Карло Каладзе (1907-1988)

Карло Каладзе (კარლო კალაძე) XX аср грузин шеъриятининг ёрқин намояндаларидан бўлиб, бу миллат адабиётининг юксалишига ҳисса қўшган забардаст шоирдир.
Шеърий тафаккур кенглиги, поэтик умумлашмалар ёрқинлиги, образлилик, грузин халқига хос бўлган оловнок эҳтирос, шиддат – ҳаммаси Карло Каладзе шеъриятининг ўзига хос хусусиятларини ташкил этади.

ДАРЁЛАР

Учди қайғум, юракда зорим,
Учди маним оромим тамом.
Уч тулпорим, уч, эй тулпорим,
Бўшлиқ томон, чексизлик томон.

Уч, тулпорим, тортилган камон,
Ўқ сингари отил, вақт ўтар.
Ботқоқлардан учиб ўт омон,
Товонингда чақнасин ўтлар.

Уч, тулпорим, йироқ-йироққа,
Туққан ерда қолмасмиз ҳамон…
Кўрдимки мен она тупроқда
Боболарнинг хокин заъфарон.

Думбул кўнгилларни ёнлаб уч,
Олис аждод кўрингай бутун,
Кеча – қонлар талашган бир куч,
Асрий кураш унутдир – бу кун.

Балки ёвдир ўшал томонда,
Олинмаган хунимдир маним.
Ҳув, қуббадан балки нишонга
Олур мени билгисиз ғаним.

Уч, тулпорим, қадаминг бос-да!
Тун ҳудудсиз азал оч эрур.
Жарликлардан зангор либосда
Қарағайзор мен томон келур.

Телбалардек тоғлар қочадир,
Ҳайқиради ялонғоч рўё.
Жарлик, тоғлар оғзин очадир,
Бўғизидан отилар дарё.

У тарафда нелардир ғолиб,
У тарафда кимлар туради?..
Дарял узра ёлини ёйиб
Ваҳший Терек оҳлар уради.

Ўчиргай Вақт ғанимлик корин.
Балки ўчар номсиз овозим.
Уч, тулпорим, уч, эй тулпорим,
Қани сенинг буюк овозинг?

Парчала сен, рутубат ғорин,
Уч, билгисиз диёрлар кутар.
Уч юрагим, учқур тулпорим,
Товонингдан сачрасин ўтлар.

Шамол бўлиб ғуборинг қувиб,
Арагвадан учиб ўтгайман.
Ҳасратимни Терекда ювиб,
Ватан, ташна қалбим тутгайман.

Ватан бўйлаб йироқ-йироққа
Яна-да тез учмоқда отим.
Эҳтирослар қайнар юракда,
Синмасин ҳеч менинг қанотим.

* * *

Чексизликка қарайман тўниб,
Зангор либос киймишдир боғлар.
Гулбаҳорнинг рангига чўмиб
Кўринадир менга дунёлар.

Кезар оғочликлар ичинда
Чилдирмадек офтоб беғам.
Рақс тушгандек оёқ учинда
Учиб ўйнар дов-дарахтлар ҳам.

Гуржи рақсин эркин куйида
Айланади муаллақ ўрмон.
Ногоҳ юрак соғинч туяди,
Севинчларга тўлар ногоҳон.

Мана қишлоқ мусаффо, гўзал
Манзара бу – зангори олам.
Кенгликларнинг ошиғи азал,
Мен оҳиста ташлайман қадам.

Шул оқарган бошгинам ила
Болалигим қайтардим бир он…
Соҳиллардан келган шўх еллар
Айлар зангор ёқамни вайрон…

* * *

Йўлим жасоратли орзуга тўла,
Мовий кўкда бургут каби учадир.
Зулматни парчалар чақмоқ – тиғ ила
Субҳидамнинг остонасин қучадир.
Йўлим жасоратли орзуга тўла.

Инонганман тоғда қалтис сўқмоққа.
Сув тошқини, тоғу тошлар беомон,
Жарлик аро йўлларим қисган чоқда
Якка чўпдан ўтиб топгайман омон.
Инонганман тоғда қалтис сўқмоққа.

Чошгоҳимни кўк зангорга ботирар,
Булут талпинади қошимга маним.
Завқ ила севаман сени нақадар,
Ҳали кўрмаганим-кечирмаганим!
Чошгоҳимни кўк зангорга ботирар.

Шаршара сингари сармаст, сарсари
Қоялардан учиб тушаман мен ҳам.
Ким билади, қай вақт чўққилар сари
Қўшиқлар тўлқинин отар гўзал дам,
Шаршара сингари сармаст, сарсари.

Агар мендан сўрасалар не дерман, –
Не излайсан, недан кўнглинг тўлмайдир?
Умрим бўйи мўъжиза деб ўтарман.
Менинг умрим аросатда қолмайдир,
Агар сўрасалар мен шундай дерман.


ТЎРҒАЙ

Сўзлайман санъатнинг моҳиятини.
Ердан қуш жасадин кўтардим – бежон.
Тупроққа қоришган, қаноти синиқ,
Тўрғай тумшуғидан оқар эди қон.

Товланиб турарди дала тузлари,
Бироқ анғиз узра йиқилганди ул.
Қўғирчоқ кўзлари каби кўзлари,
Ергамас, осмонга тикилганди ул.

Унинг ўлимига нимадир боис?
Йўлга тушдим қушча жасадин олиб.
Йўлга тушдим ахир, ҳайрону беҳис,
Ўткинчидан сўрар эдим лол қолиб.

Сўрар эдим ўлдирди деб, буни ким,
Тоғу тошни кезиб жавоб излардим.
“Куйчи қушни отиб бўлурми, ўғлим”,
Кўпни кўрган чоллар шуни сўзларди.

Ёшлар сўроғимни қиларди сўроқ;
“Не учун ўлдирдинг, айтиб бер, қани?”
Мухранида айтди биттаси бироқ,
Бу ўлим – парвознинг ҳаққи эканин.

Қуёшга интилмиш, қуёшга банда,
Тубанда ётарди қорлар оқариб,
Экинзор мавжланиб ётар тубанда,
Тубанда ул озод қушларнинг бари.

Тубанда… Тўрғай*ку баридан кечар,
Тўрғай ўқдек учар мовий кўк сари.
Қуёшдан, ўзидан маст бўлиб учар,
Оғушига олар чексизлик бари.

Мана у осмонга чўкиб бормоқда,
Дафъатан, самовий бахтдан тиқилди,
Ҳайҳот, ул бечора тўрғай тупроққа,
Шундоқ анғиз тепасига йиқилди…

Теварак қорайди. Булут юксалди.
Йироқда гулдирак гулдирар эди.
Қўлимда тўрғайнинг жонсиз жасади,
Хаёл қанотида югурар эдим.

Билурман, охири тўхтар-ку қалбим.
Қўл силтаб дунёдан бир кун кетарман.
Учарман, қуёшга ботган қуш каби
Кўкда ер ҳақида қўшиқ айтарман.

* * *

Тун яқин. Айвонда икковлон
Турамиз, барглардек шикаста.
Мудрар қишлоқ йироқда бежон,
Қоронғулик чўкмоқда аста.

Йироқлардан дарахтлар фақат
Тепаликка ўрмалар каби
Қўл силкитиб қиладир даъват,
Сен ва мендек унинг матлаби.

Қалбларимиз уришин бу он
Тинглар эди улар хотиржам.
Шовуллаган, титраган ўрмон –
Ишқ каломин тинглаймиз биз ҳам.

* * *

Боболарим хоки мангу чўкканлар.
Эман остидадир сўнгаклар урён.
Бир вақтлар ҳайқириб қонлар тўкканлар,
Эман ундан ҳаёт эмган бегумон.

Эман, сен-ла қондошдирман қадимдан,
Йўқ, юлиб отолмас довуллар танинг.
Мен-да йиқилурман. Бироқ қонимдан
Яна янги бўлур ҳаётинг санинг…

ҚАЙТИШ

Кутмаганда қиш босар эрта.
Дафъатан қор қоплар тоғларни.
Бироқ бўрон қишлоқ, боғларни
Қорлар ила ажиб ясатар.

Қишки шаффофликка тасанно.
Гуржи ўчоқ бўғиқ куйлайди.
Жангдан қайтган ўғлин ўйлайди,
Кўз узолмас меҳрибон она.

Кўзларида шуълалар ёнар,
Қайта ёнди унут бўлган нур.
Омон қайтган ўғлони ахир,
Курсида шод ўлтирар она.

Ўғлин тортар орзу туйғуси,
Баъзан тушар киприги титраб,
Қўрқинчли туш келгандек, мудраб.
Ўнгар ўткир кўзларнинг туси.

Оҳ тортади она гоҳ-гоҳ,
Кўрган каби хун талаш жангин,
Тинглагандек пўлат жарангин.
Ўғли томон ташлайди нигоҳ.

Тузалади кўксида яра,
Сўқир дарддан қутулар жони.
Учар кабутарлар карвони.
Ҳув йироқлар ёришар яна.

* * *

Оддий сўзлар дарров келмайди,
Келгунича қайтади нафас.
Бўш гапларни пуфлаб бўлмайди.
Пуфлай десанг мис карнай эмас.

Тонг ёришар, сукунат. Бу кун
Ёздим: Тонг ёришар, сукунат…
Кекса Церетели каби жўн
Қурсам дейман шеърхон-ла суҳбат…

Мен шодликни куйладим кўпроқ,
Юзларимда табассум йўли.
Йиғлаганда юрагим бироқ,
Шеър устида ҳақ бўлган қўлим.

Бахтлиманки тонмади илҳом,
Шеъриятга умрим уладим.
Гуноҳкорни, эй она калом,
Қанотингга ол деб тиладим.

Ҳасрат келса баҳслашдим ман.
Ҳақ эканим кўрсатиб турдим.
Шодликлари, ғамлари билан
Оддий куним ортмоқлаб юрдим.

Юрак мендан изн сўрмайди.
Чувалайди йилларнинг ипин.
Лекин менинг тилим бормайди
Айблашга вола юрагим.

Мангуликни хаёл қилмас, йўқ.
Мен – юрагим шаклиман азал.
У кўксимда олмайди ҳордиқ,
Зотан ҳордиқ – муқаррар ажал.

Қачон шоир бўлдим, бўлмадим,
Қайда ёндим, қайда чекдим ғам,
Неки топдим мен кам бўлмадим,
Дўстлар ила кўришдим баҳам.

__________
* Тўрғай қуёшни қўшиқ билан кутиб олади ва ўзни унутар даражада юксак парвоз қиладики, юраги дош беролмайди, кўпинча қишлоқларда эрталаб ўлган тўрғайларни топадилар.

Русчадан Рауф Парфи таржималари