Мигель Эрнандес (1910-1942)

Мигель Эрнандес (Miguel Hernández Gilabert; 30 октябрь 1910, Ориуэла, Аликанте — 28 март 1942, Аликанте) — испан шоири ва драматурги.

ТУРМАЛАР

I

Кесилган одамларнинг йўлларин ютиб-ютиб,
Турмалар судраладир; зулматдир, заҳдир очун;
Турмалар элни қувар, човутин солиб, тутиб,
Қонин сўриб, еб-ютмоқ учун.

Нафақат инсон, балки темирлар додлар, тингланг.
Ҳакамлар дўлидаги диличлар қон-дон йиғлар,
Тошдевор ҳам йиғлайди хўрланиб, инграб-инграб,
Пўлат устун бағрини тиғлар.

Деворлар орти турма — дод-фарёд корхонаси,
Унда азоб чархлари, кўзёшлар дастгоҳи бор.
Қоқсуяк нафратларнинг унда сўнгай нафаси —
Бу корхона одам еб ишлар.

Панжарадан нарида какликлар шўх ғув-ғувлаб,
Васлу ҳаёт завқидан ором олганда жони,
Ёлғиз маҳбус — хор хазон, эзгин қалби ҳувиллаб,
Эслар озод, ёруғ дунёни.

Эрклик ва тонг беҳуда бош урар бу муз тошга,
Тош ичинда маҳбуснинг қадам товуши бўзлар,
Оғзидан донли кўпик тошиб, отилар ташга —
Ташқарига инсон йўл излар.

Нафасига дўндирса инсон даврон шамолин,
Қалбидаги алп, метин қаноти кенг ёйилар —
Дунёдаги ҳар қапдай зиндонда ҳам у холи,
Ҳур инсон бўлиб қолар.

Мовий уммон уфқини кўролса ким тушида,
Тушовланган чақмоқдай қоқиб ўтли қанотин,
Темир панжараларни силтаб, ғажиб тўшидан,
Озодликка интилар ҳар кун.

II

Курашлардан мақсад шу: бизга тегса оқибат
Ҳорғин, заиф ҳўкизмас, учқур, ёлдор арғумоқ;
Сафимизда депсиниб турса доим сершиддат,
Қушдай учса чуҳ дейилган чоқ.

Ирганч бўлса юзи гар, не айб ҳақир тутқунда, –
Аё, дунё дилини кишандан бўшат, одам!
Эй, исёнкор, зиндонлар оғзини ёпгин, унда
Қаро ерга тенгдир қуёш ҳам.

Бир бурда ҳуррият ҳам, ҳайҳот, чириб битмоқда
Эрк соҳибларин эмас, эрк қулларин тилида.
Рози туриб ҳар нега, қай маҳбус дод этмоқда,
Занжирни еч улар қўлидан,—

Бундайлар-ку, ҳеч нега ярамас мангу қулдир,
Қутқарсаю ўз шонин, яшаса бир хилватда.
Эътиқодсиз, моғорлаб ўтган умри маъқулдир,
Бундайларнинг бари кулфат-да.

Аслида-ку, бундайлар азал эркдан бенасиб.
Эрк шундайин одамлар манглайига битилмиш —
Гарчи улар ётса-да турмаларда қалашиб,
Ёт уларга қуллик, бўйсуниш.

Эй, замон зиндонбони, зулмда пойдор палид,
Дилларни қамолмайсан ҳеч қачон — шу муҳими.
Қўлингда бўлса ҳамки турмалару қулф-калид,
Қамолмассан инсон руҳини.

Занжирлар қолсин, майли, бирлаштирсин башарни,
Қондошлик қони оқсин темир томирларида —
Одамлар касб айласин зулмсиз, тинч яшарни,
Айрилмасин бир-бирларидан.

Ҳақирликдай бир тубсиз чоҳлар кунжида одам
Ҳаволарга кўз тикиб, қулоқ тутиб кутмоқда;
Халқ: «Озодлик!» деб қалқиб, кўкларга босиб қадам,
Турмаларни отиб кетмоқда!..

Тоҳир Қаҳҳор таржимаси