Михалис Ганас (1944)

Машҳур юнон шоири Михалис Ганас (Μιχάλης Γκανάς) 1944 йили Юнонистоннинг тоғли Феспротия ўлкасида туғилган. Ўн саккиз ёшидан Афинада яшайди. Китоб савдоси билан шуғулланади. Телевидениеда муҳаррир вазифасида ишлайди. Унинг қисқа шеърларидан иборат «Қора тошлар», «Шишали Яннина», «Баллада» номли шеърий тўпламлари ва насрий шеърларидан иборат «Ватаним — ўгай онам» китоби нашр этилган. Бу китобларнинг ҳар бири беш-олти мартадан қайта босилган. «Баллада» китоби учун шеърият йўналишидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

* * *

– Сен ўлмайсан-а, онажон?!
– Фонусни ўчиргин, болажон.

– Оналар ҳам ўладими, ахир? Оналар ўлмас ҳеч ҳам.
– Йўқ. Йўқ. Оловдан эҳтиёт бўл, болам.
– Николиснинг онаси нега ўлди?
– Касал эди шўрлик, оғриқ адо қилди.
– Тишинг оғригандими, жоним онам?
– Тиш – бошқа гап. Тиш оғриганидан ўлмас одам.
Бор, болам, ўйна.
– Истамайман. Истагим шу – она, сен ўлма.
– Валдирама, болам. Товани келтир.
– Момомиз ўладими, у – қари кампир?
– Қўрқма, сен унда катта бўласан, албатта.
– Қанчалик катта?
– Эркак бўласан. Хотининг бўлади ва боланг.
Эҳтимол, ё насиб, бўлар неваранг.
– Ўшанда сен қандай бўласан, онажон, ахир?
– Худди момонг каби. Бир қари кампир.
– Момомдай? Тиши йўқ, кўзлари кўрмас…
Йўқ, сен ундоқ бўлмайсан. Оналар ўлмас.
Ўлмассан. Ўлмайсан-а, онажон?
– Йўқ, ўлмайман. Келтиргин қозон.
– Агар ўлсанг, мен ҳам ўламан шу он.
Ишон, онажон.
– Бундай дема, тилингга чиқсин-а чипқон.
– Сен ўлсанг, ўлиб қоламан аниқ,
Билиб қўй, онажон!
– Эшитяпсанми, жим бўл, бундай дема, болажон?!
Эшитяпсанми?

… Эшитяпман. Ёлғончиман мен. Буюк ёлғончиман..
Сен ваъдангда турмадинг-да, онам, ўлмайман, дединг-у, ўлдинг.
Мен сен ўлсанг, ўлиб қоламан, дегандим.
Ҳали ҳам ўлмадим. Ўлолмадим.
Энг моҳир ёлғончиман мен.

Рус тилидан Карим Баҳриев таржималари