Мария Филипова-Хаджи (1954)

Мария Филипова 1954 йил 31 майда Болгариянинг Бургас вилояти Ситово қишлоғида таваллуд топган. Гимназия ва иқтисод техникумида таҳсил олган. Бир муддат Низомий номидаги Тошкент педгогика институтида ўқиган ва рус филологияси факултетини Болгарияда тамомлаган. Кейинчалик, Пловдив шаҳрида журналистика факултетида ҳам билим олган. М. Филиппова болгар тилидаги 4 та, грек тилидаги 1 та шеърий китобнинг муаллифи. «Капалак қаноти», «Кунчиқар тубида», «Эътиқод» ва «Қушлар учун тож» китоблари кенг жамоатчиликка манзур бўлган. Болгарияда чиқадиган газеталарда Ўзбекистон ҳақидаги туркум хотиралари босилган. Бир қатор шоир ва ёзувчиларнинг асарларини таржима қилган ва Пловдив университети адабий мукофотига сазовор бўлган. Айни пайтда Грециянинг Салоники шаҳрида истиқомат қилади. Пловдив ва Шимолий Греция Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси.
«Тошкентдан кетаётган охирги куним ҳануз эсимда. Самолёт ердан кўтарилиши билан ичимда недир узилгандай бўлди. Ҳар сафар Тошкентда кечган кунларимни эсласам, кўзларимга ёш келади, сабабини билмайман, балки бу меҳрдир, балки бу шу юртга бўлган муҳаббат… тушунтириш қийин».
Мария Филипова

* * *

Тундан қочаркан шайтон
Энг қулай пайт тавба қилишга.
То боғгача жаҳаннам куйи
Улар ҳозирча жим туришар.
Тўхтайди лаҳзалар ҳам
Фақат руҳдир таржимон.
О, хаёл, тўхтат мени
Ҳамлет қайтиб келмагай.
Дунё такрорланмагай.

* * *

Вақт – бу ваҳимали девор,
Урулгум қайта-қайта
Ҳар ён ташлайман нигоҳ
Теграмда бўшлиқ бисёр.
Руҳим қора йўлакда
Хаёл толмас севгидан.
Ул рўёнинг домига
Фақа тонг бўлар ҳоким.
Лол қотгандир парилар
Таскин берар сукунат
Қачондир қулар девор.

Видолашув чоғи

Қаршимда тўхта бир оз,
Худди оят каби сен
Мен на санам, фаришта
Фурсат берсанг бўлгани
Ювмоқ учун гуноҳим.
Дилдан йиғдим ул сўнган
Уятнинг қолдиқларин.
Нега ёмғир эслатмас
Йиғлашни унутганим.
Сезилмас қалб оғриғи
Севган ва қийнаган дил.
Жим ва маҳзун эрийди
Нега ёғмагай ёмғир.
Ё бирор ҳол бўлдими
Кимнинг ғазаб отидан.
Ақалли сен қол мен-ла
Худди бир оят каби
Видолашув олдидан.

Русчадан Ўктамой таржимаси