Николас Гильен (1902-1989)

Николас Гильен (Nicolás Cristóbal Guillén Batista) 1902 йилнинг 10 июлида Кубанинг Камагуэй деб аталган шаҳарчасида таваллуд топиб, 1989 йил 16 июнида Гаванада вафот этган. Дастлаб ҳуқуқшунослик бўйича ўқиган,аммо кейинчалик адабий ижод билан шуғулланган. 1930 йили илк шеърий тўплами чоп этилган. Николас Гильен Лотин Америкаси шеъриятида катта мавқе эгаллаган ва Оврупо билан Африка маданиятини ўзида ифода этган «қора шеърият» оқимининг энг йирик вакилларидан биридир.

ТОПИШМОҚЛАР

Тиши — тонгдир, териси — нақ тун,
тери — булут, тиш — худди қордир.
Ким бўлиши мумкин бу?
— Негр.

Ўзи заиф, лекин бош эгар
унга бари — қарилик, ёшлик.
Ким бўлиши мумкин бу?
— Очлик.

Қулга қул-у, хўжалар учун
гоҳ ҳалокат, гоҳо тоғ-тоғ зар.
Ким бўлиши мумкин бу?
— Шакар.

Ирғитарлар боёнлар уни
қилганида шафқат дағдаға.
Ким бўлиши мумкин бу?
— Садақа.

Юрагимга қамаб кўзёшин,
у кулмоқни ўрганди қасддан.
Ким бўлиши мумкин бу?
— Менман.

СОЛДАТ, ОТИШНИ ЎРГАН

Солдат, отишни ўрган,
шунда сен ярадор қилмайсан мени.
Йўлга ўхшаш узундир ҳаёт.
Мўлжалга ол юксакни, қуйини эмас,
ўқинг менга тегмасин учун.

Қуйида сену мен, биз — ёнма-ёнмиз,
эй солдат-ўртоқ.
Қуйида сену мен, биз — елкадошмиз
битта ботқоқда.

Қуйига қараб отмоқ мумкин эмас ҳеч:
қуйида — мен бор.
Солдат, отишни ўрган,
шунда сен ярадор қилмайсан мени.
Йўлга ўхшаш узундир ҳаёт…

МЕҲНАТ ВА ҚАМЧИ

Қамчи,
меҳнат ва қамчи.
Қуёш барвақт уйғонди
ва кўрди негрни қулликда танҳо.
Яланғоч бадан қондир
яланғоч пайкал аро.

Қамчи,
меҳнат ва қамчи.
Учиб ўтди қичқириб шамол:
«Бу қўлларда, эҳ, қанча қудрат!»
Қони унга деди: «Кетдик, бас!»
У қонига деди: «Кетдик, бас!»
У тик турди қонга беланиб.
Шакарқамиш денгизи чўчиб,
унга йўл очиб берди.
Сўнгра — чўмди сукутга осмон,
осмоннинг остида — қонга ботган қул,
бироқ бу қон — қулдорнинг қони.

Қамчи,
меҳнат ва қамчи,
бироқ бу қон — қулдорнинг қони,
қамчи,
меҳнат ва қамчи,
бироқ бу қон — қулдорнинг қони,
бироқ бу қон — қулдорнинг қони.

Абдулла Шер таржималари

СОЗ

Шом жимлигин чертиб узоқда
Бундай тиниқ, бундай лаззатли,
Э, воҳ, у соз қандай ҳасратни
Куйлаётир, инграр не ҳақда?

Кимнинг моҳир қўлларида у
Сўйлаётир бундай даҳшатли?
Аллақандай латиф ҳасрат-ла
Сескантирар юракни, ёҳу!

Шамол эса мудроқ нафасда
Шаффоф нола шиддатин аста
Келтирару ўйимга сингар.

Фиғон қилар юрак ҳам бесас,
Симлар гўё қайдадир эмас,
Худди менинг кўксимда инграр…

ТЎРТИНЧИ МОТАМ

I. ФЕДЕРИКО

Мен чертаман оҳанг эшигин:
— Федерико!..— Тўқ, тўқ, тўқ.
Бир тўтидан жавоб эшптдим:
— Федерико йўқ, йўқ, йўқ.

Мен ойнабанд эшикни чертдим:
— Федерико! Бормисан?..— Аммо
Бир қўл имо қилар тун сари:
— Уни олиб кетди бмр дарё.

Мен лўлининг уйига келдим,
Чертдим эшик, деразани боз:
— Федерико!..— Садо йўқ, билдим,
Зулмат ҳоким бу уйда, холос.

Деворларни мох босиб кетган,
Пақир йўқдир қудуқда бу кун.
Пўпапакдай — калтакесаклар
Босиб кетган ҳовлини бутун.

Юмшоқ шиллиққуртлар тўлғониб
Нураб кетган ўчоқда ётар.
Қирмиз-қирмиз жавзо шамоли
Харобалар хокини титар.

Қайдадир у? Қайда совийдир
Оташ лўли нигоҳи, маъюс?!
Федерико, сенга не бўлди?
Нечун, нечун келмайсан ҳануз?!

II. ҚЎШИҚ

Бир якшанба туни у кетди,
Ҳануз, ҳануз келмайдир, э, дод!
Қўлларида гулсафсар эди,
Кўзларида — бутун самовот,
Гули конга бўялди, энди
Қони музлаб қолибдир, ҳайҳот!

III. ГАРСИА ЛОРКА

Қўнғир нард*, қип-қизил қалампирмупчоқ,
Музлаган моҳтобнинг остида зайтун;—
Сен, Гранадада, Федерико, оҳ.

Улар-ла хаёллар сурардинг ҳар тун;
Лимонзорнинг маккор қоронғусида
Ойнинг торларида янграрди гардун.

Юлдузлар анқийдир. Дашт уйқусида.
Тун ҳарир этагин элтиб тумандан,
Ошиқлар сўқмоғин ёпар осуда.

Банди лўлиларни кўрдинг дафъатан.
«Федерико!..» — жимжит ташлашар нигоҳ,
Лекин кон чинқирар очиқ ярадан.

Ғубору ғам босган юзлари ҳам, оҳ,
Куйган оёқлар ҳам ғариб ҳасратда
Ночор қадам босиб қичқирар, э, воҳ!

Ойнинг доғларидек кўкиш суратда
Каттаю кичиги паришон мутлоқ —
Судралиб боришар тунд сукунатда.

Федерико, улар узра сен шу чоқ
Барча баҳорларнинг рангига чўмган
Мовий қуш бўлиб уч! Сеникидир шан
Ой ва нард, зайтун ва қалампирмунчоқ!
_____
* нард — бир хил хушбўй ўсимлик.

ЙЎЛ БЎЙЛАБ

Йўлда, йўлда,
йўлда!
Мен кетяпман, қаён — билмайман,
йўлда;
мен кетяпман, кетяпман пулсиз,
йўлда;
мен кетяпман зўр қайғу билан
йўлда.

Узоқдадир мени ахтарган —
йўлда;
кутган одам буткул йироқда —
йўлда;
мен гитарни ыўйдим кўндаланг
йўлда.

Қандай чаққон бўлмиш оёқлар
йўлда;
узоқни ҳам аён кўрурсан
йўлда;
қўлни қаттиқ қисади барча
йўлда.

Ўз ғуссамни тута олсайдим
йўлда;
айлар мени бу ғусса адо
йўлда;
умуртқамни синдирдим шундан
йўлда.

Майли, узр сўргай у мендан
йўлда;
мен ўлдиргум яшамоқ учун,
куйламоқ ва яшнамоқ учун
ўлдираман қайғуни йўлда,
йўлда,
йўлда.

ЖАВОБ БЕР!

Сен Ватанни тарк этдингми, айт,
Жавоб бер:
Бундай яшил диёр қайда бор,
Бундай зангор ер,
Қайда бундай хурмо ва осмон?—
Жавоб бер?

Сен унутдинг она тилингни,
Жавоб бер.
«Ю энд ай» деб ўзга тилда ё
Қиласан такбир?
Соқов бўлиб яшайсанми ё —
Жавоб бер?!

Отанг сенинг бу юрт ҳақида,
Жавоб бер,
Ўла туриб айтмаганмиди:
«Жаннатдир!»
Қайда чирир сенинг суягинг,
Жавоб бер?!

Сўйла, бадбахт, сўйла, жавоб бер,
Жавоб бер!
Бундай яшил диёр қайда бор,
Бундай зангор ер,
Қайда чирир сенинг суягинг,—
Жавоб бер!

ЧИЛИ БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

Алвидо!.. Боз қанот қоқмоқда дилим,
Лекин мис қиёфанг маъюс нур каби
Менинг юрагимда кетгайдир, Чилим!

Очиқ хат сингари очурман қалбим:
Сен менинг юртимсан! Мен учун ҳам ғам
Бахтсиз одамларнинг гезарган лаби.

Олиб кетмоқдаман: мен билан ҳамдам
Ипак ва темиринг, каптар, вулқонинг,
Чўғланиб ёнгувчи ул қорларинг ҳам.

Мен олиб кетурман қирлар армонин
Ва дайди ит каби елиб-югурган
Магеллан бўғози шамол-бўронин;

Копнуэ гулин ҳам — хушбўй уфурган
Ва янги бир тонгнинг алвон тусида
Овлоқда мен учун таъзимда турган.

Бир малак ётаркан тинч уйқусида,
Осон элтди мени узум шароби
Хуш ифор таратган гўзал изидан;

Олиб кетгум кўплаб яра ҳисобин,—
Кўрдим гоҳ йиқилиб, гоҳ турганингни,
Очкўз оломондан тортган азобинг;

Ул бўри тўдасин қутурганини,
Лашкарлар тўлқинин исёнин кўрдим,
Асов ғалаёнинг ўкирганини.

Туз, дори ялтираб ғаройиб нурдан,
Оқшом мен даштларда титраркан елиб,
Очиққан кўзларнннг ғуссасин кўрдим.

Кўмир дўзахига, туриб-йиқилиб,
Тушдим ва кончилар билан мен тотдим
Ажал ҳавосидан, юрак сиқилиб.

Дарддошман, қуролдош. Душманлар зотин
Гарчи яшолмасман сен билан қириб,
Лек шаҳид партизан — Мануэль* отин
Олиб кетажакман бир байроқ цилиб!
_________
* Мануэль Родригес (1786—1818) — Чили мустақиллиги учун курашган.

ҚОРА ДЕНГИЗ

Паришон ва бир бинафшаранг
Денгиз узра тун.
Балиқчилар овозидан танг —
Безовтадир тун.
Денгиздан тун сари кўтарилар ой,
Ойни қучар тун.
Денгиз — мисли тун.
Тун қаърида фаҳат бир қўшиқ
Сокин тўлқин узра таралар;
Тун қаърида фақат бир қўшиқ.
Балиқлар ҳам тинглар: сузмоқда
Тун бағрида фақат бир қўшиқ
Ёқиб-ёқиб муздайин сувни.
Тун қаърида фақат бир қўшиқ…
Тун қаърида фақат бир қўшиқ…
Тун қаърида фақат бир қўшиқ…
Денгиз — мисли тун.
Оҳ, мулаткам, олтин севгилим,
Оҳ, мулаткам, севгилим, нурим,
Олтинда ҳам, кумушда ҳам — сен;
Қалампирмунчоғу пўртаҳол гул-ла
Оч эркак денгизнинг бўйидасан сен,
Шу денгизнинг қўйнидасан сен.

ЯЛПИ ҚЎШИҚ

Карағайга чиқ, кабутарим,
Назар солгин энг баланд шохдан:
Кўринмасми менинг дилбарим,
Келмасмикин у ўрмон ёқдан?

— Нелар кезар боз сизнинг ўйда?
Дилбарингиз ҳозир бу замон
Ёнғоқ чақиб ўлтирар уйда!

Кабутарим, кутарман ўпич,
Дилбаримга эслатгин буни.
Кўп бор ваъда берди-ю, у ҳеч
Бир бор ҳадя этмади уни.

— Нелар кезар боз сизнинг ўйда?
Дилбарингиз ҳозир бу замон
Қаҳва ичиб ўлтирар уйда!

Дилбарга айт, кабутарим, тез,
Кўммоқдалар — мен бўлдим адо,
Тобутимнинг бошида шу кез
Айтиб қолсин сўнгги алвидо!

— Нелар кезар боз сизнинг ўйда?
Дилбарингиз маккажўхори
Еб ўлтирар бу замон уйда.

Мирзо Кенжабек таржималари

ЯШИЛ КАЛТАКЕСАК

Антил, Антил денгизида –
Кариб ҳам дейдилар, – уни
ваҳший долғалар савалаб,
ҳарир кўпик ялаб-юлқар,
қуёш-чи, олгай забтига,
кўксидан итарар шамол,
қўшиғидан сизар ёшлари –
харитада чайқалар Куба:
кўзлари ҳўл тошлар каби
узун яшил калтакесак.
Тиканли поядан тўқир тож
унга шакарқамиш қанди,
лекин у қандоқ ҳам топсин қадр,
ахир, уни кияр чўри;
узоқдан қарасанг – қабо кийган малика,
қабо кийган чўри – боқсанг яқинроқ келиб,
дардлиларнинг дардлиси –
харитада чайқалар Куба:
кўзлари ҳўл тошлар каби
узун яшил калтакесак.
Аммо, эй сен, соҳилдаги
собит қўриқчи –
денгиз зиндонбони, унутма,
найзалар учмоқда баландда ўртана,
борлиқни бузгудай ташланиб пўртана,
олов тилин чўзиб қилмоқда тантана,
назарингдан четда қолмасин ҳеч
уйғонибоқ, тирноқларини
харитадан узмоққа шахд этган –
кўзлари ҳўл тошлар каби
узун яшил калтакесак.

АНТОНИО ХОТИНИНИ ЎҒИРЛАШ

Ичай сени бир ютим қилиб,
бир симирай ўткир май билиб,
томчи қўймай сипқора қолай
жазавали рақсга сирилиб!
Эпчил, олов ва куйдирмажон,
шу – қўшиғим кўклаб чиққан дон!
Шолрўмоли титрар ҳубобдай,
кимўзар рақс жунунваш хобдай,
Антонио жаҳли чиқса гар,
кузатар ё нарига кетар,
нима қилса ҳамки, хотини
тун бўйи мен билан рақс этар!
Габриэла, маҳталдир парвоз,
қанотларинг
қушдай эркин ёз,
кўксингда дил
потирласин оқ қушга ҳамроз,
тезроқ, тезроқ ўйнай қол,
рақс мақоми
қулоқларда жаранглар хушҳол!
Кетолмайсан бундан, дурагай,
кетар бўлсанг, осмон нурагай,
сонларингда маржонлар тизиб,
қанддан чучук тер чиқар сизиб.
Жаранглар мақом, жаранглар,
жаранглар, жаранглар мақом,
мақом жаранглар, жаранглар,
кўнгил – ром, ром!
Кўзларингнинг қора донлари
меҳригиё хонумонлари,
Антонио қайтса бўлмас ғаш,
сўрмас ҳатто ҳазил аралаш
не жин урди рақс онлари…
Антонио анойи эмас,
бошқалар ҳам ҳеч нарса демас,
ё олганча илкис бир зарбни,
фарқлаёлмай на шарқ, на ғарбни,
каловланиб, хаёли тўнглар,
боши оққан томонга жўнар,
ё шу тахлит очилар фоли,
кетар-йитар – не бўлар ҳоли…
Жаранглар, жаранглар мақом,
жаранглар, жаранглар, аён…
Эпчил, олов ва куйдирмажон,
шу – қўшиғим кўклаб чиққан дон!

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси