Хута Гагуа (1935)

1935 йилда таваллуд топган нозиктаъб шоирнинг “Сукунат” (1969), “Лаҳза” (1977), “Шаффоф қанот — лар”(1980), “Юлдузлар уяси”(1981), “Ташналик” (1985) каби китоблари уни машҳурлик чўққисига олиб чиқди.
Гуржистон ўз номи, тарихи, адабиёти, маданияти билан халқи, табиатига монанд бетакрор ва қадимий ўлка. Хусусан, шеъриятининг қудратли овози Гуржистон тоғлари каби виқорли, дарёларидай жўшқин, ҳавосидай тиниқ. Бу ажойиб диёрнинг Шота Руставелидек улуғ шоирлари тутган қаламни эъзозлаб келаётган назм аҳли ичида Хута Гагуанинг ўз ўрни бор. Бу шеърият—туйғулардан туғилган олам. Шоир юрагидаги ўтли кечинмалар, изтироб ва ишқ, Ватан туйғуси ва табиат ҳайратлари—бари — бариси теран лиризм ва чуқур ҳаётий фалсафийлик билан йўғрилган.


ОҲУ

Бу бегона шаҳар ва бу зулматдан
Бошқаси хотирга келмади, жоним.
Фақат иккимизга аён ҳасратдан
Ўзгасини  кўзга илмадим, жоним.

Ўртаниб йиғладинг. Соялар сархуш
Эрир бир шам каби чеҳрангни тилиб.
Шундайин йиғлашар оҳулар беҳуш
Яшил майсаларда қонга бўялиб.

Бу қайдан билибман, бу шаҳар, жоним,
Иккимиз учун ҳам бегоналигин?
Сен ютган азоблар, изтироб қони,
Аччиқ кўз ёшларнинг девоналигин?

Дедимки: “Азизам, югур! Тонготар
Момоқалдироқ ҳам, чақмоқ ҳам тинчир.
қани, бўл… Кетсанг — чи… “Олдда тоғ қадар
Тўсиқ чиққан каби силжимадинг бир.

Шунда ёмон кўриб кетдим бу шаҳар,
Бу ёмғир, бу шамол, бу кўчаларни.
Бу ҳаво, бу оқшом совуқ… То сахар
Ухламай уйғотдим тунд кечаларни.

Сен елиб борардинг олис — олисга,
Қадрдон водийлар яна кўз очди.
Чакалакзор ичра кўринмай кўзга
Сувларга чўкдингмиўқлардан қочдинг…

Ортингдан қувлашар заранг дарахтлар:
“Қаранг, оҳу, оҳу! Уни ушла, тут!”
Мен эса борардим юракда кадар,
Бу ёт кўчаларда бу дунё унут.

Кўприк остидаги дарё тўлғонди,
Тутун кўк тоқига ўрлади ёмон.
Бирдан ойдинлашдиҳамма уйғонди,
Вокзал бўлиб чиқди мен кўрган ўрмон.

***

Юрагимда ажиб, муқаддас туйғу,
Биринчи қор каби тиниқ, безавол —
Юксакликка қадар
Юксакка чорлар
Ул лаҳза, лаҳзаки, ҳаттоки мен лол.

Бундайин табассум, бундайин нурдан
Музтоғлар эрийди, юмшайди ҳаво.

Ҳали ҳеч ким билмас —
Ҳеч завол билмас
Туйғу кимга насиб этар, эй, дунё!

Шул мовий кўзларнинг кўлига чўмдим,
Ҳаяжон эркалар, ишқ акс — садоси.
Бағрингда туғилар,
Нур боланг бўлар —
Кўзларингга боқар ҳайрат пешвоси.

МЕН ТУЙFУМАН!

Тонг ёришиб келмоқда аста,
Оёқ илди сирли ёруғлик.
Ўрнингдан тур, сен ҳам оҳиста
Бу нурларни юрагингга тўк.

Шунда қалбинг кенгайиб кетар,
Мўъжизалар рўй берар гўё.
Шамоллар ҳам йўлини бурар,
Тисарилиб чайқалар дарё.

Она замин, руҳимда не ҳол,
Нечун яна чақмоқ монанд сир
Бу тонг мени айламоқда лол,
Оёғимнинг остидами нур?

Нечун руҳим безовта этдинг
Яна олис йўлларга чорлаб?
Ташлаб кетиб бўлмас бу метин
Ташвишларим битмасми, ё раб!

Ментуйғуман, ер бағридан кенг
Борлиғимдан наво яратдим.
қондошларим билан тенгма — тенг
Ўз — ўзимга дунё яратдим.

Ўз — ўзидан нурланмас тоғлар,
Ўз — ўзидан рангинлашмас тонг.
Майса бошин кўтарар чоғлар
Чин кўнгилдан яйрайди бўстон.

Ментуйғуман, тикилган сайин
Осмонларга бошим етади.
Кўк меҳрибон, тоғ кўкси майин
Қўшиқ айтиб, мени кутади.

Бу дунёда мавжудман токи,
Улар билан якдилман, фоний
Бу дунёни тарк этсам ҳамки,
Улар боқий, улар абадий.

Қиндан чиққан қилич сингари
Харсангтошдан учди кўк қарға.
Дала бўйлаб отларнинг барин
Шамолларга юзлатар дарға.

Бу энг оддий мўъжиза, ҳақ рост,
Мени чиндан айлади мағлуб.
Бу гўзаллик қошида сармаст
Ва улуғман  —  мен унга маҳбуб!

***

Англадим
Сония
Сирини.

Қара! —
Қор учқуни —
Шамол зарбидан
Ойнага урилди капалак
Ва ҳавода йўқолди телба…

Йўқолди…
Исмсиз бир лаҳза.
Қўллар қотиб қолди ҳавода
Кўринмас қор учқунин топмай…

Бу лаҳза.
Бу мангулик.
О, борлиғим, эҳтимол сен ҳам —
Қор учқуни деразага
Шарт урилиб, эриб кетгунча
Ўтган Вақт оралиғи.

ДЕНГИЗ

Ранги синиқ, кўзи ўткир йўловчи
Бандаргоҳда, тўсиқ ёнида ғамгин
Энг сўнгги кемани кузатар чоғи
Кузатмоқда сўнгги умидин толғин.

Ҳужрасидан чиқиб келган матросдай
Тикилар денгизга кўтариб бошин.
Бу улкан денгизнинг туғёнларига
Қўшилиб кетмоқда тиниқ кўз ёши…

У ненидир кутар… Тушиб келар шом.
Қизғишланиб борар тўлиққан денгиз.
Қорайиб кўринар энг сўнгги кема,
Олислаб боради умидлар бу кез.

У ҳамон сукутда, оғир сукунат,
Лабларида шўр таъм, ютинди, тотди.
Бўғозлардан елиб келган шамолда
Бу таъм кенгликларда сочилди — қотди.

Оқшом қуюқлашди, у ҳамон ёлғиз,
Тўп — тўп матросларнинг ўтишин кутди.
Уларнинг чеҳраси сўлғин ва вазмин
Қадамлар қўналға ёнидан ўтди.

Уларни кутишган аёллар билан
Илдам йўл олишди ором бағрига —
Милтиллаб кўринган кичик шаҳарнинг
Тунги меҳнат тўла қайноқ қаърига.

Уларнинг ҳеч бири ортга қайтмади,
Чўкиб кетишгандай тубсиз зулматда.
Шаҳар эса оғир, чайқалди оғир,
Уйлардаги чироқ ўчди ҳасратда.

Хароб қовоқхона ёнида дилгир
Тебраниб турибди пакана одам.
Fариб кулбасига етиб улгурди
Эски кўчадаги ғариб бола ҳам.

О, сен болаликнинг олис қайғуси!
Қаёққа қарамаҳаммаси сирли.
Оёғинг остида тубсиз денгизу,
Олдинда бир кичик уй ҳам бор нурли.

Гўё кўк тоқига чирмашган нигоҳ,
Юлдузлар порлайди фақат шу ерда.
Демак, ҳали ҳеч бир умид ўлмаган,
Демакки, илоҳий тушлар шуурда.

…Суюклигим орзу, дилим қулфини
Очгувчи калитинг йўқолдибилдим.
Эҳтимол, уқувсиз ва ношуд чиқдим,
Эҳтимол, хазина оғирлик қилди.

Куюнчагим орзу, ҳар доимгидек
Улгурмадик ўлжа билан қайтишга.
Беташвиш болаликКолумб най чалар,
Ожизман, бундан ҳам зўр сўз айтишга!

Майли, мен уқувсиз, майлига ношуд,
Аммо сен ўзингга ўзинг дарға бўл.
Болалигимболам, уммонларга суз,
Орзуларнинг мовий уммонлари мўл!

ОНА ЕР

Дарахтлар солланар сўлим қирғоқда,
Дўнгда ер бағирлаб ётган билади —
Тегирмон шовқини яқин қишлоқдан
Барглар шивирида оқиб келади.

Эй, она тупроғим, шаънинг ва ишқинг
Қучоғимга сиғмас боғлардай ўлмас.
Дарахтлар солланар қирғоқда менинг
Бобом ҳам кўмилган, номлари ўчмас.

Қаҳрабо тусли кун қизиб боради,
Водий бўйлаб қирғий чарх урар вазмин.
Ўрдак тумшуқ бутазорлар ёради
Яйловлар бағрини бетиним, бетин.

Бунда бари менга яқин, меники,
Шу қадар азизки, бош кўкка етди.
Осмон ҳам энгашиб келмоқда, неки
Ушласам қўлимда гуллади — кетди!

Сувнинг шивирлари ёққани сайин
Менингдек тебранар денгиз ўтлари.
Бобом соқолидай қуюқ ва майин
Тегиб — тегмай ўтиб кетишар бари.

МАЙСА

Менмайсаман, далада ҳур — ҳур
Шамол билан эркли ёш қалбим
Орзулари дурли, чеҳрам нур,
Руҳим тетик, тирикдир жисмим.

Сахий қуёш нурига чанқоқ
Қияликлар хушбўй атирдай.
Туғиламан қадимий тупроқ
Қучоғида ўтли сатрдай.

Шаҳар ойдин, юлдуз тилаги
Умр қўшар умрларимга.
Чирмашади нозик юрагим
Ернинг улкан томирларига.

Миннатдорман сендан, тақдирим,
Мен азалдан нурга шайдоман  —
Метин тошни силжитганча жим,
Кутилмаган жойда пайдоман…

Қаҳратонда паноҳ йўқ, лекин
Қайтажакман, изимдан борлиқ.
Яшил рангда оқмоқда некбин —
Ернинг улкан томиридан ишқ.

ТОНГ

Мўъжизалар туғилар ерга
Чирмашишнинг ўзи бўлмайди.
Етса ҳамки қўл етмас нурга
Устунларнинг кўнгли тўлмайди.

Мана,эшик қулфи очилди,
Ҳуркиб учган бир жуфт каптарлар
Каби қизнинг туши сочилди,
Деразалар  —  очиқ дафтарлар —

Очилса ҳам, мудрар кўчалар,
Энг биринчи япроқ узилди.
Узоқлашиб борар кечалар
Ойналарнинг бағрини тилди.

Дарё суви янглиғ киприкда
Шабнам қалқар тиниқ ва сархуш.
Кетиб борар аркли кўприкда
Энг биринчи автобус бўм — бўш.

Афсонадан ҳам қадим дарахт
Ялангликнинг сайқали дейму?
Яйлов қўли битган яшил хат,
Ёки тирик ҳайкали дейму?

Тантанавор, мағрур ва масрур
Қуёш қаддин тиклайди, хуррам
Бинафшаранг тонг билан сурур
Ёйилади кенгликларга ҳам.

Нафаси нур гўзал бу дамнинг
Рухсорига тўйиб бўлмайди.
Қадамлари узилар ғамнинг,
Ҳаёт гули мангу сўлмайди.

Олислардан тонгги поезднинг
Товушлари тобора яқин.
Мцхетия томонга унинг
Елишлари мисоли чақин.

О, бу ранглар, о, бу ҳайқириқ —
Чўққилардан оппоқ қор кўчди.
Кўз олдимда тўлишди борлиқ,
Хотиралар юракни қучди.
Гўё китоб варақларидан
Севимли ёр сурати учди…

ТОВУШЛАР

Ҳаволарда эрийди хаёл,
Ер юзида кезар товушлар.
Изсиз кетмас ҳижрон ва висол,
Яшар сувга оқса — да тушлар.

Юлдузларнинг олис нурлари
Кенгликларда порлади, зулмат
Ичра сингиб кетган сирларим,
Овозимни эшитдим фақат.

Эҳтимол, бу энг тиниқ нафас
Табиатнинг илҳомисўздир?
Болаликдан туғилган ҳавас,
Сўнг армонга айланган бўздир?

Эҳтимолки, қаландар йўллар
Хотирамга бўрон йўллади.
Тонготарда очилган гуллар,
Товушимга туғён тўлади.

Қучиб бўлмас борлиқ сингари
Тўлғин — тўлғин оқар товушлар.
Соям каби сизар сарсари
Кўз олдимда ўтмиш ва тушлар.

Мен ўтмишим олдида оққуш
Каби ҳалол, каби покдомон!
Унда нечун безовта товуш
Виждонимни қийнайди ёмон?

Эҳтимолки, улар дунёни
Айланса ҳам айлайди сукут.
Хаёлларга чулғаб ҳавони
Яшаса — да, олис ва унут.

Эшитдингми, қўнғироқларни —
Улар бизни уйғотар ҳар он.
Юрагингда ёқ чақмоқларни,
Товушингни унутма, виждон!


СЎҚМОҚ

Далалар, яйловлар, ўтлоқлар билан
Тебранар майсалар ичган каби май.
Метин тош деворлар хаёлдан баланд,
Кимлар учиб ўтар экан билдирмай?

Висолга кечиккан сўқмоқ югурар
Чаманзор ичинда, қайинзор ичра.
Йўлини тўсади дарвиш тераклар,
Ҳорғин йўловчидай дам олар пича.

Қирларнинг кўксидан отилар бесас,
Интиқ бағримизга тўлади дунё.
Бир лаҳза майсалар аро кўринмас,
Ва бирдан кўзимиз олдида пайдо!

У ҳаммадан хушбуй,ҳаммадан сирли,
Қадам етмас жойга қўяди қадам!
Ҳар битта эшикка боқади нурли,
Уни сезмай қолар биронта ит ҳам.

Бирон — бир ҳовлида, бирон — бир жонда
Унинг жон риштаси узилиб кетмас.
Зиналардан ошиб, тундами, тонгда
Олис йўлга тушархаёл ҳам етмас.

Унинг охири йўқ. Боши бўлганми?
Ялангликлар, қирлар, ўтлоқлар ва ғор…
Ҳатто шаҳар усиз бағри тўлганми  —
Майдонларга қадар кенг ва бетакрор.

Билгим келарқайда йўлларим толиб,
Сўзимни айтаман сўнг бортун, тонгга?
Шунда бирдан сўқмоқ хаёлим олиб,
Сингиб кетар гўё улкан ўрмонга.

***

Август тонгларининг салқин эпкини,
Она табиатнинг сирли овози.
Менга насиб этди бахтнинг некбини,
Яна бошландими сурур парвози!

Чайқалади ўрмон, тоғлардан майин
Туман сийраклашиб борар тобора.
Икки қадам қўйсанг етасан тайин  —
Бахт ҳам сен томонга юрмоқда, қара!

Менбу менман, баланд дарахт мисоли
Оқаётган сувлар бўйида шодон
Қўлларимни ёйсам, булутлар ёли
Қўлларимга тегди ҳарир, покдомон.

Бутоқларим ўсди уфққа қадар,
Сайроқи қуш унда сайраётир хуш.
Куйларида севинч ва ҳайрат оқар,
Овозинг бунчалар қудратли, эй,қуш!

Унинг ҳам ороми йўқ, менинг каби
Кун бўйи тинмайди, тинмайди, фақат
Осмонга талпинар орзуманд қалби
Ёнадиоловли ишқ ила ҳасрат.

Ҳузур бағишлайди сувнинг бўйида,
Кўк ва замин аро кўтариб бошим
Яшамоқэзгулик ва бахт ўйида,
Ҳамиша куйласа мен — ла қуёшим!

***

Мен сени ўйладим, ўйладим ёлғиз,
Кўмилгансан гўё тубсиз зулматда.
Хазина мисоли йўқолдинг изсиз,
Мен қорайиб кетдим тилсиз ҳасратда.

Деворларга бошим тираб, алаҳлаб,
Алаҳлаб сўрайманўт кўзли йиртқич
Сендай хазинамни кетди ўғирлаб,
Югурдим, бермади менга ҳам тутқич…

Купега ёруғлик урилди тикка,
Ерга тушди, шифтга аста ёйилди.
Мен тун бўйи сени ўйладим якка,
Тоши оғир ўйлар қалбимни тилди.

Бўлиниб — бўлиниб кетди нақ бошим,
Темирлар ва совуқ ўринда чил — чил.
Бўғзимга тиқилди аччиқ кўз ёшим,
Оппоқ қор учқуни сачради енгил.

Ёруғлашиб борди тўрт томон, ҳарир
Ҳаводан илиди совуқ ўйларим.
Кириб келди нози нозанин ҳузур,
Руҳимга сингишди ором куйлари.

Мен сени кечирдим, кечирдим, сенинг
Билан видолашдим абадул — абад.
Поезд елиб борар, у билан менинг
Юрагимга тўлиб бормоқда ҳасрат.

Билмам, мени қайга бошлар бу Сафар?
Уясидан бошин чиқарган қушлар
Каби тикилади мудроқ дарахтлар,
Борлиқ тинч уйқуда, кезинар тушлар.

Қишки ўрмон каби ортга қайрилиб
Қарадимгуноҳлар кетди сочилиб.
Поезд ҳайқиради хаёлим бўлиб,
Поезд елиб борар дарди очилиб…

ТАБИАТ

Бош кўтармай шўнғиймиз ишга,
Сезиб — сезмай табиат кўркин.
Бош — адоғи йўқдек ташвишга
Бериб қўйган каби руҳ эркин…

Тонгнинг совуқ нурлари метин
Тош деворга сингдисезмадик.
Ва бошимиз узра ҳур, ёлқин
Тушлар учиб қўндисезмадик.

Шовқин тўла шаҳарни бир кун
Ташлаб чиқдик олис йўлларга.
Кенгликларда кенгайдик, тошқин
Дарё яқин келди дилларга.

Тоғ ёнғоғи тўкилди, жўшди,
Шабнамларни сачратди шоён.
Тоғдан туман шовуллаб тушди
Отилгандай кўринмас вулқон.

Қуёш ёнди, сахий нурлари
Далаларга битгандай ризқ — рўз.
Қуёш бизни суйгани сари
Баланд — баланд кўтарилдик биз.

Бунда бариитоғ, чўққи, дарахт,
Дарё туби, далалар ва ғор…
Битта қондан яралган бут бахт,
Битта жондай якдил, бетакрор.

Черков қадар тўшаб йўлини
Шовуллайди қайинлар ҳар шом.
Шовуллайди, улар тилини
Тушунади замин мукаррам.

Узайгандан узайди кундуз,
Қайси юмуш битди — битмади.
Уфқ биздан уза олмай кўз,
Нени кутди, нени кутмади…

Кундуз сўнди, беқарор бир руҳ,
Ҳатто зулмат кўринди маъсум.
Инди совуқ қотган лабга уҳ,
Тун бағрига ҳазин табассум…


ТОМЧИ

Ёмғир билан сийланди замин,
Бургутдан ҳам шиддаткор шамол.
Синиб кетди қадди дол қайин,
Қир бағрини чирт узди хаёл…

Шохларига қўл теккизсанг бас,
Титраб кетди армон туйғуси.
Кутилмаган ёмғир кўз ёшмас,
Денгизларнинг олис қайғуси…

Сирли кўз ёш, эй, нурли кўз ёш,
Бунча кучни қайдан олгансан?
Қалблардаги энг тиниқ бардош
Очилганда куйга солгансан.

Бу ажойиб нур, бу жилолар
Тақдиримми—йўлга чорлайди.
Илоҳийми—эрир ҳаволар,
Изларида—юлдуз порлайди.

Ёш боладай юрак шошқалоқ,
Билиб олсам дейди бир пасда.
Томчи, бутоқ, инсон ва тупроқ —
Бу қандайин муқаддас ришта?

Сузиб ўтар парқу булутлар,
Тоғдан энар сурур туйғуси.
Олиб учар мағрур булутлар
Денгизларнинг олис қайғусин…

МУСИҚА

Кимнингдир юраги тўлиқмоқдами,
Кимдир қўлларини кўтарар, ёниб
Бехос оқиб келган дард ёқмоқдами
Қўшиғида шиддат, ғамлардан тониб?

Боғни сел босдими? Оҳангми ҳаёт,
Ёки ўчиб — ўчмас оташин вулқон?
Ким уқулочини ёзади озод,
Булутларга суюк бағри кенг осмон?

Томирлардан сизган қайноқ қон каби
На оғриқ, на ҳадик сезилар,фақат
Ёмғир куйларини улуғ Бах қалби
Каби боғ тинглайди, тинглар фароғат.

Нима ушу қадар эркли ва мағрур,
Тақдир йўлларининг чақмоқлигими?
Шамол қанотида оловли сурур,
Тунги армонларнинг уйғоқлигими?

Бемаврид узилар чаманзорларнинг
Куйи авж паллада, тонгнинг бағрида
Кенгликлар ёришар эманзорларнинг
Ибтидоий ва пок шудрингларида!

АПРЕЛ

Яна сокин, яна вазмин боғ.
Тахирлашар
Сийраклашган қор.
Энди совуқ, аччиқ изғирин,
Қаҳратонни кутмоқлик бекор.
Яқинлашдим —
Ярқироқ мармар
Кафтдан учиб тушган оппоқ зар
Мовий кўкка учди
Эҳтимол,
Ерни қучдикўздан йўқолди.
Мармар ҳайкал жим,
Қотиб қолди.
Табассуми биллур апрелнинг
Ҳаволари тоза.
Оғир туш
Каби бўрон тингач,
Бахтданми,
Сармаст шохлар,
Новдалар намхуш.
Соя каби
Баланд чўққида
Тебранади дарахтлар олис.
Шарқ томондан
Ёришган осмон
Қучоғида олов рангли из.
Парчаланиб кетган булутлар
Кенгликдаги, юраклардаги
Ҳаловатга дахл этолмай,
Сизиб ўтар  гўё ўтли ҳис…

ҚОР

Лаҳзаёзда учган қор учқунидай,
Умри қисқа елдай соврилдикетди.
Вақт эсаоппоқ қор. Дил ёлқинида
Оппоқ сатрларга сингидибитди.

Чор  —  атроф сукутда, чор — атроф кўркам,
Хўроқ қичқириғикимни уйғотди!
Майсаларга енгил қўнди — ю, шабнам
Бир лаҳза ичида музладиқотди.

Бунда  ором истар ҳар битта қадам.
Оҳуни кўзлаган нишонда кулиб
Турибди оҳунинг кўзларина ғам!
Қарашлари теран, ҳайратга тўлиб.

Тўхтаб қолган кабивақт, кенглик, тутун,
Тошлардан учинган қор учқунлари
Кимгадир урилди майин ва беун,
Қанотида тубсиз хаёл тунлари.

Лаҳзалик изғирин борлиқни тилди,
Лаҳзалик рўёнинг тушлари эртак.
Кўринмас пардалар яна осилди,
Парда этаклари бўлак ва бўлак.

Ўзи билан ўзи қолса ўралиб,
Ўзи билан ўзи қолмоқё ботқоқ!
Эшик ғижирламас. Йўллар буралиб
Қарамасна товуш, на парвоз, бироқ.

Мана (яна ёзги қор учқунидай
Лаҳза чир айланиб, жон берар бесас).
Сатрларда оққан қалб тўлқинида
Ҳатто қорли Вақт ҳам ўзин ўнглолмас.

Осмонда тутунлар ўрлайди, сизар,
Афсунгар дунё ҳам кўз очарёҳу!
Хўроз қичқириғи шамолдан ўзар,
Наҳотки йиқилди ярадор оҳу…

Яна алаҳсирашбариси бекор!
Ўйладим ўтмиш ва келажак аро
Лаҳзадан мавжудроқ яна нима бор?
Ў, мармарлар билан ўралган дарё!…

Нечун бу дарёнинг сувлари рангсиз,
Кўприклар тикиларайтар сўзи йўқ.
Қирғоқлар бошини силайди тубсиз
Дарёнинг сувлари ҳиссиз ва совуқ…

Яна шовқин — сурон, яна суринди,
Тўлқинланди икки кучли овозлар:
Ўнгдақават — қават уйлар кўринди,
Чапда  —  осмонўпар минор, гумбазлар.

***

На дилбар тонг! Нурлари мўл — кўл!
Тўлишгандан тўлишибди боғ.
Шоир бўлиб сайрайди булбул,
Кўзларини юмиб, вақти чоғ.

Эркин — эркин таралар наво,
Қалб қўшиғизаҳматдир, хуррам,
Бетакрор куй йиртқични ҳатто
Сеҳрладичирмади маҳкам.
Аммо бургут азмидан қайтмас,
Тут ва чинор хушлар дарғани.
Дилидагин ҳеч кимга айтмас —
Боғбон этди боққа қарғани.

Мени қийнар, қийнайди бир зор —
Наҳот булбул куйламас янгроқ?
Қайда бургут билан қарға бор —
Юракларга сочади нифоқ…

ТОFЛАР

Қирларнинг ортидан қирларни кезиб,
Далалар борлиққа ёйса ғулувни.
Ичгим келаётир  тоғлардан сизиб
Келаётган тиниқ бир қултум сувни.

Жилғалар жимирлар, олис ва уйғоқ
Тоғлар елкасида ёриқлар чуқур.
Кўз ўнгимда қуюқ, ям — яшил ўтлоқ
Бағрига инади ором ва ҳузур.

Ёҳу, қадрдон тоғларим, ҳамон
Теп — текис йўлларга кўниколмадим!.
Тўкилар қалбимдан ўтли, беомон
Ташналик ва ҳайрат кўлларга сим — сим.

Бургут учар тубсиз жарликлар узра
Тоғлик йигитларнинг ўткир кўзлари
Чўққиларни илғар, мисоли нуқра
Шунда қолиб кетса дейман ҳисларим…

Димоғдорлик нечун, кеккаймоқ нечун!
Оёғимни тираб заминга маҳкам
Нигоҳимни кумуш чўққи, инчунун,
Қор кетмас тоғлардан узолмам, узмам!

Нечун бошим эгиб юришим керак?
Шу тоғлардай мағрур қад кердим, қаранг!
Ҳамиша баланд бўл, баландла, юрак,
Шу тоғлар, чўққилар  —  ўқ ўтмас қалъанг!

ЭНГ ЁРУF ҚАЙFУЛАР

Авж пардага чиқса қор қўшиқлари
Мармар ўчоғингиз қарсилладими?
Оқ қоғозга ёруғ ғам кўчган сари
Қорлар тобора оқ, чарсилладими?

Дераза ортида айланиб, учиб,
Чирмашиб изғирин қуюнларига
Шеърга сингган ҳасрат кетдими кўчиб
Қорнинг қалин, қуюқ уюмларига…

Ажинлар, чизиқлар сирли ва учқур,
Йўллар каби узун, саноғи йўқдир.
Ёшлик ҳарорати беқиёс сурур,
Хаёллар, ҳисларнинг адоғи йўқдир.

Осмонда кезинар сулув кумуш ой
Табассуми ғамгин, армони ойдин.
Жимирлайди тўлқин, юлдуз тўла сой
Хонишлари ўтли келмоқда қайдин…

Чексиз хаёлотга чўкади тунлар
Сой бўйида кўркам дала ҳовлилар.
Шоир илҳомини ичади тунлар,
Байтлар тўкилади  —  тўкилади зар.

Тубсизликлар ичра тубсизлик ёрқин,
Ҳаволар мовийдир, ҳаволар кумуш.
Туйғулари жўшқин — жўшқин ва ёлқин
Фаришта учади оҳанглари хуш.

ДЕҲҚОН

Бадқовоқ бойқушлар тун чоғи
Кундузги нурларни излашар.
Деразам ортида
Меваси мўл — кўл
Олма дарахтининг бутоқларида
Чайқалди осмон.

О, нақадар енгил
Узилар кўкдан
Олма юлдузлар!
Сен шу қадар ёшсан,
Шу қадар содда! —
Бошинг айланади
Жаннати мева
Ҳидлари илоҳий,
Қўл етмас сеҳр…

Тун бўйи
Хиргойи қилдим тонггача.
Овозим пастлатдим —
Олма дарахтин
Оқлаётган
Деҳқонни бехос
Ҳуркитиб юборгим келмади.

ОВЧИ ТАЗАРРУСИ

Жилға шилдирарми ўтлоқда, ҳамон
Чирилдоқ сайрарми янгроқ, бепарво?
Қўлимга олмайман мен энди, ишон,
Милтиқни ирғитиб юбордим ҳатто!

Тиз чўкиб йиғлайман, юзимни барча —
Барчадан яширгим келар иблисдай.
Шафқатсиз эмасдим, юрагим парча —
Парча этдим, билсанг, гуноҳкор ҳисда…

Қопқонга илинган бир ғариб жонни —
Қушми, кийикларни  —  омадим дедим.
Нақ кўксидан оққан ҳар қайноқ қоннинг
Хунини тўладим  —  тун мени еди…

Йиғлайман  —  минг лаънат шундай ёзуққа! —
Мергансифат қўлга қурол олган кун.
Дуч келди қай оҳу мен отган ўққа,
Ярасини ялай бошлайди беун…

Деразамга яқин келмоқда соям  —
Бир қатра нурга зор иблиснинг уҳи!
Мен ваҳший эмасдим, дилдаги доям —
Унутди шафқатни овчилик руҳи.
Ё, тангрим, ҳунарим бўлди ёмонлик,
Гуноҳларим кечир, бергил омонлик!

ТУFИЛГАН УЙ

Шамол тинди.
Шивалар ёмғир.
Тайёрагоҳ салқин ҳавоси,
Урилар кўксимга ҳузур,
Шошилмасдан кўтариламан,
Нафасимдаюртим навоси.

Лаззатлидир парвоздан парвоз
Эмасерга қўниш туйғуси.
Табиий ва содда, бепардоз,
Ташвишлари битмас заминга,
Яна уйга қайтмоқ орзуси.

Қалб куйлайди,
Иллюминатор
Сенга қарар,
Сен эсаерга.
Учқур ҳаво кемаси такрор
Ошиқади бўлиққан дала,
Яшил ўтлоқ,яйлов ва қирга.
Она уйимонажон шаҳрим,
Қимматлигим, беқиёслигим.
Сени кўрсам, очилар баҳрим,
Унутилар Париж соғинчи,
Қадим Рим ҳам кўздан йўқолар.
Ёзнинг илиқ ҳавасларида
Самодан ҳам яқин ва азиз,
Жонга туташ бир тутам майса.
Менинг каби ҳатто темир қуш
Она юртим —
Она тупроқдан
Кўтарилар истамайгина…

АЖДОДЛАР ҚОНИ

Яшагинг келади, яшнатиб
Шу тирик мавжудот, борлиқни.
Инсоннинг азалий орзуси —
Табассум ва яна табассум.
Аждодларим қони қадарлик
Қонларимдафахр туйғуси.

Болалар жон  —  таним,
Болалардилим.
Улуғ шоирларни ўқийман такрор.
Важа, Шиллер, балки Марк Твен…
Ҳайратларга кўмади минг бор.
Болаликнинг келмас уйқуси —
Аждодларим қони қадарлик
Қонларимдафахр туйғуси.

Болаларга дунёни бериб,
Болаларга тутдим байрамлар.
Эрк бераман, қиламан тортиқ
Дунёдаги ширинликларни…
Юрагимнинг йўқдир қайғуси —
Аждодларим қони қадарлик
Қонларимдафахр туйғуси.

Сизга ором истайман, дўстлар!
Бошқасибекор.
Изғиринда қолган дарахтдай
Ёлғиз қолмоқ берса — да озор…
Оғир дамлар ўтиб кетгуси —
Аждодларим қони қадарлик
Қонларимдафахр туйғуси.

Ў, Ватаним, сенинг куйчингман,
Томирларимтомирларингда.
Бундан бошқа қудратли сўз йўқ,
Руҳимтиниқ тонгнинг кулгуси.
Аждодларим қони қадарлик
Қонларимдафахр туйғуси.

ЙЎЛ

Йўлим оқар шиддатли ва тинч,
Ҳаётим ҳур, хаёлим бедор.
Қанча азоб, изтироб, ўкинч,
Юрагимни ўртаса ҳам зор…

Елкам яғир бўлса — да юкдан,
Йўлдош бўлди сабр ва чидам.
Нур ёғилди кўксимга кўкдан,
Ҳосил берди заҳматларим ҳам…

Дўстларимни асраб қолай деб,
Яна ўша ҳурлиқо кўзни…
Суйиб — суйиб дилга солай деб
Ўнглаб олди ўзлигим ўзни.

Ёт кўзлардазулмат ва ўлим,
Янчиб оташоташ зулмни.
Юзлашаман сен — ла, эй, ғаним,
Ўзим ўқий одил ҳукмни.

Олис йўллар зим  —  зиё қаъри,
Ёлғизликнинг нафаси, ёҳу!
Илонни ҳам илитар бағринг,
Тунлар сенга тутади оғу…

Гоҳи хушҳол, гоҳида ғамгин,
Ўтмишимга назар ташлайман.
Тонгларимни кутгали рангин
Қуёш сари йўлим бошлайман.

Меҳр кутдим — ташқарида қиш,
Муз, сирпанчиқ йўлларда ҳатто.
Йўлим  менинг — ҳаётим ва ишқ,
Барчаники ва менинг дунё.

Йўлим, менга ишон, ҳаммавақт
Суян тангри бардошларига.
Бир кун менга йўлиқса кулфат,
Бошим қўяй тоғ — тошларимга.

ТОFЛАР МАНЗАРАСИ

Нақшинкор айвонда тонгни кутаман,
Кўринади қорли тоғлар қояси.
Жилғалардай ҳуркиб — ҳуркиб буралар
Чўққиларда баланд чинор сояси.

Хўроз қичқиради, тонг отар — отмас
Самодан қуйилар қайноқ — қайноқ нур.
Тарқала бошлайди пар каби туман,
Қалбимда тоғларга йўл олар сурур.

ЎЗ — ЎЗИГА КЎЧИШ

У кета бошлайди жим ва кўринмай,
У кета бошлайди—билмайди қайга.
Сўнгсиз оҳангларнинг руҳида тинмай
Ўзини излайди чўккандай сойга.

Унинг тақдирига ёзилмиш синиқ
Нағмаларни шамол узиб ташлайди.
Шунда кўз олдимга келади тиниқ
Муҳаббат армони, кўзин ёшлайди.

Ойнада кўринар қоп — қора доғлар,
Ақлдан озасан — қалқиб кетади.
У кетиб боради, йўлида боғлар
Қайрилар — хотира балқиб чиқади.

Тортилиб боради аччиқ аламлар,
Юрагимни ўртар оғир дард, бедор
Қадрдон чеҳралар, азиз одамлар
Соғинчи беқиёс, нурли, бетакрор.

Яна маконига йўл олар шамол,
Яна ватанига қайтади булут.
Ташвишларинг битмас, на ажиб хаёл! —
Бу дунёни унут, ўзингни унут.

Ўз — ўзига кўчиш бошланди, қара,
Нақадар улуғвор туғилмоқ сирдан!
Манзара ортидан елар манзара,
Дилбар куйлар оқар бир қатим нурда.

УФҚ

Ўнгимда ҳам, тушимда ҳам ғамгин нигоҳлар,
Кўз ёшларим ёйилади, дунё сарсари.
Видоли қарашлар, сукутлар, оҳлар,
Поезд елар уфқ, кунботар сари.

Кенгликни силкитар кучли чинқириқ,
Мени чирмаб олар поезд шовқини.
Видоли қарашлар — шафқат билмас ўқ,
Улар мени адо қилар бир куни…

Қўлларинг силкийсан баланд ва узоқ,
Ҳасратларинг бир кун — умринг заволи.
Уфққа ёйилар қон рангли титроқ,
Айрилиқнинг телба шамоли…


ТАШНАЛИК

Кузги намхуш ҳаволар таъзим
Қила — қила кирди шаҳарга.
Болаларча содда табассум,
Тиниқ нурлар тўлар сахарга.

Кўзларимда — биллур шабнамлар,
Шаффоф кўллар мовий ва тубсиз.
Намланади киприкда ғамлар,
Юлдузларга айланар олис.

Умрим йўли узун, дил — овчи,
Ташналигим асло қонмади.
Менинг каби ҳеч бир йўловчи
Бундайин ҳис билан ёнмади.

Кўринади қадрдон қироқ,
Ўчмас ота уйим ўчоғи.
Отажоним меҳридай қайноқ
Нурланади осмон қучоғи.

Онам ҳамон кўринади ёш,
Сувга кетиб қайтиб келмади.
Кўза каби чил синди бардош,
Биров билди, биров билмади…

Умрим йўли узун, дил — овчи,
Ташналигим асло қонмади.
Менинг каби ҳеч бир йўловчи
Бундайин ҳис билан ёнмади.

БИЗ — МАЙСАЛАРМИЗ…

Дунёда ҳамма тенг — оқилу нодон,
Шиддат билан текис ўради чалғи.
Майсалармиз — борар йўлимиз битта,
Эртами — кеч бизни кўради чалғи.

Сиз билан яшадим, сиз билан ундим,
Кенг осмонни кўрдим, тупроқни суйдим.
Яшил далаларда баргларим ёздим,
Гулларим куйласа, қуёш ҳам суйди.

Мен ҳам шу қуёшга талпиндим, ёндим,
Бағримда товланди тонг, биллур шабнам.
Бир кун мен томонга ташлади қадам
Ўткир чалғи билан собиқ қўшним ҳам…

Ойгул Суюндиқова таржимаси