Перси Биши Шелли (1792-1822)

Перси Биши Шелли (Percy Bysshe Shelley; 1792.4.8, Фильд-Плейс, Суссекс графлиги — 1822.8.7, Специя қўлтиғи, Италия; Римда дафн қилинган) — инглиз шоири.

Оксфорд университетида ўқиган (1810), «Атеизмнинг зарурияти» (1811) рисоласи учун университетдан ҳайдалган. Француз маърифатпарварлари таъсирида «Агасфер» (1809) достони, «Маргарет Николсондан қолган парчалар», «Виктор ва Казиранинг асл шеърияти» шеърий тўпламлари, «Застроцци» (1810) ва «Сент-Ирвин» (1811) романларини ёзган. Дублинга бориб, ирланд халқининг мустақиллик учун олиб борган курашида иштирок этган. Сўнгра Англияга қайтиб, «Қиролича Маб» (1813) фалсафий достонини яратган. 1818 йил Италияга кўчиб борган ва орадан 4 йил ўтгач, тўлқин пайтида денгизга чўкиб ўлган.

Шеллининг адабий меросида эпик достон ва драмалар катта ўринни эгаллайди. Аммо у инглиз адабиёти тараққиётига аввало лирик шоир сифатида катта ҳисса қўшган. Шеллининг шеърлари ҳис-туйғунинг кучли ва самимийлиги, истиора ва сифатлашларнинг ёрқинлиги, мусиқийлиги, ритмнинг янги ва ранг-баранглиги, ички қофиялар ва товуш товланишларига бойлиги билан ажралади. Ҳаёт, севги ва озодлик кучларининг енгилмаслиги Шеллининг «Мағрибдан эсган шамолга қасида», муҳаббатнинг зулм ва ўлим устидан тантанаси эса «Ислом исёни» (1818) ва «Эпипсидихион» (1821) сингари достонларида ўз ифодасини топган.

Шелли Италияда яшаган пайтида роман жанрига мурожаат этиб, қадимий юнон мифи ва Эсхилнинг «Кишанланган Прометей» драмаси асосида «Озод этилган Прометей» (1819) мажозий «лирик драма»сини, ўрта асрлар итальян хроникаси сюжети асосида эса «Ченчи» (1819) трагедиясини яратади. Шеллининг сўнгги йилларда ёзган йирик асарлари орасида «Розалинда ва Елена» (1818), «Адонаис», «Эллада» (1821) достонлари, шунингдек, «Шоҳ Эдип ёхуд Йўғоноёқ шоҳ» (1820) ҳажвий драмаси эътиборга сазовор.

Шелли вафотидан кейин «Учинчи Питер Белл» (1819) ҳажвий достони, мифологик мазмундаги «Атлас исмли сеҳргар» (1820), «Ҳаёт тантанаси» (1822) достонлари ҳамда «Карл 1» (1822) тарихий трагедияси эълон қилинган. Сўнгги 2 асар тугалланмай қолган. Шеллининг «Шеъриятни ёқлаб» (1822) эстетик рисоласи ҳам бор.

Айрим шеърлари ўзбек тилига таржима этилган.

ИРЛАНДИЯ

Ирландия! Баҳоринг келур,
Яшил ҳуснинг маҳлиё қилур.
Далаларда шовуллар жавдар,
Денгизнинг соф ели уфурар.

Сен бир дарахт денгиз бўйида!
Сен тинчликсан, бахтсан ҳар уйда.
Сен ажойиб мевалар бердинг…
Лек ҳусндан, бахтдан айрилдинг.
Мевангни ёв узиб йўқотди,
Илдизингни курак қўпорди.

АНГЛИЯНИНГ МАРДЛАРИГА

Инглизлар, не учун сиз
Кишанлар-ла дўстлашдингиз?
Нечун дилгир уста, деҳқон
Хожалар-чи, хуш ва хандон?

Нечун сизлар киборларни
Ипакларга ўраб барин.
Сўрдирасиз қонингизни,
Бериб қанду болингизни?

Қўли қадоқ инглизлар,
Хўжайинлар ҳийла излар.
Сизга меҳнат, ўзга роҳат
Олганларга нечун хизмат?

Қани сизда роҳат ила
Тинчлик, севги ва оила.
Меҳнат билан келган ўша
Нону тузу иссиқ гўша?

Ким экмаса ўша қувнар,
Изламаган эга бўлар;
Ким қилични ўтда тоблаб,
Ўқталолмас ёвга қараб.

Буғдой ўринг ўзингизга,
Мато тўқинг ўзингизга.
Болға билан қурол ясанг,
Ўзингизни ёвдан асранг.

Кошоналар қуриб юртга
Яшайсизлар ертўлада.
Юзлаб кўзлар сизга боқиб,
Куладилар қошлар қоқиб.

Гўрков зоти ковлар гўрлар,
Тобут ясар дурадгорлар.
Кафан бичар чевар там-там
Сенга менинг Британиям.

БУЛУТ

I

Мен тоза намликни баҳор чоғида
Гулларга сочаман денгиз ёнида.
Салқинлик бераман дала, подага
Жазирама ёзнинг кунида.
Қанотим керганча шудринг бўламан,
Мана кўринг кўчатлар унди.
Нам бўлиб далага ёғаман аста,
Айланган Ер менга кўринди.
Мен дўл бўлиб ёғиб турган чоқ
Оқаради барг билан бошоқ.
Илиқ ёмғир бўлиб ёғсам гар,
Кулгум эрур момақалдироқ.

II

Қорларга буркайман тоғу тошларни,
Дарахтлар қоларлар зулумот аро.
Бўронлар ичида оқ тўшакдайин
Ёввойи қоялар бўларлар бурро.
Миноралар узра, қалъалар узра
Яшин яшнаб туришга тайёр.
Момақалдироқлар занжирбанд мисол
Гулдирай деб туради зор-зор.
Тоғларнинг ортидан оташ нигоҳ-ла
Қирмизи қанотли, қон рангида тонг
Зулумотни ҳайдаб, қуёшни чорлаб
Олис сувлар узра урмоқдалар бонг.
Сувлар ухлар бўлса, осуда уфқ
Дунёга таратса севги ва сурур,
Агарда пуштиранг оқшом ярқироқ
Ҳолатда қирғоққа сочар экан нур.
Мен осмон — уйимда ётаман мудраб,
Кўрганлар дейдилар бу кабутардир.

IV

Устимда қалқир ой гўзал қиз янглиғ,
Буюк бир сукутда юзи ярқироқ.
Ипакдай танамга сепар нурларин,
Шамолда тўзғиган подамдир оппоқ.
Подам қадамлари билинмас, майли,
Шамол тўзғитади юпқа чайламни.
Бир зумда юлдузлар тўзғийди ҳар ён,
Бақрайиб шамол ҳам билмайди ғамни.
Кулганча боқаман гувиллаб ёнган
Оловли болари ошёнларига.
Очаман буғ билан тикланган уйим,
Ўйнаган шамоллар ошноларига.
Шунда менга дарё, кўллар чуқури
Кўринар акс этиб осмонларимда.

V

Ой юзин тилларанг либосга ўраб,
Ол рангга ўрайман қуёш тахтини.
Юлдузлар ўчарлар, ўчар вулқонлар,
Бўронлар учирса уфқ тафтини.
Қуёшни тўсаман, денгиз устига
Бепоён соямни ташлаб қўяман.
Тоғларга соямни ташлаб ётаман,
Мўъжиза сингари соя ёяман.
Ухлаган ярқироқ минора бўйлаб
Учаман баайни момақалдироқ.
Жанговар аробам дўнгалагига
Бойлабон ерга ёт кучларни шундоқ.
Минора ярқирар, ёниб қалтирар,
Тантана қилади дунё шўх, қувноқ.

VI

Мен пайдо бўламан уммон, тоғлардан,
Ер ва сув бахш этар мен учун ҳаёт.
Умрбод тусимни ўзгартираман.
Лекин ҳеч ўлмайман, ҳеч бир умрбод.
Бўрондан сўнг кўкда қуёш турганда
Кўк юзи топ-тоза, тип-тиниқ бўлса.
Осмонда шамоллар ва нур ҳукмрон
Бўлганда кўк гумбаз ёп-ёруғ бўлса.
Куламан ёмғирдан кечиб ўша он,
Арвоҳдай қабрдан чиқаман тезроқ.
Туғилган гўдакдай дунёга келиб,
Даҳмамни йўқотиб ташлайман бироқ.

ҲИНД ҚЎШИҒИ

I

Тушларимда кўраман сени,
Уйғонаман уйқудан, э воҳ.
Бир маромда яшаган кеча
Юлдузлар-ла чароғон, огоҳ.
Сен ҳақингда ўйлаб тураман,
Хаёлларга бўламан асир.
Тушдагидай деразанг томон
Талпинаман ғоят бесабр.

II

Овозларинг акс-садолари
Сузиб юрар дарё юзида;
Ўт-ўланлар ифори рўё,
Хаёл бўлиб туюлар жуда.
Хониш қилар тинмагур булбул,
Ўнгимас бу, туш кўрар гўё.
Минг азобда тўлғониб аста,
Кўз ўнгингда бўламан пайдо.

III

Кўтариб ол мени майсадан,
Мен оловли жасад ва соя.
Менинг совуқ лабларимга бос
Лабларингни билмай ниҳоя.
Мен ўликдай совуқман бу дам,
Бағрингга бос мени, гўзалим!
Айирмоққа қўйгин ниҳоя,
Бу — сенга энг эзгу сўзларим.

ЁЗ ВА ҚИШ

I

Кўзлар қамашади жавзо чарақлаб,
Шамоллар сувларни қўзғотмас, ажаб.
Уфқда жилвагар тоғлар тўдаси,
Устида кумушранг булут подаси.
Бош узра ярқирар осмон мусаффо,
Абадий тубсиз у зангори ҳаво.
Қувонар ўрмонлар, дарё, далалар,
Дарахтзор қўйнида толлар жилвагар.
Жимликда шилдирар аста ва базўр
Эманлар япроғи бахш этиб ҳузур.

II

Шундай қиш эдики, дарахт шохидан
Чумчуқлар қуларди шахдам ва шахдам.
Палахса музларнинг остида тутқин,
Балиқлар дарёлар тубида ҳорғин.
Балчиқлар ҳали ҳам қотмай, музламай
Кўлларнинг тубида ётар миқ этмай,
Ловиллаб, ловиллаб печка ичида
Аланга чарх урар шундай кечада.
Ташқари совуқки, тараклар аёз,
Камбағал юпунга бўлмагайдир соз.

СЎЛИГАН НАСТАРИНГА

I

Ошуфтаҳол нозик лабларинг,
Севдим деган нигоҳларинг ҳам
Эслатдилар сўлғин настарин
Новдаларин менга ушбу дам.

II

Сен жонсиздай бўлиб баногоҳ,
Бош қўйганда кўксимга бир бор.
Муҳаббатим туюлиб йироқ,
Тушдагидай кўринди ночор.

III

Сўлғинликни тўхтатиб бўлмас,
Ачинишу сўзларим билан.
Ушбу сўлғин новда новдамас,
Ҳамоҳангдир тақдирим билан.

Рус тилидан Азиз Абдураззоқ таржимаси.

ҚАЙҒУ

О, дунё! О, ҳаёт! О, бу шошқин вақт!
Қўлларингда эриб бораман мискин…
Қаерда яшашдан тўхтаб қолгандим,
Энди қачон қайтгай шонли қисматим?
Ҳеч қачон, о, энди ҳеч қачон!

Кунларим қорадир, тунларим қора,
Шодликларим абас, қолмади юпанч.
Ёзми ё, қишми ё, ё яшил баҳор
Бергаймикан дардли дилимга қувонч –
Ҳеч қачон, о, энди ҳеч қачон!

“КУЙ ТУҒИЛГАЙ…”

Куй туғилгай яна бир куй ўчганда,
Куй кўнгилга солар титроқ, ҳаяжон.
Хушбўй гунафшалар гуллаган палла –
Мусиқага шайдо бўламиз шу он.

Ғунчаси очилгай атиргул сўлса,
Оҳангларга тўлар ошиқ уйқуси.
Қачонки гул сўлса, қачон куй тинса –
Муҳаббат ҳам мангу ором олгуси.

ОЙ

1

Замин ўлаётган жувондай ҳолсиз,
Докачиммат ёпиб, олға интилар.
Эсанкираб кезар, довдираб ёлғиз
Онги каби нурсиз хонаси қолар.
Оппоқ, шаклсиз ва ожиз қиёфа –
Қорамтир фазода ой кўтарилар.

2

Ҳорғин бир суратда сузасан танҳо,
Кўк оша термилиб замин бағрига.
Ҳамроҳсиз, йўлдошсиз бездингмикан ё
Миллионлаб юлдузлар ичра ҳам якка.
Сира ўзгармассан дардли нигоҳдай,
Ҳолбуки, самонинг ҳусни сенсан, Ой!

ҲИНД СЕРЕНАДАСИ

Сенинг хаёлингда кўзим очаман,
Оқшомнинг илк ширин уйқусиданоқ.
Шамоллар эсади беозор, майин,
Юлдузлар ёнади янада чақноқ.
Сенинг хаёлингда кўзим очаман,
Руҳим товонимда, тилим безабон.
Ким етаклар мени кошонанг томон?
Деразанг остига, эй, моҳитабон!

Елвизак еллардан уйқуси ўчар –
Тунда ором олиб ётган денгизнинг
Димоғимга гулоб иси урилар,
Ширин хаёлидай сендайин қизнинг.
Булбул хониш этар, йўқ, нола этар,
Жон бергуси келар юрагингда тинч.
Қанийди, ўзим ҳам ўша булбулдай
Куйласам деразанг остида ҳар кеч.

О, кўтар бағримни шу майсазордан!
Йиқилдим! Ҳушимдан кетдим! О, ўлдим!
Қанийди, лабларинг теккан ёмғирлар
Томсайди лабимга, юзимга сим-сим.
Ёноқларим музлаб боради, э воҳ!
Юрагим потирлар чиққудек қиндан.
О, қалбим сўроқлар номингни ҳар чоғ,
Қалбим жон бергуси ўпиб пойингдан!

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси

 ЎТГАН ЙИЛНИ ЙЎҚЛОВ

Раҳмим келар, етим лаҳзалар,
Йиғланг, ўтди эски йил, ахир.
Шовқин солар лекин лаҳзалар
Жавоб бериб: у ухлаётир,
Ва тушида куляпти бу дам,
Ғаму алам, дафн устидан!

Қўпол, ернинг ўзидай қўпол,
Тобут титраб-титраб чайқалар,
Совуқ қиш қўрс энага мисол
Эски йилга айтар аллалар.
О, лаҳзалар! Кўкка йиғлангиз,
Бўзланг, тобут ичра отангиз!

Новдаларга боғлиқ беланчак
Тебранади вақт гирдибод.
Шундай аёз кунда елвизак
Алла айтар у йилга, ҳайҳот.
Эй, қайғули дамлар! Муҳаббат
Уни сизга қайтарур фақат!

Гўрковлардай турар шу маҳал,
Дўнг устида қаҳратон Январ,
Оппоқ кафан келтирар Феврал,
Март йиғлайди, оҳ-фиғон чекар,
Апрел кўз ёш тўкар-у, аммо,
Май гул тутар сизга бир дунё!

 ХАЙРЛИ КЕЧ

“Хайрли кеч?” Наҳот шундай
Йўқ, қолгайсан тонг қадар.
Фариштам, энди нетай
Айрилиқ они етар.

Хайрли кеч? Рост сўзим
Йўқ тоқатим фироққа.
Хайрли – ёлғон дедим,
Тунни айтсам бу чоқда.

Олов ёнса қалбларда
Туну тонг ошно, албат.
“Хайрли тун!” демакка
Тиламоққа йўқ фурсат.

* * *

…га

Кўзимга боқ – олма нигоҳларингни,
Хумор кўзларимдан севгини ўқи.
Унда оловланар, ўртаб бағримни –
Ғолиб қарашларинг шуъласи, чўғи.

О, сўзла, овозинг – орзум нафаси,
Қалбим олқишлаган акс садодир.
Нигоҳимда аксинг кўргайсан, пари
Аслида сўзларинг эрмак, хатодир.

Наздимда севарсан сен мени гўё,
Эшитмоғим гумон эътирофингни.
Шунчалар яқинсан, кундузга – тун ё
Қувғин олдидаги ватаним каби.

 СЕВГИ ФАЛСАФАСИ

Дарёларга қуйилар ирмоқ,
Водийларга чопар дарёлар.
Еллар куйлар абадий, муштоқ
Эркаланиб, меҳргиёлар.
Борлиқ якдил чархи фалакдир
Илоҳий эркинлик измида.
Бир-бирига боғланган ахир,
Нечун бизга айрилиқ бунда?

Осмон ўпар тоғларни бу чоқ,
Қучоқ очар ажиб тўлқинлар.
Рад этилса – насиби фироқ
Мағрур гуллар қошида кимлар.
Ой ёғдуси мавжланар такрор
Эркаланар яқин-йироқда.
Айтгин, асли бари не даркор,
Сен билан мен бўлсак фироқда?

ҚЎШИҚ

Ҳасрат қилар қушча севгисин,
Бўм-бўш ўрмон ҳамда у ёлғиз.
Новдаларин тунар изғирин,
Жилғаларин қоплаб борар муз.

Далаларда майса қовжироқ
Яланғочдир ўрмоннинг қаъри.
Сукунатни аллалар тинмай
Тегирмоннинг титроқ тошлари…

БЕҚАРОРЛИК

Ойнинг теграсида мисли булут биз,
Тун аро учармиз ҳуркак, товланиб.
Зулмат қуюқлашса, сингиб, унутмиз –
Биз изсиз мангуга бўлармиз ғойиб.

Бизлар ўзга-ўзга созлар оҳанги
Оҳангимиз турли турфа елларда.
Такрор бўлмас нозик торлар жаранги
Ўтган лаҳзалардай, чертсанг агарда.

Оромимиз – тушдан безовта мудраш,
Уйғонармиз – майда ўйдан кун зада.
Шодлик, йиғи, умид, кулгу ва инграш
Ўзгармас не бордир.
Холислар қайда –

Мангу ўзгаришдан. Йўл очиқ унга,
Собитмас аламлар ҳамда шодликлар.
Кеча қайтарилмас эртага бунда
Барқарордир фақат беқарорликлар.

СТАНСЛАР

Кетгил! Туннинг қуюқ маконларига,
Бўзарган ой базўр ялт этар бир зум.
Оқшомнинг бесабр туманларига
Чўкар сўнгги нурнинг шуълалари жим.

Ҳадемай яримтун шамоли келар,
Ўрмону водийга таралар саси.
Қора кафан билан ўрар-у, елар
Қораяр беҳудуд осмон гумбази.

Дўстингни тўхтатма бенаф, бефойда,
Туннинг шивирлаши аён-ку: “Кетгил!”
Айрилиқ онлари бўзла оҳиста.
Кўз ёшнинг вақти бор, шошилма. Кутгил.

Неки ўлди, қайта тирилмайди у,
Ўтган ўтди, ортга қайтармас оҳлар;
Ҳаттоки севги ҳам ёндирмас, ёҳу,
Лоқайд ва мудраган бўлса нигоҳлар.

Ёлғизлик кимсасиз маконинг сари
Содиқ биродардай ташриф этаркан,
Сенинг беҳаловат кулбангнинг бағри
Бедаво ҳасратга тўлар дафъатан.

Ва туманнинг енгил кўланкалари
Парвоз қилар экан гоҳи ярим тун,
Устингда йиғлайди парвона каби,
Мисли овунтирар хомхаёл ўйин.

Муқаррардир, кузги заҳил япроқлар
Қорайган дарахтдан бешак айрилар;
Муқаррардир, кўклам чоғи чошгоҳлар
Алвон гуллар бўйи ҳар ён таралар.

Ўтиб борар экан бари изма-из –
Дамлар, кунлар, ҳафта, ойлар ва йиллар;
Ҳамманинг ҳам фоний дунёда, шаксиз
Тайин, ўз вақтида навбати етар.

Кўчиб борар экан қора булутлар,
Ором олар бўрон қанотларида;
Шивир-шивир қилар – шамол тин олар,
Ой тўлар чароғон осмон қаърида.

Бўронли баджаҳл кўҳна денгизда
Босолгайдир шовқин дардли азобин;
Ҳасрату азоблар курашган кезда
Тополгайдир балки, у ўз оромин.

Сен бешак қабрда олгайсан ором,
Келмабдими демак сўнгги кун ҳамон,
Сен учун йўл шудир – кулба ила боғ –
Ҳам субҳидам маҳал ҳамда намозшом.

Тикламас токи экан бош узра
Қабрни, мисоли бир тупроқ қалъа.
Сенга қадрлидир бола нигоҳи,
Дўст кулгуси, яна қадрдон дала.

САМОВИЙ ДАРБАДАРЛАР

Зарқанот юлдуз, қаён,
Наҳотки сен ҳеч қачон,
Топа билмассан макон,
Парвозинг ҳанузгача?

Ой, ёлборгин узлатда,
Кулбасиз зиёратда,
Йўлларинг саёҳатда,
Маҳзунсан ҳанузгача?

Шамол, изла тўзонда,
Жой йўқми ер-осмонда,
Ё туйнукда, ё шохда
Ё денгизда гирдобда…

ЭРТАГА

Қайлардасан, эртанинг субҳи?
Қалтироқ чол ва жўшқин ўсмир,
Ғам-у шодлик лиммо-лим қалби,
Лутфу карамингга мунтазир.
Ҳар сафар – мисоли соя-тун,
Сени қарши олади бугун.

Рус тилидан Ҳумоюн Акбар таржималари