Тирумалеш (1940)

К. В. Тирумалеш (1940 йили туғилган) – ҳинд шоири. Ҳайдарободдаги Чет тиллари институтида дарс беради.
Бир неча шеърий китоблар муаллифи. Ҳиндистондаги Каннада тилида шеърлар ёзади.

ТЎҒЛОҚ

Тун эди. Бир бутун Деҳлининг
Жимликка кўмилган ҳар ёғи.
Бўш уйларнинг очиқ эшиги.
Ишониш қийиндир, бир кун илгари
Бу шаҳарга тўлиб яшаган
Узилмиш одамлар оёғи.

Улар кетиб боришар ёлғиз,
Икки киши – Шоҳ ва бир Сайёҳ.
Йўл устида кўринмас ҳеч из.
Ҳатто итлар ҳурмайди қасддан.
Ибн Батута сўрайди аста:
«Маъниси не буларнинг, эй шоҳ?»

Шоҳ жилмайиб беради жавоб:
«Бу тарихда юз бергай баъзан,
Сен яхшиси завқлан жимликдан!
Бир кун яна шу кўчаларга
Тўлар одам, шовқин ва шитоб.
Имкон бўлса, етсайди кучим,
Бўшатардим ҳатто денгизни –
Тубида сайр этмоқлик учун.»

Сўнг ибн Батута узлатда
Аллоҳга юзланиб айтади:
«Жимликка кўмилган хилқатда
Сўзлар туғилсайди дафъатан,
Гулханлар ёнсайди қайтадан.
Золимни этмагин ҳеч огоҳ,
Уммонлар сиридан эй Аллоҳ!»

Аъзам Обидов таржимаси