Тавфиқ Исмоил (1935)

Тавфиқ Исмоил (Taufiq Ismail) – индонезиялик шоир, публицист. Букиттинг шаҳрида ўқитувчи оиласида туғилган. Индонезия университетининг ветеринария факультетини тамомлаган. “Уқубат” (1966), “Сукунат” (1970), “Жўхоризор шеърлари” (1973), “Мени Индонезияга қайтаринг” (1976), “1998 йил майида туғилган бола” (1998) тўпламлари муаллифи.

РАҲМАТ, КАТТАКОН РАҲМАТ!

“Катта раҳмат, жудаям катта,
Каттакон
Раҳмат,
Жаноб бупати,
Қишлоқларга берган
Сахий ёрдамингиз учун”.

Шундай мажлис бўлаётган
Клуб деразаси тагидан ўтаётиб,
Олтинчи синф ўқувчиси
Айтди:
“Буппатига берган Аллоҳга
Айтадиган раҳматларинг қолдими…”

МУНОЖОТ

Раббим,
Бу бизнинг гуноҳимиз, айбдормиз,
Йиллар мобайнида
Сенгамас, ердаги сорбонларимизга
сиғиндик,

Иккиюзламачилик қилдик,
Қалбимизни чуқурга яширдик,
Кўмдик.

Бизни кечир,
Кечир.
Омин.

Раббим,
Йиллар бўйи
Сенинг исмингни
Шунчаки
Тилга олдик, холос.

Яна биз уйингга қайтяпмиз,
Бизни қабул айла,
Бағрингга ол.

Бизни кечир,
Кечир.
Омин.

СУМБА

1970 йил Ўзбекистонда бўлганимда, Маликчўлда бепоён қум саҳросини кўриб, юртим Индонезиядаги Сумба оролини эсладим.

Сумбани соғиндим – чўллар хадсиз, бепоён,
Қуёш тинмай олов пуркар, ўқлар отадир.
Сумбани соғиндим – кезар ғамзада чўпон
Кезади саҳрода эзғин, шонсиз, беқадр.

Майсазор ўтловлар, тулпор, сомон қалпоқлар,
Чўпоннинг сўкиши, хивич, хас-хашак, пода…
Қирғоққа кел, уфқда денгиз – офтоб чарақлар,
У ёқдан эсади тинмай иссиқ шаббода.

Сигир, буқаларнинг тунги ноласин тинглай,
Гитарамни бер, бергин менга отлар чопган ер.
Минг йиллаб қуриган саҳро ҳавосини ҳам,
Сумба деб аталган макон, майдонимни бер.

Сумбани соғиндим – жуда қадим тоғлардан
Воҳага тушаётган тулпор – моҳтобимни ҳам,
Соғиндим жигарранг, куйиб кетган самодан
Олов пуркаб уфққа ботган офтобимни ҳам.

Сумбани соғиндим, мени тушунинг, ахир,
Чексиз далаларни, офтоб оташини ҳам.
Сумбани соғиндим – қадим тоғлардан эниб,
Чўққилар тагида отлар ётишини ҳам…

Соғиндим.
1970

Карим Баҳриев таржимаси