Жеймс Жойс (1882-1941)

Машҳур ирланд адиби Жеймс Жойс (James Augustine Aloysius Joyce) ижоди ўзбек китобхонларига таниш. Ёзувчининг “Дублинликлар” туркумидан бир неча ҳикоя ва “Навқирон санъаткор сийрати” романи ҳамда “Улисс” романидан бир неча боблар она тилимизга таржима қилиниб эълон этилди.
Бугун сизнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган Ж.Жойс шеърлари унинг “Сhamber Muzik” (“Камерли мусиқа”) тўпламидан. Ўзининг илк шеърий тўпламини ёзаётган пайтда, яъни 1904 — 1907 йилларда адиб “Стивен — қаҳрамон” номли асари устида ишлаётганди. (Бу асар кейинчалик қайта ёзилиб, “Навқирон санъаткорнинг сийрати” номи билан эълон қилинган.) Жойс ижоди тадқиқотчилари мазкур асар билан шеърий тўплам ҳайратланарли даражада бир-биридан фарқ қилишини таъкидлашади. Зеро, китобхон роман қаҳрамони билан лирик қаҳрамон характерларидаги фарқни кузатиб, бу икки китоб бир ижодкорнинг қаламига мансублигига ажабланиши ҳам мумкин.
“Сhamber Muzik”даги шеърларда лирика билан пародиянинг, идеал билан моддий мавжудликнинг кинояларга пардаланган жозибали уйғун талқинини кузатамиз. Ж.Жойс ижоди ва таржимаи ҳоли ҳақида фундаментал тадқиқот яратган олим Г.Горман бир суҳбатда Жойс ўзининг шеърлари ҳақида гапириб: “Мен “Камерли мусиқа”ни ўзимга исён сифатида ёздим”, деган гапини келтиради.
Истеъдодли шоира ва таржимон Бегойим Холбекова инглиз тилидан Роберт Бёрнс ижодидан айрим намуналарни ўзбек тилига ағдариб, таржимонлик иқтидорини кўрсатган эди. Бугун тақдим этилаётган Ж.Жойс шеърларининг аслиятдан қилинган таржималари ҳам сизга манзур бўлади, деган умиддамиз.
Носир ҚАМБАРОВ,
филология фанлари номзоди, доцент

МАЙ САБОСИ

Денгиз узра рақс этар май сабоси,
Рақс этади ўйнаб, ҳалқалар солиб.
Нурли тўлқинларнинг майин навоси
Менинг ҳисларимдай рангин ва ғолиб.
Самода товланган кумуш камалак —
Бу менинг соф севгим сурати, акси.
Ўйна, май сабоси — раққоса малак,
Сенинг рақсларинг муҳаббат рақси!

ДЕРАЗАНГДАН ҚАРАБ ҚЎЙ

Деразангдан қараб қўй,
Заркокиллигим.
Қўнғироқдай овозинг
Олди ҳушимни.
Қўшиғингни эшитиб,
Яйради кўнглим.
Хонамдан учиб чиқдим
Ташлаб ишимни.
Китобимни ўқимай
Ёпиб қўйдим мен,
Куйла, куйла, сен қувноқ
Қўшиқлардан айт.
Сенга айтгали бир сўз
Топиб қўйдим мен —
Бу дам кўнгил риштасин
Боғлайдиган пайт.

* * *

Шамоллар кирмайдиган
Қайноқ бағирда бўлсам.
Ғамларни унутсам-у,
Майлийди кейин ўлсам.

Меҳрибон, ғамхўр бўлса
Мен талпинган ул оғуш.
Роҳат ҳамроҳим бўлса,
Ухлаб кўрсайдим бир туш.

Илтижо қилар эдим
Бир умрга қолишга —
Ўшал гўзал оғушда,
Ўша сеҳрли тушда.

* * *

Садоқатсиз ағёрнинг
Ваъдалари бетайин.
Қалбида чўғ, олов йўқ,
Совуб қолган кулдайин.

Чин ошиқнинг кўксида
Ёниб турган лола бор.
Ишқин ошкор айтолган
Дублинда бир бола бор.

ЧИРМОВГУЛ

Ўз ҳолича мағрур, нуқраранг
Шаршарага талпинар нуқул,
Кенг қулочин сув узра таранг
Ёйиб ўсаётган чирмовгул.

Тўлқинлар шўх, шафқатсиз,бебош,
Арғимчоқдай тебратар уни.
Нозик танда чўнг, буюк бардош —
Шундай ўтар унинг ҳар куни.

Юксалавер, о, чирмовгулим,
Қояларга маҳкам ўрнашиб.
Сенга боқиб, беқарор дилим
Яшнаб кетди бахтга ўрлашиб!

КЎНГЛИМ ТУБИДА

Бор умидим, ишончим менинг
Беҳаловат қалбимдир — тахтсиз.
Бир бўсадан бойиб кетар у,
Бир айрилиқ этади бахтсиз.
Айласа гар севги бахтиёр,
Нечун этмай уни ихтиёр?

Гагаралар* моғор инларга
Яширгандай жавоҳирларни,
Сақладим мен кўнглим тубида
Ишқ аталмиш ноёб сирларни.
Гагарлардек бўлолмасак биз,
Бу дунёда не деб юрибмиз?

Инглиз тилидан Бегойим Холбекова таржималари.

*Гагара — денгиз тубига шўнғиб, дур ва марваридларни йиғувчи ғаввос қуш.

* * *

ҚУМЛОҚДА

Шамолда ҳарсиллар таянч оғочлар,
Изғирин эзғилар шағални, эссиз .
Ҳар кумуш тошчани ялашга бошлар
Сўлаклари ила қартайган денгиз.
Бўзарган денгиздан, совуқ шамолдан
Асрамоқ бўламан, қўндирмай зангни.
Ушлайман дилдироқ, титроқ қўлингдан,
Силайман қалтираб бўлиқ елкангни.
Қўрқув туша бошлар фалак қаъридан,
Залолат денгизни босади аччиқ.
Ошиқ юрагимнинг энг чуқуридан
Қўзғала бошлайди севгидан санчиқ…

***

Қазо – бир байрамдир. Бор, бу байрамга
Олисдан атиргул келтир нафармон.
Мен эса, қарамай қонли ярамга,
Яратган қошига кулиб кетарман.
Оламнинг томидан ҳур фаришталар
Чолғу куйларини қуяр қалбимга,
Ажал бармоғини оҳиста босар
Видо айтаётган титроқ лабимга…

***

Бахт – бир эртак эрур, бахт – бу афсона.
Қўнғироқлар яққол жаранглар бу тун.
Кундуз ёғдусида, олов қошида
Бахтнинг товушидан топилмас бир ун…

***

Чорасизликнинг айлана йўли
йўқликка имлар.
Қара, симёғочда секин тебранар
эринчоқ симлар.
Тушунгин, ҳали сен ўлганингча йўқ,
йиқилдинг, ахир.
Қуёш чиқар-ботар, қўнади зулмат,
унга барибир.

Манзилсиз бўлса-да, юрганинг дуруст,
Ўзингни осма!
Тепангда қалқиниб турар Фаришта,
Сокин бўл, шошма…

***

Ҳақиқат излаганларнинг саждага эгилган юзлари
Худонинг олдида дувиллаб тўкилар
Кўкдан учаётган юлдузлар каби увушиб,
Шамолда чирпирак атиргул баргларидай ларзон,
Майсаларга тушаётган хазонлардай шатирлаб…

***

Дунёдан кетади ҳамма келганлар,
Фақат ишқ бахш этар мангулик, илло.
Ўлиши мумкинмас ҳеч севилганлар,
Севганлар ўлиши мумкинмас асло

***

Қалб билар эшигин кимга очишни,
Дилнинг мулки – эрк.
Кўнгилнинг илоҳий, азиз эшиги
Туну кун берк.
Қалбнинг эшигида тулпорин шайлаб,
Товланиб зебо,
Ичкари кимоққа тинмай шахд айлаб
Турар бу дунё.
Қалб эса ўйига ишқни киритар,
Дунё тўлдирмас қалб ишқ ила тўлиқ.
Севган қалб эшикка илади ёзув:
“Қабул тамом!
Тамом!
Бошқа бўш жой йўқ!”

***

Мен гўзаллик учун. ишқ учун ўлдим –
Ишқдан тирик эдим, бу ҳам тақдир-да.
У эса ўлганди Ҳақиқат учун,
Тўлғониб ётарди қўшни қабрда.
Бир куни сўради: “Ўлдиришди нечун?”
Жавобин эшитиб жилмайди жўшқин:
Қандай соз! – деди у, – Ишқу Ҳақ учун!
Қандай соз – маслакдош бўлса гар қўшнинг”.
Суҳбатлашиб бунда ётармиз абад,
Ишқ учун ўлганлар, Ҳақ деб ўлганлар.
Пўканак босади қабртошларни,
Исмларни кўмар ўту ўланлар…

***

Улар қоронғулик томон кетарлар,
Ўлим чегарасин босиб ўтарлар,
Биз ўйлармиз – ҳали қайтарлар…
Кўрган-билганларин айтарлар.
Шундай фикр билан боқамиз ичкин
Ўтганлар ортидан маҳзун, дил ўртаб…
Албат кўришамиз! Ўтганлар унда
Бизни соғинади, бизларни кутар.
Агар нур сочсайди уларнинг ишқи,
Биз кўра олардик нурни у ёқдан…
Неча йиллар бўйи муҳаббат ила
Улар бизга боқар қоронғуликдан.

***

Ахмоқлик ҳам – аслида Ақл,
Оддий кўзга кўринмас ҳарчанд.
Жуда қулай оломон ақли –
Ақлсизлик бўлса-да гарчанд.
Ҳаракатда ва хаёлотда
Чекинишни кечирмас улар.
Ҳақлигига шубҳаланганнинг
Кўзларини очирмас улар…

***

Дунё – гўзал, дунё – кўп дилбар,
Қабр эса – шундоқ ёнма-ён.
Ҳақиқат шу, эй биродарлар,
Қолган бари алдамчи, ёлғон.

Қалб армонга гарчанд тўлгандир,
Ғазаб нега, нафратлар нечун?!
Умр – қисқа! Тамом бўлгандир –
Вақт қолмаган жаҳолат учун.

Нафрат эмас, муҳаббат беринг,
Вақт – кам, қадрин англанг ҳар онни.
Ишқ – меҳнатдир, ишққа сарфлайлик
Танда қолган озгина жонни…

БЕҲУДА ЭМАС

Кимки бир инсоннинг дардини олса,
Яшамабди, демак, умрин беҳуда.
Оғриган дилларга ҳаловат солса –
Ўз дилин юксакка чоғлабди жуда.
Кимки бир қушчага дон берса бир кафт,
Асраса, иситса, совуқдан олиб.
Яратганнинг юзин кўради яққол,
Тангри жилмаяди унга термулиб…

Инглизчадан Карим Баҳриев таржималари