Уолтер де ла Мар (1873-1956)

Уолтер де ла Мар (Walter de la Mare, 25 апрель 1873, Лондон — 22 июнь 1956, Лондон) — инглиз шоири, ёзувчи ва романнавис. Ўзининг болалар учун ёзган асарлари ва фантастикаси билан довруғ қозонган.

ЙЎҚОЛГАН БОШМОҚ

Жўй исмли қизалоқ
Рақсга тушаётиб
Туфлисининг бир пойин
Қўйди шўрлик йўқотиб.

– Қолдимикин? – деб борди
Музқаймоқ еган жойга.
Тополмади у ердан
Излашдан борми фойда…

Афсуски, йўқ, начора,
Чорбоғда кўришмаган,
Кўлдаги балиқлар ҳам
Хабардор бўлишмаган.

Эҳ, аттанг, ўша бошмоқ
Дом-дараксиз йўқолган.
Кўча-кўйда, йўлакда
Наинки изи қолган.

Бечоранинг ҳоли танг,
Ўчган қизнинг ранг-қути.
Кўрмабди қуён, қарға,
Ҳатто тоғнинг бургути.

Ўйинқароқ шамоллар
Шўхликка тўйишмаган.
Бошмоқни кўрган балки,
Шивирлаб қўйишмаган.

Бир пой туфли сайр этиб,
Юргандир Данияда.
Ёки Юнонистонда,
Балки Испанияда.

Юзлаб шаҳарга борди,
Эринмади рости гап.
Кўринмади ҳаттоки
Океаннинг остида.

Парвоз этди осмонга,
Шаббода хомуш қутлар.
Юлдузлардан садо йўқ,
Чурқ этмади булутлар.

Бир оёқда ҳаккалаб
Сакрар чўлни оралаб.
Тоғу тош, жарликлардан
Ўтар эди паналаб.

Товони ерга тегмай
Ўрмонларда изғиди.
Якшанба кунлари ҳам
На ухлади, мизғиди!..

Бу тинчимас қизчадан
Олманг асло хавотир.
Чунки бир пой бошмоғин
У ҳамон излаётир…

ЗАРРАБИН

Гапга солдим заррабинни,
Сеҳргардай шайланиб.
Майда тошлар қолди, тавба,
Тизма тоққа айланиб.

Майса, чимлар – чексиз ўрмон,
Булутларни бўйлашар.
Газли сувлар ғужғон бўлиб,
Арилардай ўйнашар.

Ўргимчакни кузатаман,
Ер шарини ясайди.
Дорбозлардай эпчил, чаққон,
Азал шундай яшайди.

Тўрга тушган капалакка
У арслондай ташланди.
Табиатда қонун шундай,
Лекин кўнглим ғашланди.

Заррабинни беҳудага
Мақтамадим тошириб.
Чумолини филдай қилиб
Кўрсатади ошириб.

Осмон узра қарасангиз,
Тўлқинланиб кетасиз.
Ҳеч лофи йўқ, ҳатто ойга
Бир соатда етасиз.

ТЕГИРМОНЧИ ВА УНИНГ ЎҒЛИ

Мэри куйлар нозик арфада,
Жон мандалин чертади жўшиб.
“Тегирмончи ва унинг ўғли”
Тўғрисида бу ғамгин қўшиқ.

Сайр қилишар отаю ўғил,
Ўрмон сокин, сирли ғаройиб.
Ногоҳ учиб ўтди уч каптар,
Сўнг қайгадир бўлишди ғойиб.

Тегирмончи сўзлар ўғлига:
“Каптарларнинг ортидан чопгин.
Улар билан оламни кезиб,
Иқболингни, бахтингни топгин”.

“Хўп отажон, йўлга тушгайман,
Бу тақдирнинг буйруғи демак.
Аммо, қушлар мени ортимга
Кузатишиб қўймаса керак”.

Отасини қучоқлаб, ўпиб,
“Хайр” дея ўғлон йўл олди.
Каптарларнинг ортидан чопиб,
Бир умрга кўздан йўқолди.

Олислардан чолнинг уйига,
Келар эди йиғлоқи нола.
Тегирмоннинг атрофларида,
Қанот ёзди қип-қизил лола.

Туман босган намчил ўрмонда,
Учта юлдуз ёнар исиниб.
Тегирмончи ёлғиз ўғлини,
Тополмасдан гирён изини.

Каккулар ҳам нолон-у зада,
Ғамгин эди далалар, гуллар,
Беҳудага зорланмас тонгдан,
Саркаш қушлар, майна, булбуллар.

Мотамсаро тегирмончи чол,
Уйқу қочган, ой-ку ботмайди.
Тегирмон ҳам эскириб қолди,
Анча бўлди, буғдой тортмайди.

Тўрт томондан садо келади:
“Сен каптарим, кўкда юлдузим!
Деразамда очилиб турган,
Қизғалдоғим, эркатой қўзим.”

“Қайлардасан қайтгин, дилбандим,
Жудоликка малҳам қай таъриф!
“Отажоним, ўша каптарлар,
Учмас экан мени қайтариб!”

Мэри куйлар нозик арфада,
Жон мандалин чертади жўшиб.
“Тегирмончи ва унинг ўғли”
Тўғрисида бу ғамгин қўшиқ…

УЧ ОҒАЙНИ

Уч қувноқ ака-ука,
Учта деҳқон оғайни.
Аҳд қилишди дунё кезиб
Ўйнаб-кулиш чоғ айни.
Қидирмоқчи бу оламни,
Шошилмасдан-шошмасдан.
Ният қилиб саёҳатдан,
Қайтишни адашмасдан.
Аҳилликда ҳикмат кўпдир,
Ўзгача бунинг гашти.
Йўлнинг харжи тайин бўлгач,
Шартнома имзолашди.
Шўх йигитлар сафар пайти,
Чарчаб-толмаслик учун
Этикларин пошналари,
Тушиб қолмаслик учун
Лош-лушларин эринмасдан,
Сандиқчага жойлашди.
Остонадан ҳатламасдан,
Нон синдириб, чойлашди.
Холис ният эр йигитга,
Йўлчи юлдуз – маёқда.
Оғайнилар йўлга тушди,
Фақат яланг оёқда.
Илон изи, ёлғиз сўқмоқ,
Ёшлик завқи гупурар.
Яшил дала, пичанзордан,
Ялпиз ҳиди уфурар.
Яйраб-яшнаб, дала-даштда.
Сал-пал чарчаб ҳоришди.
Чегарадан ўтиб бўлгач,
Тампенда дам олишди.
Бир чақирим орадаги,
Йўл белгисин қолдириб.
Сўнгра Вихем, Вика бўйлаб,
Довонга йўл солдириб,
Овқатланди Вачетага,
Яқин қолган кенгликда.
Маҳобатли етти черков,
Турар эди дўнгликда.
Вачетадан тўппа-тўғри,
Ваяга етган маҳал.
Уччовини чарчоқ босиб,
Эснашарди галма-гал.
Улар ўнгга бурилганда,
Ўхшаб худди посбонга
Зар кокилли ой кўринди,
Ярим тунда осмонда.
Жаҳонгашта уч оғайни,
Тушида ҳам ўйнашар.
Чумолилар қурган минор,
Соат янглиғ бўйлашар.
Қанча қишлоқ, шаҳарларни,
Босиб, ортда қолдириб,
Чарчоқларга ўзларини,
Қўйишмади олдириб.
Қисқаси бу саёҳатдан,
Ёшлар кўнгли чоғ эди.
Рўпарадан денгиз чиқди,
Ортида-чи, тоғ эди…

* * *

Тўнғич Артур сўз бошлади:
– Толиқибман, толибман.
Айбим ўйинқароқлигим,
Анча чарчаб қолибман.
Талмовсираб ғўлдирайди
Ўртанчаси Реналда:
– Кечиринглар, сабаби мен,
Сузишни билмайманда.
Кенжа ўғлон таваккалчи,
Шўхлигини қўймайди.
Оппоқ, нозик қўлларида,
Сувни сочиб ўйнайди.
Зимдан боқиб лол қоласиз,
Келбатига, тарзига.
Кенжа ботир мақомини
Унга берса арзигай.
Тун қоронғи, денгиз сокин,
Юлдуз сувнинг аксида
Сув парийлар қуршовида,
Ўйнар улар рақсига.
Сирли оҳанг Бертранни,
Ўз бағрига чорлайди.
Адоғи йўқ денгиз узра,
Чўлпон юлдуз порлайди.
Тонг ҳам отди, сув сатҳида.
Қуёш нури балқийди.
Бертраннинг шляпаси,
Чаппар уриб қалқийди.
Артур, Реналд укасини,
Йўқлашиб бўлди халак.
Бандаргоҳда шамол изғир,
Бертрандан йўқ дарак.
Акалари оҳ-воҳ қилиб,
Қирғоқ бўйлаб бақирар:
– Қаёқларда юрибсан, – деб
Кенжатойни чақирар.
Бешик-бешик тўлқин қалқиб,
Пинагини бузмайди.
Балиқчи қуш – чағалайлар
Ўлжадан кўз узмайди.
Аламзада Артур, Реналд,
Сувга яқин келишиб
Бертранга ғойибона,
Ўксиб, салом беришиб:
– Бизлар сендан бехабармиз,
Укам ҳозир қайдасан?
Балки денгиз остидаги,
Сирли гўзал жойдасан.
Сайр қилиб юргандирсан,
Энг чиройли шаҳарда
Жаҳонни кез, томоша қил,
Имкон топсанг агарда.
Жигарбандмиз. Нақл борким:
– Қараб юргин кўзингга…
Шартномада белгиланган
Олтин ёмби ўзингга…
“Ямоқдир ёқа енгга”.
Шартномада белгиланган,
Олтин ёмби совға сенга…
Укажоним! Ўз йўлингдан,
Адашмагин, оғмагин.
Бу оламни кезиб чиқиб,
Бир-бирига боғлагин…

Рус тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси

БАҲОР

Бойчечаклар очилди,
Сўнг лолага етди гал.
Оқ либос кийди наргис,
Заъфарон гули зарҳал.

Боғлар гулга бурканди,
Дала-қирда гул атри.
Ҳар томон яшил, алвон,
Келмоқда баҳор фасли!

Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаcи