Файёд Хамис (1930-1988)

ХХ аср испанча шеъриятнинг ёрқин сиймоси, томирида араб қони оққан, шоир ва мусаввир Файяд Хамис (Fayad Jamís) 1930 йилнинг 27 октябрида Мексиканинг Очокалиенте шаҳарчасида дунёга келган. Болалигида ота-онаси билан Кубага кўчиб келган. Ёшлигида Кубадаги ижтимоий ва маданий муҳитни яхшилашни мақсад қилган ўн бирлар гуруҳи номини олган ҳаракатда фаол иштирок этган. 1954 йили оиласи билан Парижга кўчиб борган. Француз сюрреализми оқими асосчиси шоир Андре Бретон билан танишгач, шеърларида айни шу оқим таъсири кучаяди. Айни ўша йилларда у ижодидаги салмоқли ўрин тутган, хусусан кубалик атоқли шоир Николас Гильенга бағишланган «Сайёҳ Альба» шеърини ёзади.
1961 йили рўй берган инқилобдан кейин Кубага боради ва бутун фаолиятини инқилобий ўзгаришларга қаратади.
Файяд Хамис 1988 йилнинг 13 ноябрида 58 ёшида оғир хасталикдан кейин вафот этган. Унинг ижоди бир қатор халқаро адабий мукофотлар билан тақдирланган.

БЕДОР НАЗОРАТЧИ

Синтио Витьерга

I

Эшитдингми, қандай сокин нола чекиб қобиқ ёрди кун?
Кўряпсанми юзларга шакл берган
шуълаларнинг кумуш елканин?
Қишлоғини соғиниб лаб тишлайди қария испан.
Бармоқлари синдирмоқда стаканни товушсиз.
Бедарак ўғилнинг хаёли билан
унинг ватанида ҳозир уйғонар она.
Жимирлаган шаршарадай чиройлидир шиша синиқлари.
Хотирада эмас — шундоқ кўз олдида
пайдо бўлар олис болалик
ва кулранг қабоқларга қанот уради — нима бу?
Капалакми ё кўзёш?
Дафъатан кўраман: мен — гўдак, «Вальекаслик бола»дек,
ва менман — қадимий думалоқ гардишда турган
бобом суратининг беқут сояси.
Айт менга, бу деразада ҳеч пайт ойна бўлмаган, деб айт,
йўқолиб бораётган бу аянч шарпалар эса —
менинг тунги алаҳлашим самараси, де.
Эшитяпсанми, худди бировни нозанинлар чорлаган каби,
қандай ҳирсли куйлар уларнинг майин терилари?
Мулат ўтар уйқусираб итарганча аравасини,
ўтади юк машинаси усти тўла жандарм
ва мунгли жаранглаб тор кўчаларга
тўкилади ҳуркак шуълалар
куйган ой сингари баданларидан.
Ойнанинг нарёғида ўтирган дўстим,
шу ердамисан? Ёки боғдан қулай жой топиб,
Тингламоқдамисан
Юрагингга ҳасрат бўлиб қуйилаётган
фавворанинг оппоқ оқимларини?

II

Сал наридан ўтар бир оқсоқ одам,
лотерея билетлари сотувчи кампирлар соясидек.
Кўчадан келмоқда ғамгин бир қўшиқ,
лекин у кўксимни
соғинчларга эмас, тўлдиради умидга.
Қандайдир бир кема ёдимга тушар. Чамаси, зангор.
Кимдир чизган елканларини, балки у —
боғда ўриндиқда ўтирган қизча.
Ичида суюқлик буғланиб турган
гўё сезгир бир идишман мен…
Агар келса меникига анов соқолли найнов,
мен унга йўқман, деб жавоб бераман.
Эшитяпсанми? Деворлари
ҳавога тутун бўлиб сингиётган
бу уйда мен йўқман.
Менинг яшил суякларим шабнамларга пешвоз
қайта ўсади.

III

Қўшни ит ҳуради, қўнгироқ жарангин ушлар тиш
билан
аммо уни тишлай олмайди.
Ёлғиз мен бедорман, хонамда на чироқ,
на болаларим бор.
Тушунуксиз баландликка қочар черковлар.
Юлдуз бўлиб титроқ парвозда
чиқар шаҳар устига тўрғай,
ва худди тонгдагидек, уйларнинг ойнаси
кирар ол рангга.
Каттиқ ҳуштак чалар эдим, олдинги пайтлар бўлса,
югуришиб олдимга келар эди кучуклар,
менинг олис бошмоқларим излари эса
тор кўчалар тупроғига қоларди тушиб…
Аммо бугун мен ўзимдан сўрайман: кимман?
Отим нима?
Менинг кўк шағалли дарём қаерда, қайда олов, умид
ҳам каптар парвози чизиб берган нафис оролим?
Мен эса изғийман қўлсиз ва тилсиз,
мағлубликнинг чигал гўшаларида,
доду фарёд ваҳма солган қоронғиликда.

IV

Чоҳ қазишга бораяпман мен,
ўз ажалим уруғини дафн этмоқ учун.
У бақрайган интизорликда
юмилган қабоққа ўхшайди.
У худди етилган юрак кабидир.
Тутунлар ва яшил майсалар аро бўй чўзади у ғамгин.
О, ёмғир биродари!
Мен қичқирай, ёрдам бер, ёрдам!
Томирида иссиқ шарбат оқаётган эй, йиртқич!
Суякларимни сен асра авлодлар учун!
О, қоним менинг!
Тилла баргли терак тўкар пойига
мойчироққа ўхшаш уруғларини.
Сукунатга элтасан сен мени ўшанда.
Ўт-ўлан биродари!
Мендан нима учун нафратланасан?
Ўзингга боқ, мана, менинг кафтимда:
Сен бор-йўғи қалбимнинг шайдо ва мужмал
акс-садосисан,
бошқа ҳеч нарса эмас.

V

О, эшиклар!
Фонуслар остида шивирлайди чанг,
ғичирлайди мунис дарахтлар
Унутишнинг кўз илғамас ҳалқаларидай.
Биласанми? Мен эшикларни
қарийб ўзга тушларни чертган каби черта оламан.
Деразада пайдо бўлиб ўша заҳот йўқолган аёл,
менга кўз ташлади — мен деярли бахтлиман.
Менинг қалбим эса, гўё боғланган йиртқич,
ётар оёқларим учида беҳол,— менинг қалбим
телбалик яралаган дарғазаб нафосатдир.
Биласанми? Мен тунлари пичирлаш каби
ёпиқ эшикларни ўтаман тешиб… Изҳори муҳаббатдек.

VI

Ўлим каби тасодифан, тақиллар эшик.
Вафодор табассум, хуш ҳидлар рақси,
ҳилпирамаган елкандек кўйлак.
Менга маълум туннинг барча маросимлари,
унинг энг содиқ ва энг жасур соқчиси менман.
Худди аёлнинг куйлаётган сочлари мисол,
кўчаларда шамол чайқатаётган
гуллар гулчамбари — менинг ёстиғим.
Мен қўрқмайман, йўқ.
Чанг сузар хонамда бамисоли қум,
шу мўъжаз саҳрода,
гўё итоаткор ва доно ҳўкизнинг иссиқ нафаси.
Ойналарни очиқ қолдпр, уйқу билмас чоҳлардир булар.
Шу зар нурлар соҳилига ечиб ташла кийимларингни,
О, қайғули, ҳорғин севгилим,
сўнгра юрагимга қўйгин бошингни,
Ахир, тақдиримда пайдо бўлганингдан сўнг,
яна ҳам аччиқроқ бўлиб қолган шу
ёлғизликнинг қора шаробин ичиб ётар бу юрак.

VII

Аллақачон отди хўрозлар тонги, ўлим хабаридай
йўлакларда титрар акс-садо.
Қора қўллар ўлаётган каби шамолда, жим оқади жанг…
Шаффоф ғилдираклар шалдираётган
ва қиш дами пуфлаганда учқун мисоли
осмонида қушлар сўнган эй, мужмал дунё.
Кимдир рашкли сўроқларин бошлайди шу дам,
кескин овоз синдиради совуқ ҳавони.
Ҳув ана, сояда, устунлар аро,
яланғоч ёруғлик қувлаган
тунги шарпа бекиниб турар
кўзларида ёввойи, сокин эҳтирос.
Мен, холос, уйқусиз қон томчисиман,
ўргимчакман, соқов сўнгсизликда чўғланиб турган.
Ким, ким билади менинг тўғримда?
Ким уйғонар мени ўйлаб ярим кечада?
Настарин тус ҳужрам ҳам мана,
тантанавор нурга тўлмоқда.
Нима, эшитмаяпсанми сен, сутфурушнинг овозин?
Демак, ором олиш вақти келмиш сенга ҳам,
бу ерда, айни ялпи хуррак марказида.
Аллақачон лабларинг ўлик, нигоҳинг ўчган.

ЖАЛЛОД ҚЎШИҒИ

Жаллод атиргулни майин силайди,
жаллоднинг юзига бир тароват бахш этади атиргул.
Бугун осмон пахтадан, умбалоқ ошар қушлар
ўткинчиларнинг бир хил қалпоқлари устида.
Қушнинг Бальзак ҳайкалига қўнгани билан
ҳеч кимнинг иши йўқ.
Бертольд Брехт ўлгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ,
ер юзи ҳакамлар, машшоқлар, жиноятчилар билан
ер юзини тор қилгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Ер юзидан узоқлашар заъфар олов, ёз ўлаётир —
ҳаммасидан муҳими шу, болалар қуёшсиз яшай олмайди,
ёш ва қари, оқ ва қора яшай олмас қуёшсиз.
Париж ибодатхонасининг кўҳна тошларида ўлаётир ёз.
Сизнинг қуйма жағларингизда ўлаётир ёз,
сизнинг автомобилларингизда,
сизнинг сохта қонунларингизда
Ўлади ёз.
Жаллод атиргулни майин силайди,
жаллоднинг юзига бир тароват бахш этади атиргул.
Умуман, сен ҳам — ҳам авлиё, ҳам жаллодсан —
ҳам жаллод, ҳам авлиёсан.
Бунда жуда чалкашиб кетиб қора қанотлари остига
биқинади адвокатлар.
Бир одамнинг жонини олмоқ ё мингини суст оловда
ёқмоқ — бир хилда жиноятдир.
Мен қотил эмасман, гарчи сўзларим,
генералнинг жигарига қаттиқ ботса ҳам.
Бугун осмон пахтадан яралгандай, умбалоқ ошар қушлар
ўткинчиларнинг бир хил қалпоқлари устида.
Олтин нур элтади тумшуғида қушлардан бири,
бошқаси қаноти остида элтар
ўлган куннинг рангпар жасадин.

АРАБ ЭРТАГИ

Сен жимсан, Марианник, кўзларингда эса
потирлайди каптарлар.
Ҳар нигоҳинг, пишган мевадек, тун қўйнига
тушар узилиб.
Мен сенга бир эртак айтаман, бир бетайин ҳикоячи
бўлсам-да, гарчи, боши қолиб, кўпинча
охиридан бошлайман ёхуд сўз юритаман
яқинда рўй берган ва ҳақиқатга
ўхшашга улгуриб-улгурилмаган бир воқеа ҳақида…
Аммо сенинг сукунатингда қанотланар-да,
эртакка айланар сўзларим. Бу эртак сенга.
Бор эканда, йўқ экан,
Париж шаҳри кўчаларида
Бин ал-Сабуний деган
бир қароқчи яшаган экан.
Биласанми Сен-Жермен хнёбонини?
У ҳолда эшит:
бир куни у ерда кечга яқин борарди
сенга ўхшаш оқбадан бир қиз,
кокиллари гўдак лабида мойчечак асали эди нақ…
Қиз шошарди, қиз изидан шошар эди Бин ал-Сабуний,
кўзлари ялтирарди худди пўлат ханжардай…
Эшптяпсанми, Марианник? У танлади дулай бир жойни,
орқасига қарашга ҳам қўрқар эди шўрлик қиз эса —
ҳа, уни қўрқитиб юборган эди
бу даҳшатли, бу думрав шарпа.
Бу кимсасиз жин кўчада етиб олди қизга у,—
қиз қалтирар, қичқирмоққа етмас ҳатто мажоли,
қайқи ханжар рўпарадан ялтираб кўринганда,
шоша-пиша қароқчи эса севгисин этди изҳор…
Аммо ўша заҳоти қуюқ бир мовийликка
қоришди қиз ногаҳон,
худди тонгда ўпқонга ютилган юлдуз каби…
Оёғидан чалгандек биров
гурс этиб қулади қароқчи бинафшаранг,
намчил асфальтга.
Бечора Бин ал-Сабуний,
бармоқлардан сирғалиб чиққан юлдуз парвозидан ўлди!
Жасадини тонгга яқин Сен-Андре-Дезар
майдони ёнидан топдилар,
қиндан чиққан кўзларининг ханжарлари сўнган
бир тарзда.
Юзта ишқ достони топдилар
илма-тешик чўнтакларидан,
Киннаирам исмли ўша қизга аталган
юзта ишқ достони…
Эшитяпсанми, Марианник?
Шундай, ғалат ишлар бўлиб туради
новдалардан тўкилган куз алангаси
хас-чўп аро, ҳўл асфальтда аста-аста сўнаётган
шу Парижда.
Сен ҳали ҳам жим ўтирибсан, менинг эртагим эса
қарийб етди ниҳоясига,
Сена узра учмоқда яна кўзларингнинг каптари.
Бу — чўкмоқда бўлган туннинг биринчи юлдузлари.

БОЛАЛИК БОҒИ БЎЛМАГАН МЕНГА ОСВЕНЦИМ

Болалик боғи бўлмаган менга Освенцим. Мен ўсдим
ўт-ўлан ичида, ҳайвонлар ичида, бизнинг кулбада
туни бўйи ўчмас эди қашшоқлик шами.
Шохларда осилиб турарди қуш инлари ва юлдузлар,
ва йўлларда ҳадиксираб дайдир эди оппоқ от.

Болалик боғи бўлмаган менга Освенцим. Эсимда,
биз фақат қатл этар эдик калтакесакларни
ва ўчоқлар тутуни фақат — ёмғирли тунлар эди:
эсимда, сой бўйида қизлар кулгиси,
тердан шилта бўлган отам кўйлаги,
саркаш сувнинг у даҳшатли ўкириги ҳам.

Болалик боғи бўлмаган менга Освенцим. Мен ердим
конфетлар, алам ютардим, учирардим фанер самолёт
ўт-ўланлар булути аро — одам териси эмас.
Ҳа, менга, чамаси, омад ёр эди — мен ўсдим
ватаним қуёши остида (ҳеч ким, ҳайвондек,
зўрламади тўрт оёқлаб юрмоққа),
аммо мендан, кимлигимни сўрасангиз,— соядан чиқиб,
Освенцимда бўлганлар қаторига бориб тураман.

ЖАЗОИР ТОҒЛАРИДАГИ ЁШ СОЛДАТ ЖАН-ПЬЕР ЛЕПТИ ШИКОЯТИ

Феликс Пит Родригесга

Кўйлагимнинг чап чўнтагида
қайлиғим сурати ва новвотли бир қутича —
онажоним совғаси.

Лаънати милтиқдан елкам зирқирар,
оғирлашиб борар кундан-кун милтиқ,
негаки, мен у билан ўз уйимни қўриқламайман,
негаки, мен ўлдираман у билан
ўз уйини қўриқлашга аҳд қилганларни.

Билмадим, болаликнинг
пушти сопол томларини қайта кўрармиканман.
Биримиз қайтамиз мукофот билан,
бошқамиз — рефрижераторларда.
чунки у фронтга ташийди озиқ,
бизнинг мурдаларни эса Францияга.

Мен милтиғим ўқи билан
осмондаги юлдузларни ура олмайман,
қонга ботган каптарларни отаман,
мен — нафосат қотили, дарахтлар қотили,
осмон қотили.

Мени ҳайдаб келмадилар бу ерга севиш учун —
ҳайдаб келдилар милтиқ милидан
ўлим дея қичқириш учун.

Қулоғимга генералларнинг
баландпарвоз сўзларини қўйдилар тиқиб,
эшитмасин дея токи дарахт ортидан
менга қараб ўқ узганларнинг қувончли ҳайқириғин.

Гоҳо енгилган шердек ерга қулар ўзлари.

Ювиб кетар ёмгир менинг этикларим изини,
аммо менинг жиноятларим қонини юва олмас.

Ёки қотил бўлиб, ё бўлиб қурбон,
рефрижераторда ёки мукофот олиб,
биламан,
бир томчи қон бўлиб мангу ўламан.

ШУ ОЗОДЛИК УЧУН

Мануэл Паварро Лунга

Шу озодлик учун шаррос ёмғир остида куйламоққа
бор-йўғингдан кечишинг керак!

Шу озодлик учун елкангга халқ елкаси
тегиб турганини ҳис қилмоққа
бор-йўғингдан кечишинг керак!

Шу озодлик деб тонг гулидек қалбинг очмоқ учун,
гулдуросли фабрикалар, ёруғ мактаблар,
сўқа зарбидан ғичирлаётган тупроқ,
тушларида кулаётган болалар учун
бор-йўғингдан кечмоғинг керак!

Озодликдан бошқа нажот йўқ,
озодликдан бошқа йўл ҳам йўқ,
озодликдан бошқа ватан йўқ,
шеър ҳам бўлмас озодликнинг юксак мусиқасисиз!

Ўз қашшоқлигидан мақтанмоқ учун
азалдан оёқости қилиб келган зотларни
титроққа солиб қўйган шу озодлик учун;
ситамгарлар учун абадий тун,
халқ учун энди енгиб бўлмас,
такрорланмас тонг бўлган шу озодлик учун.

Сўлғин ёноқларни,
яланг оёқларни,
тешик томларни,
оч болаларни ёритган шу озодлик учун;
шу озодлик учун, ёшлик олами учун;
олам каби гўзал,
шу озодлик учун
бор-йўғингдан кечмоғинг керак,
бор-йўғингдан — ниманики талаб қилса у!

Ҳаммасидан — ҳатто ўз соянгдан ҳам!
Ҳаммасидан — ҳатто ҳаётингдан ҳам!

Сулаймон Раҳмон таржималари