Эмили Бронте (1820-1848)

Эмили Бронте (Emily Jane Brontë) ўзининг “Баландликлар” романи билан инглиз адабиётида ўзига хос ўрин тутади. Шунингдек, шоиранинг “Меники эмасдир имонсиз юрак”, “Эътиқод”, “Маҳбус”, “Кўҳна матонат”, “Хотиралар қўшиғи”, “Сўзла, севгилим” ва бошқа кўплаб шеърлари то ҳозирги давргача миллионлаб шеърият ихлосмандлари томонидан ҳануз севиб ўқиб келинмоқда. Эмилининг “Эллиса” номли шеърлар тўплами адабиётшунослар томонидан юқори баҳоланган. Шунингдек, унинг “Момақалдироқлар довони” романи ҳам шуҳрат келтирган. Англияда бугун ҳам Эмили Бронтенинг шеъриятига бўлган эҳтиёж катта. “Хотира” , “Тутқун” ва бошқа шеърлари Блейк, Шелли, Байрон шеърлари каби жаҳон адабий давраларида эътибор билан тилга олинади.

УМИД ЎЛКАСИ

Умид, менинг ягона дўстим,
Қайлардасан?
Бергин-а овоз!
Қара, тақдир бунчалар золим,
Кулар, кулар…
У – масхарабоз!

Чақир экан ҳаёт сўқмоғи,
Қуруқ кунлар ўтар изма-из.
Умидсизлик тутар қийноғи –
Наҳот мендан ўгиргансан юз!

Шум рақибдай алдовга отиб,
Пинҳондирсан, хилватда жимсан.
Йиғлаётсам, кўз-ёшга ботиб –
Куладирсан…
Айт, ўзи кимсан?..

Умид,
душман бўлмагин асло,
Юракларим эзилган, куйган.
Қайғу ҳолим қилар томошо,
Ҳаётимга ғам ҳоким бўлган.

Умид, сенсан ёлғиз илинжим,
Ўзинг малҳам дардимга ҳар вақт.
Яна мени яшашим учун
Бир кун қайтиб келасанми, айт?

МУҲАББАТ ВА ДЎСТЛИК

Муҳаббат бу – энг чиройли гул,
Дўстлик эса қадрдон дарахт.
Суйганим шу қизил атиргул,
Суянганим бўлса сарбаланд.

Кўклам чоғи очилган гулим,
Ёзда бўлгай яна-да сўлим.
Лек қаҳратон чоғида мени
Ташлаб кетмайсанми, севгилим?

Кимдан топай жонимга қадр?
Юрагимга содиқ қай инсон?
Ҳаётимга кирар декабрь –
ва бошланар зарур имтиҳон.

МАНГУ ОРОМГА ҚАДАР…

Мен мангу оромга кетар чоғимда
Оҳким, на ҳаяжон ва на бир ғусса –
руҳим тўлдиролмас…
Учарман аста,
на ёмғир ва на қор ёғар бошимда…
Тақдир атамасин ҳеч бир инъомин,
Яшадим гоҳ бахтли, гоҳ бахтсиз бўлиб –
Кўзларим юмарман ҳузурга тўлиб,
Худо нари қилғай жаҳаннам домин!

Шундай тилак қилдим, ҳамон тиларман –
Умрим сўнггигача асрасин Оллоҳ!
Бу икки оламга сиғмаган бир руҳ
ва бир хаста дил-ла тун-кун учарман.
Ўлим ажратгайдир тандан бу жоним,
Валек мажруҳ дардим қолгай ичимда.
То сўнгги нафасим – ўлар чоғимда
Ўзимда қолгайдир шу пок имоним!

Мен мангу оромга кетар чоғимда
Оҳким, на табассум ва на томчи ёш –
энди ҳаётимга бўлмагай йўлдош…
Бари савдо тугар ғариб бошимда!..

МЕНИКИ ЭМАСДИР ИМОНСИЗ ЮРАК

Меники эмасдир имонсиз юрак,
Қорайган оламда яшамасман мен:
Кўрарман Худонинг жамолин порлоқ,
Ишқим мени Ҳаққа етказур тайин.

О, куюк кўксимга жо бўлган Раҳмон,
Парвардигор, сенсиз яшашим ҳаром.
Ҳаёт бу қўшқўллаб берилган эҳсон,
Ҳаётсиз бўлсам ҳам ошиқман тамом!

Минг-минглаб мажруҳ дил тўла ер юзи
Аранг айланадир коинот узра.
Бир ишқсиз ўтарлар ўшалар бари,
Васлингдан умид йўқ уларга зарра…

Гар қалбда туғилса бадният, шубҳа
Сендан узоқлашиб бўлгаймиз шаккок!
Ё, Тангрим, ишқингдан айирма сира –
Токим ҳузурингга борайлик оппоқ!

Бу икки оламга сиғмас дард ила
Руҳим истайверар гўзал жамолинг.
Шукрким, бизларни азиз этдинг-да
Яратдинг, ўстирдинг ва қисмат бердинг.

Гар ерда қолмаса бирор тирик жон
Ва Қуёш тўхтаса, Олам тўхтаса,
Сенинг ҳукминг ила жонланиб осмон,
Сўзингдан яралур яна ҳар майса.
Алқисса, Ўлимга йўқдир ҳеч муҳлат,
Ҳеч бир куч-да унга кела олмас бас.
Тангрим, сен абадий Улуғсан, албат,
Сенинг борлигинг бу – Ҳаёт ва Нафас!

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржималари

* * *

Садоқатли дўстинг – кўнгилга ишон,
Тақдир юзига ҳеч кўз ёш-ла боқма.
Қайларда бўлмайин, сен-ла қолурман,
Менинг дилафшоним, қалбингни ёқма.

Фақат шу жойдами, айтгил ноҳақлик,
Ё ёлғон ваъдалар учраб тураркан.
Ардоқлаб, асраган қалбинг бир пулча
Қадр тополмаса, алам қиларкан.

Наҳот мен ўзимга қилдим хиёнат,
Наҳот мен шунчалар бепарво бўлдим.
Осмони фалакда гўё беватан,
Ўзимни унутиб, тириклай кўмдим.

Аммо бир тоғлиқ-чун бедазор, яйлов,
Беҳиштдек жойлардан афзал кўради.
Қадрдон даласин кўклам чоғлари,
Бир қарич қолдирмай, меҳрин беради.

Мен учун бегона бундаги гуллар,
Мен учун бегона ўзга гўзаллик.
Ўзга нигоҳлар ҳам худди олисдан,
Шунчаки мўлтираб боқиб тургандек.

Аммо бир нурафшон қалбимнинг нури,
Қадимдан қизғониб, асраётганим –
Бу сенинг ёдингдир, ҳатто ҳар гарди
Қалбимни нурафшон айлаётганим.

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаcи