Кристина Россетти (1830-1894)

Кристина Россетти (Christina Georgina Rossetti; 5 декабрь 1830 — 29 декабрь 1894) — инглиз шоираси, рассом ва шоир Данте Габриэл Россеттининг синглиси. Болалигидан то умрининг охиригача қўлидан қаламини туширмаган, суврати ҳам, сийрати ҳам гўзал бу бетакрор шоира инглиз шеъриятида ўзига хос ўрин катта эгаллайди. Унинг илк шеърий тўплами севикли бобоси томонидан нашр этилади. Шоиралик қисмати Кристина Россеттига отаси — Лондонда яшаб ўтган италиялик муҳожир, итальян тили ва адабиёти ўқитувчиси Габриэл Россетти қонидан ўтган. Бундан ташқари, акаси Данте Габриеэл Россетти ҳам ўз даврининг машҳур рассоми саналган. Айниқса, шоира синглисининг портрети ва унинг барча китобларига ишлаган сувратлари бугунги кунда ҳам кишини ҳайратга солади. Мана шундай ижодий муҳит Кристина Россети ижодини юксакка кўтарди. Чуқур лиризм, драматизм, воқелик ва фалсафийлик билан  суғорилган бу шеърият орадан 175 йил ўтиб ҳам унинг номи ва ижоди муҳаббат билан тилга олинаётган экан, бунинг баҳосини адиба ва адабиётшунос Вирджиния Вулф сўзларидан англаб олиш қийин эмас: «Россетти шеърияти шунинг учун ҳам қадрлики, у уйғотган туйғу ва ҳаяжон биз билан бирга яшайди, бизни бойитади. Чунки улар бизга қадрдон туйғулардир».

МЕНИ ЭСЛА

Ўтинаман, мени эслагил…
Яқинлашар ҳижрон дамлари —
Қўлларимни қўйиб юборгил,
Сенга азоб бермас ғамларим
Олиб кетсам, бағри қон, вайрон
Қолсанг ҳамки, эсла, қадрдон!

Мени эсла, эсла, азизим,
На бир андуҳ, на қайғу — ҳасрат
Ўйларингга солмасин соя,
Шу ўйларда яшайин  фақат.

Билиб — билмай мени унутсанг,
Ўзингни ҳеч азобга солма.
Бу — дунёнинг охири эмас,
Аламингни кўз ёшдан олма…
Барчасини унут, кўзинг юм,
Табассум қил, жоним, табассум…

ОЙНИНГ БИР БЎЛАГИ

Ойнинг бир бўлаги… Тебранар борлиқ!
Яримлашар ёхуд ерга тортар ой?
Ойнинг бир бўлагисевинч ёшлари,
Тоғлари виқорли, бахт очмиш чирой.

Ҳаётда ҳам шундайярмиси хато,
Бир бўлагижавоб, ярмисисавол.
Бахт ҳам тўлишади бир куни ойдай,
Қайғулар эрийди, эрийди хушҳол.

ЁЗНИНГ ОХИРИ

Табиат гултожиатиргулим, айт,
Қайда ранг, қайда кўрк, қайда ул туйғу?!
Ким билсин, эҳтимол, ёзимизни ҳам
Кутмоқдами шу йўл, шундайин қайғу?

ТУБСИЗЛИК НИМАДИР?

Ниманинг туби йўқ? — Қудуқлар, тоғлар.
Нима у — учар ўқ? — Рангин ёш чоғлар.
Нима у — ҳад билмас? — Сувлик, бахт сири.
Нима у —ҳеч ўлмас? — Шу қуёш нури.

АЙТМИШЛАРИМ

Заҳматим тугади… Улушим олдим.
Шамол турадими — турмас, барибир,
Фақат осмон билан дўст бўлиб қолдим, —
Далаларим бўшади, ахир.

Кунларим, тунларим қўшилиб оқди,
Яқинлашиб келар умри заволим.
Ким дўстим? Кимга мен ғанимдай боқдим?
Гуноҳларим кўпми, кўпми саволим?

Чалғини ташладим, ҳувиллар бағир —
Далаларим бўшади, ахир.

ГОБЛИНЛАР БОЗОРИ
(поэмадан парча)

Лаура беихтиёр
Қалқди ва қулоқ солди.
Опасила далага
Етгач, у ортда қолди.
Қўрқув, саросимада
Ортига ўгирилди.
Уни сеҳрлаётган
Гоблинларга тикилди.

Биримўйловдор мушук,
Бириин ковлар сичқон.
Бирикўрсичқон шумшук,
Тагида қалин ҳамён.
Биридаилон пўсти,
Биридаэшак тери.
Биридасичқон тиши,
Биридаотнинг думи.
Бирида — йўлбарс ёли ,
Бир — бирига кўз қисар,
Лаурага қичқирар:
— Сотиб ол! Ҳа, сотиб ол!
Сукунатда товушлар
Майинлашар, жаранглар:
— Лаура, шош, тезроқ кел,
Қара, қандай соз ранглар!

Сувда ойнинг ўроғи,
Нурлар ёйилди чоғи…
Галасидан айрилган
Мисоли дуркун оққуш.
Жилғаларга бош эгиб
Турган бутоқдек сархуш.
Эшкаги йўқ қайиқдай
Чайқалади, эгари
Урилмаган ёш бия,
Юрагида қўрқув бор,
У ғўр жангчи сингари.
Гоблинларни тинглади
Чўридай итоаткор.

Бозорчилар қалқиди,
Муродига етишди…
Бири олиб, бириси
Қизни мақтай кетишди!

Бир айлана бўлишиб,
Бир — бирга кўз қисишиб,
Идишдаги шарбатдан
Бир татиб кўр, дейишди.
Бири олмахон бўлиб
Тишда чақади ёнғоқ.
Бири лаган тўлдириб,
Узум келтирибди, боқ!
Бири тахтни ирғитган
Каби тўнкани отди.
Токнинг новдалари-ла
Гўё тожни  безатди.
Бошқуш қанотларига
Ўраниб олган гоблин
Қизнинг қулоқларига:
— Сотиб ол! — қуяр қизғин.
Сўнг иблислар галаси
Кўрсатишди зўр ўйин…
Лаура эса ҳамон
Жилолмас, юрмоқ қийин.
— Ёнимда бир мирим йўқ! —
Қиз айтди гўё айбдор. —
Ҳамёнимда на чақа,
На кумуш, на олтин бор.
Мен улар эвазига
Шовуллаб турган буғдой
Бўлиқ  бошоқларини
Маржондай териб келай!
— Хўш, тилла сочларинг-чи?
Гоблинлар ўқраяди.
Кокилингни сот, — дея
Бақадай бақраяди.

Титради, бош ирғади,
Сочи ёйилиб кетди.
Қайчи учларигача
Кўз ёши оқиб битди.
Сўнг боладай шошилиб,
Интилди-ку, шаробга.
Кокилларини қирқиб,
Сотиб олган азобга…
Ичган сари қониқмас,
У — сувдай тиниқ, рангсиз.
Кўринса-да, беозор,
У — гуноҳ, уфитнакор.
Қиз эса шу лаззатга
Жонни бермоққа тайёр!
Шароб дарёдай оқди —
Шайтонлар дил хушлашди.
Қиз ичидаги шароб —
Иблис билан тиллашди.
Сўнг ердан ёнғоқ олиб,
Чайқалганча йўл солиб,
Кетди, англамади у —
Кунмиди, тунмиди бу…

Ойгул Суюндиқова таржимаси