўкилишга
маҳкум этди қонимизни,
биргаликда лов-в этиб ёниб кетишга
ҳукм этди жонимизни,
севги.
Сенда қандай тилсим бор?
Кўзларимни узмай қарайман сенга,
ҳеч нарсани кўрмайман кўзингдан бошқа,
ҳушимдан айрилиб қарайман сенга
ҳеч нимани кўрмайман лабингдан бошқа,
ўзгаларнинг кўзига ўхшамас кўзинг,
ўзгаларнинг лабига ўхшамас лабинг,
умримда мен ўпган лаблардан
юз бора чиройли сенинг лабларинг,
умримда мен ялаган асал, қандлардан
юз бора шириндир сенинг лабларинг.
Кўзларимни узмай қарайман сенга,
ҳеч нимани кўрмайман сарв қаддингдан бошқа,
умрим давомида ёнимдан суйкалиб ўтган
турли-турфа қоматларга бефарқ эдим, мутлақо,
фақат сени қучиб ҳис этдим, жоним,
ҳаммадан юз бора чиройли қаддинг.
Оловда пишган лой тусидаги,
буғдой рангидаги кўзадек –
ичи бўм-бўш идишдек эдинг:
мусаффо, беғубор,
ҳеч нарса юқмаган ҳали,
ҳатто тоза ҳаво, ҳатто сўз-товуш.
Борлиқнинг чексиз теран ерларини
тинимсиз ковлаётган қўлларим учун
сенинг вужудингдан қўноқ изладим беҳуда:
бу юпқа терининг остида ҳеч нарса йўқ,
бу қора кўзларнинг тубида ҳеч нарса йўқ,
озгина кўтарилган кўкрагингнинг тагида
биллур сезим жўшади,
жимирлаган бу мавжлар қайга оқар англамас,
ашула айтар беҳуш, нимани куйлар билмас.
Нега бундай, ахир,
нега, нега, нима учун,
севгилим?

ЕР

Пишаётган, қизараётган, сарғаяётган барча нарсага
ер бахшида айлар ўзин беминнат:
далаларга, буғдой-донларга,
япроқлару гулбаргларга,
бироқ куз фаслида замин
бутун ҳосилию саховатини
намоён этган палла
сенинг тимсолингни кўраман унда,
севгилим,
шовиллаб туради сочларинг ўрим-ўрим,
тўлқин-тўлқин буғдой бошоғи мисол.

Қадим обидаларга яқиндан боқсам,
тошлари кўҳнарган, тешилган, кўчган,
аммо, мен уларнинг чўтир юзларига,
чуқур ажинларига қўлимни теккизсам,
сенинг қайноқ баданингни ҳис этаман,
бармоқларим титраб,
оташ ҳароратинг,
ширин эҳтиросингни сезаман, жоним!

Шундоққина, куни кеча тупроқ ва порох билан
сахий мукофотланган
қаҳрамонлар ёнидан ўтсам,
уларнинг изидан майда қадамлар билан,
жимжит келаётганингни кўриб қолдим, ногаҳон.
Билмадим, бормидинг, йўқмидинг, жоним?

Биз қуриб қолган кўҳна дарахтларни қулатдик,
тупроқдан қўпорилган етим илдизларга қарасам,
кўз ўнгимда рўпарамдан сен чиқиб  келдинг,
ташна томирлардан термилдинг маҳзун.

Кўзимга уйқу келиб, оёғимдан чалганда,
сукунат оламига опкетмоқчи бўлганда,
оппоқ улкан шамол пайдо бўлди қошимда,
менинг тушларимни айлади яксон,
улардан япроқлар учди пичоқдек,
аъзойи баданим беланди қонга,
жароҳат етказди менга ҳар пичоқ.

Чўғдек яшнаб турган ҳар битта яра
сенинг лабларингнинг шаклига ўхшар.

ДАРЁ

Ўтган кунинг учун сени
рашк қилишим беҳуда.

Изингдан бир эркакни эргаштириб келсанг ҳам кел,
изингдан юз эркакни эргаштириб келсанг ҳам кел,
изингдан минг эркакни эргаштириб келсанг ҳам кел,
сумбул-сумбул сочларинг толаларидек чексиз –
чиройингга суқланиб боққан девоналарни эргаштириб келсанг ҳам кел,
ҳуснингнинг гирдобига чўккан бечораларни дарё каби оқизиб,
селдай тошиб келсанг ҳам кел!
Хасни ҳам, чўпни ҳам оқизар дарё,
гардни ҳам, лойни ҳам оқизар дарё,
қумни ҳам, тошни ҳам оқизар дарё,
ҳатто одамни ҳам оқизар дарё,
дарё доим ҳалол, оқар сув тоза
охири денгизга қуйилар сокин.
Денгизда  кўпирар пўртана, ғулу,
шамол чайқатаётган тўлқинларнинг устида
ҳамиша тинимсиз қалқиб турар вақт.

Ҳуснинг гирдобига тушиб, қирғоққа чиқолмаган
қурбонларнинг барини қўшиб оқизиб кел,
денгиздек кенг бағримга дарё бўлиб кел.
Азал-абад бу дунёда фақат иккаламиз бор,
фақатгина иккаламиз,
сен ва мен бир жуфтмиз ҳамиша,
бу оламда ҳаёт бошланиши учун янгидан
фақатгина иккаламиз бор, холос!

БЕҚАРОР

Ёнимдан бехос ўтган
буғдойранг қиз изидан
эргашиб кетди кўзим.

Қорачадан келган қиз бирам келишган,
зумуррад узумдек товланарди, оҳ,

гупурди ўқловдек томиримда қон –
асов жийрон каби депсинди ёмон.

Мен эса эл ичра кетавердим жим.

Ёнимдан ўтар бехос малла сочли қиз,
Қирмизи олмадай ёноқлари ол.
Дуркун меваларидан ўзи маст-сармаст.
Оғзим очилиб қолди унинг изидан,
Тўлқиндек сапчиди томиримда қон,
Бамисли яшиндек чақнади ёмон.

Мен эса эл ичра кетавердим жим.

Аммо сен томонга
бир қадам босмай туриб,
Ҳатто ойдек жамолингни
бир бора кўрмай туриб,
қоним ҳам, лабларим ҳам,
талпинар сен томонга,
олисдагим,
буғдойрангим менинг,
малласочлим менинг,
дўмбоққинам менинг,
жажжигинам менинг,
полвонгинам менинг,
нозиккинам менинг,
хунуккинам менинг,
сулувгинам менинг,
ҳамма олтинлардан қимматроқ,
барча кумушлардан аълороқ,
дунёдаги барча буғдойдан
ер юзидаги барча тупроқдан,
жамики дарёлар сувидан,
жамики уммонлар долғасидан
менинг қўлим учун яралган,
менинг лабим учун яралган,
менинг қалбим учун яралган,
менинг бахтим учун яралган,
менинг дардим учун яралган.

СЕНИНГ КУЛГИНГ

Гар истасанг мени нондан маҳрум эт,
майли, ҳаводан ҳам маҳрум эт мени,
бенасиб айлама фақат кулгунгдан.
Атиргулдан айирма мени,
сен илкис ўқталган найзадан айирма,
қувонсанг, қайнаган булоқдан,
“қаҳ-қаҳ”ласанг жаранглаган
кумуш тўлқинлардан айирма мени.

Жуда машаққатли ишим, курашим,
уйга қайтаман чарчаб,
нигоҳим ҳорғин,
ҳатто киприкларимни ҳам
кўтармоқ оғир,
чунки,
ўзгаришлар,
эврилишларга бўйсунмаган ерни
кўравериб кўзларим толган,
уйга келсам, кулгунг қуш каби
қанот қоқиб пешвоз чиқади менга
ҳаёт ва ишонч дарвозасининг
тавақаларини кенг очиб.
Қора кунларимда
севгилим, сепиб юбор
нурафшон кулгунгнинг олтин донларин
агар,
йўлда кўриб қолсанг ногаҳон
тошларга тўкилган қизил қонимни,
кулгин, севгилим,
чунки, сенинг кулгинг тиғ бўлар,
ўткир қилич бўлар қўлимда.

Кузги денгиз соҳилида сенинг кулгинг
ўркач-ўркач тўлқин бўлиб
кўпирсин-тошсин,
баҳорда эса, севгилим,
кулгингни қўмсайман зору интизор,
кулгинг – висолига зор айлаган
кўклам чечаги,

яшил гулбарг аро атиргул – кулгинг,
Она ватанимнинг ҳиди анқиган
атиргул.
Қаҳ-қаҳ уриб кул, севгилим,
ой устидан,
тун устидан
кун устидан,
оролдаги қинғир-қийшиқ йўл
устидан,
сени севган бесўнақай ошиқ бола,
жинкўчада чопган ўсмир – гўл
устидан
кул, севгилим,
кул, севгилим.

Бироқ кўзларимни очган пайтимда,
ҳамда кўзларимни юмган пайтимда,
қадамларим ногоҳ олис кетганда,
қадамларим ногоҳ яқин келганда
мени нондан маҳрум эт,
майли, ҳаводан ҳам маҳрум эт,
нурдан ҳам, баҳордан ҳам маҳрум эт,
бироқ маҳрум этма фақат
кулгингдан,
кулгингдан бенасиб айлама зинҳор,
кулгингсиз ўламан.

КУЛОЛ

Баданинг бир идиш,
унда ноз-неъмат бор менга аталган.

Қўлимни чўзсам, бас,
“гаҳ” дейишимга интизор
кабутарлар қўнгай питирлаб.
Тоза тупроқ,
покиза лойдан
ўзим учун ясаганман сени, севгилим,
ўз қўлларим билан.

Сенинг кўксинг, белинг, қоматинг,
оёғингга зор бўлдим бугун,
зарур бўлдинг, ўрнинг билинди,
тананг ўйиб олинган ер,
жисминг бичиб олинган ер
бўм-бўш, қақраган,
иккимиз бирлашиб кетганмиз,
бирикиб қўйилганмиз
битта дарё каби,
битта қум каби.

ЎҒИЛ

Ўғлим, ўз-ўзингни билурмисан, оҳ,
Қандай бино бўлдинг, қаердан келдинг?

Оппоқ чағалайлар,
оч-наҳор чағалайлар
сени олиб келган олис кўллардан.
Қиш. Сув музлаган.
Қийналиб ўт ёқдик, қип-қизил гулхан,
мен ва у куйдириб лабларимизни
чўққа босдик – юракни ўпдик,
оловга ташладик ҳаётимизни,
бору йўғимизни гулханда ёқдик.

Мана шундай келдинг дунёга.

Онанг мени кўриш учун,
сени кўриш учун онанг
сузиб ўтди улкан денгиздан.
Мен эса,
унинг хипча белидан қучмоқ учун
мана шу ер юзини кездим,
тоғлар ошдим, саҳролар ошдим,
оёқяланг тиконлар босдим,
уруш, жангу жадаллар кечдим.

Мана шундай келдинг дунёга.

Турли унсурлардан яралгансан сен,
сувдан ва тупроқдан,
оловдан ва қордан,
йўл юриб, мўл юриб келгансан узоқ
оловдан ва қордан,
йўл юриб, мўл юриб келгансан узоқ
онанг иккимиз-ла учрашмоқ учун,
бизни бир-бировга занжирбанд этган
шафқатсиз севгидан яралгансан сен
ва билишни истардикки,
сен ўзи қанақасан
ва нима деб сўзлайсан ўзи,
чунки,
биз сенга бахш этган дунё ҳақида
биздан кўра кўпроқ билурсан,
Эҳтимол, бугун.

Кучли бўрон каби
ҳаёт дарахтини тебратамиз биз,
ер остида ниҳон илдизларигача,
қилдек томирларигача
тебратамиз ҳаёт дарахтин
ва шунда сен пайдо бўласан
бир пайтлар онанг иккимизнинг
қўлимиз етмаган
энг юксак, энг баланд
қўл етмас новдаларда янграгайсан
янгроқларнинг қўшиғи мисол.

“САВОЛЛАР КИТОБИ”дан

I

Нечун самолётлар
cайрга эргаштирмас болаларини?

Қанақа сап-сариқ қуш
лимон – тухумларни туғади?

Вертолётга ким ўргатар
қуёшдан бол йиғишни?

Қаерда сақлар тўлин ой
ун тўла қора тўрвасин?

II

Агар ўлиб кўрмасам –
кимда синайман вақтни?

Фаранг баҳори қайдан
топар шунча кўп хазон?

Арилар қувлаганда
қайга қочар кўр одам?

Сарғиш ранг тугаб битса,
нимадан ёпамиз нон?

III

Атиргул – яланғочми,
Ё қизилми кўйлаги унинг?

Нечун яширар дарахт
нурафшон илдизларин?

Ким кўрди одам урган
автомобиль тавбасин?

Селда қолган поезддан
ачинарлироқ не бор?

IV

Кўкда неча меҳроб бор?

Нега наҳанг тегмайди
шўх-шаддод сунбулларга?

Тутун булутга сўзлар?

Умидни шабнам билан
суғориш зарур, ростми?

XII

Гуруч кимга кулиб табассум қилар
шунча дурдек оппоқ тишлари билан?

Мудраётган йиллар не учун
сиёҳ билан ёзар, кўринмас?

Атиргулнинг кўйлаги юзта,
каракаслик сулувда нечта?

Адабий навкарлар каби бургалар
нечун мени бунча чақади?

XXXII

Пабло Неруда деб аталишдан кўра
бемаънироқ машғулот борми?

Колумбия осмонларида
булут тўпловчилар бормикан?

Нечун анжуманлари учун
шамсиялар йиғади Лондон?

Сабо маликаси Билқиснинг қони
арғувоний рангда дерлар. Ростмикан?

Бодлернинг кўзидан тирқираган ёш
қора эди, дерлар. Шу тўғримикан?

ЖАЖЖИ ЧИЛИ

Харитада чизилган ерга қарасам,
Лотин Америкам менинг,
севган ёрим каби кўринадирсан
мана бу мис тоғлар – бу сенинг бошинг,
мана бу кўкрагинг – етилган буғдой,
эндигина ёққан қорлар,
нозик қоматларинг – мавжланган дарёлар,
хушбўй майсазорлар, майин адирлар,
ушбу жуғрофиянинг адоғи
энг чекка, энг совуқ, жанубда
икки узун ёмби – олтин оёқлар.

Севгилим,
теккизган пайтимда сенга қўлимни
нафақат лаззатни сезаман,
балки, тупроқни ҳам, новдаларни ҳам,
сувни ҳам, ноз-неъмат меваларни ҳам,
ҳузурбахш баҳорни, даштдаги ойни
ҳис этаман, сезаман қўлларим билан,
кабутарнинг тўшидаги
майин патларини силайман,
денгиз ва дарёлар тўлқини
силлиқлаган тошларни
ипакдек силайман,
алвон чангалзорларни,
мени очлик ва ташналикка
маҳрум этгувчи
одам ўтолмайдиган ўрмонларнинг
бутазорларини
ҳис этаман сени эркалаб.

Бепоён ватаним
мени мана шундай бағрига босар –
бу сен, сенинг зурёдинг – чақалоқ,
бу диёр.
қучоқлаганингда,
(менга қараб ёнбошлаб ётганингда)
сенинг баданингда
пишган сулининг рангини кўраман
менинг меҳрим ила етилган,
сенинг елканг оша боқади менга
мачета билан шакарқамиш ўраётган
кубалик заҳматкаш деҳқон
куйиб-пишиб,
манглайидан қора тер оқиб,
соҳилдаги зах кулбаларда
сенинг овозинг билан
балиқчилар куйлайдилар
кўнгилдаги энг азиз туйғу ҳақида.
Сенинг ёнингда
ана шундай эркаланиб ётар
севимли чақалоққинам – Чили.
Бўсалар узилиб қолар тўсатдан
Лотин Америкасининг сурати.
Халқлар ва ерлар намоён бўлади.
Сенинг гўзаллигинг, севгилим,
қалбда милтиллаган
ишқ ўтини ловуллатар,
кўнгилда муҳаббатинг яшнатган
ёлқин нурланар,
сахий замин мени чорлар бағрига,
ҳадя этар
менга етишмаган тансиқ ҳаётни,
ўпаман,
оғзимга киради озгина тупроқ,
кучаяр севгининг лаззати, таъми,
мени мангу асрайдиган ернинг
бўсасини сезаман аранг.

Рустам Мусурмон таржималари