Антонио Мачадо (1875-1939)

Таниқли испан шоири ва драматурги Антонио Мачадо (Antonio Machado Ruiz) 1875 йилнинг 26 июлида Испаниянинг Севилья шаҳрида таваллуд топган, Мадридда таълим олган. 1893 йилда илк насрий асарларини эълон қила бошлаган, дастлабки шеърлари эса 1901 йилда нашр қилинган. 1903 йилда Верлен ва Дарио ижодидан илҳомланиб, “Ёлғизликлар” номли шеърий тўпламини эълон қилган. Мачадо шеърияти халқ қўшиқчилик анъаналари билан чамбарчас боғлиқлиги билан сафдошлариникидан ажралиб туради. А.Мачадо кўп йиллар давомида француз тили ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. 1927 йилда Қироллик Академиясига сайланган. Асарлари: “Ёлғизликлар” (1903), “Ёлғизликлар. Галереялар. Бошқа шеър¬лар” (1907), “Кастилья далалари” (1912), “Янги қўшиқлар” (1924), “Альваргонсалес ери” (1933), “Хуан де Майрена. Апокрифик профессорнинг ҳикматлари, ҳазиллари, қайд ва хотиралари” (1936), “Уруш” (1937), “Альваргонсалес ери ва Юқори Дуэро қўшиқлари”(1938). Шоир 1939 йилнинг 22 февралида вафот этган.

* * *Antonio Machado. Un poeta exiliado_trz.ai
Ёруғ оқшом эди ёзнинг қўйнида,
Ёруғ оқшом эди ғамгин ва мудроқ
Фаввора куйларди. Боғ деворидан
Печак мўраларди чанг босган оппоқ.

Калит ғичирлади кўча эшикда
Ва секин очилди бериб аччиқ сас.
Моғор босган оғир, темир дарвоза
Кеча сукунатин тебратди бирпас.

Ёлғиз хиёбонда жилдираб оқиб
Мени чорлар эди тўртликлар ўқиб
Оппоқ мармар узра гўзал фаввора
Сокин куй чаларди у ўйчан боқиб.

Фаввора куйларди: сўйлагин, иним,
Ёдингга соларми қўшиғим маним
Ўтмиш йилларининг орзуларини?

Дедим: Эслолмайман ўтмиш сирларин,
Жуда қадимийдир сенинг шеърларинг.

Худди ўша оқшом бугунгидек лол
Ўзгармас куйини чаларди зилол.
“Ёдингдами, иним?… мирталар* узун
Жўшқин наволарнинг тўсарди юзин,

Шохларда осилган мева ранги ол
Топмасин деб қайноқ тафтидан завол.
Эслайсанми, иним?” — сўрарди мудом.
Сокин ёз қўйнида осуда оқшом.

— Билмам недан сўзлар қувноқ шеърларинг
Менга бегонадир сенинг сирларинг.

Биламан сенинг ҳам зилол чашмангда
Оловранг мевалар сузган шўх-шодон.
Ўтмиш ёзнинг сокин шомидек эски
Қалбимни ўртаган ул доғи ҳижрон.

Биламан, оҳангдор кўзгунгда қолган
Йиллар олиб кетган муҳаббат аксин.
Сўйла, фаввора, то бахтли онлардан
Қалбим ором топсин ва топсин таскин.

— Бахтли онни сўраб қилмагин эрмак,
Билганим қайғуга лиммо-лим эртак.

Ёруғ оқшом эди ўшал кезлар ҳам
Мен томон йўл олдинг тушганча руҳинг.
Чашмамга лаб босиб симирдинг сувдан
Зора ювилса деб дилдан андуҳинг.

Ўтли дудоқларинг айлади ошкор
Қалбингни не ёқар, қўнглингда не бор.

— Мудроқ хиёбоннинг боқий куйчиси,
Энди бир умрга дейман алвидо.
Мунгли қўшиқларинг тингламам бошқа
Гарчики юракдан отилган нидо.

Калит ғичирлади кўча эшикда
Ва секин очилди бериб аччиқ сас.
Моғор босган оғир, темир дарвоза
Кеча сукунатин тебратди бирпас.

* Мирта — доимий яшил бўлиб турадиган оқ пахмоқ гулли ўсимлик

* * *

Турунж дарахти шохларин ёзиб
Чашма узра турар сурганча хаёл.
Биллурдек товланган булоқ сувида
Тилларанг мевалар ялтирар хиёл.

Бу кўклам кечаси. Тиниқ ва салқин.
Апрель шаббодаси елади эпкин.
Мен эса турибман ҳовлида ёлғиз
Ўтмиш армонидан ахтариб бир из.

Хотирани сўраб чашмадан мудроқ,
Бир шарпани излаб оппоқ деворда,
Қарайман, кўриниб қолар деб ногоҳ.
Излайман бир илинж борми деб ёрдан.

Бу оқшом ҳавода сезилар аччиқ
Дилни куйдургувчи нафаси ҳижрон.
Қайсики юракка буюради: кут!
Руҳга эса дейди: сира! Ҳеч қачон!

Мен сени эслайман қувноқ, тиниқ шом,
Чечаклар унмаган кўклам-хомуш қиз.
Менга тақдим этдинг нафасин райҳон
Ва онам тувакда ўстирган ялпиз.

Қачонлардир, балки кўп йиллар аввал,
Эй чашма, сезгансан билагим кучин.
Ҳозир юрагингнинг тубида ётган
Тилла меваларни олмоқлик учун.

Испанчадан Ҳилола Рўзиева таржимаси